Кўргилик вақти келиб қолган экан…

Кўргилик вақти келиб қолган экан…
110 views
07 June 2016 - 6:00

ff0c7bf1ab9fec20c06da7828a7513e1Алихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 47

(давоми)

Қочган кишидек эмас, саёҳатга чиққан бир кишидек бўлиб, чақирган жойга бормай туролмадик. Буни кўрган Турдиқоримнинг ранги қум ўчиб қўрққанликдан баҳона қилиб: «Фалон қишлоқда бир оғайни кишим бор эди, шу ерга бориб, Кучардаги уйимдан хабар олдирсам, бирор ҳафта ичида қайтиб келардим», деб мендан рухсат сўради. Қочоқ кишига ҳар ёқлама икки кишидан бир кишининг енгил бўлишини ўйлаб, қорига жавоб бердим. Бу киши кетгандан кейин Обилмироб билан маслаҳатлашиб, ҳар икковимиз жангал йўли билан Хўтанга ўтиб, у ердан Тибет орқали Ҳиндистонга кетмоқчи бўлдик.

Сафар жамолғаси билан бари иқим чиқимни ўзи кўтармоқчи бўлди. Ўзининг айтишича мол дунёси кўп, фарзанди йўқ, қадрдон хотини ўлиб кетган, кейинги хотинидан бола бўлмаган экан. Шунга кўра орқасида қоладиган, қайғургудек кимсаси бўлмагач ва ҳам золим босқинчи ҳукумат томонидан бизга ўхшаш қаттиқ таъқибга тушганликдан безор бўлиб, бошқа бир мамлакатга кетиш нияти бор экан.

Бироқ, ўзи давлат эгаси бўлгани билан ўз еридан чиқмаган, узоқ яқин сафар кўрмагани учун, қандай қиларини билмай турган вақтида бизнинг келиб қолишимиз бунга қулай бўлмиш эди. Ўзига ҳамдардлигимни онглагач, жони кириб, сафар ишини тезлатгани турди.

Тўғроқ жанггали йўлини юрганимизда икки уч кунлик сувсиз чўлни кесиб ўтишга тўғри келар экан, бунга хачирдан бошқа ҳайвон чидаёлмайдир. «Ўзимнинг 10 отга бермайдиган ишонимлик хачирим бордир. Сизга ҳам шунга ўхшаш бир хачир олишим керак. Яна шундоқ ваҳшатлик жанггал, чўл йўлларида кўп сафар қилган, бу йўлнинг ўй чуқурини яхши билган моҳир йўлбошчи билан ҳам уқушиб қўйдим», деб ҳар қанча қизиқтирган бўлса ҳам, нимагадир бу сафарга кўнглим ризолик бермай, кечиктириб турдим. Йўқ эса, сафар жамолғалари ҳар томонлама тўлиқланиб қўлга келтирилмиш эди.

Байт:

Кўргулук бўлса қаерда ани кўрмай чора йўқ,
Туз насибанг қайда тушса они тотмай чора йўқ,

дегандай, ҳар икковимизга ҳам кўргилик вақти келиб қолган экан. Бундан хабаримиз йўқ, биз унга чора излаб юрганимизда туюқсиздан кечаси келиб, Гўнангжуза жаллодлари дўстимиз Обилмиробни қўлга туширмишдур. Ётган жойимиз қишлоқдан четроқда бўлганлиқдан кечаси бўлган бу воқеадан хабар топмаган эканмиз, эрталаб келган Обилмироб инисидан эшитиб, ҳайрон бўлиб турсам, ўзимизга қарашлик яна бир киши: «Вай, ҳожим, уч тўрт кун бўлса ҳам, бу ердан бошқароқ жойга йўткалмасак бўлмайди», деб маслаҳат кўрсатиб, шу дамдаёқ мени яширин йўл билан 10 чақиримча қумлиқ ичидаги бировнинг қўрғонига элтиб қўйди.

