Қирғизистон Ички Ишлар Вазири алмашди

Қирғизистон Ички Ишлар Вазири алмашди
135 views
04 June 2016 - 4:40

JunushalievЖўғўрқу Кенгаш 1 июнда Ички ишлар вазири лавозимига Қашқар Жунушалиев номзодини қўллаб қувватлаган.

Икки кун аввал собиқ вазир Мелис Турғанбаев кутилмаганда истъефо берганидан кейин, унинг ўрнига президент Алмазбек Атамбаев Жунушалиевни таклиф қилган.

Жамоатчиликка унчалик таниш бўлмаган Жунушалиев бунгача Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармасига раҳбарлик қилган.

Ички ишлар вазири лавозимига Қашқар Жунушалиевни президент Алмазбек Атамбаев буйруғи асосида таклиф этиб, ўша куннинг ўзидаёқ уни коллективга бош вазир Сўўрўнбай Жээнбеков таништирганидан кейин, уни бу лавозимга тайинланиши сир эмас эди. Шу сабабдан Жўғўрқу Кенгашда Жунушалиев номзоди кўриб чиқилаётганда, унга қалтис саволлар берилмасдан, депутатларнинг барчаси қўллаб қувватлаган.

“Ота Макон” фракцияси Жунушалиев номзодини муҳокама қилаётганда, партия раҳбари Омурбек Текебаев номзодни тезкор изланиш, ҳамда тергов бўйича тажрибаси деярлик йўқлигини, юридик олий маълумотни кейин олганини айтган.

“1984-86 йиллари Бишкек шаҳар милициясининг махсус мактабини тамомлаган экансиз. Шундан 16 йил ўтганидан кейин олий ўқув юртида тахсил олган деб турибди. Университетни сиртдан битирган экансиз. Ҳудудий терговчи бўлиб ишлаб, кўплаган туманлардаги терговчилар ишларини назорат қилиб, вазирликка келганда ҳам жамоат ҳавфсизлик бўйича бошқарма раҳбари бўлиб ишлабсиз. Вазир ўринбосари бўлганда ҳам ҳудудий терговчиларни назорат қилгансиз. Муҳим тезкор изланиш, тергов иши деган бор” – дейди депутат Омурбек Текебаев.

Қашқар Жунушалиев депутатга жавобан, ўрин босарлари билан биргаликда иш олиб боришликни, наъмунали вазир бўлишликка ваъда берган.

“Касбий фикри юқори бўлган, барча нарсани тушуна билган, ўз бошидан кечирган одам раҳбар бўлиши керак. Раҳбарнинг тўрт ўрин босари бор. Ўшалар ишларини жамлаб, уларни назорат қилиб ишлаган раҳбаргина наъмунали раҳбар бўлиб ҳисобланади” – дея тушунтирган янги вазир Қашқар Жунушалиев.

2014 йилдан бери Қирғизистон Ички ишлар вазирлигини бошқариб келган, собиқ раҳбар генерал-майор Мелис Турғанбаев истъефога ўз ихтиёри билан чиққанини, унга ҳеч қандай сиёсатнинг алоқаси йўқлигини айтган.

“Ўзим ариза ёзиб, истъефога чиқдим. Дам олмоқчиман. Мен лавозимимда умр бўйи турмайманда. Ўрнимга келган янги вазир ишларни давом эттираверади. Ҳозирча ҳеч қандай режам йўқ. Дам оламан, ухлайман. 2010 йилдан бери касбий таътилга чиқмаганман. Олти йил дам олмасдан ишладим. Оиламга эътибор қаратаман” – дея изоҳлаган эндиликда собиқ раҳбар.

Янги ички ишлар вазири Қашқар Жунушалиев собиқ президент Қурмонбек Бакиев даврида Иссиқ-Кўл, Чуй ва Боткен вилоят ички ишлар бошқармаси, ҳамда Бишкек шаҳар милициясида жамоат ҳавфсизлигига маъсул раҳбар муовини лавозимларида ишлаган. Ундан кейин Ички ишлар вазирлигида жамоат ҳавфсизлик бошқармасига раҳбарлик қилган.

2010 йили ҳокимият алмашганидан кейин ички ишлар вазири муовини бўлиб тайинланган. Жунушалиев ўша пайтдаги муовқат ҳукумат аъзоси Алмазбек Атамбаевнинг ҳамшаҳари эканлиги айтилиб келган.

ЎХҲ ахборот бўлими