Ички-ташқи душманларнинг ичларига ўт кетди

Ички-ташқи душманларнинг ичларига ўт кетди
30 views
30 May 2016 - 6:00

2-madinah-masjid-al-nabawi-4Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 48

(давоми)

КАЪБ ИБН АШРАФНИНГ ЎЛДИРИЛИШИ

Ҳижратдин икки йил ўтиб, учинчи йил кирди. Яҳуд раисларидан Каъб ибн Ашрафни Пайғамбаримиз ўлдиришга буюрдилар.

Бунинг воқеаси мусулмонлар Бадр ғазотида ўзларидан уч баробар ортиқ душманларини енгдилар. Раисларидан етмиш киши ўлдирилиб, шу баробарида қилич сарқитларини асир олиб, Мадинага келтирдилар. Буни кўрган ички-ташқи душманларнинг ичларига ўт кетди. Айниқса, Мадина атрофидаги яҳудлар ва буларга тилакдош бўлган Мадина мунофиқлари бу ишга қаттиқ қайғуришди.

Каъб ибн Ашраф Бани Назир яҳудларининг бош раиси эди, ҳар қачон Бадр ғазотида ўлдирилган Қурайш раисларининг сўзлари чиқса: «Энди бизга ер устида юрганимиздан, остида ётганимиз яхшироқ», дер эди.

Кундин кунга бунинг ҳасад ўти аланга уриб, душманлиги ҳаддидан ошди. Бозорда ўлдирилган Қурайш чўнглари ҳақида айтган шеърларини ўқиб йиғлаб, бошқаларни ҳам йиғлатур эди. Бунга ҳам қаноат қилмасдан Маккага бориб, Қурайш халқининг йиғилишларида ўлтириб, Бадрда ўлдирилганларга ёзган шеърларини ўқиб йиғлади. Бутун халқ ҳам йиғлашиб, Пайғамбаримизга қарши қўзғалдилар. Қурайш ичида фитна ўқини ёқиб, у жойдин қайтиб Мадинага келди. Яна тинч турмасдан, Мадина хотун-қизларини қўшиб, номус қилгудек шеър айтишга киришди. Пайғамбаримиз қанчалик сабр қилдилар эрса, унинг адабсизлиги борган сари ошгали турди. Унинг куни битиб, паймонаси тўлган бўлса керак, бир куни Расулуллоҳ:

— Каъб ибн Ашрафга татийдиган киши борму? Унинг озоридан Худо пайғамбарини ким қутқаза олади? — дедилар. Анда Муҳаммад ибн Маслама:

— Ё, Расулуллоҳ, мен қутқазурман, лекин душманни қўлга тушургунча ёлғон сўзлашга, хийла қилишга рухсат қилурсиз, — деди.

Шуни билан тўрт киши йўлга тушдилар. Бир кун йўл юришиб, манзилга етишди. Муҳаммад ибн Маслама йўлдошларини қолдириб, ёлғиз ўзи у билан кўришгали борди.

Кўришгандин сўнгра: «Бу киши келгандин бери бизларга кўп қийинчиликлар туғилди. Шу кунларда солиқ солиб, бизлардин мол олмоқчи бўлиб туради. Ҳозирча қўлимизда нақд молимиз йўқлиги учун, сендин қарз сўраб келдик», деди. Бу сўзни онглагач, суюнганидан гулдек очилиб кетиб: «Ҳали шошманглар, кўргулик кунлар олдинглардадур. Бундин сўнгра у сизларни кўп зериктиргай, мендин қарзга мол олур бўлсангиз, мен сўраган нарсани гаровга қўйгайсиз», деди.

Муҳаммад ибн Маслама: «Гаров қўйгали нима келтиргаймиз», — деб андин сўради.

Анда у: «Хотун-болаларингизни гаров қилиб берсангиз бўлур» деди. Бу сўздин кўнгли қаттиқ оғриган бўлса ҳам, яна сабр қилмоқдин ўзга чораси йўқ эди. Сўнгра Муҳаммад ибн Маслама: «Араблар ичида сенинг яхшилик билан атоғинг чиқмишдур, хотун-болаларимизни гаровга қўймоқ энг оғир ишдур. Биз учун бу иш имкониятдан ташқари, ор-номус келтиргай. Агар бизга яхшилик қилиш кўнглингда бўлса, рухсат қил, яроқ-жабдуқларимиздан келтириб, сенга гаров топширайлик», деди.

Шу сўзга келишиб, бошқалар билмасун учун кечалаб келмакка ваъдалашдилар. Сўнгра Муҳаммад ибн Маслама тун қоронғусида тубандаги тўрт киши (Буларнинг барилари ансор саҳобаларидан эдилар.): Абу Ноила, Каъбнинг эмакдоши эди, бу ҳийлада кўпроқ шу кишининг сўзига ишонди. Аббод ибн Бишр, Ҳорис ибн Авс, Абу Абс ибн Жабр ҳаммалари бирга эшик олдига келиб, Каъбни чақиришди. У янги олган хотуни билан тўшакда ётган эди. Чақириш товушини эшитиши билан дарров туриб, чиқмоқчи бўлди. Хотуни: «Ўртада душманлик ўтган кишилар олдига кечада югуриб чиқиш яхши эмасдур, сен нечук чиқурсан?» деди. Анда у айтди: «Мени чақиргувчи эмакдошим — Абу Ноиладур, эр йигит ўлдирмакка чақирса ҳам, олдига чиққай», деб қилич осиб қаршиларига келиши биланоқ, тўш-тўшдин (тараф-тарафдин) қилич солиб, парча-парча қилдилар. Шунинг билан бунинг шарридан мусулмонларни Худо қутқазди.

(давоми бор)