Мен тушунмаяпман…

Мен тушунмаяпман…
31 views
01 June 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(25-қисм)

Бу бобда демократия ҳақида гап бораётгани учун мавзуни бир оз ойдинлатар деган умидда ўша пайтда эълон бўлмай қолиб кетган кичкинагина мақоламни каттагина Сўзбошиси билан бирга бу ерга киритдим:

“Бор-йўғи бир ярим бетлик мақолага бир бетлик Кириш сўз Бир ношир йигит Амриканинг Ироққа тажовуз пўписалари ва тайёргарликлари энг авжига минган шу кунларда (2003 йил мартининг 7-куни жума намозидан кейин) биргаликда чиқариб келаётган тақвим китобчамиз биринчи бетига тинчликсеварлик оҳангида қисқача бир сўз ёзиб беришимни илтимос қилди.

– Шундай услубда бўлсинки, масалан, “Амрика” ё “Ироқ” демасдан ҳам бу урушга муносабат билдириш мумкин-ку, тўғрими, Нуруллоҳ ака?! Ахир, Ислом дини тинчликсевар дин, мусулмонлар тинчликни хоҳлайдилар. Муқовани мен бундай ясаттирдим: “Биз урушга қаршимиз” ёки “Биз тинчлик истаймиз” каби сўз ёзмасдан бир сурат беряпман: ер кураси, теварагида гирдикапалак учиб юрган кабутарлар… Шуям бизнинг муносабатимиз-да! – деди.

Тўғриси, бу таклиф менга ёқмади. Четдан қараса, ҳеч ёмон томони йўқ, ҳозирги шароитда тўғридан-тўғри бўлмаса-да, ишора билан муносабат билдириш ҳам катта гап. Аммо кўнглим бу услубга чопмай, инкор этиб турарди. Замонавий қуроллар ила қилинажак қирғинбарот уруш, бўлғуси вайрона шаҳарлар, юзминглаб гуноҳсиз кишиларнинг тилка-пора лошлари… кўз ўнгимда гавдаланди.

– Бир нарса ёзарман… Лекин сиз таклиф этаётган услуб энди кечикди, – дедим. – Ҳар ишнинг ўз палласи бўлади, бу услубнинг даври ўтди. Ҳозир бир томоннинг чаккасига тўппонча тиралган, танаси замбаракнинг оғзига боғланган, ғурури оёқ остига олиб эзғиланаётир. Бундай пайтда хўрланган ва зўрланган диндошимизнинг қаршисига туриб олиб: “Биз тинчликсевармиз”, “Динимиз тинчликка буюрган”, деб туриш, энг олдин динимизга туҳмат, сўнгра мазлумни ҳақорат, ҳақиқатга хиёнат, таслимиятга чақириқ, ёвузлик ва тажовузни пардалаш, дунё аҳлининг диққатини чалғитишдир. Қолаверса, кўриб турибмиз, Амрика ҳеч қанақа муросага юрмаяпти, “Ироқнинг айби бўлса ҳам, айби бўлмаса ҳам, урушаман!” деб жазавага тушган. То сиз таклиф этаётган мўътадил муносабат – “Тинчлик кабутарлари” дунё юзини кўргунича, эҳтимол Ироқ аланга ичида ёнаётган бўлар…

Албатта, мен асабийлашаётган эдим. Ношир ошнамизнинг фикри мазлум руҳиятига баттар тушкунликни сингдирадиган фикр эди. Бундай вазиятда бунақа фикр келадиган бош қанақа бош ўзи?! Ношир мулоҳазаларимга қўшилгандек бўлди, лекин афтидан ўзи истаганидан бошқачасини босмоқчи эмаслиги сезилиб турарди. Хайрлашаётиб, асл кайфиятини билдира қолди:

– Майли, мабодо ўзингиз ёзмасангиз, биронталарига айтиб ёздириб беринг, – деди.

Биронталарига айтмадим. Ўзим ҳам унинг истаганини ёзмадим. Аммо шу баҳона, ниҳоятда ғазабимни босган ҳолда, ушбу (“Мен тушунмаяпман…”)ни қоралаб қўйдим:

Мен тушунмаяпман…

Дунёда одам боласи англаб етмайдиган ишлар кўп. Бу ҳол табиий, албатта. Чунки ақл ҳамма нарсани ҳам олавермайди. Камчиликли. Ожиз. Айни чоқда, гўё ҳаммасини тушуниб-англаб тургандай бўласиз-у, лекин барибир тагига етиб бўлмайдиган ҳодисалар ҳам бор. Масалан, мен бир нарсани ҳеч тушунмайман: эркак билан эркакнинг, аёл билан аёлнинг жинсий бузуқликлари қачондан бери бузуқлик бўлмай қолди?!

