Қонун нимани талаб қилса, шуни бажаринг…

Қонун нимани талаб қилса, шуни бажаринг…
89 views
30 May 2016 - 5:00

TuzoqСафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

 (5-қисм)

Биринчи боб

Суҳбатдан кейин у жуда кўп ўтириб ўйлади. Ота-онасининг ночор қиёфаси кўзлари олдидан бир зум нари кетмас, уларга бирор кор-ҳол бўлса, у албатта етиб борар, шунда миршаблар қўлларига кишан солиб, эл орасидан олиб кетишининг ўзи унинг учун ўлим эди. Ишлар эрта бир кун шундай якун топмаслиги учун ҳам бу машмашани тезроқ тинчитиш лозим эди. Барчасини ўзича тафаккур этгач, у отанг бозор, онанг бозор деган ақидага умид боғлаб, Тошкентга қараб йўлга тушди. Тунда адвокат билан учрашиб, тонг отмасдан уйига кириб келди.

Адвокат ўшанда:

– Баҳромжон, беш минг “кўк”идан топмасангиз, бўлмайди. Жами ўн беш минг бўлмаса, ишни пиширолмаймиз, дейишяпти ўртоқлар! – деди бақаникига ўхшаган қабариқ кўзларини бақрайтириб.

Унинг аввал айтганларидан тониб турганига Баҳромнинг жаҳли чиқса ҳам, иложсизликдан уйига қайтиб хотинига маслаҳат солган эди, хотини:

– Шу машина сотилиб ишингиз битадиган бўлса, майли, уни сотайлик. Ҳаммамиз ҳам бу кўргуликлардан чарчадик. Одамга ўхшаб яшайлик, болалар катта бўлиб қолди! – деди кўзёшларини кафти билан сидириб.

Эртаси кун азонда ўғиллари машинани бозорга олиб чиқишди. Ўғилларининг: “Дада, озроқ савдолашайлик, арзон сўрашяпти”, деб жаврашларига қарамасдан, у биринчи оғиз солган кишига машинасини беш минг беш юз долларга пуллаб юборди. Гўё машинани сотиб, пулини олиб бориб берса, иши шу билан ҳал бўладигандек эди ўшанда.

Адвокат ўз манглай тери эвазига топган пулини санаган кимсадай, долларларни битта-битталаб санаркан:

– Баҳромжон, бўлди, иш пишди деб ҳисоблайверинг. Бу ёғига нима қилиш кераклигини қўнғироқ қилиб сизга айтаман! – деди.

У шомга яқин қўнғироқ қилди. Симкартани Баҳромга адвокатнинг ўзи олиб берган, бу рақамни ундан ташқари Мелис ҳам биларди.

Овозидан унинг хурсандлиги билиниб турарди.

– Баҳромжон укам, ишлар беш! – деди у оғзини тўлдириб. – Ўйлаганимиздан ҳам зиёда бўлди. Тонгда, соат ўнларга яқин айтаётган рақамимга қўнғироқ қилиб, ҳеч нарсадан хабарсиз одамдай, қидираётган экансизлар, нима гап, тинчликми, деб сўрайсиз? Жиноят бўлими бошлиғи ҳаммасидан хабардор этилган. Эртага байрам, ҳеч бир жой ишламайди. Индинига сизни чақиришади. Ўз оёғингиз билан юриб борасиз.  Бошқарма дарвозаси олдида соат тўққизда сизни кутиб тураман. Тушгача ёзиш-чизишни тугатамиз, кейин уйингизга кетаверасиз. Ишни уч кунда энасиникига киритиб юбораман. Шу билан бу ғалвалардан бир умрга қутуласиз, дўстим!

Баҳром фақатгина:

– Катта раҳмат, Шамшод ака! – дея олди, холос. Назарида, у ҳалитдан ҳамма балолардан қутулгандай эди. Кўргуликлар ортда қолгандай туюлаётгани боис шодлигидан терисига сиғмасди.

– Гўзалим! – дея чақирар экан:

– Нима дейсиз, дадаси? – дея ошхонада ивирсиб юрган хотини дарҳол етиб келди.

