Эркин фикрдан ‒ ўлимдан қўрққандай қўрқади

Эркин фикрдан ‒ ўлимдан қўрққандай қўрқади
56 views
26 May 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(19-қисм)

Олтинчи кўчат
Сўз эркинлиги

Кишан кийма, бўйин эгма,
Ки сен ҳам ҳур туғилғонсен.
Абдулҳамид Чўлпон

Ўзбекистонда сўз айтиш, фикр-мулоҳаза билдириш эркинлиги ҳақида олдинги бобларда ўрнида очиқроқ, ўрнида ишора билан қисман айтилди. Аммо, ўйлаб қарасак, бу масала ниҳоятда муҳимлигидан, алоҳида тўхталмаса бўлмас экан.

Сўз айтиш кишининг фитрий эҳтиёжи. Ўғрилик, ёлғончилик, сўкиниш каби салбий хусусиятлар фитрий эҳтиёж эмас, балки киши ўз манфаатини Улуғ Парвардигор хушламайдиган йўллар билан қондириш усулларидир. Яъни, асл фитрий эҳтиёж бўғилиши натижасида бу каби салбий ишларга кенг йўл очилади ва бу ҳолат одамни руҳан эзади, ички мувозанатини бузади, бора-бора энг сўнгида катта бир ғалаёнларга олиб келади.

Ўзбекистонда бугун одамлар фикр билдиришда эркин эмаслигини исботлашга асло ҳожат йўқ – бу нарсани ичкаридагилар ҳам, ташқаридагилар ҳам жуда яхши билади. Бу ҳақиқатни одамларни эркин сўз айтиш ҳуқуқидан маҳрум этганларнинг ўзлари айниқса жуда яхши билади. Лекин “Бизда чиндан ҳам сўз эркинлиги йўқ!” деб тан олмайди, айтмайди, холос.

Аслида йўқ нарсани биз ҳам такрор-такрор йўқ дегимиз келмади, ҳамма биладиган гапни чайнайвергандан кимга фойда? Унинг ўрнига, сўз эркинлигининг бўғилиш сабаблари, дардни ичга ютиш қандай зарарли оқибатларга олиб келиши ва сўз эркинлиги йўқлигидан энг кўп ким зиён кўриши масалаларига озгина боқиб кўрамиз.

Масалага умумийроқ ёндашамиз, ҳамма кўриб-билиб турган мисолларни такрорлаб бошни қотириб ўтирмаймиз. Ҳаётимиз бунақа мисолга тўла, қай бирини айтардик.

I. Сўз эркинлигининг бўғилиш сабаблари

Энг лўнда ва тўпорича айтганда, айби бор киши айбининг очилиб қолишидан қўрққанидан бировни гапиртирмайди.

Халқ қўлловидан умидсизлар ҳам эркин фикрдан сўнг даражада ‒ ўлимдан қўрққандай қўрқади. Шунингдек,
‒ билимсиз билимлидан қўрқади;
‒ ўзига ишончи йўқ кимса кўринган чўпдан ҳадиксирайди;
‒ ўғри тўғрини кўролмайди;
‒ қоронғида ишини битирадиганлар ёруғликдан чўчийди;
‒ қинғир ишини яширмоқчи бўлганлар билиниб қолишидан хавотирда яшайди…

Булар ҳаммаси эркин сўзнинг бўғилиши сабабларидандир.

Назарий томондан яна кўп сабаб келтирса бўлади, аммо улар бари айланиб тағин шу оддий, лекин ўзак сабабларга келиб тақалаверади. Ўзбекистонда нега сўз эркинлиги йўқ, деган саволга ҳар томон ҳар хил жавоб
беради.

1. Президент + қиёфасиз Девон, қиёфасиз Олий Мажлис, қиёфасиз Сенат ва қиёфасиз ҳукумат – биринчи томон.