Тўғри, эркакларнинг бузуқлиги ҳамма замон ва ҳамма маконда бор бўлган. Аммо инсоният унга бир кулфат ўлароқ қараган! Ҳамма замон ва ҳамма маконда бу ишлар қаттиқ маломат қилинган. Шунинг учун у бузуқликлар жамиятдан яшириқча яшашга мажбур эди. Энди улар очиқликка чиқди! Ҳатто бу асрга келиб айрим жамиятлар бу тубан ишларни “бемалол яшашга ҳақли” деб тан олди. Бузуқилар уюшиб, партияларини тузишди, газет-жўрнолларини чиқаришяпти, сайловларга номзодларини қўйишяпти, депутат бўлиб сайланишяпти, шаҳарларга ҳоким бўлишяпти, давлат раҳбарлигига интилишяпти. Бузуқ теле ва кинофилмлари билан бошқаларни ҳам ўзларининг ҳаёт тарзларига қизиқтиришяпти…

Бу ишларни кўра-билатуриб соғлом инсоний фитрат нега бонг урмаяпти, нимага ўзини ҳимоя қилмаяпти – шунисига лолман, шунисини тушунмаяпман… Дунё бошимга тўпланиб келади. Қўлини шоп қилиб, дарс ўта бошлайди:

“«Де-мок-ра-ти-я» дейдилар буни! Инсон ҳуқуқлари устуворлиги бу! Демократия ҳар бир одамга, жумладан сенинг қолоқ эсинг “бузуқи” деб атаётган одамларга ҳам яшаш ҳаққини беради. Онадан шунақа ишларга мойиллик фитрати билан туғилган бўлса, уларда нима айб?! Дунёдан лаззатланмай ўтиб кетсинми?! Уларнинг йўлини тўсиш адолатданми?! Демократия дегани ҳар бир одамга ўзидаги бор нарсани эмин-эркин юзага чиқариш имкониятини яратиб бериш демакдир!” деб роса устозлик қилади. Узо-оқ сўзлайди. Чиройли гаплар, гўё тушунарли тушунтиришлар, аммо Ғарб дунёси ўлиб-тирилиб миямга бу ғояларни тиқиштиргани сари қаршимда янги саволлар оёққа тураверади. Масалан, демократиянинг бунақа олижаноб тамойилларига
бузуқликнинг нима алоқаси бор, деб ижикилайди менинг қайсар ақлим. Улар ҳам бир инсон-да, дейиладиган бўлса, унда ўғри, қотил, ватан хоини… кабилар-чи – булар одам эмасми?! Болаларни, қизчаларни олдинига зўрлаб, кейин ўлдириб, қонини сўрадиганлар бор – улар ҳам одам, ахир! Онадан шунақа ярамас қилиқларга мойил хусусият билан туғилган деб уларга ҳам яшаш ҳаққи берилсин бўлмаса. Уларнинг ҳам “ҳақ-ҳуқуқлари” тан олинсин, улар ҳам ўзаро уюшиб партияларини тузсин, газет-жўрнолини чиқарсин, баччабозу аёлбозлар сингари, жамият ва давлат ишларида фаол иштирок этсин! Нимага бирлари қамалади, жазоланади-да, бошқалари ҳимоя қилинади?! Бу қанақа мезон, қанақа ўлчов?! Ҳеч тушунмайман…

Бир ёруғлик илинжида қомус титкилайман – “демократия” сўзининг маъносини излайман. Юнон тилида “демо” (“demoс”) “халқ” деганини, “кратия” (“kratos”) “бошқарув” (ҳокимият) маъносини беришини билиб оламан. Демак, ҳар ким ўз хоҳиш-иродасига кўра яшайдиган, “халқ бошқаруви”га асосланган тузумнинг оти экан. Яхши гап. Бундай қараганда, тушунарли гап. Аммо теварагимизда бўлиб турган ишларга қарасак, қомуслардагина тушунарли, холос. Ҳаётда эса…

Масаланинг тагига етаман деганим сари баттар чалкашиб кетаман. Калаванинг учини йўқотаман. Охири менда ғалати бир истак туғилади. Қанийди дунё ҳамма томони билан ҳовучда тургандек кўринадиган энг баланд бир чўққи бўлса… тирмашиб устига чиқсам… чиқсам-да, бутун инсониятга қараб ҳайқирсам: “Менга тушунтириб беринглар ахир, нималар бўляпти ўзи?!” десам.

