Маблағ тадбиркор ва… оддий халқ чўнтагидан бўлади

Маблағ тадбиркор ва… оддий халқ чўнтагидан бўлади
43 views
04 June 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(28-қисм)

Бешинчи шох: “Ўз уйингни ўзинг асра”

Мен сираям тушунмайман, бошим шишиб кетади: нимага ўз уйимни ўзим асрашим керак? Бошқа ишим йўқми?

Тасаввур қилинг: мамлакатда ўттиз милёнли халқ эртаю кеч фақат ўзининг уйини асраш билан банд! Бу қанақа ҳаёт? Тирикчиликни ким қилади? Мен давлатга мени асраш ваколатини берган бўлсам, тиним билмасдан ишлаб, топган пулимнинг катта бўлагини мени асрашни бўйнига олган давлатни боқишга ажратаётган бўлсам, тағин бу номард давлат мендан нима истайди?! Эркакми ўзи бу?! Нимага бўйнидаги вазифасини безбетларча менинг елкамга ошириб юборяпти – шу нарсага ҳеч тушунмайман. Менинг, сизнинг, ҳаммамизнинг уйимизни, молимизни, жонимизни асрашга қасам ичиб сўз берган давлатим шу қадар кучсиз, уқувсиз бўлиб қолдими деб изтироб ҳам чекиб қўяман.

Неча юзминглик мелисам қани? Неча ўнминглик лашкарим, хавфсизлик хизматим қани? Пуркурорлар, терговчилар, ҳакамлар қани? Улар мамлакатни асрамаса, бошқа нима иш қилади, деб бошим қотади. Айтгандай, кўчалар бўйлаб катта-катта огоҳлантириш лавҳалари тобора кўпайиб боряпти. “Ўз уйингни ўзинг асра!”; “Огоҳ бўлинг!”; “Қулликдан асранинг!”; “Тадбиркорлар! Сизлар учун ишонч телефонлари: фалон, фалон…”; “Ўта хавфли жиноятчилар қидириляпти (расмлари билан)!” ва ҳоказо…

Тошкент метросида-ку, огоҳликка даъватларга аллақачон қулоқ ўрганиб бўлди. Метронинг у бошидан бу бошига етгунча бунақа “Огоҳ бўлинг!”лар неча марта такрорланишини эринмаган одам санаб чиқсин. Узоқ-яқиндан келган меҳмон ҳар қадамда “Огоҳ бўлинг!”ларни ўқийвериб-эшитавериб: “Нима бало, Ўзбекистон уруш ҳолатидами?” деган хаёлга борса ҳам ажаб эмас.

Ўтган асрда Иккинчи жаҳон уруши пайти қамалда қолган Лелинградда уч йил давомида шунақа вазият бўлгандир. Тағин ҳам Оллоҳга шукр, Лелинграддаги каби кунда бир неча бор огоҳликка чақирувчи сиреналар янграмаяпти Тошкент осмонларида. Давлатимиз уялмай-нетмай “Бизга ишонманглар!” дегани-да бу.

Бу аҳмоқона шиорига қараганда, ҳа, давлатга ишониб бўлмайди. Жонимиз ҳам, молимиз ҳам ўзимизга керак. Шунинг учун, азизлар, “сенинг вазифанг-менинг вазифам” деб ҳадеб сенсолар қилавермай, ўзимизни ўзимиз асрашга ўтақолайлик.

Лекин қўлда қуролимиз йўқ. “Ҳар хонадонга биттадан Калашников автомати!” деган шиорни ўртага ташлайликмикан? Унақада, қурол тўплаяпти, деб… бу ёғи ҳам чатоқ. Хуллас, ўз уйимизни ўзимиз қуруқ қўл билан асрашимизга тўғри келади. Рози бўласизлар.

Олтинчи шох: Советчасига…

Мақсуд Шайхзода Лелин ўлимига бағишлаб ёзган марсиясида:

“Лелин ўлди… Ўлдимикан? Йўқ, ўлган эмас!” деган сатр бор.

Ўшани озгина ўзгартирсак, “Совет ўлди… Ўлдимикан? Йўқ, ўлган эмас!” бўлади.

Яна: “Лелин ўлди, лекин унинг иши абадий яшайди!” деган шиорлар ҳам бўларди.

Бунга ҳам ижодий ёндашиб кўрамиз: “Совет ўлди, лекин унинг бошқарув усули ҳамон яшаяпти!”

