Эртаги кунда қаёққа борармиз, кимнинг уйига сиғармиз?

Эртаги кунда қаёққа борармиз, кимнинг уйига сиғармиз?
154 views
01 June 2016 - 6:00

v13_03-nk3Алихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 45

(давоми)

КУЧАР

Шундай қилиб соф кўнгилли, тўғри тилли уйғур чўпонлари билан ўнқир ичида гурунглашиб ўлтириб, шу кечани ўтказдик. Эртаси куни тонг ота ҳанграган эшакларни ҳайдашган эшакчилар билан биз ҳам йўлга тушдик.

Сўнгра 2-3 соат ўтар ўтмас Саксонкечикни орқада қолдириб, қисмоқ оғзига чиқдик. Шу юриб ўлтирганимизча Текмон деган уйғур қишлоғида тушланиб, бу ердан ўтгач, кечга яқин тепа тоғлар узилишида жойлашган, атрофи қалин дарахтлик бир саройга келдик. Бу биз билан келаётган эшакчилар хўжайинига қарашлик кенг бир қўрғон экан. Шу кеча у ерда ётиб, эртаси куни Абдураҳмон деган бир кучарлик савдогар бола билан бирга Кучар шаҳрига қараб жўнадик.

Кечга яқин, Кучар сапилидан 4-5 чақиримча йироқ бўлган Шамолбоғ деган қишлоқдаги боланинг жойига келиб тушдик. Об-ҳавоси тоза, сувлари мўл, боғу бўстонлик келишган ер экан. Бу жойда икки уч кунча туриб, ҳордиғимиз чиққандан кейин, шаҳар кўрмакни ҳавас қилиб, бола билан бирга бозорга кирдик. Айланиб юрганимизда бир киши келиб қўлимни ушлади. Қарасам, Ғулжадаги дўстларимиздан отушлик Турдиқори экан. Менга ўхшаб у киши ҳам Кошғардан қочиб чиқиб, ҳеч ерга сиғмасдан Кучарга келгач, қўра-жойли бир тул хотинга уйланиб, шу билан ёширинча кун кечирмокда экан. Мени кўриб: «Вой тўрам, ажабму яхши келдингиз. Сизни худойим менга етказди, пешонамизда нима иш бўлса, энди бирга кўрамиз», деб ёпишиб олганича, ажрамай Шамолбоғидаги қўшхонамизга бирга келди. Сўнгра уй эгасидан мени сўраган бўлиб, от улоқ, хуржун халашларимни олиб, ўз уйига келтирди.

Икки қочоқ бош қўшганимиздан кейин сиримиз очилди. Қарасак Кошғар, Ғулжа ва бошқа шаҳарларда бўлган воқеалар ҳамма ерда бирданига бошланган экан. Икковимиз бир неча кеча кундузлаб сўзимиз тугамай, суҳбатга тўймай, паранг сўқишиб (суҳбат қуришиб) ажрамасдан юрдик. Шу орада Кошғардан отушлик Салай домла ҳам қочоқ бўлмиш экан, келиб бизга қўшилди. Ҳар томондан келган қочоқлар топишиб олдик.

Пишиқчилик вақти бўлганлигидан боғ сайли зиёфатларида биргалашиб юриб, тинчлик билан 10-15 кунни ўтказдик. Бу ўртада мулла Ҳошим деган Бухорода мен билан бирга ўқиган кишининг кучорлик талабаларидан бири келиб, у кишининг уйига таклиф қилди. Шаҳар ташқарисида оқар сувлик, боғу бўстонлик келишган бир қишлоқ масжидида имом экан. 1921 йили Бухородан қайтиб Тўқмоқ орқалик кетаётганида йўлдошлари билан бизникида бир ҳафта меҳмон бўлишиб ўтган эдилар. Салайохун домла бошлиқ ҳаммамиз келиб, бу киши уйида бир кеча кундуз меҳмон бўлдик. Иззат ҳурмат кўрсатиб, қўй сўйиб, ўз одатларича олий зиёфатлар қилди. Ичимизда бир-икки илмлик кишилар бўлганлиги учун вақтимиз кўпроқ китоб ўқиш ва илмий мунозаралар билан ўтмоқда эди. «Узоқ яқиндан олим меҳмонлар келадилар», деб уй эгаси хабар қилган бўлиши керак, маҳалла бошлиқлари ва бошқалардан бўлиб яна беш-ўн киши бизнинг суҳбатимизга қўшилишди. Эртаси куни хурсандлик билан бу ердан чиқиб, ҳар қайсимиз жой жойларимизга тарқашдик.

