Демократиянинг юзи кўпми?

Демократиянинг юзи кўпми?
136 views
31 May 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(24-қисм)

Саккизинчи кўчат
Демократия нима?

“Демократик тузум ўрнатайлик!” дейди мухолифат.

“Дунёда энг намунали демократик тузум қурдик!” дейди юрт бошида ўтирганлар.

“Демократия” сўзи Ғарб оламига эскидан таниш. Бизнинг мамлакатга (агар у замонги чегарани “бизнинг мамлакат” деб аташ мумкин бўлса) ўтган асрнинг 80-йилларида ёпирилиб кириб келди.

Ундан олдин ҳам демократияни озми-кўпми кимлардир биларди, лекин ёппа халқ уни тилга олмас, ҳатто нималигини билмас, иши бўлмас эди. Биладиганлар ва тилга оладиганлар ҳам уни севиб ё қўмсаб эмас, ерга уриш учун, ижирғаниб, киноя билан тилга оларди.

Кейинроқ бизнинг халқ ҳам тилини “демократия” дейишга ўргатди. Узоқ йиллар оғир ва зуғумчи тузумни бошидан ўтказгани, сотсиализмдан, коммунизмдан безгани, енгилликни, эркинликни соғингани учун бирдан “демократия” дея бошлади.

Дебгина қолмай, озгина вақтда уни севиб ва қўмсаб кўчаларга чиқди,”Бизга демократия беринглар!” деб талаб қилишга ўтди. Майдонларда “Де-мок-ра-тия! Де-мок-ра-тия! Де-мок-ра-тия!!!” деган ҳайқириқлар янграб қолди. Ҳозир ҳам қаёққа қулоқ оссангиз, шу сўзни эшитасиз. Йўқсиллардан тортиб борсилларгача, оддий ватандошдан тортиб мухолифатбошию давлатбошигача оғизларидан шу сўз тушмайди.

“Демократик тузум ўрнатайлик!” деб ҳавога муштлайди мухолифат.

“Дунёда энг намунали демократик тузум қурдик!” деб кўкрагига муштлайди юрт бошига чиқиб олганлар.

Ҳамма битта сўзни қайта-қайта айтаверса, кишининг қизиқиши ортар экан:

“Бу демократия деганлари ўзи нима? Ейдиган нарсами? Шунчалар ширинми, жонини гаровга тикиб бўлса ҳам эришмоқчи одамзот унга?” Албатта, демократия ейиладиган нарса эмас, бу гап сўзнинг келишими учун айтилди, холос. Аммо, ажаб: бир ёқда айримлар “Ўрнатайлик!” деб қаттиқ талаб қилиб чиқса… бу ёқда бошқалари “Аллақачон қурганмиз!” деб ишшайиб турса… “Иккала томон ҳам битта нарса ҳақида гапиряптими ўзи?” деб қоларкансиз-да одам довдираб. 

Бири бор нарсани кўрмаётганга, иккинчиси йўқ нарсани ўлиб-тирилиб бор деяётганга ўхшайди. Ёки демократиянинг юзи кўпми? Тусию иси кўпми – ҳар ким ўзи билганича таниб, ўзи билганича талқин этса?

Демократия ҳақида дунёда кўп тортишилган. Айтилмаган гап қолмаган ҳисоб. Неча минг жилд китоб ёзилган. Ҳали ҳам ёзиляпти. Шунинг учун назарий томони билан ишимиз йўқ. Мамлакатимизда ва дунёда бўлиб турган воқеалар, кечиб турган жараёнлардан содда ва тушунарли услубда айрим хулосачалар чиқарамиз, холос.

Зотан, назария тўласича амалга ошсагина чинакам илмга айланади. Ярми амалга ошса, чала илмлиги, бутунлай тескариси кўринса, қуруқ гап экани билинади. Масалан, коммунизм назарияси қуруқ гап бўлиб чиқди-ку. Инсон яралганидан бери дунёдаги қисқа умрини қандай ўтказиш ҳақида бош қотиради. Бош қотирувчилар икки катта гуруҳга бўлинади:

Биринчи гуруҳ, бизни ким яратган бўлса, феъл-атворимизни ҳам энг яхши У билади, демак, йўл-йўриқнинг энг тўғрисини ҳам У беради, ана шу илоҳий кўрсатмалар асосида яшашимиз керак, дейдиган ва бор ақлу заковатини, ғайрату шижоатини ўша йўл-йўриқларни ҳаётига татбиқ этишга ҳаракат қиладиганлар бўлса, бу фикрга қўшилмайдиган, борлиқ дунё пайдо бўлишидан тортиб, бу дунё ҳаёти моҳияти нима эканигача ҳамма масалага фақат ўз ақлига суяниб, илоҳий тушунтиришлардан ташқарида жавоб топмоқчи бўладиган файласуфлар ва дунёвий мутафаккирлар иккинчи гуруҳга киради.