Булар Ўзбекистонда сўз эркинлигидан энг кўп қўрқади, шунинг учун ҳар турли воситалар ёрдамида уни бўғиб туради. Теварак олам сўз эркинлиги ҳуқуқини талаб этса, “кулимсираб” қараб, айбини ёпишга баҳона тўқий бошлайди: биз демократик йўлни танлаганмиз, бу йўлдан асло қайтмаймиз ҳам… конститутсиямиз демократиянинг ҳамма талабларига жавоб беради, унда барча ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланган… лекин ҳозирча давлатимиз ёш, демократияга аста-секинлик билан эришилади… ана, демократиянинг бешиги бўлган Англияда ҳам, уни дунёга ёймоқчи бўлаётган Амрикада ҳам сўз эркинлиги тўла ўрнатилишига юзйиллар керак бўлган-ку… Тасдиқланган, қабул қилинган (расмий) жавоблари шу, бундан ташқари, эл олдида оғизга чиқармаган, лекин ўзаро доим тилларида айланиб юрадиган тушунтиришлари ҳам бор:

– халқимиз демократияга, сўз эркинлигига тайёр эмас, қўйиб берсанг, ҳар нарсага бурнини суқавериб, ишлагани қўймайди;
– бизнинг менталитет бошқача, миллий анъанамизда бетгачопарлик йўқ, аксинча, катталарни ва бошлиқларни ҳурмат руҳида тарбия топганмиз, сўз эркинлиги бу анъанани бузади, ўртадан ҳурмат кўтарилади, яъни, ғарбча сўз эркинлиги бизга тўғри келмайди. Ва ҳоказо…

2. Ичдаги ва ташдаги очиқ-ёпиқ мухолифат – иккинчи томон. Булар биринчи томоннинг тушунтиришларига сира кўнмайди, қабул этмайди ва бундай дейди:

– давлатни бошқаришда замон талабига жавоб берадиган энг мақбул тузум бугун демократиядир, демократия эса сўз эркинлигисиз бўлмайди;
– “халқимиз сўз эркинлигига тайёр эмас” дейиш “лойиқ эмас” деган каби ҳақоратдир, камситишдир. Халқимиз сўз эркинлигини бемалол кўтаради. Бу нарса қисқа давом этган қайта қуриш йиллари ва СССР қулаганининг илк паллалари исботини топди;
– тўғри, давлат ҳозир ёш, лекин уни ёшлигидан суягини истибдод билан эмас, ҳурлик ҳавосидан нафас олдириб қотириш керак. Ғарбга келсак, агар у ёқларда демократия юзйиллар ичида оёққа турган бўлса, биз ҳам улар бошлаган ердан бошлашимиз ва у юзйилларни қайта босиб ўтишимиз керак дегани эмас. Ахир валасапидни, кампутирни, қўлтилпонни бошқатдан кашф қилишга уриниш аҳмоқликдир, аксинча, келган еридан давом эттириш тараққиётга элтади;
– асрлар давомида менталитетимиз айни тўғрисўзлик, самимият асосида шаклланган. Бетгачопарлик бошқа, тўғри сўзни айтиш (самимий бўлиш) бошқа эканини халқимиз жуда яхши ажратади. Қолаверса, Ғарб демократиясининг илғор томонларини олиш, ифлос томонларини покиза юртимизга киритмаслик ихтиёри ва имкони ўзимизнинг қўлимизда;
– хуллас, сўз эркинлиги мамлакатимизга сув билан ҳаводай зарур, давлат ва ҳукумат доим халқ кузатуви остида ишлаши керак. Кузатиб-тузатиб турилмаса, нафс ўпқони очилади ва уни тўсиқсиз қондириш учун зулм бош кўтаради. Етмиш йиллик совет даври ва йигирма йиллик “мустақил Ўзбекистон” даври шуни кўрсатиб турибди.

3. Асосан ичкаридаги, турли сабабларга кўра бор ҳолатга кўниб-кўниккан зиёли ва ўрта табақа бошлиқлар – учинчи томон. Буларда озми-кўпми виждон бўлади. Мамлакатда юз бераётган ёқимсиз ишларни кўриб-билиб юради, жумладан, сўз айтиш эркинлиги берилмаса, оқибати яхши бўлмаслигини ҳам билади. Аммо ўзи индамайди. Айтса тили, айтмаса дили куяди бунақаларнинг. У ер-бу ерда (олдин олти томонга қараб олиб!) бир-икки минғирлаб қўйиши ҳам адолат истаганидан эмас, виждон хархашасини босиш, кўнглига ўрнашиб қолган ғашликни кетказиш учундир.