Ҳеч бўлмаса, алоҳида олинган бир мамлакатда!

Чиндан ҳам, минбарга қулоқ солсак, совет тугаган, Ўзбекистон мустақил бўлган, аммо ҳаётга боқсак, ишлар советчасига давом этяпти. Давлат советча, бошқарув советча, нутқлар советча, тадбирлар советча, маърузалардан руҳланиб кетишлар советча…

Олий Мажлисни Олий Советдан, президентни Биринчи секретардан, Давлат маслаҳатчиларини Сиёсий буйро аъзоларидан ажратолмайсиз, тим ўзи. Пастдан то тепагача ҳамма Бир Кишининг оғзига, қош-қовоғига қарайди – у нима деса, ўша бўлади…

Бир куни советча фармон чиқди: шаҳарлар таъмирлансин, кўчалар кенгайтирилсин, ҳар бир шаҳарнинг марказий кўчаларида камида икки қаватли уйлар қурилсин!

Иш ҳам советчасига бошланди. 

Биринчи бўлиб Андижон енг шимарди. Битта катта кўчасини намунага бутунлай бузиб, қайта қурди. Тартиб бундай: илгаридан яшаб келганлар кучи етса, икки-уч қаватли қилиб ўзи қурсин, кучи етмаса, уйини биронта бойга сотсин, эски ҳолатда қолишига чидаб ўтирилмайди!

Қурганлар қурди, сотганлар сотди. Ярмини сотиб, пулига қолган қисмини қурганлар ҳам бўлди. Одамлар фойдаланиб қолди, дейишди биладиганлар. Наманган қўшниси Андижондан орқада қолармиди? Отни қамчилаб, улоққа кирди. Бузҳо-буз, қурҳо-қур!.. Ҳалиям давом этяпти.

Кейин Самарқандда зўр қурилишлар бошланди. Шаҳарни тўрт-беш йил олдин кўрганлар бугун танимай қолади, дейишади мезбонлар. Айрим кўчалари Андижонникидан ҳам ўтиб кетди. “Қўқон ҳам бир вақтлар давлат сўраган шаҳар, қачонгача мана шу ҳолларингга чидаб юрасизлар?!” деб президент қўқонликларнинг ғурурини қўзғаб юборган эди, 2010 ‒ 2011 йил қиши эшик қоқиб турганига қаралмади, одамлар қийналиб қолар, деб ўйлаб кўрилмади, кўчиб бориб яшаб туришга жойи борми-йўқми экани ҳам суриштириб ўтирилмади ва… кеч кузакда бирдан бузди-бузалоқ бошланиб кетди.

Электр, газ тақчиллигидан шундоқ ҳам аҳволи танг қўқонликлар ўша қиш ичи биратўла кўчада қолди ҳисоб. Ҳаммаёқни дод-вой, қий-чув тутди, аммо додхоҳ топилмади…

Ҳартугул, вақт аламларни кетказаркан. Бир замонлар давлат сўраган шаҳримиз сонга кириб қоларкан-ку деб одамлар амаллаб қишни ҳам чиқарди. Кўчалар… кўчаларга қўшилиб яралар бита бошлади. Фарғонани айтмайсизми! Фарғона шу дамгача меҳмонларга шинам, соя-салқин кўчалари билан ёқарди. “Аср қурилиши” бошлангач, кўчалар кенгаяди деган баҳонада юз эллик йиллик чинорлар ҳам қулатилди. Ёшуллилардан кўпи лабини тишлаб, бошини сарак-сарак қилганини ҳам кўрдик, кўзидан ёш думалатганларини ҳам кўрдик. Начора, чидаш керак. Кўпга келган тўй.

Совет бир иш қилмоқчи бўлса, роса дабдаба билан бошлар, бутун дунёга ноғора қоқар эди: “Турксиб”, колхозлаштириш, индустрлаштириш, электрлаштириш (ГОЭлРО), маккажўхорилаштириш, қўриқ очиш, “БАМ”, “КамАЗ”, Бутуниттифоқ комсомол қурилишлари… ва ҳоказо.