– Ишлар тинчиганга ўхшайди, шекилли! – деди у. – Бир чиройли палов дамламаймизми? Болалар билан дастурхон атрофида бехавотир ўтириб овқатланишга нима етсин.

Хотини ҳаяжонланганидан ўзини қаерга қўйишини билмасди.

– Тангрига шукур-эй, Тангрига шукур! – дерди у нуқул бошқа сўзга тили келмай.

Палов ҳам пишди, оила даврасида зўр иштаҳа билан ейилди ҳам, оиладагилар ўзлари кўпдан орзулаганларидек, хурсандчилик билан ёстиққа бош ҳам қўйдилар. Бироқ тонгда, юқорида таъкидлаганимиздек, Баҳром хосиятсиз туш таъсирида дили хира бўлиб уйғонди. Аслида у тушга ишонмасди. Яхши-ёмон нарсаларни Тангри тақдиридан деб биларди. Негадир бу кўрган туши уни таҳликага солди. Қора булутлар каби боши устига бостириб келаётган хаёлларни тарқатиш учун соат тўққизларгача телевизорга тикилиб ётди.

Хотини туриб болаларини уйғотмоқчи бўлди. Оталари қутулгани муносабати билан ярим тунгача хурсадчилик қилган болалар маза қилиб ухлаб ётардилар. Осойишталикка қарамасдан, унинг ичини эса мушук тимдаларди. Бўлавермагач, у адвокатга қўнғироқ қилишга қарор берди. Икки марта чақирув тўлқини кетгач, гўшакдан:

– Эшитаман! – деган уйқугаранг овоз келди.

– Ассалому алайкум, Шамшод ака, Баҳромман! – деди у.

– Танидим, Баҳромжон, тинчликми? – сўради адвокат.

– Тинчлик! – деди у овозидаги хомушликни яширишга уриниб. – Негадир Комронга қўнғироқ қилишга қўлим бормаяпти. Ишқилиб, миршаблар бизни алдашмаяптимикин?

Ҳушёрликни қўрқоқлик деб тушунган адвокат:

– Сизни бунчалик қўрқоқ йигитсиз деб ўйламагандим! – деди. – Айтганимни бажаринг. Бунақада ишни бузиб қўйишингиз ҳеч гап эмас. Кўрасиз, ҳаммаси яхши бўлади.

У ортиқ бир нима дейишга ийманиб:

– Раҳмат, раҳмат сизга, Шамшод ака! – дея олди, холос. – Биздан қайтмаса, Тангридан қайтсин.

Унинг юрагини сичқон каби кемираётган ғашлик барибир тарқамади. Ўзини бепарво тутишга қанчалик уринмасин, уддасидан чиқишга асаблари дош бермаётганди. У қўнғироқ қилиш фикридан қайтиб, нима биландир чалғишга чоғланди.

– Тур, шунча ухлаганинг етар, “Оқбўри”ни кўчирамиз! – деди ўғлига.

У шу кунларда бир жангари ит саргузаштлари ҳақида ёзаётган достонини тугаллаш арафасида эди.

Нима бўлдию, ўғли компютерни созлагунча яна қўнғироқ қилишга қарор берди.

– Менга Комрон керак эди! – дея сўради у гўшакни кўтарган кимсадан.

– Мен Комронман, ким сўраяпди? – дея жавоб қайтарди нариги кимса ҳам.

– Мен Баҳром Қурбонов бўламан! Қидираётган эмишсизлар, тинчликми?

– Тинчлик, – деди Комрон. – Шунчаки, расмиятчилик юзасидан суриштирган эдик. Ҳозир қаердасиз?

– Уйдаман!

– Иложи бўлса, бир келиб кетолмайсизми?

 Бу гапни эшитиб  у сесканиб тушди.

– Бугун байрам, меҳмонлар келишади. Қолаверса, дам олиш кунларида сизларни безовта этиб нима қилдим! – деди. – Эртага эрталаб соат ўнгача ҳузрингизга етиб борганим маъқул эмасми?

