“Боши йўқ” бош муҳаррир

“Боши йўқ” бош муҳаррир
49 views
04 June 2016 - 4:05

К-91 04.06.2015 (8-40-15)

Оммавий ахборот воситаларида мамлакатимизда инсон шаъни ва фуқаролар ҳуқуқлари олий қадрият, деб жар солинадию аслини олганда кейинги пайтларда бу баландпарвоз гаплар унчалик ҳам тўғри эмаслигини кўпчилик сезиб қолаяпти. Ҳуқуқи бузилган фуқаро қай ташкилотга бош суқмасин, унинг ҳаракати “исёнкор”ликка йўйилади, ўзи эса “ёзувчи”га чиқарилади. Буни билган яна ўша ўзбекчиликка борадию, “Э, менга нима, шу билан тенглашиб юраманми”, дея қўл силтаб кетаверади. Кейинги йилларда Навоий вилоятида бундай ҳолатлар кўп учраяпти. Ва ҳуқуқи бузилаётганларнинг аксарияти журналистлардир. Буни Навоий вилояти ҳокимлиги муассислигидаги “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти мисолида ҳам кўриш мумкин

“Дўстлик байроғи”да душманлик ишлари

“Дўстлик байроғи” газетаси 1983 йилдан буён чоп этиб келинаяпти. Ўтган вақт мобайнида газетага кўплаб таниқли журналистлар муҳаррирлик қилди ва уларнинг деярли барчаси нашрни ривожлантириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, меҳнат қилаётган журналистларни қўллаб-қувватлаш йўлида самарали меҳнат қилишди. Бир қарашда барчаси ўз йўлида эди, таҳририят вилоятда журналистика мактабини ярата олганди. Чунки, бу ерда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Исроил Холбоев, “Шуҳрат” медали ва “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Салима Умарова, “Шуҳрат” медали соҳиби Холбиби Сафарова сингари номдор журналистлар фаолият олиб боришаётганди. Бироқ таҳририятга 2015 йилда Абдумажид Жўраев бош муҳаррир бўлиб келдию, ҳаммаси остун-устун бўлиб кетди.

Таҳририятга бош муҳаррир бўлишидан олдин вилоят ҳокимлигида матбуот котиби бўлиб ишлаган А.Жўраев ишини таҳририятни “тозалаш”дан бошлади. Унинг вилоят ҳокимлигига билдирган фикрича, газета “ёзувчи”ларнинг уяси бўлиб қолган эмиш. Аслини олганда эса, у вилоят ҳокимлигига шуни сабаб қилиб кўрсатган ҳолда ўзига ёқмаган ёки олдиндан адовати бўлганларни ишдан олиб ташлашни ва атрофига ўз одамларини жойлаштириб олиб, кўп йиллар “ҳукмронлик” қилишни мақсад этганини мутасадди шахслар сезмади.

А.Жўраев бу йўлда қатъий иш бошлади ҳамда вилоят ҳокимининг “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти давлат корхонаси фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасини тайёрлади. Узоқни ўйлаган муҳаррир қарорга таҳририят ходимларини аттестациядан ўтказиш, иш ҳақларини камайтириш, иш ўринларини қисқартириш каби банларни киритганди. Ҳолбуки, таҳририят штатлар жадвали тўғри тузилган ва барча ортиғи билан ўз ишига эга эди.

Вилоят ҳокимлиги юристи ҳам Жўраевнинг мақсадини тушунмасдан қарор лойиҳасини тасдиқдан ўтказди ва вилоят ҳокими унга имзо қўйди. Шу тариқа бош муҳаррир вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг қўли билан ўз мақсади йўлида биринчи қадамни ташлади: 2015 йил 4 июнь куни Қ-91 – сони билан қарор қабул қилинди. Аслини олганда ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Конституциясига зид эканлигини на вилоят ҳокимлиги юристи, на адлия бошқармаси, на вилоят ҳокими сезди. Чунки, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва цензурага йўл қўйилмаслиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилганди. Ушбу қарор эса очиқчасига цензура эди.

Журналистлар вилоят ҳокимининг қарорига қаршилик билдира болашди. Аммо Жўраев уларни “Вилоят ҳокими ёмон, қарши чиққанларни ишдан ҳайдаб юборади. Буларнинг барчаси Эркинжон Турдимовнинг иши, мен нима қилай” дея ўзини оппоқ кўрсатишдан нарига ўтмасди. Ҳолбуки, қарор лойиҳасини айнан муҳаррирнинг ўзи тайёрлаганини ва унинг юқоридаги мақсадларини барча ҳам билмасди.

Шу тариқа қарор кучга кирди ва пешона тери билан ҳалол маош олиб юрган таҳририят ходимларининг ойлик маошлари деярли учдан бир қисмга камайтириб ташланди. Журналистларнинг “исён” қилишидан қўрққан вилоят ҳокимлигидаги айрим мутасаддилар аттестацияни ўтказмасдан, шунчаки кейинги сурилди, деб қўяқолишди. Иш топиш қийин бўлиб қолган бир вазиятда айрим иш ўринлари қисқартирилди.

Жўраевнинг жўраси кўп экан…

Ўйлаган мақсади амалга оша бошлаганидан хурсанд бўлган Жўраев энди яккаҳокимлик борасида навбатдаги қадамини ташлади. Таҳририятнинг “Знамя дружбы” газетаси бўйича муҳаррир ўринбосари Камола Адизовани турли алдовлар билан ишдан бўшатиб юборди. Чунки раҳбар ишдан кетса, унинг ўрнига аввало ўринбосар асосий номзод бўлиши маълум. Доимий равишда “жойимни тортиб олади” деган қўрқув билан яшаш Жўраевни адойи тамом қилиб бораётганди. Шу тариқа бош муҳаррир биринчи ўринбосаридан қутулди. Энди навбат “Дўстлик байроғи” газетаси масъул котиби Руслан Сабуровга эди. Чунки, бир неча йилдан бери “Дўстлик байроғи” газетаси бўйича бош муҳаррир ўринбосари йўқ, унинг вазифаларини масъул котиб Сабуров бажариб келаётган эди. Рус жамоаси Адизовага қулоқ солгани каби ўзбек жамоаси ҳам Сабуровни қўллаб-қувватлашини билган бош муҳаррир яна хийла ишлатди ва масъул котибни ҳам “нари” суриб юборди. Унинг ўрнига эса ўз жўраси Олим Жалиловни келтириб қўйди. Таҳририятдаги журналистларнинг айтишича, айни кунда масъул котибликни ҳатто газета макетини чиза олмайдиган, гонорарни ҳисоблай билмайдиган Жалилов бажариб келмоқда.

Хуллас, бош муҳаррир 2 та ўринбосарлик лавозимига ҳеч кимни ишга олмасдан, вакант ушлаб турибди. Унинг бу ҳаракати туфайли ҳар иккала газета ҳам имловий хатолар, ғализ жумлалар билан чоп этилаяпти. Вилоят ҳокимлигидаги “жўраси” туфайли бу қинғирликларни ҳеч ким кўришни истамаётгани эса ичкиликбозликдан бери келмайдиган Жўравенинг ҳамтовоқлари вилоят ҳокимлигида ҳам борлигини сездириб қўйди.

Бундан ташқари, бош муҳаррир ҳисобчиси билан тил бириктирган ҳолда “соққа қилиш” ниятида енг ичида кўплаб ишлар қилмоқда. Буни ҳам на назорат органлари, на миллий хавфсизлик хизмати кураторлари кўраётгани йўқ, тўғрироғи кўришни исташмаяпти. Балки, бу органларда ҳам Жўраевнинг жўраси бордир…

Хуллас, Навоий вилоят журналисткасининг асосий мактаби ҳисобланган таҳририят кейинги йиллар ичида бош муҳаррирнинг қилиқлари туфайли остун-устун бўлиб кетди, журналистларнинг ҳуқуқлари бузилди (бузилишни давом этаяпти). Таҳририят жамоаси бир-неча маротаба мурожаат қилишига қарамасдан, ҳамон ўзгариш бўлмаяпти.

Санобар Саидова
журналист