Соқ бўл бек бўл билан кечани шу ерда ўтказиб, ортиқ туришга имконият бўлмагач, эртасигаёқ қайтиб мозорга келдим. Қарасам, ишлар бошқача бўлиб, ҳар хил сўзлар кўпайганини сездим. Шу кечалаб Обилмироб оиласига кўнгил айтгани ва ҳам улардан ўз тўғримда маслаҳат сўрагани бориб эдим, кўришган дўст кишилар бу ердан тезроқ кетишимга маслаҳат бердилар. Шунинг учун Обилмиробнинг қайниси билан бу жойга келганимиздан бери ошнолигимиз бор эди, бу воқеани англаб, аҳвол сўрагани келган экан, бу киши менинг ҳижолатимни кўриб: «Домлаҳожим, кўп хафа бўлманг, шу кечадан қолдирмай сизни Кучарга етказиб, ўз уйимда сақлайман. Бу ишлар бироз жимиққандан кейин маслаҳат билан сиз айтган жойга етказиб қўйишга ҳам яраймиз», деган сўз қилиб эди, анчагина кўнглим кўтарилди.

Шу кеча ваъдалашган жойга миробнинг ўгай ўғли бояги мақтовлик хачир қўшган мапани (Хитой аравасини) келтиргач, чўнг йўлни қолдириб, чўл билан тўхтовсиз юриб тонг отар вақтида манзил жойимизга етиб келдик. Йўл билан, кишиларнинг айтишича, 100 чақиримча юрган ўхшаймиз. Ичкари Хитойдан мапа билан бир кунда 100 чақиримдан ортиқ йўл юрадиган 10 ёмбулик асл хачирлар борлигини эшитган эдим, шу сафаримда ўз кўзим билан кўрдим. Йўл юрганда ғамза билан рақсга тушгандай қулоқларини ўйнатиб, оёқ босгани билинмай елкан кема кетгандек, қамчи урса учгандек, бечора мироб бунга 10 от эмас, ҳар қанча баҳо қўйса ҳам арзир экан деб, Хиндистон сафари ёдимга тушгач, афсусланиб кўнглим бузилмиш эди.

Кечагина бирга юрган жон йўлдошимизни ўғрига олдириб, узун сафарга аталган 10 отлиқ улоғини мен миниб, қочган жойимга қайтишим қайси балони менинг бошимга келтирур экан, деган қайғулик ўй билан белгиланган уйга кириб ўлтирдим. У ёқ бу ёқ кўча кўйга чиқишни қўйиб, чилла ўлтирган кишилардек, тоат ибодатга киришгани турдим.

Мозорда турган кунларимда асли кўна (эски) турпонлик, Кошғар мадрасаларида ўқиган, ўзига яраша илми бор, халқ оғзида «қозиохун» аталмиш Мулланиёз номли бир киши мендан дарс ўқиб юрган эди. Мозор маҳалла одамлари бу воқеа бўлиб биздан ажраганлари учун қайғуришиб, хафаланган эканлар.

Биз кетиб 10 кунча ўтгандан кейин ҳар қандоқ бўлса ҳам йўқлаб келишимиз керак деб, қирқ эллик сўм пул билан қози охунни бизга юборибдилар. Биз билан кўришиб боргандан сўнг қараса, ҳукумат томонидан ортига тушган киши бўлиши керак: «Қаёққа бординг, пул берган олган кишиларни кўрсат, у билан кимлар алоқа қилган?», деб охуним бечорани қаттиқ қийнаб сўроқ қилган экан, қийновга чидаёлмой жон аччиғида ҳамма сўзни ортиғи билан айтиб берибди. Сўнгра Гўнангжуза хитой жаллодлари мозор маҳаллага келиб, биз билан алоқа боғлаган кишиларни қийин қистовга олиб: «Қани, у одамни топинглар?» деб сиёсат қилса, кўрқишиб турган қишлоқ халқи: «Шу киши бўлади», деб қозини кўрсатибдилар.

Бу воқеадан хабарим йўқ, қози келиб бирор ҳафта ўтгандан сўнг, қўшхонамда ёлғиз қолиб зерикканимдан, бизга яқин маҳаллада кўп йиллардан бери турғун бўлиб қолган бир андижонлик киши бор экан, уни кўришга хумор бўлиб, боғига бордим. У ҳам ўз юртлигини соғинган бўлиши керак, акаука топишгандек қучоқлашиб муҳаббат билан кўришдик. Яна ўз оғайниларимиздан ғулжалик Турсунбой мен билан кўришиб Ғулжага қайтмоқчи экан, у ҳам келиб биз билан ўлтирди. Мана шу орада ўзаро ғимир шивир бўлиб, қулоғимга совуқроқ сўз эшитилиб қолгач, ҳадик олиб ташқарига чиқдим. Икки ёш бола олдимга югурганича келиб: «Сизни излашиб юрибдилар, Гўнангжуза кишилари қўшхонангизга кириб кетди», деб хабар беришиб қолди.

(давоми бор)