Лекин, тан бериш керак, бу ишларнинг ҳаммасини улкан режалар асосида давлатнинг ўзи қиларди. Ташаббускор давлатми, молияси ҳам давлатнинг бўйнида эди. Баҳонада милёнлаб ёш йигит-қиз иш билан таъминланарди. “Мустақил” Ўзбекистонда эса, президент (давлат) ташаббус қилади, мақтовлар ҳам унга йўналтирилади, аммо маблағ тадбиркор ва… оддий халқ чўнтагидан бўлади, бутун оғирчилик халқнинг бўйнига тушади. Одатдагидек, ишхоналарга, айниқса мактабларга одам солиғи солинди, узоқ-яқин демай мажбурий ҳашарчилар чўнтакларидан пул чиқим қилиб, навбатма-навбат Фарғонага бориб ишлаб берди. Мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам қурилиш худди шу йўсинда бўлди…

Ушбуларни ўқиб туриб, ториқманг: “Мунча киноя? Шаҳарлар обод бўлса, яхши эмасми?” дейишга шошилманг. Биз ҳам ободлик тарафдоримиз. Қанийди, шаҳару қишлоқларимиз ривожланган мамлакатларнинг шаҳар-қишлоқлари каби чиройли, кўркам, одамнинг кўнглини яшнатиб юборадиган даражада обод бўлса, унинг устига, улар ҳар бири ўзига хос бир шаклда обод бўлса! Буни биз ҳам чин юракдан орзу қиламиз.

Ғашлигимиз ободлик йўлидаги ишларга эмас, бунақа катта ишларни советчасига бошлаб, советчасига олиб бориб, советчасига тугатишларгадир. Улкан ишларга бир оғиз гап билан, пишиқ ўйланмасдан киришиб кетишлар ёқмайди одамга. Маъмурий-буйруқбозлик билан бошланган ишлар кўпинча бирхилликларга, қолипларга олиб келади. Худди бугунги “намунавий лойиҳалар асосида қурилган қишлоқ уйлари” каби – бутун мамлакатда ҳаммаси бир хил услубда, бир хил қолипда. Кўпнинг тақдирини белгиловчи қарорлар асло кенгашсиз қабул қилинмаслиги керак. Масалан, имлони ўзгартириш масаласи жуда тор доирада, халқнинг хоҳиш-иродасига терс равишда ҳал этиб юборилди. Ўтган аср 90-йиллари улусимизнинг асосий кўпчилиги араб имлосига асосланган эски ўзбек ёзувини истаган ва илк Тил қонунида бу ирода ўз ифодасини топган эди. Кейин нима бўлди?

Кўзларга кўринмас “торгина доира” бизга мутлақо ёт лотин имлосини танлади ва қонунни ҳам тез ўзгартирди. Минг йиллик тарихимизни, илмий-адабий меросимизни эндигина мозорлардан кавлаб чиқара бошлаган эдик, бу кейинги қонун билан уни яна қайтадан гўрга тиқдик. Алам қиладигани ‒ у баҳосиз маънавий бойлигимизни олдин ўрис-совет босқинчилари тарих гўрига кўмиб ташлаган бўлса, энди бир ҳовуч “ўзимиз” кўмдик.

Худди шунингдек, шаҳар-қишлоқ қиёфаси масаласига ҳам енгил-елпи, бирёқлама қараляпти. Шаҳар йиллар, балки асрлар давомида ўзига хос кўриниш олади. Чет элликни қўйинг, ўзимиз бир шаҳардан иккинчи шаҳарга борсак, биринчи галда унинг бошқачалигига диққат қаратамиз. Ҳар бир макон ўша ерликларнинг узоқ йиллик яшам тарзи ва тажрибаси меваси ўлароқ ўзигагина хос кўринишда бўлмаса, бир-бирига ўхшайверса, қизиғи қоладими? Албатта, бузиш осон, пул бўлса қуриш ҳам қийин эмас, аммо айни юртга хос муҳитни ва қиёфани шакллантириш… Бунга советча битта буйруқ билан эришиб бўлмайди.

Оллоҳнинг элчиси (с.а.в.): “Шошқалоқликда яхшилик йўқ”, деб бежиз айтмаганлар, ахир.

Советчасига бузди-бузалоқда одамларнинг узоқ замонлардан шаклланиб келган руҳияти, ўзаро муносабатлари ҳам бузилиб кетиш таҳликаси бор. Ёмон гумон қилмаймиз-у, аммо-лекин айрим ишларга қараб туриб: “Ўзи сиёсат айни шу қалбларимизни, руҳларимизни ўзгартириш йўлидан кетмаяптими?” деган хаёлга ҳам бориб қолади одам.