Турдиқори эшаклик, мен отлиқ эдим. Шаҳардан 15-20 чақирим ердаги бир қишлокдан икковимиз мевалик бир боғ олиб, ёз ичини шу ерда ўтказмоқчи бўлган эдик. Шу қишлоқда қоримнинг ишонимлик бир оғайниси бор бўлиб, шом вақти билан у кишининг уйига келиб тушдик. Яхши одам экан, илгари кўришиб танишмаган бўлсам ҳам, ҳурмат билан меҳмондўстлигини билдириб, бизни яхши қаршилади. Борлиқ овқатини олдимизга қўйиб, топганини келтирди. Кейин қорини бир четга тортиб, узоқдан узоқ шивирлашкани турди. Мен ҳам гумонга тушиб: «Ҳай, бир воқеа бўлдими, бу кишининг хабари борга ўхшайди?», деб қараб турдим. Бироздан кейин Турдиқори ўзгарган ҳолда ёнимга келиб: «Вой тақсир, бало қошимизга келганга ўхшайди. Биз чиққан куни кечқурин Гўнангжуза босқинчилари бизнинг уйни босиб: «Бу ерга ёт кишилардан ким келди? Эринг қори қаёқка кетди? Сен билишинг керак», деб бизнинг хотинни қийнашиб турган чоғда, бу дўстимиз биздан хабар олмоқчи бўлиб, туюқсиздан бу ишнинг устига кириб қолибди. Бу кишини кўргач: «Сен буларнинг яқини ўхшайсан, бу уйга келган кишилардан хабаринг бўлиши керак», деб буни ҳам қийнамоқчи экан, ерлик бир қанча таниш кишилар гувоҳлик беришгани сўнггида, улар қўлидан аранг қутулиб, ҳозиргина келиб ўлтирмиш экан. Энди маслаҳат шулким, балодан ҳазар, иш чорасини илгари қилишимиз лозим, келиб қолмасдан бурунроқ бу ердан кетайлик», деди.

Шошилинч равишда отларимизни етаклаганимизча йўл билан эмас, боғдан боққа тун қоронғусида туртиниб юриб, иккинчи бир қишлоққа ўтдик. Унгачалик тун яримдан оғиб, қаён бориб, кимнинг эшигини қоқишни билмасдан ҳайрон бўлдик. Охири Турди қорим: «Шу ерда бир хўжа киши бор эди, чала таниш бўлса ҳам шуникига борайлик, бошқа чорамиз йўқ», деб уникига бордик. У бечора ҳар йили тоғ ичларидаги қирғизларга бориб, мурид овлайдиган хўжалардан экан. Муридларидан топган қўй эчкиларини ҳайдаб келган кечасида, келишмасликни қаранг, биз ҳам келиб эшик тақиллатибмиз.

Бечора хўжа: «Устимдан Гўнангжуза босқинчилари мени босқани келишган экан», деб жон-мони қолмабдур. Қўрққанга қўш кўринур дегандек, ўз қўрқишларимиз ҳам етарлик эди, бунинг устига тинч ётган бировларни қўрқитишга сабаб бўлишимиз бизга ортиқча бўлди. Қора чироқ ёқилган уйда қўрққанидан ҳали ўзига келмаган хўжамдан ҳол сўрашиб, бироз ўлтиргандан кейин ташқарига чиқиб ётдик.

Ҳатарлик кун қурсин! «Эртаги кунда қаёққа борармиз, кимнинг уйига сиғармиз?», деган ташвишли ўй билан тонг отгунча ухлаёлмай чикдим. Тонг ёриши билан отланиб йўлга чиққанимдан кейин кенгaшиб: «Кечаги меҳмон бўлган уй эгаси Ҳошим домланикига борайлик, қандай бўлса ҳам илми бор, қадр билган одам, биз учун бирор маслаҳатлик иш кўрсатса ажаб эмас», деб кечаги чиққан жойимизга келдик.

Қарасак, Ҳошим домламдан дарак йўқ. Тол тагида қуруқ ерда ҳайрон бўлиб, узундан узун ўлтирдик. Шу орада ички қўра эшигидан бир хотин киши бош боқиб қараб қўйди. Ўтган куни келган меҳмон эканлигимизни таниган бўлиши керак, бироздан кейин бир ёш бола қуруқ бир кийгизни судраганича олдимизга келтириб ташлади. Дастлабда келганимизда қариндошларча қизғинлик билан кўришган бир икки кишилар эса, бу учрашишимизда сўли йўқ, сўзи йўқ, қўл учлари билангина кўришиб, бирор нарсадан қўрққандек кўп ўлтиролмай қайтиб кетишди. Энди бу ишларни кўргач, кўнглимизга ҳар турли хаёллар келиб, бу ерда ҳам катта бир воқеа бўлган ўхшайди деб турган эдик, биринчи келганимизда кўришган ҳожи отанинг ўғли келиб қолди ва бу ҳақда бизга тўлиқ маълумот берди.

