Мактаб, металлом ва макулатура

Мактаб, металлом ва макулатура
123 views
28 May 2016 - 17:26

HABER1rYqteZDNeБугун Ўзбекистон мактабларида “юқори”дан келган буйруқлар шунақа кўпки, қайси бирини бажаришни билмай ўқитувчиларнинг ўзи ҳам ҳайрону лол.

Биринчи синф ўқувчиси 25 кг. металлом, 5 кг макалатура, 5 дона баклашка олиб келиши шарт ва зарур деб ҳисоблаган айрим мактаб раҳбарлари кўзига чиройли кўриниб қолган кофта ва юпкани мактаб формаси сифатида жорий этмоқчи.

Тошкент вилоятидаги мактаблардан бирида шу ҳақда йиғилиш ўтказилди. Ота-оналарга матросларникидек ёқаси бор оқ кофта, тахлам-тахлам (плисирофка) шаклда тикилган уч хил форма намойиш этилди ва янги ўқув йилида шу мактаб формаси бўлади.

Хоҳласангиз мато олиб, ўзингиз тиктиринг, бўлмаса синф раҳбарига 60 (олтмиш минг)сўмдан пул йиғиб беринг, битта тикувчига бир хил қилиб тиктириб берамиз, дейилди.

Баъзи ота-оналар бу фикрга қўшилган бўлса, аксарият ота-оналар энг яхши форма оқ кофта, қора юпка эканлигини айтиб ўтди.

– Менинг уч нафар ўқувчи қизим бор, -деди бир она,- хўжайиним ва менинг топишим ўртача. Катта қизимнинг ўтган йилги кийимини ўртанча қизим янги ўқув йилида ҳам кияверади. Ортиқча харажат кимга керак?

Яна бир она “Менинг бир нафар фарзандим бор, сизлар қандай кийинтир” десаларингиз кийинтиравераман”, – дейди. Фаол оналардан бирининг фикри эса қуйидагича бўлди.

– Халқ таълими вазирлиги мактаб формаси учун тендер эълон қилиши керак. Совет даврида бўлгани каби, Ўзбекистондаги барча мактабларда бир хил мактаб формаси жорий этилиши лозим. Биз бугун бу формани тиктириб берсак, эртага бола уни йиртиб ёки дазмол қилаётганда куйдириб қўйса, яна бозорга бориб мато сотиб олиб, кейин тикувчи излаб уни тиктириш учуш овора бўламизми? Агар ягона мактаб формаси жорий этилса, махсус фабрикалар ўша кийимларни тикиб, магазин ва бозорларимизни тўлдириб ташласа ҳеч оғринмай ўшани олиб бераверамиз. Боламиз тақдир тақозоси билан бир вилоятдан бошқа вилоятга ёки бир шаҳардан бошқа шаҳарга кўчганда ҳам ўша ернинг мактаб формаси учун ортиқча харажат қилмаймиз.

Ота-оналар ўқитувчилардан директор опа ҳам йиғилишда иштирок этишини талаб қилди. Аммо ўқитувчиларга, яъни қўл остидаги ходимларгагина зуғум ўтказишнигина эплай оладиган директор опа ота-оналар билан юзлаша олмади.

Ўқитувчиларнинг ўзи ҳам мактаб учун алоҳида форма қилишга қарши эканликларини, чунки деярли аксарият ота-оналарни бунга қурби етмаслигини айтишди.

Директор тараф бўлган ўқитувчилар эса “Шу мактаб формасига рози бўлмаганлар, боласини бошқа мактабга олиб кетаверсин” деган иддаони ҳам қилишди.

Иштирокчи ота-оналар таълим олиш ҳуқуқи иккита катта қонунда белгилаб қўйилганлигини, у мутлақо бепул эканлигини айтишди.

Йиғилиш сўнггида мактаб таъмири учун болалардан 10 минг сўмдан пул бериб юбориш ҳақида ота-оналарга эслатилди…

Адолат Тошканбой қизи

Манба: bbc.com/uzbek