Маданият ваҳшийларига чин кўнглимдан лаънат ўқигим келар эди

Маданият ваҳшийларига чин кўнглимдан лаънат ўқигим келар эди
74 views
29 May 2016 - 6:00

ks04Алихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 44

(давоми)

Шу билан бир кеча бу ерда ётиб, эртаси Кучар томонга кетадиган йўлдош излаб, у ердан чикдим. Чиқар вақтимда борар жойимни йироқдан кўринган оқ чодирларни мўлжаллаб кўрсатишган бўлсалар ҳам, қандайдирки, оқ чодирларни йўлда қолдириб, ундан 10 чақиримча юқорида кўриниб турган қалмоқларнинг оқ ўтовларига қараб кетибман.

Орада 3-4 чақирим келгудек билқиллама созлик ер бор экан, бундан минг турлик машаққатлар билан аранг у томонга ўтиб ўтовларга яқинлашиб эдим, олди эшакдек келадиган 10 чоғли итлар келиб отимни ўртага олди. Булар ичидан бир катта оқ даъват отилиб чиқиб, тиззамга оғиз солғудек бўлганда чаққонлик қилиб, қамчи билан тумшуғига тортиб қолиб эдим, вангиллаганича қочиб иккинчи менга йўлай олмади. Бироқ, эс олган сўнггида яна келиб отимнинг орқа оёғига тиш солиб эди, темир туёғи билан шундоқ тептики, икки уч юмалаб кетди.

Унгачалик уй эгалари қалмоқлар югуришиб чиқиб, итларини ҳайдагандан сўнгра, мени Кучардан мол билан келаётган катта савдогар деб ўйлаган бўлса керак, ўз одатларича кишилик кўрсатиб, отдан тушувимни сўрадилар.

Мен ҳам сир бермасдан: «Орқада молим келаётиб-ди. Юсуфғужғур қўшига тушмоқчи эдим», деган бўлиб, дарров отдан тушдим. Қарасам, ҳай-хўй деганча йигирма чоғлик катта-кичик қалмоқ болалари мени ўраб олмиш эдилар. Мен ҳам дарҳол хуржун оғзидан бир кило қанд олиб, атрофимда йиғилиб турганларга улашиб бердим.

Бу жойда Тўрғовут мўғуллари ичида савдогарлар тинч омон эркинликда яшар эканлар, чунки уларнинг тирикчиликлари ёлғизгина чорва мол орқали бўлганликдан, ҳаёт учун керакли ҳамма нарсага муҳтож эдилар. Мана шунинг учун бойлик ҳавасига тушган Ғулжа, Олтишаҳар савдогарлари бу йўлда ҳар қанча оғирчилик тортсалар ҳам, фойдага қизиқиб, булар билан алоқаларини узмас эканлар.

Бунинг устига Хитой хонлари томонидан илгаридан бери танилиб келинган Тўрғовут мўғулларининг ўзларидан чиққан хонлари ҳам бордир. Улар томонидан қўйилган Уқур-той, Илгадой унвонли нўюнлари бўлиб, Чингизхон ясақномаси ҳукми бўйича қора қалмоқлар ўз нўюнларига қаттиқ бўйинсунганлар. Булар эрса келиб кетиб турган савдогарларни кўпчилик халқ ва ҳам ўзлари учун фойдали ҳисоблаб, уларга қарши тартиб бузувчиларни қаттиқ жазога тортганлар. Шунга кўра, савдогарлар ўзлари бузилиб, золимлик қилиб, хиёнатга киришмасалар, бошқа тарафдан уларга ҳеч қандай қаршилик кўрсатилмаган. Аксинча, у ердаги мўғуллар қўрққанидан эмас, ўз кўнгиллари билан савдогарларни сийлаб, ҳурматлашган.

