Шотландияда ўзбек фуқаролари иштирокидаги офшор ширкатлар қандай пайдо бўлган

Шотландияда ўзбек фуқаролари иштирокидаги офшор ширкатлар қандай пайдо бўлган
60 views
25 May 2016 - 11:07
Латвиядаги қатор кўчмас мулкларнинг эгаси Ўзбекистон фуқароси Акбар Абдуллаев эканлигини кўрсатувчи ҳужжатлар мавжуд.

Латвиядаги қатор кўчмас мулкларнинг эгаси Ўзбекистон фуқароси Акбар Абдуллаев эканлигини кўрсатувчи ҳужжатлар мавжуд.

Ўзбекистонликлар, уларнинг офшор ширкатлардаги пуллари ва хориждаги мулклари борасида охирги вақтда матбуотда пайдо бўлаётган хабарларнинг бир учи Шотландияга келиб тақалди.

Латвия ва Шотландия журналистлари ўтказган текширувларга кўра, Ўзбекистон президенти рафиқасининг жияни Акбар Абдуллаевнинг Ригада кўплаб миллионларга сотиб олган мулки устидан келиб чиққан тортишув Шотландия маҳкамасида кўриб чиқилган.

Лекин Шотландия офшор ҳудуд эмас-ку, қандай қилиб у ерда ҳатто ўзбек фуқаролари иштирокидаги офшор ширкатлар пайдо бўлган?

Бундан ташқари нима учун айнан Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ ширкат фаолияти журналистик тадқиқот эътиборига тушди?

Дастлаб, Шотландия маҳкамасида очилган иш тафсилотларига назар ташласак.

The Herald рўзномасида Шотландиядаги ўзбек иши борасида мақола чоп этган журналист Дэвид Лискнинг айтишича, Шотландияда мутлақо номаълум шахс бўлган Акбар Абдуллаев бу ерда қайд қилинган офшор ширкати орқали Ригада икки меҳмонхонани сотиб олишга ҳаракат қилган.

Brook Organisation дея номланган бу ширкат Шотландиянинг ҳеч ким билмайдиган кичиккина бир қишлоғидаги уйда қайд қилинган ва амалда фақатгина қоғозда мавжуд. Бу мутлақо офшор ширкат ва Шотландияда ҳеч қандай фаолият олиб бормайди.

Латвияда Акбар Абдуллаев ва яна қатор ўзбекистонликларга тегишли кўчмас мулк борасида Re:Baltica тадқиқот маркази текширувлар олиб борган.

Латвияда Акбар Абдуллаев ва яна қатор ўзбекистонликларга тегишли кўчмас мулк борасида Re:Baltica тадқиқот маркази текширувлар олиб борган.

Аммо, Дэвид Лискнинг айтишича, Шотландияда бу ширкат билан боғлиқ маҳкама ҳужжатларида Акбар Абдуллаевнинг исми тўғридан-тўғри келтирилмаган.

Шундай экан, Латвиядаги тортишув келиб чиққан мулклар айнан унга тегишли бўлган, деб не қадар қатъият билан айта оламиз?

Бу саволга жавоб излаш жараёнида, Латвиядаги офшор ширкатлар фаолияти юзасидан тадқиқот ўтказган Инга Спрингега мурожаат қилдик.

Унга кўра, Акбар Абдуллаевнинг Латвияда қатор кўчмас мулкларга эгалик қилгани ҳақида қатъий ҳужжат ва далиллар бор.

“Бизнинг қўлимиздаги энг қатъий далил бу Латвия кўчмас мулкка эгалик қилиш маркази ҳужжати. Бу ҳужжатларда Акбар Абдуллаев жисмоний шахс сифатида Ригада бир квартира ва Юрмалада, денгиз бўйидаги бир йирик уйга эгалик қилиши кўрсатилган”.

Инга Спрингега кўра, бу квартира ва уйнинг умумий баҳоси 1.5 миллион евро атрофида. Бу иккала уй ҳам Акбар Абдуллаевнинг қамоқда эканлигига қарамай, ҳануз унинг номида. Ушбу ҳужжатларга кўра, Акбар Абдуллаев Ригадаги квартирани 2006 йиллар атрофида, Юрмаладаги уйни эса 2012 йилларда сотиб олган.

