Ҳажжожни чўчитган ҳайбат

Ҳажжожни чўчитган ҳайбат
123 views
31 May 2016 - 18:07

Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий Ироққа ҳоким бўлгач, ҳаддидан ошди, адолатсизликка йўл қўйди. Кўфа билан Басра орасидаги Восит шаҳрида ўзига муҳташам уй қурдирди. Еб-ичиб, байрам қилиб, кейин ҳақига дуо этишлари учун одамларни чорлади. Ҳасан Басрий жамоат жам бўлган қулай фурсатдан фойдаланиб, йиғилганларга панд-насиҳат қилиш, Аллоҳни эслатиш, дунё зеб-зийнатларига ҳирс қўйишдан қайтариш ниятида йўлга чиқди. Қурилган бинони кўриб, ҳашаматидан ажабланди. Одамлар эса қасрни томоша қилишарди. Ҳасан Басрий оломонга қараб гап бошлади:

– Биз золимлар золими нима қурганини кўрдик, албатта. Фиръавн бундан ҳам катта ва баланд бино қурганини яхши биламиз. Бироқ Аллоҳ таоло Фиръавнни ҳалок этди, биносини ҳам қулатди…

Шу зайлда сўзлайверди. Ўша ерда ҳозир бўлганлардан бири золим ҳокимнинг ҳайбатидан қўрқиб:

– Кифоя қилар энди, эй Абу Саид, кифоя қилар? – деди.

Ҳасан Басрий айтди:

– Аллоҳ таоло илм аҳлига билганларини яширмай, одамларга очиқ баён этиш масъулиятини юклаган!

Ғазабланган Ҳажжож эртасига маслаҳатгўйларига заҳрини сочди:

– Сизларга ўлим бўлсин! Басралик бир қул чиқиб, бизга қарата хоҳлаган гапини айтса-ю, сизлардан бирортангиз унга рад жавобини бера олмаса! Аллоҳга қасам, сизларга унинг қонини ичираман, эй қўрқоқлар жамоаси!

Шундан сўнг қилич ва кунда ҳозирлашни буюрди. Анжомлар тайёрланди. Жаллодлар чақирилди. Айбдорни олиб келиш учун миршаблар жўнатилди. Бирпасдан сўнг Ҳасан Басрий кириб келди. У қилич, кунда ва жаллодни кўриб лабларини қимирлатиб қўйди. Ҳажжожга мўминлар улуғи, Аллоҳ йўлига даъват қилувчиларнинг энг салобатлиси рўбарў келган эди. Ҳасан Басрийни бундай ҳайбатли ҳолда кўрган золим шошиб қолди ва:

– Тўрга ўтинг, эй Абу Саид, мана бу ерга… – дея дудуқланди. Одамлар бу манзарани ҳайратланиб томоша қилишарди. Чунки Ҳажжож Ҳасан Басрийни ўз ўрнига ўтқазиб қўйган эди.

Ҳасан Басрий жойлашиб олгач, Ҳажжож ундан баъзи ишлар хусусида масала сўради. Олим шошилмай, лўнда жавоб-лар қайтарди. “Сиз олимлар улуғисиз, эй Абу Саид”, деди Ҳажжож барча масалаларга қаноатланарли жавоб олгач. Сўнг ораларидаги зиддиятни ислоҳ этиш ниятида унинг соқолига мушк суртди ва кузатиб қўйди. Ҳасан Басрий изидан эшикбон эргашди ва сўради:

– Эй Абу Саид, билишимча, ҳоким сизни бошқа ниятда чақирганди. Келганингизда лабларингиз қимирлаганини кўрдим. Нима дегандингиз?

Ҳасан айтди:

– Эй неъмат ато этгувчи ва кулфатда паноҳ бергувчи Эгам! Оловни Иброҳимга совуқ қилиб, уни саломат қолдирганингдек, мени ҳам Ҳажжож азобидан асраб, саломат қилгин, дея дуо этган эдим.

“Тақво зийнатлаган имон”дан

Манба: Facebook.com