Шунинг учун мени ҳам савдогар гумон қилиб, 6орадиган жойимгача бир қалмоқ йўл бошлаб борадиган бўлди. Йўқ эса, орада 3-4 соатлик созлик ботқоқлик йўллардан юриб ўтишга тўғри келганликдан, йўл билмаган кишининг ўзи юриши қийин эди. Шунинг учун мен буни ғанимат билиб, бироз қанд, чой билан оғзини ширин қилиб эдим, икки уч соатча ботқоққа ботиб юриб, ҳуфтон вақтида деган жойимга келтириб қўйди. Агар у бошчилик қилмаганда, бу йўлда саломат қолишим хатарлик экан.

Мени бу ерга етказиб, йўлбошчим қалмоқ қайтган сўнггида қарасам, бир чодирдан йилтираган чироқ кўриниб турибди. Устига бориб: «Киши борми?», — дейишим билан югириб чиққан бир уйғур йигити «Меҳмон келди», деб отимни ушлади. Чодир ичида ўт тутатиб ўлтиришган уч тўрт киши эса, турк халқи одатларича дўстлик кўрсатиб, мени тўрга чиқаришди.

Аҳволга лойиқ егудек овқатларини келтириб, бирга ўлтиришди. Уч кунлик даҳшатлик сафаримдан бери оғзим ошга тегмаган, дўст кишилар юзига кўзим тушмаган эди. Шунга кўра, ўзимни буларнинг азиз меҳмони ҳисоблаб роҳат уйқуси билан кечани ўтказдим.

Тонг отиб чой вақти бўлиб эди, ҳар тарафдан чиққан бир неча савдогар эшакчилари Кучарга қайтмоқчи бўлиб шу ерга йиғилмиш эдилар. Мен ҳам буларга қўшилиб, йўлдош бўлдим. Мен адашган Қуйқун тоғларини ўнг қўлда қолдириб, Қўнақай тоғларини оралаб, Кучарга қарата йўлга тушдик.

Биринчи қўналғуни Кучар савдогарларининг чодир уйларида ўтказган бўлсак ҳам, орада уч кунгача ўзлари мўлжаллаб олишган тоғу тош далаларида ётишга тўғри келди. Яхшиямки, шу орада ёғин сочин бўлмасдан турди. Емак ичмакларимиз мўл бўлди. Тоғ совуғини ёғ қайтаради деб, ҳар куни кечқурин сафар бошлиғимиз ёғлиқ палов қилишга буюрур эди. Учинчи кун Айғирошув деган довондан ўтиб, Кўл деган жойдаги саройга келиб тушдик. Лекин, шу ерга келгунча ёлғиз оёқ йўлдан бошқа ҳеч нарса кўзга кўримас эди.

Бу ерда 30-40 уйлик Тўқмоқ, Пишпек атрофидаги Султа, Сарбағиш қирғизларидан қочиб келган бир юртлик кишилар бор деб эшитдим. Улар билан кўришиб сўзлашмоққа қизиққан бўлсам ҳам, йўл усти бўлиб, йўлиқолмай қолдим. Эртаси кун Кўл саройидан чиққанимизча юриб ўлтириб, Қирғизошув деган довон устига чиқдик. Қарасам, бу довон чўққиси икки ёқдаги эгиз тоғ тошлари билан қисилиб қолган торгина бир йўл экан. Шунинг учун марҳум Ёқуббек оталиқ Олтишаҳар Уйғуристон ҳукуматини қурганда, Кучар халқини Юлдуздаги Тўрғовут қалмоқлари ҳужумларидан сақламоқ учун бўлса керак, бу ерни чегара ҳисоблаб, катта қарағай, оғир тошлар келтириб чеб боғламишдур. Ўз даврига кўра такдирланарлик иш бўлганликдан, марҳумни фотиҳа билан эскариб ўтдим.