Биринчи гуруҳни Оллоҳга ишонувчилар деб қатъий айта оламиз, аммо иккинчи гуруҳни ялпи Оллоҳга ишонмайдиганлар дея олмаймиз. Чунки бу иккинчи гуруҳда Оллоҳга ишонувчилар ҳам, ишонмайдиганлар ҳам ёки Оллоҳ рози бўлмайдиган тарзда ишонувчилар ҳам бор. Уларни бирлаштириб турган нарса ‒ бу дунё ҳаёти йўл-йўриқларини ўзлари ишлаб чиқишга интилишларидир. Бу борада Оллоҳга ишонмайдиганларнинг таври тушунарли, Яратганни инкор этганидан кейин улар ўзи йўл ахтаришга мажбур бўлиши табиий, аммо Оллоҳга ишонадиганлар нимага дунёвий ҳаётини Яратган чизиб берган йўлда ўтказмайди?

Чунки ишончи соғлом эмас ‒ ишонади, амал қилмайди ёки диннинг ижтимоий-оламшумул табиатини яхши англаб етмайди. Натижада дунёвий масалаларда дунёвийлар билан деярли бир хил фикрлайди. Бунда диққат этишимиз лозим бўлган нуқта ‒ Оллоҳга ишонувчини ҳам, ишонмайдиганни ҳам Оллоҳ яратгани, унинг фитратида Яратган ато этган ақлий, жисмоний, руҳоний хусусиятлар борлигидир. Одам боласи ўз умрини қандай ўтказиши кераклигидан тортиб то шахс билан жамият, давлат билан халқ муомала-муносабатлари қандай бўлиши лозимлигигача бош қотириб, тарихий билим ва тажрибалари асосида ўзича йўриқномалар ишлаб чиқар экан, ўзи гарчи хаёлда илоҳни инкор этиб турса-да, аслида ҳар бир тафаккурида алмисоқ таъсири ҳамда қачонлардир ўз қавмига юборилган пайғамбар йўл-йўриқлари таъсири сезилиб туради. Яъни, инсон мутлақ ўзим кашф этдим деб ўйлаган ғоясида ҳам оздир-кўпдир илоҳий хамиртуруш асари бўлади, албатта. Фақат, томирида юриб турган қонини киши ўзи сезмаганидек, хаёлида ўзи топган ва йилдан-йилга тузатишлар киритиб, пишитиб келган ғоялар томирида ҳам илоҳий бошланғич борлигини “кашфиётчи жамият” сезмайди-билмайди.

Хуллас, демократия ғояси ва тамойилларида ҳам қандайдир миқдорда илоҳий йўл-йўриқлар изи сезилади, аммо уни ҳеч бир ҳолатда илоҳий дейилмайди. “Инсоният ўйлаб топган тузумларнинг ҳозирча энг яхшиси” деб айтилиши шундан.

Ҳар қандай ғоя ё ечим у инсониятга нечоғли бахт келтиргани билан ўлчанади. Хўш, шу томондан қаралса, демократия инсонга тўла бахт бера оладими? Йўқ, тўла бахт бера олмайди! Инсонга икки дунё бахтини бу икки дунёни яратган Зот ва Унинг йўли беради! Шак-шубҳасиз!

Аммо инсониятнинг катта қисми (билмаганидан ёки билиб туриб ишонмаганидан) илоҳий йўл-йўриқни тан олмайди, унга эргашмайди. Бугун ҳатто мўмин-мусулмонларнинг кўпи динини билмаслиги ёки чала билишидан йўлларнинг энг яхшисини танлашда қатъий қарори йўқ. Мусулмоннинг ҳоли бу бўлгач, мусулмон бўлмаган қаёққа борарди?

Бундай бир мураккаб шароитда “инсоният ўзи ўйлаб топган тузумлар ичида” демократияни нисбатан ўнғай, нисбатан ижобий ҳодиса деса бўлади. Ахлоқсизлик, ўзга мамлакат ва ўзга халқларга муносабатда иккиюзламачилик каби салбий томонларини қатъий инкор этиш шарти-ла, унинг ижобий ижтимоий томонлари синчиклаб ўрганилса, ҳар бир одамга ва тўплам жамиятга демократия ғояси бераётган кўп ҳақ-ҳуқуқ биз мусулмонлар талабига ҳам унча бегона эмаслиги, Ислом адолатига бир оз ўхшаш (айнан эмас) ва яқин келган тамойиллари кўринади.