Шундоқки, Шинг Дубан ҳукумати қурилган кундан бошлаб, бутун Ўйғуристон ўлкаси Совет ҳукумати назорати остига олинмиш эди. Айниқса Учтурпон, Оқсув, Кучар шаҳарларига тўғридан тўғри ГПУ томонидан тайёрланган, ўз отасини ҳам танимайдиган татар, уйғур болаларини келтирмиш эдилар. Улар ҳар жойнинг кўзга кўринарлик кишиларини, ўзларининг ифлос одатларича, мажбурий равишда жосуслик балосига боғламиш эканлар. Ўтган куни зиёфат мажлисимизда булардан бир қанчалари бўлганликдан, биз кетган куни кечқурин уй эгаси Ҳошимохун домлани Гўнангжуза жаллодлари томонидан қамоққа олмиш эканлар. Бизларни ҳам қўлга олиш қасдида босмачилардек Турдиохун уйини босган бўлса ҳам, боғ оламиз баҳонаси билан қишлоқда қолганлигимиздан, у куни жаллодлар қўлига тушмаган эканмиз. Иккинчи қаерда кўрсанглар ёки эшитсанглар, дарҳол бизга хабар бермас экансизлар, ул чоғда баринглар жавоб қайтарасизлар, деган мазмунда уй оилаларидан ва биз билан кўришган кишилардан тилхат олмишдур.

Бу каби даҳшатли шум хабарни онглашимиз билан ҳушимиз бошимиздан учди. Бир кун бўлса ҳам динсиз, раҳмсиз душман илкига илинмай, омон бўлиш умиди билан келган кишилар эдик. Бизни деб уй эгасининг шундай оғир кулфатда қолганини кўриб, қаттиқ қайғуриб, кўп хафа бўлдик. Бир золимлардан, шу ўхшаш аҳмоқ нодонлардан пайғамбарлар ҳам қочган эканлар. Шуни эскаргач, Ҳошимохун домлани золимлар қўлидан қутқариш учун ўзимизни таслим қилишликни лойиқ топмай, қочишни ортиқроқ кўрдик. Илгарги куни келганимизда болга уймалашган чивиндай бўлган кишилар бугун эса йирокдан қоралари кўринган бўлса ҳам, ўзлари яқинимизга йўлаёлмадилар. Бунинг устига биз келиб отдан тушишимиз Билан тегишлик ўринга хабар етиши аниқ бўлганликдан, ҳар бир нафасда ушланиб қолиш қўрқуви кучаймоқда эди. Шунга кўра, борлиқ одамлар биздан қўрқиб тарқашган вақтдан фойдаланиб, от улоқларимизни қолдирган ҳолда яёвлашиб тубанда оқиб ётган катта сойга тушдик. Қарасак, сойнинг у томонида отлиқ одам кирса кўринмайдиган, ўскандан ўскан жўхори кўринди.

Ваҳший душманларимиз орқамиздан қорамиз узулмай туриб излаб чиққан бўлсалар ҳам, бу ерга кирганимизни ўйламас, деб сувдан чиқишимиз билан қалин жўхори ичига кириб олдик. Эрталаб, чой вақти билан кирган бўйимизча, 6 соат чамаси димиқ жўхори ичида чиркайга (чивинга) таланиб ўлтирдик. Туш оғиб, қуёш қизиб турган чоғда, айлана атрофимизни синчиклаб қараб ҳеч кимни кўрмагач, жўхори ичидан чиқдик. Бироқ, қаёққа боришимизни, қаердан бошпана топишимизни белгиламасдан, олдимизда йироқдан кўринган қалин қора дарахтзорни мўлжаллаб юрганимизча, аср намози вақти билан қишлоқ четидаги чўнг қопқалик (дарвозалик) бир деҳқон қўрасига келиб кирдик. Бироқ бу киши меҳмон кутмаган, одамгарчиликни билмаган киши экан. Оқшом намози ўтгандан кейин:

«Биз меҳмон кутолмаймиз, бошқа бир жойга боринглар», деб бизни у жойдан чиқишга мажбур қилди.

Байт:

Соғуний, эр қадрини билмас экан, деб қайғурма,
Ҳазрат Мусо қадрини ҳам билмаганни эсга ол!

(давоми бор)