Қўрқоқлиги, турли катта-кичик манфаатлар билан оёқ-қўлини боғлаб ташлагани учун биринчи томонга ён босиброқ фикрлайди:

– сиёсат билан сиёсатчилар, иқтисод билан иқтисодчилар шуғуллансин, матбуот ўзи билмаган ишга бош суқмасин;
– бизда чинакам журналистлар йўқ ҳисоби, дунё журналистикасидан анча орқадамиз, шу аҳволда буларга сўз эркинлигини бериб бўлмайди;
– халқимиз миш-мишларга ўч, хилма-хил фикрлар орасида адашиб қолади, битта хато гапга эргашиб кетаверади, бунақада давлатни бошқариб бўладими;
– хилма-хил фикрлар жамиятни бўлдаклаб ташлайди, ундан кўра битта фикр атрофида уюшган яхши. Бунинг учун сиёсатни қаттиққўллик билан юритиб, ҳар хил бузғунчи ғояларнинг илдиз отишига йўл қўймаслик керак…

4. Оддий халқ – тўртинчи томон.

Ундан одатда кўп нарса кутилмайди. Сўз эркинлиги бор-йўқлиги уни кўп ҳам қизиқтирмайди. Ҳар ҳолига кўниб кетаверади. Қорни тўйса, мушугини биров пишт демаса бўлди унга. “Подшомиз шунча куйиб-пишяпти, атрофидагилар ишламаяпти-да”, деб юраверади. “Сал бўш қўйилса, бошимизга динчилар келиб қоларкан, подшомиз шунақа деяптилар”, деб ишониб кетаверади. Айтаётган гапининг моҳиятини ўйлаб ҳам ўтирмайди (бу ҳам сўз эркинлиги йўқлигидандир). Аммо бир куни жонидан ўтса, бола-чақасини боқишга у-бу нарса тополмай қолса, шартта кўчага чиқади, кўр ғалаёнини бошлаб юборади.

Унгача қанча қийналса ҳам, бошини эгиб юраверади. Жуда нари борса, молхонасининг қоронғи бурчагига биқинади-да, бир-икки бўралаб сўкиниб, ҳаммаёғини шалтоқ қилиб ташлаган молини савалаб ҳовуридан тушади; ёки ҳеч иккиланмасдан алкаш бўлиб кетади…

Ҳар боқимдан қаралса ҳам, биринчи томон қолган уч томондан устун, имтиёзли. У – давлат, ҳамма куч унинг қўлида, шунинг учун хоҳлаганини қилади ва… қилиб ётибди ҳам.

Бора-бора матбуот, радио, телевидение устидан тўла назоратни ўрнатиб олди. Мамлакатимизда бугун расман сензура бўлмаса-да, қойил қолмасдан илож йўқ, мафкурасини қаттиқ ушлаган СССРдай қудратли давлат ҳам қила олмаган ишни уддалади – сензурадан баттар тизимни яратди. Биронта бошқача фикр матбуот юзини кўрмайди, туғилишига ҳам йўл қўйилмайди. Она қорнидаги чақалоқ жинсини олдиндан аниқлай оладиган ускуналар сингари одамнинг кўнглида пайдо бўлаётган ўйларни ҳам олдиндан билиб оладиган қанақадир ускуналар яратиб олган кўринади, ўзи эшитгиси келган фикрларни туғдириб, хавфлисини ниш ура бошлаши биланоқ бўғиб ўлдириб юборяпти. Ёки ҳур фикр шаклланадиган “болақоринлар” тозаланиб-ювилиб, йўлига испираллар қўйиб ташланяпти.

Шу боис мамлакат ичида қачондан бери бошқача фикр йўқ.

Ҳазрати Бирфикр ҳукмрон.