“Инсон ҳуқуқлари” шиори остида бузуқларга ўз хоҳиш-иродаларига кўра яшаш ҳаққини бераётган демократия нимага бутун бошли халқларга, бутун бошли мамлакатларга бундай ҳуқуқни раво кўрмаяпти?!

Шўрлик Ироқнинг, ироқликларнинг гуноҳи нима?! Шўрпешана Афғонистоннинг, афғон халқининг айби нима?! Бор-йўқ айблари ўзларига хос ва ўзларига мос турмуш тарзини танлаб яшаб келаётганларими?! Бошқа бировнинг кўзига ёқимсиз кўрингани билан ўзи шуни хоҳлаб танлаган бўлса, нимага уларнинг ички ишларига аралашасан, эй инсофсиз демократик дунё?! Ёки бутун-бутун мамлакатларнинг, бутун-бутун халқларнинг битта демократ бузуқчалик ё битта демократ лесбичалик қадр-қиймати йўқми олижаноб демократик олам мезонларида?!.

Афсус, мен истаган унақа баланд чўққи ҳеч қаерда йўқ. Бўлса ҳам, мен ҳозир у чўққида эмас, ердаман. Ўзим каби оддий, жабрдийда кишиларнинг ичидаман. Овозимни ҳам ўзимдан бошқа кимса эшитмайди. Эшитмаяпти. Лекин сиз, эй замондош, мени кўргансиз. Эсланг. Кўча-кўйда, пиёдаю уловда – ҳар қаерда тентираб, дуч келган одамнинг кўзига жавдираб, мўлтираб, оғзини пойлаб юрган ҳўв ўша жулдурвоқи мен бўламан. Оғизларингизни пойлаганим – битта нарсани сўрамоқчи бўламан, сўрагим келаверади: дунёда ўзи нималар бўляпти, мен-ку тушунмаяпман,

сизлар тушуняпсизларми?!”

2003 йил мартининг 9-куни соат 22.35.да битди.

Бундан тўққиз йилча нарида ёзилган мақолачамни ушбу китобимга киритар эканман, ўша пайтда ўртага ташланган саволларим ҳали-ҳануз долзарб бўлиб турганини юрак-юракдан сезаман. Аммо ҳалигача ақлимни қондирадиган жавоб чиқмади.

Аксинча, ўтган бу вақт ичида “демократик олам” баттар ҳаддидан ошиб, баттар қутуриб кетди – ўзидан кичик ва кучсиз давлатлар, айниқса Ислом мамлакатлари бошига кулфат устига кулфат ёғдириб келяпти. Дунё халқларининг хоҳиш-иродасини ҳисобга олмай, ҳоли-жонига қўймай, демократиянинг ўзлари мақтаган ҳамма йўриқларини бузиб, “демократия” ниқобида ўз ҳаёт тарзларини дунё бўйлаб зуғум билан ўрнатмоқчи…

Бунақа мисоллар кўп. Аммо биз ҳозир демократиянинг бошқа дунёвий тузумлардан илғор томонини ибрат қилиб кўрсатар эканмиз, бу каби шармандали қилиқларини эмас, натижа ўлароқ айрим ижобий томонларини назарда тутаётганимизни яна бир марта таъкидлаймиз. Демократияга хос бузуқлик ва ифлосликларга келсак… Шаккокликдан Оллоҳ қўрисин, лекин онда-сонда ўйлаб ҳам қоламан: “Хўш, нима бўпти? Бузуқлик қайси замонда, қайси тузумда бўлмаган? Ҳатто ахлоқни камолига етказган, энг олий нуқтага юксалтирган Ислом даврида ҳам бузуқлик ва ифлосликлар таг-туби билан йўқ бўлмаган, онда-сонда учраб турарди-ку!” дейман.