Энди Акбар Абдуллаевга тегишли эканлиги айтилган Ригадаги икки йирик меҳмонхона масаласига келсак. Бирининг нархи 10 миллион, иккинчисининг нархи 8 миллион евро бўлган ва Шотландиядаги маҳкамага “етиб келган” бу мулкларнинг эгаси сифатида Акбар Абдуллаев қачон ва қаерда қайд этилган?

Латвиялик тадқиқотчининг айтишича, бу меҳмонхоналарга эгалик йиллар мобайнида бир неча маротаба ўзгарган бўлса ҳам, унинг қўлида Акбар Абдуллаев бу меҳмонхоналарни офшор ширкатлари орқали сотиб олганини тасдиқловчи қатъий далиллар бор.

“Дастлаб бу меҳмонхоналарни у бир латвиялик аёл бизнес ҳамкори билан сотиб олган. Улар 50-50 асосида уларга эгалик қилишган. Меҳмохонларга эгалик бир неча бор ўзгарган. Бир муддат Абдуллаев уларга ягона эгалик қилувчи шахс сифатида кўрсатилган ва бошқа пайтда меҳмонхоналар тегишли бўлган ширкатнинг эгаларидан бири сифатида кўрсатилган. Менинг қўлимда буни кўрсатувчи ҳужжатларнинг нусхалари бор”.

Демак, масаланинг ҳозирча икки жиҳатини аниқ. Бири Латвиядаги йирик мулкларнинг Акбар Абдуллаевга тегишли эканлигини кўрсатувчи ҳужжатлар мавжудлиги ва бу мулклардан баъзиларига у Шотландияда қайд этилган “офшор” ширкат орқали эгалик қилганлиги.

Нима учун Шотландия?

Дэвид Лиск: "Шотландияда "офшор ширкатлар" соҳасида бутун бошли бир саноат вужудга келган".

Дэвид Лиск: “Шотландияда “офшор ширкатлар” соҳасида бутун бошли бир саноат вужудга келган”.

Шу ерда яна бир савол туғилади. Нима учун Акбар Абдуллаев жаҳонда мавжуд бўлган кўплаб офшор ҳудулардаги ширкатлар эмас, Шотландияда тузилган ширкат орқали иш кўришга қарор қилган?

Дэвид Лискнинг айтишича, Шотландияда “офшор ширкатлар” соҳасида бутун бошли бир саноат вужудга келган.

“Шотландияда офшор ширкатларни тузиб чиқувчи бутун бошли фабрикалар бор. Бу офшор ширкатлар кейинчалик Яқин Шарқ, Шарқий Оврўпо ва Марказий Осиё мамлакатларига сотилади. Уларни офшор, деб юритасалар ҳам булар оддий икки ёки ундан кўпроқ шахслар томонидан тузилган қўшма ҳамкорлик ширкатидир. Лекин бу ширкатларнинг эгалари анъанавий офшор ҳудудларда бўлсалар, уларни офшор ширкат дея санашади. Бу Шотландиядаги қонучиликда мавжуд бўлган бир дарча. Шунинг учун ҳозирда бу ерда шундай хавотир борки, хорижий “сармоядорлар” бизларнинг қонундаги бу дарчадан суистеъмол қилмоқдалар. Ўз мамлакатларидаги солиқлардан қочиш ёки ноқонуний йўлда топилган пулларни бу ердаги ширкатлар орқали яширишга уринмоқдалар”.

The Herald рўзномаси журналистининг айтишича, бу ширкатларни худди шу йўлда реклама қиладилар.

“Шотландияда қайд этилган офшор ширкати сотилади” қабилидаги рекламаларни Украинада, Молдова, Қибрис ва Болтиқ бўйи мамлакатларида кўриш мумкин экан.