II. Сўз эркинлиги нега керак?

Жамиятда яхши ва ёмон, ҳалол ва ҳаром, тўғрилик ва қинғирлик, одоб ва одобсизлик, уят ва уятсизлик, олижаноблик ва пасткашлик бораларида умумий ўлчов қатъий шаклланган бўлса, жамият ахлоқини у кузатиб-бошқариб туради. Одамлар гап қилади, маҳалла айблайди деб ҳам кўплар ўзини хатодан ва қинғирликдан сақлайди. Бу ўлчов бўлмаса-чи?

Оллоҳ сақласин, ҳар ким хоҳлаганини қилишга ўтиб кетса ва бу ҳолга жамият парво этмаса, қинғирликлар кучаяди, мамлакат маънан чирий бошлайди. Сўз эркинлиги шунинг учун керак. Умумий миллий ўлчовлардан келиб чиққан ҳолда бир томондан давлатнинг, иккинчи томондан жамиятнинг ишлари кузатиб турилади: қабул қилинган тўғри йўлдан бораётган бўлса, унга ҳартомонлама ёрдам берилади; билмасдан хато йўлга кириб қолса, йўлининг хатолиги дарров билдирилади, ўнглашга ҳаракат қилинади; нима қилишни билмай қолса, тарихга ва тажрибага таянган ҳолда, тўғри йўл кўрсатиб юборилади; билиб туриб қинғир йўлдан кетса, огоҳлантиришларга қулоқ тутмаса, унда яна ўша ҳақ-ҳуқуқидан фойдаланиб, ҳолатни ўнглашнинг бошқа чора ва усуллари қўлланади.

Оллоҳ элчиси (у Зотга салом бўлсин): “Биродарларингизга золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам беринглар”, дедилар. Шунда бир киши: “Эй Оллоҳнинг элчиси, зулм кўраётганга ёрдам бераман, аммо зулм ўтказаётганга қандай ёрдам бераман?” деб сўради. “Уни зулмдан қайтаришинг унга ёрдамингдир”, деб жавоб
қилдилар. Эй билиб-билмай халқига зулм қилаётганлар, қулоқларингиз чинласин: зулмдан қайтариш ҳам аслида сизларга ёрдам экан! Матбуотми, алоҳида шахсларми ё бошқа тузилмами, сўз эркинлигидан фойдаланиб кимни ё кимларнидир зулмдан, қинғирликлардан қайтарса, мантиқан қараганда, бошлиқ бундан фақат хурсанд бўлиши керак экан! Ўзини тергаб туришлари учун қайтага жамиятга янада кўп ҳуқуқлар, имкониятлар яратиб бериши лозим экан!

Ҳазрати Умар (Оллоҳ ундан рози бўлсин) то сочига оқ оралагунича бир кишини ёллаб, ҳар-ҳар замонда “Эй Умар, ўлим эсингда турсин!” деб туриши эвазига унга чўнтагидан маош бергани бежиз эмасди.

Амир Темур ҳам, бугунги тил билан айтганда, салтанатида сўз эркинлигини жорий этган. Ишларини доим маслаҳат билан юритган, ўзининг фикрига тескари бўлса ҳам жўяли фикр билдирган кишиларни юксак қадрлаган. Бир галги тўплантида қаёққадир юриш бошлаш олдидан мулоҳазаларини айтиб, йиғилганлардан муносабат сўрайди. Ҳар ким ўз кўзқарашини баён этади. Бир аъён лаганбардорлик қилиб: “Амирим, ниҳоятда оқилона ўйлабсиз. Юлдузлар жойлашуви ҳам шунга ишора қиляпти!” дея роса ошириб-тошириб юборади. Йиғилишдан кейин Амир Темур тегишли одамларига: “Бундан кейин бу одамни машваратимда кўрмайин!” деб у лаганбардорни ҳузуридан ҳайдайди. Оқил, тўғри, ўзига ишонган ҳар қандай подшо шундай қилади. Аксинча, ўзига ишончи бўлмаса, ақлий даражаси паст, бунинг устига ишлари ҳам қинғир бўлса, маддоҳларни сайратиб қўяди-да, мустақил фикрловчиларнинг оғзини ёпади, айбини кўрсатадиганларни қувади, қамайди, ўлдиради.

