Атамбоев: Қуролли кучлар ҳудудимизга бўлган ҳар қандай босқинга тайёр туришлари лозим

Атамбоев: Қуролли кучлар ҳудудимизга бўлган ҳар қандай босқинга тайёр туришлари лозим
20 views
30 May 2016 - 16:40

2c34e24390caed0185a178480c83fc5bБи-Би-Си ахборот агентлигининг хабар беришича, Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев мамлакат ҳарбийларини байрам билан табриклаш нутқида, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг сув баҳслари минтақа мамлакатлари ўртасидаги урушгача ҳам олиб бориши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришини эслатган.

“Қирғизистон унча катта бўлмаган, аммо замонавий қурол-яроғ билан жиҳозланган армияга эга”, дейилади Президент Атамбоевнинг Қирғизистон Қуролли кучлари куни муносабати билан эълон қилган табригида.

“Дунёнинг барча мамлакатлари, шу жумладан Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ҳам бугун терроризм ва экстремизм таҳдиди остидадир. Бундан ташқари минтақада миллатлараро, ер, сув ва чегарага туташ муаммолар ўткирдир. Айрим экспертлар “бу масалалар жанжал ва можаро оқибатларига олиб келиши” ҳақида гапиришдан чарчамаяптилар. Бунинг устига, айрим давлатлар раҳбарлари “ер ва сув низолари урушга олиб бориши” ҳақида айтмоқдалар. Бундай таранг вазиятда Қуролли кучлар Ватанни ҳимоя қилишга, ҳар қандай қора кучларга қарши туришга, бизнинг ҳудудимизга бўлган ҳар қандай босқинга тайёр туришлари лозим”, дейилади Президент Атамбоев табригида.

Қирғизистон қуролли кучларига 1992 йил 19 майида асос солинган.

Президент Атамбоевнинг айтишича, терроризм ва экстремизм таҳдиди рўпараси қаршисида Қирғизистонда замонавий ҳарбий инфраструктурани барпо этиш мақсадидаги ҳарбий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

2012 йил сентябрида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов минтақадаги сув устидан баҳслар мамлакатлар ўртасидаги урушгача ҳам сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Ислом Каримов: ‘Минтақада уруш чиқиши мумкин’

“Вазият шу даражада кескинлашиб кетиши мумкинки, бу нафақат қарама-қаршилик, балки урушга ҳам олиб келиши эҳтимоли бор” – деган Президент Каримов.

Ўзбекистон президенти бу гапларни Тожикистон қураётган Роғун ва Қирғизистон тиклаётган Қамбарота ГЭСларини назарда тутиб айтган.

“Шунинг учун чегаралар оша ўтадиган дарёлар масаласида биз жаҳон ва халқаро ҳамжамиятга қулоқ солишимиз керак”, деб айтган Ўзбекистон раҳбари.

Президент Каримов электр энергияси ишлаб чиқариш мақсадида йирик ГЭСлар ва уларни ишлатадиган улкан сув тўғонлари қуришга аҳд қилган Қирғизистон ҳамда Тожикистонга мурожаат қилиб, Амударё ва Сирдарё қуйи оқимларида жойлашган қўшни мамлакатларнинг манфаатларини ҳисобга олишга чақирган.

“Бу дарёлар бўйида жойлашган барча давлатларнинг розилиги ҳар қандай келишувнинг асосий шарти бўлиши керак” – деб айтган Президент Каримов.

Юқори сув оқимида жойлашган Қирғизистон ва Тожикистоннинг гидроэлектр станцияларини қуриш режаларига Ўзбекистон қаттиқ қаршилик кўрсатиб келади, бу лойиҳалар қуйи оқимда жойлашган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистонда сув тақчиллигига сабаб бўлишидан огоҳлантиради.

Президент Атамбоевнинг сўнгги баёноти Тошкентда 23-24-июнда мўлжалланган Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг саммити арафасида янграган.

ШОС ташкилотига Хитой, Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо бўлиб кирганлар.

Шу йил бошида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегарада юзага келган баҳс туфайли Президент Атамбоев Тошкентдаги ШОС саммитига бормаслиги эҳтимолидан ҳам огоҳлантирган эди.

ЎХҲ хабарлар бўлими