“Душман қаршисида ким сабр қилса, у зафар топгай…”

“Душман қаршисида ким сабр қилса, у зафар топгай…”
29 views
05 June 2016 - 6:07

2-madinah-masjid-al-nabawi-4Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 50

(давоми)

УҲУД ҒАЗОТИ

Уҳуд тоғи Мадинага яқин, саккиз чақиримлик ердадур. Бу уруш шу тоғнинг олдида бўлганликдан, «Уҳуд ғазоти» деб айтилади.

Уруш бошланиши шундоқ эрдиким, бундан бир ярим йил илгари бўлиб ўтган Бадр урушида қурайш мушриклари қаттиқ енгилдилар. Алардин бир мунчалари шу урушда ўлдирилди. Ва бир қанчалари асир олиниб, бош баҳоси йўллаб қутулдилар. Қурайш халқининг тирикчилик турмушлари савдо-сотиқ ишларига боғланмиш эди.

Қиш кунларида Яман вилоятига, ёз кунларида Шом мамлакати (Сурия)га савдо карвонлари билан қатнашур эдилар. Йўллари Мадина устидан ўтганликдин, тўсқинликка учраб, тижоратларига халал етди. Ўтган урушда кўрган мусибатлари устига иқтисодий томондин ҳам оғирлиққа учрадилар. Буни кўришган Қурайш раисларининг қолдиқлари ёғилишиб Абу Суфён олдига келдилар. Аларнинг мусибатларига сабаб бўлган, Шомдан келтирилган карвон моллари шундоғича тегилмасдин, Дорун-Надва деган саройда сақланмоқда эди. Ул келган раислар Абу Суфёнга:

— Муҳаммад бўлса, бизнинг улуғларимизни ўлдириб, яхшиларимизни йўқ қилди, унинг устига савдо-сотиқ йўлларимизни ҳам боғлади. Бизнинг эндиги тилагимиз шулдурки, бу молдин чиққан фойдани эгалари олмасинлар, бу молни сарф қилиб, Муҳаммадга қарши уруш очгаймиз. Ўлганларимизнинг ўчини андин олгаймиз, Қурайш халқи бу уруш чиқими учун шу мол фойдасини чиқарсунлар, — дейишдилар.

Бу сўзни англашгандин сўнгра мол эгалари барчаси бир оғиздан розилик билдирдилар. Ҳисоблаб қарасалар, бу карвон молининг фойдаси эллик минг тиллога етди. Ҳаққа қаршилик қилиб очган урушларига бу мол ила ёрдам қилмоқчи бўлдилар. Барилари бир иттифоқ ила шу сўзга тўхталиб, уруш ҳозирлиги учун аскар йиғишга киришдилар. Ёлғиз Қурайш қабиласидан урушга ярамлик уч минг киши йиғилди. Аларнинг қондошлари Бани Мусталиқ, Бани Хун қабилалари қўшилдилар. Қурайш шоирларидан Абу Изза, Мусофий деганлари қабиладан қабилага ўтишиб, Исломга қарши шеърлар ўқишиб, халқни қўзғадилар. Уларнинг ташвиқлари билан Тиҳома, Кинона арабларидан келгувчи фидоийлар ҳам оз эмас эди.

Қурайш раисларидан Жубайр ибн Мутъимнинг Ваҳший номлик бир қора қули бор эди. Найза отмоқ машқини яхши олган эди. Беш-ўн қадам ердин найза отур бўлса, кўзлаган жойини уриб, ҳеч хато қилмас эди. Хўжаси Жубайр уни чақириб: «Агар ушбу урушда Муҳаммаднинг амакиси Ҳамзани ўлдирур бўлсанг, сен озодсан», деди. Чунки ўтган Бадр урушида унинг амакиси Туаймани ҳазрати Ҳамза ўлдирган эди.

Шунинг билан Қурайш қўшини қуролланиб, Мадинага қараб юриш қилдилар. Қочмасликка тўсқин бўлсин, деб аскар бошлиқлари хотунларни бирга олдилар. Чилдирма чолғувчилар билан аскарни урушга қиздирмоқ учун қўшиқчи хотун-қизлардин бир қанчалари уларга қўшилди. Қурайш шоирларидан Абу Суфён хотуни Ҳинд Ақаба қизи бошлиқ бир неча обрўйлик хотунлар эрлари билан бу урушга бирга чиқдилар. Араб одатича, хотунларини урушга бирга келтирмак «ўлиш бор, қочиш йўқ», демакдин иборат эди. Урушга кириш олдида баҳодирлар ичгали бир неча тулум чағир ҳам олган эдилар. Эрта-кеч қўшин кўчганда, йўл юраётганларида қўшиқчи хотунлар Бадр урушида ўлдирилганларни йўқлашиб, йиғлашур эдилар. Бунинг таъсиридан аскарлар ҳам йиғи-зори қилишур эди. Мана шундай қилиб, бутун аскарни борлик кучлари билан урушга солиш чорасини кўрдилар. Шу билан Қурайш қўшини юриб-ўтириб, Мадина яқинида «Зулхулайфа» деган жойга келиб тушди.

Энди сўзни Пайғамбаримиздан эшитинг.