“Бу ширкатларни воситачилар сотиб олиб, қоғоздагина мавжуд сохта ширкатларни яратадилар. Дейлик, ўзбекистонлик шахс бу ширкатни воситачи орқали сотиб олади ва унинг исми ҳеч қаерда қайд этилмаган бўлади. Хуллас, ширкатнинг расман қайд этилган эгаси Ҳинд уммонидаги бир мамлакатда яшовчи Тошкент ёки Самарқандда ҳеч ким танимайдиган уй бекаси бўлиши мумкин, асл эгаси эса Ўзбекистонлик бўлади”.

Бу “офшор ширкат саноати”нинг Шотландиядаги миқёси юзасидан тадқиқотлар олиб бораётган журналистларнинг айтишларича, охирги йилларда бу каби хизматларни таклиф этишда йирик ўсиш кузатилган.

Молиявий бўҳрон ва Royal Bank of Scotland фаолияти ҳақида китоб муаллифи Иян Фрейзернинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, “Масъулияти чекланган ҳамкорлик ширкати” ҳақидаги қонун Шотландияда 100 йилдан аввалроқ таъсис этилган.

“Шундан кейин ўтган 100 йил ичида, дейлик 2007 йилларга қадар ҳаммаси бўлиб бу каби 6 500 ширкат тузилган. 2008 йилга келиб эса бу каби ширкатларни тузишда, таъбир жоиз бўлса, портлаш рўй берди. Ҳозирда йилига 4-5 минг бу каби ширкат қайд этилмоқда. Улардан 90 фоизи офшор ҳамкорлари билан. Бизнинг тадқиқотлармиз шуни кўрсатмоқдаки, бу ширкатларнинг “ҳамкорлари”, яъни асл эгалари офшор ҳудудларда яшайдиган шахслардир”.

Офшор савдосидаги ширкатлар

Молиявий инқироз борасида китоб муаллифи Иян Фрейзерга кўра, Шотландиядаги офшор ширкатлар сонида охирги йилларда "портлаш" рўй берган.

Молиявий инқироз борасида китоб муаллифи Иян Фрейзерга кўра, Шотландиядаги офшор ширкатлар сонида охирги йилларда “портлаш” рўй берган.

Иян Фрейзернинг бу ширкатлар фаолияти бўйича бошқа журналистлар билан ўтказган тадқиқоти шуни кўрсатганки, уларнинг молиявий фаолияти ўта мавҳум. Биринчидан уларнинг асл эгалари кимлигини аниқлаш мушкул.

“Уларнинг қоғозларидан ҳеч нимани уқиб бўлмайди. Харжлари қанча, фойдалари қандай, пуллари кимга теккан. Чунки бу ерда қайд этилган ширкат бу шунчаки қобиқ ширкат, ўртада бошқа ширкат бор, ундан кейин бошқаси. Биз буни русларнинг матрешкасига ўхшатсак бўлади. Бирини очсанг, ичидан бошқаси чиқиб келаверади. Фақатгина Панама ҳужжатлари, ёки Молдованинг уч йирик банкидан миллионга яқин долларни қаллоблик йўли билан олиб чиқилиши каби текширувлар орқали биз Шотландиядаги ширкатларниннг роли ва миқёси ҳақида маълумотларни оляпмиз”.

Иян Фрезернинг айтишича Британия ҳукумати офшор русумида иш юритувчи ширкатларга қарши кампания бошлаган.

Лекин ўтган йили Бош вазир Дэвид Камерон ҳамкорлик ширкатлари борасида янги чеклов ва қоидаларни эълон қилган вақти, Шотландияги бу каби ширкатларни унга киритмаган.

Аммо ўтган йилдан бери матбуотда бу борада пайдо бўлаётган хабарлардан сўнг Шотландия ҳукуматининг ўзида бу муаммога эътибор қарата бошлаганларининг белгилари бор. Лекин қарши чоралар ҳозирча кўрилмаган.

Бу каби ширкатлардан мамлакатдаги нафақа жамғармалари, баъзида сармоядолар, лозим бўлганда савдо тизимлари мол мулкка эгалик қилиш учун қонуний йўлда фойдаланганлари учун ҳам, уларга қарши ёппасига чора эълон қилишда турли мулоҳазалар мавжуддир.

Манба: bbc.com/uzbek