Оллоҳ таоло буюк имтиҳон ҳикмати-ла иблисга то қиёматгача муҳлат бериб қўйган бўлса, шайтон бу муҳлатдан то қиёматгача одамларни тўғри йўлдан чиқариш, бузиш йўлида фойдаланса!…

“Бу дунё имтиҳон дунёси” деган олий ҳикмат ҳам тузуклик ёнида бузуқлик, тозалик ёнида ифлослик бўлишини тақозо этади, ахир. Чунки унисини ҳам, бунисини ҳам Оллоҳ таоло яратган (муфассал имон сўзларини эсланг). Фақат, бу гапдан хато фикр чиқармаслик керак. Яъни, демократия “инсон ҳуқуқлари” шиори остида тузуклик ва тозалик ёнида бузуқлик ва ифлосликка ҳам тенгма-тенг яшаш ҳаққи бериб Яратган йўриғига уйғун иш қиляпти экан-да деб бўлмайди!

Асло ундай эмас! Демократиянинг йўриғи бошқа, Оллоҳ таолонинг суннати бошқа. Том бошқа! Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Оллоҳдан экани ва шайтонга қиёматгача муҳлат бериб қўйилгани имтиҳон учун, фитна учун – аслни сохтадан, яхшини ёмондан, ҳалолни ҳаромдан ажратиш учун эди. Оллоҳ таоло тузуклик ва тозаликни мақтаб, бузуқлик ва ифлосликни нафратланиб яратган. Яхшиликни кескин яхши деган, ёмонликни кескин ёмон деган. Унисига буюриб, бунисидан қайтарган. Униси Ўзига ёқишини айтган, буниси шайтоннинг иши эканидан огоҳлантирган. Яхшиликни жаннатга, ёмонликни дўзахга йўл қилган… Демократия эса, ёмонликка ёмон, бузуқликка бузуқ, ифлосликка ифлос демасдан ҳақ беради! Яхши, тузук, тоза билан ёнма-ён ва тенгма-тенг ҳақ беради.

Фитна учун эмас, имтиҳон учун эмас, синов учун эмас, сўнгра яхшисига мукофот, ёмонига жазо бериш учун эмас, балки иккаласига ҳам бирдай имтиёзу мукофот ўлароқ ҳуқуқ беради, ҳалол билан ҳаром-харишни аралаш-қуралаш қилиб юборади.

Оллоҳ суннати билан демократия йўриғи ораси осмон билан ерча экани кўриниб турибди! Демократияни “инсоният ўйлаб топган тузумларнинг ҳозирча энг яхшиси” деб таърифлар эканмиз, ундаги ахлоқсизлик ва иккиюзламачиликларни шиддат билан инкор этамиз! Яъни, бу таърифимиз ниҳоятда нисбийдир.

Лекин биз демократик тузумларнинг тузувчиси эмасмиз, биз айни чоқда фақат олувчимиз. Унинг ўзимизга тўғри келадиган яхши томонларини олиб, ёмон томонларини олмаслик ихтиёри бизда. Динимиз йўл-йўриқларига тўғри келадиган томонларини (майли, демократия номида) олсак хато бўлмас деб умид қиламан.

Хато не, назаримда, аксинча бўлади ‒ ютамиз. Чунки қонуниятга кўра, тузувчидан кўра олувчи кўпроқ ютади. Тузувчи тузаётганида бу тузилмаси эртага қанақа натижа беришини тўла билмайди, камчиликларини олдиндан кўра олмайди. Олувчи эса, олаётганида олаётган нарсасининг ютуқ ва камчиликларини яққол кўриб туради, камчиликларини бир четга суриб қўйиб, фақат ютуқларини олиш ихтиёри бўлади унда. Яъни, бугун ўзларини демократик жамият деб атаётганларнинг ҳамма илғор ва яхши томонларини олиб, ёмонликларини олмасак, албатта ютамиз. Ўзимизда бор яхшиликлар ёнига бизда бугун йўқ яхшиликларини олсак, адолатли жамият қуриш йўлидаги илк қадам бўлмайдими! Албатта, шунда устунликка эришар эдик.

Тилларда машҳур “Ғарбда мусулмон йўқ, аммо у ерда Исломни кўрдим, ўзимизда ҳамма мусулмон, аммо Ислом йўқ!” деган ибора бежиз чиқмаган, ахир. Булар хаёл эмас. Давлат жорий қилиб, энг олдин ўзи риоя этса, тезда амалда кўринадиган, бўларли ҳодисадир.

