Мамадали МАҲМУДОВ: “Ўзбекистонни тарк этмасам менга тинчлик беришмайди…

Мамадали МАҲМУДОВ: “Ўзбекистонни тарк этмасам менга тинчлик беришмайди…
31 views
03 June 2016 - 10:25

mamadali mahmudov

Мамадали МАҲМУДОВ: “Ўзбекистонни тарк этмасам менга тинчлик беришмайди, хотиржам яшашга йўл қўйишмайди деган тўхтамга келдим….”

Ўзбекистон режимининг сал кам 17 йиллик собиқ маҳбуси, миллатпарвар адиб Мамадали Маҳмудов 75 ёшида ватандан айро яшашга осонгина кўнган эмас.

Ўзбекнинг севимли ёзувчиси юртни тарк этишдек мудҳиш қарорга ўз-ўзидан келган эмас.

Мамадали Маҳмудовни шунга мажбур қилишмоқда.

Режим, ундаги илдиз отган коррупция, қонунсизлик ортидаги қаро қилмишлар адибни беватан қилишга қасд қилмоқда.

Адибда мамлакатни тарк этишдек аламли қарор қабул қилишга ундовчи, мажбурловчи сабаблар сероб.

Гарчи қамоқхона қийноқларидан қутилган бўлса-да, уй тутқунлигида ўтирган адибнинг ҳар қадами ўлчовда, ҳар сўзи синовда.

Дейлик, озодликка чиққан адибнинг Бешкекка боришига монелик қилишди. Қозоғистонга, Аҳмад Яссавий қабрини зиёрат қилишдек орзусини сароб этишди.

Фарзандларининг хотиржам ҳаётига таҳдид этишди, тинчини бузишди.

Озодликка чиққан бўлса-да эркнинг таъмини тотган эмас, режимнинг қонли панжалари адиб бўғзини бир бор бўлса-да қўйган эмас, ҳамон чангаллаб турибди.

Мамадали Маҳмудов ҳамон тузим тўрида.

Провардида, асрлик аламидан алангаланган адиб бир неча бор Ўзбекистон президентига мурожаат этишга мажбур бўлди.

Бу режимнинг жирканч қиёфасини ўз асарларида муттасил тарзда фош қилди.

Ёзганлари, ёнганларининг мукофоти адибга қимматга тушадиган бўлди.

Айни дамда режим Мамадали Маҳмудовнинг оиласини иқтисодий танглик исканжасида эзиш пайида.

Айнан ана шу истакда 2016 йилнинг 30 май куни  адибнинг уйига режимнинг содиқ малайлари томонидан босқинчилик уюштирилди.

Шундай бўлди.

  • Рафиқамнинг қаттиқ қичқириғидан уйғониб кетдим. Чиқиб қарасам, ҳовлининг том баробар баланд деворидан уйга ўн киши ошиб тушган, – дейди Мамадали Маҳмудов, – Куппа-кундуз куни уйга босқинчилар бостириб киришдими деб ўйлабман. “Кимсизлар? Сизга нима керак? Ўзганинг хусусий мулкига сўроқсиз нега томдан ошиб тушасиз?” деган саволимга жавобан зўраовнлар “Биз газ идорасиданмиз. Газдан хонадонингизда 850 миллион сўмлик қарздорлик ҳисобланган. Қўнғироқ чалдик, дарвозани очмадингиз. Зудлик билан қарзларингизни тўлашингизни талаб қиламиз. Акс ҳолда газингизни узиб кетамиз” дея дағдаға қилиб қолишди. “Ҳужжатларингизни кўрсатинг, эҳтимол ўғридирсиз? Исм-шарифларингизни айтинг?” дея талаб қилдим. Бироқ улар ўзларини таништиришдан, ҳужжатларини кўрсатишдан бош тортишди. 2016 йилга қадар ойма-ой газ ҳақини тўлаб келганмиз. Рафиқам газнинг тўлов квитанцияларини олиб чиқиб кўрсатган бўлишига қарамасдан, “Газ ҳисоблагич ўрнатилмаган. Бу квитанцияларингиз бекор. Бизда янги қонун чиққан. Газ ҳисоблагич ўрнатилмаган хонадон соҳиблари ойига 750 минг сўмдан тўлаши белгилаб қўйилган. Сизлар 2010 йилдан то 2016 йилга қадар ойига 750 минг сўмдан тўлашга мажбурсиз. Бу 850 миллион сўмни ташкил қилади. Токи тўламас экансиз, газни узиб кетамиз” дейишди. “Қани, ўша қонунингни кўрсатчи?” десак, кўрсатишмайди, парвойига ҳам келтиришмайди, – куйинади адиб.

Бунингдек бедодликдан юрагини чангаллаб қолган Мамадали Маҳмудов бехуш йиқилди. “Тез ёрдам” машинаси биринчи тез тиббиёр ёрдам кўрсатиб, адибни хушига келтиргач, дарҳол шифохонага олиб кетиш лозимлигини билдирди.

Бироқ, босқинчилар адибнинг аянчлиаҳволига ҳам қараб ўтиришмади. Темир нарвонларини қўйиб, яна томга чиқишди ва газ қувирларини арралаб, кесиб кетишди.

  • 3 қаватли, маҳобатли ҳовлида истиқомат қиладиган қўшним бор, – дейди Мамадали Маҳмудов, – Газ трубаларини кесиб кетишгач, ўша қўшнимни чақиртирдим. Ойига газга қанча тўлаши билан қизиқдим. Ҳамсоям газнинг ойлик тўлов квитанцияларини кўтариб чиқди. Қиш кунлари 300 минг сўмдан, ёзнинг иссиқ кунларида 100 минг сўмнинг нари-берисида газ ҳақи тўлашаркан. Уларнинг уйи ҳайҳотдек, уч қават. Ертўласи билан тўрт қават бўлиб, ертўлага ҳам газ уланган экан. Аммо уйларига ҳали газ ҳисоблагич ўрнатилмаган. Умуман олганда маҳалламиздаги 80 фоиз аҳолининг хонадонига газ ҳисоблагич қўйилмаган. Биз бир неча йиллар олдин газ ҳисоблагич ўрнатишларини сўраб Мирзо Улуғбек туман газ идорасига ариза билан мурожаат қилганмиз. Бироқ эътиборсизлик қилишган. Нега биз ойига газ истеъмоли учун 750 минг сўм тўлашимиз керак? Бизнинг нонвойхонамиз йўқ. Пишириқ цехимиз ҳам мавжуд эмас. Ахир олаётган нафақамга мушук ҳам офтобга чиқмайди-ку?! Ойига 750 минг сўм газ ҳақи тўлаш деган гаплар қаердан чиққан. Бу аҳолининг ойлик иш ҳақига мувофиқ келмайди-ку. Бу қандайин ҳақорат! Дўхтирлар менга “Қимирлаш, ўриндан туриш мумкин эмас, ётишингиз керак” дея тайинлаб кетган бўлишларига қарамасдан, қўни-қўшниларникига чиқиб суриштирдим. Буни қарангки, 10 кишилик газ идорасининг босқинчилари бирорта қўшнимнинг эшигини қоқмаган, уйги бош суқмаган. Барча бало менга, менинг уйимга қаратилган экан. Газ ҳақидаги қонунлари фақат Маҳмудовдан ундиришга қаратилганми? Токи менга ўша қонунларини кўрсатишмас экан, мен уларнинг ҳаракатлари холис эканлигига ишонмайман, – дея оташин бўлади адиб.

Пойтахт шаҳарда чўп, ўтин, учоқ деган гап бўлмаса. Шу сабаб Мамадали Маҳмудовнинг бутун оиласига қизлари Ватан Маҳмудова уйидан уч маҳал иссиқ овқат қилиб, келтириб бериб турибди.

Дарвоқе, Маҳмудовлар оиласи  туман газ идорасига арз қила-қила уй деворидан ошиб тушган 10 нафар “газовик” ниқобидаги босқинчилардан бирининг шахсини аниқлашга муваффақ бўлишди. “Банда” бошлиғи Мирзо Улуғбек туман газ идораси ходими Ғанишер Аҳмадалиев эканлиги маълум бўлган.

  • Азборойи асабийлашганимдан мана энди чап оёғим, чап қўлимни ололмасдан ўтирибман. Бу нима деган гап ахир. Қўлимизда газ истеъмоли учун 2016 йилга қадар ойлик тўлов квитанциялари бўла туриб, яна 850 миллион сўм қарздорлик ҳисоблаб ўтиришса. Уйингга 10 киши бўлиб девор ошиб тушишса, газ қувирларингни узиб кетишса. Тинчгина яшашга қўйишадими булар, ёки йўқми? – дея арзу ҳол қилади адиб.

Адибга кўра унинг мавжудлиги, ёзувчи эканлиги фарзандларининг хотиржам яшашига соя солмоқда. Мамадали Маҳмудов ортидан бутун бир оила жабр қўрмоқда.

  • Яшаш шу қадар қийинлашиб кетганки, рўзғорни тебратишга қурбимиз етмайди. Зўр-баъзўр кун ўтказмоқдамиз. Халқни хароб қилди, муродлари ҳосил бўлди. Яна нима исташади булар. Нафас олишимизни ҳам кўп кўришмоқдами? – дея ғам чекади адиб, – Лоақал бир кун бўлса ҳам халоватда кун кўрсам дейман. Бехавотир яшашни истайман. Ўзбекистонни тарк этмасам менга тинчлик беришмайди, хотиржам яшашга йўл қўйишмайди деган ўйдаман….

Халқни уйғоқ қатлами вакилларининг қўзини ўйиш режимининг энг асосий шиори, энг олий мақсади эканлигига шубҳа йўқ.

Малоҳат Эшонқулова
мустақил журналист, ҳуқуқ фаоли