Мана, ўзингиз бир ўйланг: минг йилдан бери “деҳқон” бўлиб келган деҳқон нимага бирдан “фермер”, деҳқон хўжалиги “фермер хўжалиги” бўлиб қолди?! Ёки, масалан, “қишлоқ” сўзи нима гуноҳ қилган эди, уни ўчириб ўрнига “фуқаролар йиғини” жорий этилди?! “Қишлоқ” тоза ўзбекча ва ўзимизники эди, ўрнига қоришиқ бир тилда, ҳам айтилишга қийин иборалар тўқиб чиқаришдан мақсад нима?! “Кутубхона” сўзи-чи? Бугун “ахборот-ресурс маркази” деб аталяпти. Кимдан чиқди бунақа аҳмоқона таклиф?!

Бутун дунёда тил мураккабликдан соддаликка қараб интилади, бизда аксинча бўлди – битта сўз ифодалаб келган атамаларни қўйиб, ўрнига иккита, учта, ҳатто тўртта сўзли бирикмалар амалга киритилди! Мақсад нима ўзи?! Тилдаги бу каби бузди-бузалоқлар билан шаҳарлардаги бузди-бузалоқлар орасида кўринмас, лекин тўғридан-тўғри бир боғлиқлик сезилади. Узоқ замонлар ичра аймоқлашган, ҳар бир миллатни кучли қилиб турадиган, фақат ўша миллатгагина хос бўлган ўзлик (менталитет) кимларгадир қаттиқ халақит қилаётганга ўхшайди…

Мустамлакачилик “илми”да махсус бир йўналиш бор: неча замонлардан бери маҳаллий аҳолининг кўзи кўникиб, ўрганиб, руҳан боғланиб, ҳар бир ҳолати ҳақида билимга эга бўлиб, адабиётларида куйлаб, урф-одатларида бир унсур тариқасида қўллаб келган муҳитни кескин ўзгартириш билан маҳаллий халқларни ўтмиш билан боғлаб турган илдизлар кесилади; онг ва руҳига эгалик қила бошланади. Бундай ишларга “миллий-маҳаллий” дарахтларни йўқотиб ўрнига ажнабийларини экиш, ер тузилиши (релйеф)ни ўзгартириш, шаҳар ва қишлоқларнинг қадрдон қиёфасини бузиш… каби ишлар киради. Яъни, енгилган халқларни ўзлигидан чиқариш ва то қайтадан ўзига келиб олгунича узоқ замонлар уларнинг онги ва руҳига эгалик қилиш учун асрлар давомида миллатни Ватанга, Ватанни миллатга боғлаб келган кўринмас иплар битта-битта узилади. Масалан, Катта дунё фитнаси ила Фаластин тупроқларида ясама равишда 1948 йили “Исроил” деган давлат ташкил қилинганидан бери саҳюнийлик (сионист) сиёсати ерли фаластинликка тегишлиликни билдирадиган ҳар бир нарсани ўзгартирди ‒ эгасини ҳайдаб чиқаргач, уйларини бузди, дарахтларини қўпорди, кўчаларни бошқа ёқдан солди, жуҳудча номлар қўйди, ҳатто жой кўриниши (макон релйефи)ни ҳам ўзгартирди. Обод қилиш эмас, тарихий хотирани ўчириш дейилади бу!

1991 йили ўрис-совет мустамлакасидан қутулиб энди кимнинг истилосига учрадик экан, йигирма йилдан бери мияларимиз ювилиб, тарихий хотираларимиз кетма-кет ўчириб ташланяпти?! Худди миллий муҳит (колорит)нинг ўзига хослигини кўрсатадиган тол, терак каби дарахтларимизни “қириб”, ўрнига ёппасига арчаю бошқа ажнабий дарахтлар қалаштириб экиб ташланаётгани каби. Ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган халқ руҳияти ва миллий хотирани ўзгартириш. Эскидан узиб, янгича манқурт одам яратиш. Бир хил қолипда. Худди совет каби.

Ҳа, совет ҳам ўз қўли остидаги халқлар тарихини бузиб, ўтмишини тамоман ўчириб, миллатларнинг ўз қиёфасини ўзгартириб “янги совет кишиси”ни яратмоқчи бўлган эди. У машъум тажрибадан энди қутулдик деганимизда бошимизда яна қандай тажриба ўтказила бошлади?! Бу ишлар балки биз ўйлаганимизчалик атай ёмон ниятда қилинмаётгандир, лекин натижа эътибори-ла таҳликали экани аниқ.