Шу куни кечқурин Саксонкечик ва Қирғизошув ўрталиғида яна Ёқуббек томонидан чегара соқчилари учун қурилган каттагина бир қўрғон ҳаробасига келиб тушдик. Бу эса, от улоқлари, қўрхона ошхонаси билан икки уч юз кишига жой бўлғудек кенгликда кўринур эди. Уч-тўрт юз газ эгизликдаги ерда аскарлар учун ясалган масжид ҳаробасини кўриб, уни зиёрат қилдим. Ўз вақтида яхшигина санъат кўрсатиб ясалганлигига, пештақ-меҳробларидаги қўл ҳунар қолдиқлари гувоҳлик бермокда эди. Менга ўхшаш мақсади қўлга кирмаган бўлса ҳам, истиқболидаги истиқлоли учун курашиб, қурбон бўлган ўзбек ўғли бир қаҳрамондан қолган асар бўлганлигини ҳурматлаб, меҳроб тупроқларини кўзимга суртдим.

Уз вақтига кўра марҳумни, бир томондан, тақдирлаган бўлсам ҳам, иккинчи томондан, танқидий қарашларимдан ўзимни сақлаёлмадим. Йўқ эса, ўз замонасига кўра бутун шароит қўлга келтирилмиш эди. Икки қайта Лондонга, икки мартаба Туркия султони Абдулазизхонга элчи юбормишдур. Лондон элчилари биринчи боришда 12 минг, иккинчи боришида эса 24 минг фаранг милтиғи олиб қайтмиш эдилар. Булар эса замонавий қуролларнинг олди ҳисобланганлиқдан нафақат хитой қуролларидан, балки, ўша замонда бизни босиб олган рус қуролларидан ҳам ортиқроқ эди. Бунинг устига вақтнинг ҳам қулайлиги, чунки Англия билан Русия давлатлари ўртасидаги рақобат кескинлиги узлуксиз равишда ўсмоқда эди. Мана шу ўхшаш қулай фурсатлар ўтиб, атрофда қараб турган кучлик ёрдамчилар қўлда бўлатуриб, булардан фойдаланиш йўлларини тополмадилар. Яна у даврда бутун Оврупо давлатлари, ислом чироғини ўчириш қасдида, исломият маркази деб танилган Туркия давлати устига ҳужум бошламиш эдилар. Шунга кўра, Халифа ҳазратлари қуроллик куч орқалик ёрдам етказолмаган бўлсалар ҳам, замонга лойиқ низомий аскар тайёрлаш учун олти нафар ҳарбий зобитларини қурол-яроқлари билан юборган эдилар. Булар келгандан кейин отлиқ яёв бутун аскарлар оз фурсат ичида интизомга олиниб, темир саф боғлагандек чекинмас бир низомий қўшинга айланмиш эди. Бу иш ёлғиз сўздагина эмас, амалда кўрилиб, Урумчи урушида 20 мингга яқин оломон тунгон аскарлари 500 га етмаган отлиқ низомий аскарлар томонидан тор мор бўлмиш эди.

Шу қадар тажрибали ишлар кўз олдида кўрилган бўлса ҳам, яна халқ оғзидаги «Вой, Хитой бузилса, олам бузилиб қиёмат қойим бўлар эмиш», деган хурофий сўзлардан таъсирланиши марҳумнинг иродаси бўшлигини, замона аҳволидан хабарсизлигини билдиради. Йўқ эса 14 йиллик давлат бошлиғи, агар чин иродалик сиёсий бир қўмондон бўлса, қўлида низомий, қуролланган 40 мингга яқин ислом аскари турса, ўз давлатини кофир душманга қандай топшира олсин?

Бандадан камчиликлар ўтмагунча берган неъматини қайтариб олиш, Аллоҳга одат эмасдир. Ҳаёт оламида уруш майдонларидаги зафар ёки хатар ҳар иккови ҳам бир қанча сабабларга боғлиқдир. Агар зафар асбобларини имконият борича тўлиқламай туриб урушга киришар экан, Қуръони карим ҳукмича бундай одам хато ишлаган бўлиб, шариат олдида жавобга тортилади. Шу ўхшаш унинг шароитига тўлти билан эга бўла туриб, яна орқага чекинар экан, тарих юзини қораловчилардан, ислом ҳақига хиёнат қилувчилардан ҳисоблатгусидир. Дунё ва охират бахтини давлатлари учун, илоҳий қонун ҳукмида белгиланган, ҳар ишнинг ўзига тегишлик сабабларини бажариб, қўлга келтирмай туриб: «Ҳа энди, тақдир шул экан», деб ўлтириш энг катта нодонлик бўлиб, Аллоҳ қонунига қаршилик қилмоқликдур.