– Истамасангиз, ихтиёрингиз, мажбурлай олмаймиз, – дея жавоб қайтарди Комрон сиполик билан. – Эртага эрталаб соат ўндан кечикманг-а. Бу бир арзимаган ғалва бўлса ҳам, чўзилиб кетди. Шу ишни тинчитайлик.

– Хўп бўлади! – дея Баҳром хурсандлигини сездирмасликка тиришди.

Комроннинг овозидаги хотиржамликни туйгач, безовта кўнгли анча жойига тушгандай бўлиб, адвокатдан ноўрин гумонсираганидан изза тортди.

Дамини ичига ютиб, барча гапни эшитиб турган хотинининг тили бир дақиқадан сўнгра калимага келиб:

– Тангрига кўп шукурлар бўлсин! Энди кўнглим жойига тушди! – дер экан, кўзларидан тирқираб сочилиб кетган кўзёшларини рўмоли учи билан сидириб ташлагач, тили эшилиб, булбулигўё бўлиб кетди.

Баҳром ҳам ўзини елакасидан тоғ ағдарилгандек енгил ҳис этиб, ўзгача бир кайфиятда достонни қўлига олди. Нонуштага унаган хотинининг овози ошхонада ҳам тинмас, узоқ кутилган қувончли лаҳзалар табиатан камгап бечорани тентак қилаёзганди. Бироқ хурсандчилик умри соатларда туғилиб, дақиқаларда ўладиган капалаклар умрича ҳам бўлмай интиҳосига етди. Ўн дақиқа ўтмасдан эшик қўнғироғи босилди. Вужудидан совуқ тер уриб чиққан Баҳром чақин урган дарахт сингари титраб кетди.

Хотини эшикни очганда, қулоқларига:

– Қурбонов уйдами? – деган таниш овоз эшитилди.

Бу Баҳром билан боя телефонда гаплашган кимсанинг товуши эди. У қўлидаги дафтарни шотахта устига қўйиб, орқасига қайрилишга улгурмасдан хонага фуқаролик кийимидаги тўрт киши бостириб кирди. Норғил, барваста бир кимса унга:

– Мен қидирув бўлимидан Комрон Маметов бўламан! Биз билан ички ишларга боришингизга тўғри келади. Сизни қамашликка прокурор рухсати бор! – деди.

– Менга адвокат бошқача гапирган эди-ку! – дея олди унинг совуқ сўзларини эшитиб талмовсираган Баҳром.

Қидирув бўлими бошлиғи ҳеч бир нарсани назар-писанд қилмагач, у нима қилишини билолмай қолди. У адвокат номини ҳарчанд қайта-қайта рўкач этса ҳам, Мелисни тилга олмас, Мелис фавқулодда ҳолатларда ўз номини тилга олмасликни унга қаттиқ тайинлаган эди. “Тезкор вакиллар қўлга олганларида ҳам асло ғам еманг, қаерда бўлманг, сизни топиб оламан”, деган ваъдаси Баҳромнинг қулоқлари остида қўнғироқдек  жаранглаб турарди.

– Мени адвокат ҳам, прокурор ҳам қизиқтимайди! – деди Комрон ахири. – Мен хизмат бурчимни бажаряпман.

Бир нафас ичида чегараланиб қолган Баҳром чиқмаган жондан умид зайлида иш тутишга мажбур бўларкан:

– Адвокатга қўнғироқ қилсам бўладими? – деб сўраганида, у “бўлади” дегандай бошини лиқиллатди.

Дамини ичига ютиб тинглаган адвокат:

– Қонун нимани талаб қилса, шуни бажаринг. Мен ҳозироқ бошқармага етиб бораман! – деди.

Эшитиб турган Комрон қўли остидаги йигитларга мағрур қараб:

– Юрагим сезганди, бекордан-бекор бугун келамиз, демаган эканман! – деди.

Баҳром, нима бўляпти ўзи дегандай, хотинига назар ташлади. Хотини унинг ночор бир ҳолатда қараганини сезгани ҳам йўқ, бу пайтда у шкафдан эрининг кийимларини олиш билан андармон эди…

(давоми бор)