Бу нарса ҳозиргина сал тепада алоҳида таъкидлаганимиз бир ҳақиқатни исботлайди: файласуфлару дунёвий мутафаккирлар диндан ҳар қанча ташқарига чиқиб олиб бош қотиришга уринмасин диний хотиралардан мутлақ холи қола олмайди, ҳар қандай ҳолатда қачонлардир дин берган ғоялар теварагида фикрлайди. Жамиятнинг маънавий чегараларини – яхшилик ва ёмонлик, чиройли хулқ ва бузуқлик, тўғрилик ва қинғирлик, ижтимоий адолат ва зулм каби тушунчаларнинг ўлчовларини белгилашга уринар экан, у ер-бу ерига ўзгартириш киритганини демаганда, барибир қачонлардир дин белгилаган ўлчовлар доирасида тургани аниқ. Мудом шундай экан, бугун биз демократияга эътиборимизда муайян бир чегарада туришга, ундан хавфли томонга ошиб ўтиб кетиб қолмасликка ҳаракат қилишимиз лозим деб ўйлайман.

Шубҳасиз, демократия том адолат келтирган тузум эмас, аммо унга нисбийлик боқимидан қаралса: биринчидан, бу тузумда динимиз келтирган айрим йўл-йўриқнинг ҳам, ҳар бир инсонга ва тўплам жамиятга Оллоҳ таоло берган (лекин номига “мусулмон” давлатлар бермаётган) ҳақ-ҳуқуқнинг ҳам (айнан эмас,) ўхшашлари бор; иккинчидан, агар демократия ўз ғояси ва тутумида самимий ва холис турса, худди Ҳабашистон нажошийи (подшоҳи) берган эркинликлардан муҳожир мусулмонлар жирканмай фойдаланганлари каби бугунги мазлум мусулмонлар ҳам демократия ҳуқуқларидан ҳартомонлама ютишлари эҳтимоли кучли.

Ислом ‒ ҳақ дин, демократиянинг ҳеч бўлмаганда айрим эркинликларидан фойдаланган ҳолда динимиз ҳақиқатлари бор бўйи билан инсониятга етказилса, Ҳаққа ва ҳақиқатга муҳтож дунё Оллоҳнинг инояти ила Исломга эргашади.

Ҳозирда турли сабаблар билан демократик тузумларда яшаётган мусулмонларнинг фаолиятлари бунга ёрқин мисол. Яна бир мисолни кечаги тарихимизда ўзимиз ҳам бошимиздан ўтказдик. Қайта қуриш ва ошкоралик йиллари, яъни СССРда озгина демократия шабадалари эса бошлаганида, ота-бобоси мусулмон бўлган халқимиз бирдан кўзини очди, динини таний бошлади, Ҳаққа талпинди, мингларча мачит, ўнларча мадраса очилди, кетма-кет диний нашрлар ўртага чиқди. Ҳатто бугунги диний уйғониш ҳам кечаги илк демократик ўзгаришлар билан кириб келди юртимизга!.. Демократияни бошқа дунёвий тузумлардан кучли ва яшовчан қилиб турган энг ёрқин томонлар, озгина истисно билан қаралса, Ҳақдан келган ўлчовларга яқин нуқталардир:

– эркин сайловлар (илк халифаларни сайлаш ҳаракатларини эсланг);

– инсон ҳуқуқлари (ҳали биронта тузум инсонга Ислом олиб келганчалик ҳақ-ҳуқуқ бермаган, беролмайди ҳам. Демократия бераётган ҳақ-ҳуқуқлар бу маънода мукаммал эмас, ҳали кўп камчиликлидир);

– сўз эркинлиги (олдинги бўлимларда бу ҳақда қисман айтилди);

– эътирозларни тинч йўл билан ифодалаш эркинлиги (бу ҳақда ҳам айтилди);

– ҳамфикрлар бир ташкилот (партия) теварагида бирлашиш эркинлиги (ақидада бирлик-ухувватни қаттиқ тутиш ва бўлинмаслик шарти-ла, фиқҳий, ижтимоий масалаларда ҳар бир саҳобага эргашиш билан нажот топиш мумкинлиги тўғрисидаги қоида);

– виждон эркинлиги ва диний бағрикенглик (айни шариат йўл-йўриқлари);

– суд ташкилотларининг тўла мустақиллиги (Ҳазрати Алининг гаровга қўйилган нарса масаласида бир жуҳуд билан қозилашганлари ҳодисаси ва бу каби кўп воқеалар мисол);

– Асосий Қонун ва бошқа қонунлар устуворлиги (риоя маъносида айни шариат талаби каби);

– ҳокимият талашишда мусобақа усули танлангани, яъни, қонсиз алмаштириш усулининг қарор топгани (Тўғри йўлдаги халифалар даври сайловлари)… ва ҳоказо.

Суриштирилса, ўхшашликлар яна кўп топилади, лекин асосийлари шулар. Бу саналганларнинг ҳеч бири, кўрилганидек, Ислом шариатига тўласича мос эмас. Аммо буткул терс ҳам эмас. Қайтага “мусулмон давлатлари” деб аталувчи давлатлар тоталитар, авторитар, диктаторлик тузумларидан воз кечиб, юртларида бу қоидаларни амалга киритганида эди, бугунги кўп зулм ва адолатсизликлар анча камайган бўлар эди.

Афсус, ҳаётда тескарисини кўряпмиз. Натижада ‒ ажаб бир ҳол ‒ ўз юртида эрки бўғилган кўп мусулмон эркак ва аёл динига эмин-эркин амал қилиш учун демократия асосида бошқарилаётган илғор мамлакатларга қочиб бориб паноҳ топяпти! Озгина яшаб кўргач эса, ўзининг мамлакати аҳволи билан янги топган “ватани” аҳволини солиштириб, кейингисини ҳатто устун кўряпти. Демократиянинг ҳар қанча ижобий томони бўлмасин, уни асло идеаллаштириб бўлмайди. Унинг камчиликлари, ҳатто ўта салбий томонлари ҳам бор:

– бузуқлик ва ифлосликни бузуқ ва ифлос демаслик, уларга ҳам тузуклик ва тозаликка берилганидек тенгма-тенг ҳуқуқ бериш;

– ижтимоий демократия ғоясини сиёсий қуролга айлантириш;

– демократия тузумини дунёга зўрлаб ёйишга ҳаракат;

– инсон ҳуқуқлари масаласида жуда чуқур кетиб, эр билан хотин, ота-она билан бола ўртасидаги муомала-муносабатларга ҳам аралашиш;

– жамиятдан шахсни устун қўйиш ва бунинг натижасида кишилар фақат ўзини ўйлайдиган бўлиб қолиши;

– молия тўлиғича фоизхўрлик-судхўрлик асосига қурилгани;

– пул топиш ҳирси жиловланмагани ва натижада одамни бойликка эришиш учун жирканч йўллардан ҳам қайтмайдиган қилиб қўйиши…

Демократиянинг булардан бошқа яна кўп айб ва камчиликлари бор. У камчиликлар демократия назариясида кўрсатилмайди, албатта. Аммо шу демократия шароитида туғилган, улғайган ва яшаётган Ғарб одамининг хусусиятида бу камчиликлар бўртиб кўринади.

Масалан, умуман Шарққа, хоссатан мусулмонларга ва қоратанлиларга паст назар билан қараш; ўзининг озодлиги (ҳуқуқи) билан кибрланиб, ўзганинг озодлигини (ҳуқуқини) писанд қилмай қўйиш; ўзига раво кўрган (яхшилик)ни бошқага раво кўрмаслик, ўзига раво кўрмайдиган (ёмонлик)ни бошқага раво кўриш, яъни иккиюзламачилик… ва ҳоказо.

Айниқса, тузуми демократик бўлган давлатлар ташқи сиёсатда ўзларига иккиюзламачиликни тўла ҳалол қилиб олган. Умумий демократик қонун-қоидаларга терс иш қилаётгани жуда яхши билиб туради, лекин қилаверади. Дунё ҳамжамияти кўриб турибди демайди. Уялмайди. Зўрники тегирмон юргизади, деганларидек, бугун улар зўр-да! Истаганини қилади! Яқин ўтмишдан иккитагина мисол:

1. Бундан ўн йиллар нарида Жазоирда исломий жабҳа чинакам демократик йўл билан кўп овоз олиб, сайловда ютиб чиқди. Ютган партия исломий қадриятларни олға сургани учун, у эркин сайловларда кўп овоз олганига қарамай, демократик Ғарб (Жазоирнинг эски эгаси Фаранса тимсолида) чидамаслик йўлини тутди ва дарҳол Жазоирга ҳарбий куч киритиб, демократиядан фойдаланиб сайланганларни ҳам, сайлаганларни ҳам энасини кўрсатди ‒ мамлакатни қонга ботирди. Бу ҳаракати билан очиқчасига “Демократия сенларга эмас!” деди ва ўзи хоҳлаган кимсани давлат бошига ўтқазиб, диктаторлик тузумини ўрнатди. Бир демократик давлат куппа-кундузи демократиясига ҳам, инсонларнинг сайлаш-сайланиш ҳуқуқига ҳам тупурди, бошқа демократик давлатлар юзини буриб кўрмаганга-эшитмаганга олди.