Байт:

Сабабни қил мусаббибни унутма!
Ҳақиқат шул эрур тескари кетма.
Ота Соғуний қилмишдур насиҳат
Тушунганлар бу сўздин олгай ибрат.
Дема: «Ўзгармас олам иш битибдур»,
На бўлгай эртаги кун ким билибдур.
Ҳаётингни тузатмоққа сабаб қил,
Ватанни қутқазишнинг чорасин бил.
Биринчи чораси илм ўқимоқдур,
Жаҳолат бошига тўқмоқ ҳам таяқдур.
Жаҳолат бизни ажратди Ватандин
Ватан ёлгиз эмас, ҳам жону-тандин.
Бўлар иш бўлди, энди кимлигингни
Унутма, эй ўғил, ўзбеклигингни.
Ютулмасдан бурун сақла тилингни-
Қутқар қуллуққа тушган бу элингни.
Агар тил сақламас эрсанг, ютарлар-
Оёқ остига солгай, қул этарлар.
Сени ютмоққа тайёр аждаҳолар,
Қорадур ёки оқ тўймас балолар.
На бўлди, Утуристон, оч кўзингни
Кўзинг оч, Ўзбекистон, кўр ўзингни.
На эрдинг, энди не бўлдинг, қараб боқ,
Қачон бир жойда бўлгай жуфт билан тоқ.
Фариштага яқин бўлгай мусулмон,
Агар дин ушласа, бу ҳукми Куръон.
Билиб динингни сақла, эй мусулмон,
Жудо бўлган кишига минг пушоймон.
Ота Соғуний қилди бу насиҳат,
Ажаб эрмас, кишилар олса ибрат.

Энди марҳумнинг бу тарихий воқеаси ҳасратлик достонлар қаторида ёзилган бўлса ҳам, келажакда болаларимиз ҳақлари учун фойдасиз эмасдур.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Устида шунчалик тарихий сўзлар ёзилган бу қўрғонда бир кеча ётиб, эртаси куни булутга тиралган икки тоғ қисмоғида Саксонкечик аталган оқар сув изи бўйлаб йўлга тушдик. Қарасак, бу йўлимизда саксонкечик эмас, юздан ортиқ сув кечган бўлсак ҳам, яна сув кечикларини санаб тугатолмадик. Шу билан ёзнинг узун кунлари кечга давр тўхтамай юрганимизча кеч қилғач, ҳар томондан туман аралаш қора булутлар қўзғалиб, ёмғир қуйиши бошланди. Ости устиларимиз ёмғир суви билан чиланиб, йўл қоронғулигини тун қоронғулиги қоплади. Ҳайрон бўлиб турганимизда, олдимизда тоғ бағри томонидан ялтираб ўт ёруғи йироқдан кўрилгали турди. Буни кўргач, дарҳол от жиловини шу ёққа буриб қарасак, барака топкур яйловга чиқадурган Кучар қўйчилари бўлиб, ёмғирдан қуриқланиб тоғ каморида ётган эканлар. Даҳшатли кечада топилган шунга ўхшаш тоғ ўнқири эса, бизнинг кўзимизда оқсарой уйларидан ҳам ортиқроқ кўринар эди.

Бу ва у олам ишларидан хабари йўқ, олдида ҳайдаган бир тўп қўй эчкидан бошқа боқар кутари йўқ, икки дунё ғам қайғулари билан ҳам чатоғи йўқ, қўй душмани бўридан бошқа ташвиши йўқ, бир неча чўпонлар билан ўнқир ичида ёқилган олов айланасида ўлтириб ўтказган бадавлат мажлис лаззатини эскарсам, маданият ваҳшийларига чин кўнглимдан лаънат ўқигим келар эди.

(давоми бор)