III. Сўз айтиш эркинлиги бўғилиши оқибатлари

1. Халқ (жамият) кўрадиган зарарлар:
– фикрий ўсиш тўхтайди, мамлакат ҳартомонлама қолоқликка юз тутади;
– индамасликка маҳкумлик бора-бора тушкунликка, тушкунлик лоқайдликка, лоқайдлик худбинликка, худбинлик асабийликка, асабийлик… жиноятга олиб келади;
– индамасликка маҳкумликдан бора-бора қўрқоқлик, қўрқоқликдан виждонга хиёнат туғилади, хиёнат олдин номусни, охирида ватанни бой бериш демакдир;
– “сўз эркинлиги” отлиғ тозалаш мосламаси ишдан чиқса, жамиятдан теваракка сассиқ ҳид тарала бошлайди. Сув тўхтаб қолса замонавий ҳожатхоналар сал вақтда сасий бошлагани каби.

2. Сўз айтиш эркинлиги бўғилишидан давлатнинг ўзи ҳам катта зарар кўради. Биров мушугини пишт демаётганини ишини тўғри олиб бораётганидан деб билади. Ҳолбуки, халқ узоқ вақт индамагани, давлат билан гўё иши бўлмай юргани мутлақо парвосизлигидан эмас, давлатга ишончи сўнганидан, давлатини ёмон кўриб қолганидандир. Давлатга ишонмай қўйди дегани давлат билан халқ ўртасида жарлик пайдо бўлди деганидир.

Бошқача айтганда, алдамчи тасаввурларда халқ билан давлат бир бўлиб кўрингани билан воқеликда халқ давлатига, давлат халқига суяна олмай қолади. Бундай давлат энг кучсиз давлатдир. Бундай халқ энг кучсиз халқдир. Афсус, Ўзбекистонда ҳозир аҳвол шунақа. Халқнинг овози мутлақ бўғилгани учун ичкарида вазият жуда оғир. Матбуот ва телевидение ҳаётни қанча бўяб-бежаб кўрсатмасин, раҳбарият орасида ҳам, халқ орасида ҳам асабий бир вазият кузатиляпти, катта алғов-далғовлар етилиб келаётгани тобора сезила бошлади. Эртага нима бўлишини кимса билмайди.

Бир ўхшатиш. Одатда, аёллар табиатан мулоҳазага эмас, ҳиссиётга берилувчан бўлади. Сал нарсага тез ўт олиб кетади. Сўнг тез сўнади ҳам. Бир-бирига терс бу икки хил ҳолга сурункали тушаверилса, ҳатто аёл ҳам тез кунда ўта асабий бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Лекин аёлни бундай асабиятдан асрайдиган ҳимоя қобилияти бор: эркакдан фарқли ўлароқ, улар бир-бирига ичидаги бор дардини тўкиб солаверади ва, натижада, тез-тез “бўшаниб” туради. Бўлмаса, нималар бўлиб кетмас эди.

Иккинчи ўхшатиш. Ўрисларда “выпускание пар” деган ибора бор. Тилимизда уни “ҳовурини чиқариш” ёки “ҳовурини босиш” ёки “совутиш” деса бўлади. Мутлақ ёпиқ қозон тагига ўт қалаб сув қайнатаверилса, буғи (ҳовури) чиқариб турилмаса, охири портлаши аниқ. Дард ҳеч бўлмаганда қудуққа тўкиб-солиб турилмаса, одам ҳам бир куни портлайди.

Худди шулардек, кўнгилда туғилган фикр-мулоҳазалар ҳам эркин билдириб турилмас экан, жамият тагига қўйилган бўмбанинг пилигига ўт кетади. Пиликка ўт кетгани то у ҳалокатли нуқтага етгунича билинмай туриши мумкин, аммо кейин албатта портлайди. Ҳеч бўлмаганда шу ҳол сўз эркинлигини зарур қилади.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com