Қурайш қўшини чиқмасдин илгариёқ бу ишдан хабар топдилар. Шундоқки, амакилари ҳазрати Аббос, Ғифор қабиласидан бир кишини ёллаб, Мадинага юборди. Бу киши келиб Расулуллоҳ билан яширинча кўришган сўнгида воқеа ёзилган хатни топшириб қайтди.

Сўнгра Расулуллоҳ тезлик билан икки кишини тингчи қилиб — йўл кузатмоққа чиқардилар. Бу чиққан соқчилар душман аскари яқинлашиб келган хабарини билдирди. Сўнгра Расулуллоҳ ансор ва муҳожир саҳобаларни йиғиб кенгашдилар. Бу тўғрида алардин фикр олдилар. Кейин ўз фикрларини баён қилиб, айтдиларким:

— Биз шаҳардин чиқмайлик, уруш ўринларини шаҳар ичида қуриб, йўлларга чеп (тўсиқ) боғлайлик. Ўзимиз шаҳардин чиқмай, чеп ичида аларни кутиб турайлик. Агар ғанимлар шаҳар ташқарисида бизни қамаб тургувдек бўлсалар, қийинчилик билан туролгайлар. Агар улар устимизга чопул қилсалар, Мадина йўллари биз учун очиқ, аларга ёпиқдур. Йўл бошларини тўсиб, урушгаймиз. Хотун-болалар том устидан ёрдам етказгайлар.

Расулуллоҳдин бу сўзни онглашгандин сўнгра бутун саҳобаларнинг улуғ ёшдагилари бу фикрга қўшилдилар. Лекин Пайғамбаримизнинг амакилари амир Ҳамза бошчилик кўпчилик ёш йигитлар, яна Бадр ғазотига қатнаша олмай, ўкиниб қолган кишилар айтдиларким:

— Ё Расулуллоҳ, бизлар шундай кун келгайму, деб кутмоқда эдик. Бу кунни бизга Худо етказди. Бизни душман қаршисига чиқарур бўлсангиз, тилагимиз шулдур. Агар шаҳардин ташқари чиқмас эрсак, биздин қўрқиб чиқмадилар, деб душманларимизнинг кўнгли кўтарилгай.

Бунинг устига ҳазрати Ҳамза айтди:

— Ё Расулуллоҳ, сизга Қуръон юборган Аллоҳ ҳаққи, душманлар билан шаҳар ташқарисида қилич чопишмагунча, буткул таом емагайман.

Яна ансор саҳобалардан Нуъмон ибн Молик:

— Ё Расулуллоҳ, бизни жаннатдин маҳрум қилмагайсиз, Худо ҳаққи, мен Аллоҳдин талаб қиламан, ушбу кунда шаҳид бўлиб, жаннатга киргайман, — деди.

Шунинг билан кўпчилик аскарлар, баҳодир ёш йигитлар ушбу томонда бўлиб, шаҳардин ташқари чиқмоқни талаб қилдилар. Аларнинг кўнгилларига қараб, Расулуллоҳ ҳам қабул қилдилар. Ҳижратнинг учинчи йили, шаввол ойидан ўн кун ўтгандин кейин, жума кунида бу воқеа бошланди. Расулуллоҳ билан жума намозини ўтадилар. Ўқиган хутбаларида уруш тўғрисида ваъз сўзладилар:

— Эй мўминлар, душман қаршисида ким сабр қилса, у зафар топгай, уруш майдонида ким чидамлик кўрсатса, ул ғалаба қозонгай. Душманни енгмоқ учун энг биринчи шарт чинлик-чидамлик билан душманга қарши турмоқдур. Агар булардин айрилмас экансиз, Аллоҳ ёрдами сиз билан бўлур, — дедилар.

Сўнгра Расулуллоҳ қуролланиш учун уйларига кирдилар. Қўшқават совут кийиб, қилич осиндилар. Бошларига дубулға кийиб, орқаларига қалқон ташладилар. Буни кўриб ёши улуғ саҳобалар шаҳардин ташқари чиқмоққа қизиқишиб турган ёш саҳобаларни маломат қилгани турди: «Расулуллоҳни ўз эрки ихтиёрисиз шаҳардин ташқарига чиқиб, душманни қаршиламоққа сиз мажбур қилдингиз, ҳали ҳам бўлса, Расулуллоҳни қайтаргайсиз. Ўз эркича иш юргазгай. Нима нарсани бизга буюрур эрсалар, бизлар шуни қилгаймиз» дедилар. Шу орада Расулуллоҳ уйларидан чиқдилар. Ёш саҳобалар:

— Ё Расулуллоҳ, бизлар ихтиёримизни ташладик, қайси ишни буюрсангиз, шуни қилишга тайёрмиз, — дедилар.

Анда Расулуллоҳ:

— Пайғамбар бўлган кишига ғазот нияти билан таққан қурол-яроғни, ул ишни қилмай туриб ечиб қўймоқлик лойиқ бўлмагай. Эндиги сўз шуки, биз билан душманимиз орасида, Аллоҳ нима ҳукм қилган бўлса, ани кўргаймиз, — дедилар.

Шунинг билан сўз кесилиб, иш бошланди. Расулуллоҳ раъйларини тўсган кишилар ўкиндилар.

(давоми бор)