Энди икки оғиз сўз “намунавий лойиҳалар асосида” қурилаётган қишлоқ уйлари ҳақида. Халқ тилида “Президент уйлари” деб аталади.

Бу “лойиҳа”га бошда балки эзгу ниятларда қўл урилгандир. Қишлоқларимиз обод бўлса, маданийлашса, замонавийлашса, яшаш тобора қулайлашса, яхши-да. Лекин бу яхши ният ҳам дарров кампаниявозликка, аста-секин йирик бозорга айлантириб юборилди ва бутун мамлакатни бир хил лойиҳадаги уч хонали, тўрт хонали, беш хонали қолип уйлар босиб кетди. Кўчалар бир хил, арчалар бир хил, дарвозалар бир хил, томлар бир хил, хоналар бир хил, деворлар бир хил, ранглар бир хил… Сирдарё бир хил, Қашқадарё бир хил, Қорақалпоғистон бир хил, Хоразм бир хил, Тошкент бир хил, Навоий бир хил…

Бундай бирхиллик одамнинг руҳиятини бузади, ранг-баранглик бойлигидан бирхиллик қашшоқлигига олиб келади. Қолип уйларда қолип руҳиятлар шаклланади. Агар одамлар ўзлари ҳовлиларини ўзгартириб, ўзларига мослаб олмасалар, бу бирхиллик бориб-бориб одамни манқурт қилиб қўяди ‒ фикрларни ҳам бир қолипга солади. Мана шуниси чатоқ. Советча услуб яхши ниятлардан ҳам ёмон натижалар келтириб чиқаришига бир мисол бу.

“Намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уйлар” теварагидаги ўйинларни кўриб туриб: “Бу лойиҳани ким ўйлаб топган бўлса ҳам, ома-лекин роса зўр ўйлаб топган!” деб юборади киши.

“Лойиҳалар” орқасига президентни қўйиб (президент ўзи ҳам жон-жон деб рози бўлди!), унинг орқасида катта пул ишлаб олса бўлишини сезган уддабурон дарров давлат билан қоронғида топишишди. Худди мошина савдосида бўлганидек, шошилинч “Давлат + уддабурон” қўшма корхонасини тузишди. Олдинига кўкларга кўтариб мақтай-мақтай “лойиҳалар”га сиёсий тўн кийдиришди, сўнгра очиқдан-очиқ “чайқов бозори”га айлантириб юборишди. Мана, энди неча йилдан бери бировлар ҳисобидан чўнтакларини қаппайтириб ётишибди.

“Сиёсий тўн кийдириб”, “бировларнинг ҳисобидан” деганимизнинг изоҳи бундай:

“Бизнес”нинг биринчи босқичида “намунали уйлар” учун қурилиш хомашёлари ‒ семун, ғишт, ёғоч-тахта тадбиркорлардан зуғум билан, мажбуран арзонга “сотиб олинади”! Тадбиркор бордию билмасдан ғингшиб қўйса, дарров: “Нима, сен президентимиз ташаббуси билан намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уйларга қаршимисан?!” деб бир пишқирилади. Чорасиз тадбиркор ҳам нима қилсин? Аламини ичига ютадию… “намунали лойиҳа”га хом-хатала ғиштларини, сербутоқ тахталарини ўтказворади. Иккинчи босқичида қурилишга қишлоқларда ишсиз юрган арзон ишчи кучи тортилади. Улар вақтинчалик бўлса-да иш топганига хурсанд, энг оз иш ҳақига ҳам мажбур ишлайди. Қарабсиз, бу икки сабаб билан усти ялтироқ ичи қалтироқ “намунали” уйлар анча арзонга битказилади.

Сўнг “бизнес”нинг учинчи босқичига ўтилади: хом-хатала ғиштию сербутоқ тахтасини ўтказган тадбиркор, фермер, савдогар, умуман қишлоқ пултопарлари бир куни гиламга чақирилади. “Намунали уйлар”дан битта-битта сотиб олиш “таклиф этилади”. Табиий, таннархидан икки-уч баравар қиммат баҳо айтилади. Қишлоқ аҳолиси учун бу нарх жуда баландлигидан ташқари, уйлар сифати қанақалигини ҳам билган тадбиркор, фермер, савдогар, умуман қишлоқ пултопарлари бирданига кўнмайди, олдинига ўзини сал орқага ташлаб кўради. Шу заҳоти қарши томон сиёсий ҳужумга ўтади: “Нима, сен президентимиз ташаббуси билан намунавий лойиҳалар асосида қурилган бу шинам уйлар ҳувиллаб ётишини хоҳлайсанми?!” Хуллас, уй айтилган баҳога пулланади!

