Биринчи китоб
Пайҳон айлади
Қайғу-ғамда азиз умрим сўлдириб,
Шум фалак боғимни пайҳон айлади.
Ёзган китобларим селга олдириб,
Кўзларим изида гирён айлади.
Ғофилликда душман олди сиртимиз,
Тарқатди ҳар ёна тенгу тўшимиз,
Беш йилда – бир китоб этган ишимиз –
Қизилбошлар олиб, вайрон айлади.
Бир нечамиз қўли боғлиқ қул бўлиб,
Нечалар гул каби сарғайиб, сўлиб,
Кимга бориб, анинг қимматин сўриб,
Ҳар кимга бир аниқ баҳо айлади.
Шум фалак – бераҳм, менга билдирди,
Йиғламоқдан гул юзимни сўлдирди,
Қўлёзмаларимни сувга сўндирди,
Ғанимларни Жайҳун дарё айлади.
Нечанинг дунёда хорликдир иши,
Нечанинг оғзини тўлдирмас оши,
Нечанинг мотамдан қутулмас боши,
Орифларнинг кунин зое айлади.
Кун-кундан ортади, фалак жафоси,
Ёлғондир инъоми, аҳду вафоси,
Махдумқули, йўқ бу сўзнинг хатоси,
Алиф қаддим фалак дуто айлади.
*****
Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди