Менга нега чиқиш визаси берилмаганлигини асослаб беринг!

Менга нега чиқиш визаси берилмаганлигини асослаб беринг!
167 views
04 June 2016 - 4:10

Ўзбекистон Республикаси Президенти
И. А. КАРИМОВга

Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг раиси
Ниғматулла ЙЎЛДОШЕВга

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори
Ихтиёр АБДУЛЛАЕВга

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири
Адҳам АҲМАДБОЕВга

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳорижга чиқиш-кириш
ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси
бошлиғи Б. ШОРИХСИЕВга

Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси
ХЧК ва ФРБ бошлиғига

Алимбекова Зарнигор Авазовнадан
АСОСИЙ ЯШАШ МАНЗИЛИ: Тошаент шаҳри,
Учтепа тумани, Чилонзор, 23-мавзе, 16-уй, 39-холнадон.
Тел: +99894 6541282

ШИКОЯТ
(Менга нима учун ҳорижга чиқиш везаси бериш рад этилганлиги, ҳорижга чиқиш ҳуқуқим нима сабабдан чеклаб қўйилганлиги сабабини изоҳла беришингизни сўрайман)

Мен Самарқанд вилоятининг Самарқанд тумани, “Даштакибало” ҚФЙга қарашли Даштисухта маҳалласида туғилганман. Самарқанд туманида доимий рўйхатда тураман.

Айни дамда турмушга чиққанман ва Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, Чилонзор, 23-мавзе, 16-уй, 39-хонадонда истиқомат қиламан ва вақтинчалик пропискада тураман.

Ҳорижга чиқиш учун рухсатнома (ОВИР) олиш мақсадидаги фуқаролар доимий прописка жойларидаги ХЧК ва ФРБга мурожаат этишлари шартли сабаб мен 2016 йилнинг 15 март куни Самарқанд вилоят Ҳорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига чет элга чиқиш рухсатномаси стикер олиш мақсадида ҳужжатларимни топширган эдим.

Самарқанд вилоят ХЧК ва ФРБ ходимлари мени роппа-роса 78 кун сарсон-саргордон қилишди ва ниҳоят шу йилнинг 31 май куни паспортимни қайтариб беришди.

Паспортимни қўлимга олганимдагина Самарқанд вилоят ХЧК ва ФРБ томонидан менинг паспортимга чет элга чиқиш рухсатномаси стикер урилмаганлиги маълум бўлди.

“Менга нима учун чет элга чиқишга рухсат берилмади?” деган савол билан Самарқанд вилоят ХЧК ва ФРБ бошлиғи Олим аканинг қабулига кирдим ва улардан:

“Нима учун ҳамма жойга ёз-чиз қилиб овора бўлиб юрибсиз? Бекорга адвокатга пул тўлаб ариза ёздирганингиз қолди. Сизга чет элга чиқишга рухсатнома берилмади. Бунинг сабабини биз билмаймиз. Тепадан, Тошкентдан сизга ОВИР бериш “отказ” қилинди. Бизга шундай топшириқ берилган” деган жавобни олдим.

Жаноблар!

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Ўзбекистон фуқаролари эркин тарзда ҳорижга чиқиши ва кириши белгилаб қўйилган. Демак, менинг чет элга чиқиш ҳуқуқим Конституция билан кафолатлаб қўйилган.

Бас шундай экан, нима сабабдан менинг Конституция билан белгилаб қўйилган ҳуқуқим ХЧК ва ФРБ томонидан топталмоқда.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши ТАРТИБИ” тўғрисидаги қарорнинг “III. Чет элга бориш ҳуқуқидаги чеклашлар” деб номланувчи бобида чет элга бориш ҳуқуқини чеклашга асос бўладиган ҳолатлар аниқ-тиниқ кўрсатиб ўтилган.

Ана энди айтингчи, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши ТАРТИБИ” тўғрисидаги қарорнинг қайсибир моддасига асосан менинг ҳорижга чиқиш ҳуқуқим чеклаб қўйилди? Нима учун менинг чет элга чиқиш ҳуқуқим паймол этилмоқда?

Мен юқоридаги саволимга Самарқнад вилоят ХЧК ва ФРБ ходимларидан ҳеч бир жавоб ололмадим.

Модомики, менинг ҳорижга чиқиш ҳуқуқим чеклаб қўйилган экан, нима сабабдан менинг чет элга чиқиш ҳуқуқим Ички ишлар идоралари томонидан паймол этилаётганлигининг сабабларини асослаб беришларингизни талаб қиламан.

Алимбекова Зарнигор Авазовна
3 июнь, 2016 йил