Ўзбекистон Қаҳрамони дафн митингида жаноза ҳам ўқилди

Ўзбекистон Қаҳрамони дафн митингида жаноза ҳам ўқилди
25 views
31 May 2016 - 16:25

эркин вахидов(1)Одамлар жаноза ўқиш учун келишди. Дилбар шеърлари билан қалблардан жой олган шоирнинг жанозасини ўқиш учун келишди.

Эркин Воҳидов хонадони гавжум. У ерда мамлакатнинг таниқли барча шоиру шуаороларини учратиш мумкин эди. Шоирнинг маҳалласида милиция, МХХ ходимлари кўзга ташланади. Шоир хонадонига яқинроқ жойда қора ва ҳайбатли машина олдида Ўзбекистоннинг яна битта қаҳрамони Абдулла Орипов ҳиринглаб кимгадир фалсафа сўқади. Гоҳида гапдан тўхтаб келаётганларга қарайди, берилган саломларга алик олмайди ёки эшитмайди. Унинг чеҳрасида на қайғу, на ғам бор. Балки у ўзининг дафн маросими дабдабали бўлишини, одамлар кўпроқ келишини орзу қилаётгандир – буёғи Оллоҳга аён.

Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам, Иқбол Мирзо, Маҳмуд Тоир, қўйи қайтган (ҳозир истеъфода) Нурбой Абдулҳаким ва бошқалар у ёқдан бу ёққа ўтишади.

Муфтий Усмон Алимов ва Тошкент шаҳри бош имом Анвар Турсуновлар пешин намози ўқигани маҳалла жомесига юришди. Жоме масжиди ҳовлисида намоз ўқийдиган шоирлардан иккиси кўринади – Мирзо Кенжабек. У соқол қўйиб олган. Кастим-шимда. Ёнида эса Алишер Назар. Келганлар ичида унинг кўзларида чинакам бир андуҳни кўрса бўлади. Бошқалар учун эса бу ҳол бошқа йиғинлардек фарқсиздек…

Мирзо Кенжабек ўзини валий кўрсатган киши каби: “Масжидга эътикофни ният қилиб кирайлик… Мени чақиришмади”, – дейди.

erkin vohidovПешин намози ўқилгач, одамлар шоирнинг маҳалласига жам бўлишди. Кўпчилик муфтий, кўпчилик Анвар қорининг сўзга чиқишини кутади. Аммо Анвар қори Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Алига микрофонни берди. Муҳаммад Али эса буюк шоирнинг дафн митингини очиқ деб эълон қилди. Унинг бу гапидан аҳли муслим ҳайрон. Одамлар бу ерга митингга эмас, жанозага келган эди-ку!

Сўз Хайриддин Султонга берилди. У овозини маъюс қилиб марҳум шоирни кўкка кўтариб мақтади. Навбатда турган Иброҳим Ғафуров ҳам оташин нутқ ирод қилди. Маҳалла оқсоқоли эса Эркин ака келса, мажлисларда зал тўлар деди.

Ярим соатга яқин давом этган ва куннинг айни қайноғида бўлган бу митинг йиғилганларга малол келди. Ҳамма жанозани кутарди. Муфтий ҳазратлари микрофонни олди ва Оллоҳга ҳамд айтишни унутиб ҳаммага таскин бергани шошилди. Ғарибликда ўлган одам шаҳид бўлишини таъкидлаб, шоирни шаҳид бўлганига ишора берди. Чунки Эркин Воҳидов умрининг сўнггини жуда қаттиқ касал бўлиб ғарибликда ўтказди.

Жанозадан сўнг одамлар йўлак ҳосил қилдилар. Йўлак бўйлаб тобут қўлма-қўл олдга узатилди. Келганларнинг ҳаммаси тобутга қўл тегиза олди. Маҳалла бошида тўхтаб турган машинага қадар тобут олиб чиқилди.

Шоирнинг ўғиллари, неваралари кўзларида ёш…

Бир қараганда марҳумлар ҳайкаллари билан тўлган музейни эслатувчи Чиғатой қабристони ҳам одамга тўлди. Тобут қабристон дарвозасидан то қабрга қадар қўлма-қўл келди…

Кавланган лаҳадга шоирнинг жонсиз танаси олиб тушилди. Ўғиллар ва неваралар ошкора йиғлашди.

Бир неча дақиқада одамлар алмашиб-алмашиб шоир қабрини тупроққа тўлатдилар ва саксон йил умр кечирган Эркин Воҳидов қоронғу қабрда бир ўзи – савол-жавоб қилувчи фаришталар билан ёлғиз қолди. Энди унинг савол-жавобини шеърлари, унвонлари осон қила оладими? Бу Оллоҳга аён. Шу нарса аниқки, қабр бошида турган ҳамманинг юраги ўлим ҳайбатини ҳис қилган эди.

Қуръон ўқилди. Дуо қилинди. Одамлар тарқалди. Бироқ шоирнинг ўғиллари, навқирон қоматли, кўркам юзли неваралари кўзёшлари юзларини ювганча падари бузрукворлари қабридан кетолмай анча вақтга қадар ўтириб қолишди… Оталарига бўлган меҳр ёки айрилиққа ҳамон ишонолмаслик туйғусими, ажалнинг ҳайбатими, қабрнинг дабдабалардан холи бўлган салобатими – хуллас, нимадир уларни бу ерда ушлаб қолди…

13321048Оллоҳ Эркин Воҳидовни раҳматига олсин. Унинг гуноҳларини кечирсин. Иймони ўзига ҳамроҳ бўлсин. Ёзган китоблари унинг учун садақаи жория сифатида савоблар етиб бориши учун сабаб бўлсин.

Унинг ўлими бошқаларнинг қалб кўзлари очилишига ишора бўлсин.

ЎХҲ ахборот бўлимининг Тошкентдаги муҳбири