Гап мусулмон мамлакатлари, мусулмон халқлари тўғрисида бўлса, ўзлари сиғинадиган ва кўкларга кўтариб мақтайдиган демократияни ҳам бир чақага олмай қўяди ‒ тегирмонни тескари юргизиб юбораверади.

2. Фаластинда бир неча йил бурун ҲАМАС партияси эркин сайловларда халқнинг кўпчилик овозини олди ва ҳукумат тепасига келди. Дунёда ўзини энг демократик давлат деб мақтанадиган Исроил ўша кундан бошлаб бу ҳукуматга қарши фитна-фасодини бошлади: Фаластинни иккига бўлиб ташлади, янги ҳукумат Ғазо минтақасига чекиниши билан бу минтақани ҳартомонлама қамалга олди. Биронта демократик давлат Исроилнинг мушугини пишт демади ва ҳамон демаяпти.

Ўртада бир неча марта қонли уруш ҳам қилди, ярмидан кўпи болалар ва тинч аҳоли бўлган минглаб фаластинликнинг ёстиғини қуритди. “Тинч аҳолида нима айб?” деб сўраганларга уятсизларча: “ҲАМАСга овоз бергани учун жазосини олиши керак!” деб жавоб қилди.

“Демократик олам”дан биронтаси ўртага чиқиб: “Ие, халқнинг катта қисми сайлаган бўлса, айни демократиянинг талаби шу-ку?!” деб айтмади ва неча йиллардан бери бир чеккада томоша қилиб турибди. Тўғри, дунё мусулмон мамлакатларида Ислом тузуми ўрнатилишига тиш-тирноғи билан қарши. Ислом тузумини қўйинг, ҳатто ўзлариникига ўхшаган демократик тузум ўрнатилишига ҳам қарши! Нимага?

Чунки мусулмон ўлкаларга озгина эркинлик берилса, тезликда Ислом динининг қўли баланд келишини жуда яхши билади. Шунинг учун бу мамлакатларда давлат қанча адолатсиз, шафқатсиз бўлса, “демократик олам”нинг манфаатига шунча мос.

Шу ўринда кичик бир хотира. Анча илгари, 2003 йил мартида ‒ АҚШ Ироққа мана-мана кираман деб турган, дағдағаси кундан-кунга кучайиб бораётган кезлари бир мақола ёзган эдим. Ўзи бор-йўғи бир ярим бетча келади-ю, унга бир бетча кириш сўзи ҳам битганман.

Ўша заҳоти “Моҳият” газетига олиб бордим. Оммавий ахборот воситалари устидан қаттиқ кузатув ўрнатилган бизнинг шароитда “Моҳият” ҳавоси нисбатан тозароқ эди. Муҳаррири мардлик қилиб:

‒ Ташқи ишлар вазирлиги газет муҳаррирларини бир ҳафтада икки марта тўплаб, қаттиқ огоҳлантирди: “Мабодо АҚШ Ироққа қарши уруш очса, умуман муносабат билдирмайсанлар, хоссатан Американи ёмонламайсанлар!” деб тайинлади. Шундай бўлса ҳам, мақолангизни беришга ҳаракат қиламан. Олса, ишини олар! ‒ деди.

Мақола ёзилган кунлари ҳали уруш очилмаган эди. Уни муҳаррирга топширдим, кетдим. Икки-уч кундан кейин уруш бошланди. Чоршанба эди шекилли. Сиҳатгоҳга ётаётган эдим. Бош дўхтир хонасига навбатда турганимда тилпоним жиринглади.

‒ Лондондан Паҳлавонман. Нурулла ака, бугун тонг-саҳарда Амрика Ироққа қарши уруш бошлади, шунга муносабатингиз қандай? ‒ деб сўраб қолди.

‒ Падарига минг лаънат Амриканинг!!! ‒ дедиму тилпонни ўчирдим. Жума куни Жума намозига Чирчиқ шаҳрига борганимда газет дўконига бошимни суқдим: мақола чиқмабди…

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com