Уйга мажбуран эга бўлиб қолган тадбиркор ё унинг хотини хижолатли илжайиб телемухбирга суҳбат беради: “Муҳтарам президентимизга раҳмат, бизга мана шундай шинам уйлар қуриб бердилар…” дейди. Худди бу уйни президент унга текин қуриб бергандай. Шунча қимматга ҳамда мажбуран сотиб олган уйим учун нимага президентга раҳмат айтишим керак, деб ўйлаб кўрмайди, уни шундай дейишга ундаган мухбирдан ҳам сўрамайди. Нимага? Чунки иккаласи ҳам сиёсий зийрак ‒ бу ишларнинг орқасини яққол кўриб туради.

Шунинг учун телесуҳбатдан олдин бир-бирига кўз қисиб, имо қилиб, жилмайиб қўйган бўлади. Тушунарли…
Камералар ўчирилганидан кейин эса… бир пиёла чой ва бир чўқим ош устида… турмушнинг тобора оғирлашиб кетаётгани ҳақида узоқ гангир-гунгурлашиб ўтиришади.

Телемухбир икки пиёладан кейин оғзи бўшалиб кетиб: “Битта маошга кун кечириб бўлмай қолди, қаламҳақи ҳам бир марта қорин тўйғазишга етмайди…” деб нолийди.

“Намунали уй” эгаси-тадбиркор мухбирнинг ишорасини англайди, албатта. Аммо иштаҳасини сал кесиш учун ўзи ҳам йиғи бошлаб юборади: “Ишлагани қўймайди… шилгани шилган… ҳали бу уйни одам қилишим учун яна шунча сарфлашим керак…”

Пойтахтда Оммавий ахборот воситалари ташвиқот карнайини қулоқларни қоматга келтиргудек варанглатиб, ўртада даллоллик қилиб, бу сариқ уйларнинг қийматини баттар ошириб туради! “Намунали уйлар” бизнесининг ёрдамчи тўртинчи босқичи ҳам бор. У кўпроқ маиший бўлиб, сиёсий пўписанинг ёнига тиркаб қўлланади. “Бу уйларда газ қишин-ёзин бўлади, чироқ ҳеч қачон ўчмайди!” деб сирли шама қилиб қўйилади.

Газ-чироқ масаласини давлат ҳал этмаса, бошқа биров қила олмаслигини биласизлар. Демак, “намунали уйлар” савдосида қинғирлик борлигини, “қишлоқлар ободлиги” шиори орқасида катта пул ўйнаётганини давлат тан олади бу билан.

Чиндан, “намунали уйлар”да доим чироқ бор, газ ҳам бериб турилибди. Бир неча йиллардан бери газ ва чироқ тахчил бўлган Ўзбекистон шароитида “намунали уйлар” ташвиқининг жон жойи шу ‒ газ, чироқ…

Сиёсатга ҳам бўй бермай, оғриниб турган зиқна бой газ-чироқни эшитиб чўнтагидан қандай пул чиқарворганини билмай қолади. Яна қайтараман, бу “лойиҳа”ни бошда ким ўйлаб топган бўлса ҳам, ома-лекин зўр ўйлаб топган!..

Хуллас, кўр кўзга ҳам кўриниб турган ҳақиқат бу: қишлоқда ҳам, шаҳарда ҳам қурилишлар табиий йўл билан, эҳтиёждан ва ҳар кимнинг дидидан келиб чиққан ҳолда бошланмагани, ўртада шахсий ташаббус йўқлиги, советчасига ва компаниявозлик билан ташкиллаштирилаётгани оқибатида деярли ҳамма иморат шаклан бир-бирига ўхшайди.

Ранги-бўёғи ҳам бир хил: ё сариқ, ё сариққа тортиб кетадиган жигарранг!

Қаерга борманг, тус бир хил: сариқ… сариқ… сариқ…

Қўқон сариқ, Андижон сариқ, Наманган сариқ, Жиззах сариқ, Самарқанд сариқ, Термиз сариқ…

Сариқ… сариқ… сариқ… сариқ… Ўзбекистон сариқ!

1438755909_9961ec6108ba7c4e998f5d3b3433229d(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com