Кичик хулоса

Австрия-британиялик файласуф, жамиятшунос Карил Раймунт Пўппер “Очиқ жамият ва унинг душманлари” китобида демократиянинг айрим хусусиятлари ҳақида бундай ёзади:

1. “Гарчи умумий сайлов усули демократиянинг энг муҳим томонларидан бўлса-да, демократияни кўпчиликнинг ҳокимияти деб ўйлаб қолмаслик керак.

Чунки кўпчилик истибдод усули билан ҳам бошқариши мумкин (бўйи 6 футдан кичик бўлган кўпчилик, барча солиқни бўйи 6 футдан баланд бўлган озчилик тўласин, деб қолиши ҳам мумкин). Демократияда бошқарувчи кучларнинг ҳокимияти чекланган бўлиши керак. Демократиянинг белгиси – халқ ҳукуматни қон тўкмасдан алмаштира олишидир. Агар ҳокимиятга эгалик қилаётган кўпчилик озчиликка (ҳукуматни) тинч йўл билан алмаштира олиш имкониятини берувчи ижтимоий тузилма (институт)ларни сақлаб-қўриқлаб турмаса, унда бундай бошқарув истибдоддир”;

2. “Демократия (бошқарувда) ҳар қанақа оқилона ўзгариш ясаш учун жуда гўзал «кураш майдони» яратиб беради. Нега деганда, у куч ишлатмасдан ҳокимиятлар алмаштирилишига йўл қўяди…”

Келтирилган бу икки кўчирмада демократияга хос бўлган ва кишилик жамиятига ҳам фойда келтирадиган уч муҳим ғоя илгари сурилади:

1. Бошқарувчи кучларнинг ҳокимияти (ҳам ўз маъносида, ҳам муддат маъносида) чекланган бўлиши.

2. Халқ ҳукуматни қон тўкмасдан алмаштириш салоҳиятига эга бўлиши.

3. Тузумда бошқарувни тинч йўл билан алмаштириш имкони қонунан ва ташкилан ҳимоя қилиниши.

Демак, бошқарувда ва халқ қўлида бир-бирига боғлиқ бу уч ҳолат топилмаса, бундай бошқарув истибдоддир, бундай давлат (ҳокимият) мустабиддир. Ўзбекистонда булардан қай бири бор? Ўзбекистондаги бошқарув қандай бошқарув? Бу уч нарса йўқ бўлса, юрт бошига чиқиб олганлар демократия ҳақида қайси юз билан гапиряпти?

1. Ўзбекистонда президент ҳокимияти чекланмаган. Қоғозда бошқа органларга ҳам айрим ваколатлар берилган бўлса-да, ҳаётда фақат президент ҳал қилади ҳамма нарсани. Айниқса, Миллий хавфсизлик хизмати тўлиғича президентга бўйин сундирилгани унинг ҳокимияти нақадар чексиз ва бу ҳол жуда хавфли эканини билдиради.

2. Халқ ҳокимиятни қон тўкмасдан алмаштириш салоҳиятига эга эмас: чинакам мухолифат йўқ; норозилик намойишларига мутлақ рухсат йўқ – халқ ўзи ташаббус билан кўчага чиқса, худди Андижон қатлиомидек қирғин қилинади.

3. Тузумда бошқарувни тинч йўл билан алмаштириш имконини берувчи на бирон тузилма (институт) ва на қонун бор.

Бу уч ҳолатдан бундай хулосалар чиқади:

а) зулм жонидан ўтиб кетса, халқ кўр ғалаёнга келишга мажбур бўлади;

б) агар золим ҳокимиятни ўз ихтиёри билан бўшатиб бермаса, халқнинг ихтиёри ва имконида уруш ва қон йўли қолади. Шу керакми давлатга? Эркинликни бўғиб натижани шунга олиб келмоқчими?

Бу айтилганлардан чиқадиган асосий хулоса:

Диктаторлик тузуми ҳукм сураётган Ўзбекистонда агар ички уруш чиқса ва қон тўкилса, бу ҳолга тузум сабабчидир, ғалаёнга келган халқ эмас. Диктаторлик тузуми давлат жинояти содир этган бўлади. Қурбонларнинг гуноҳи ҳам тўласича мустабид давлат бўйнига тушади.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com