Санъатни, маданиятни тушунмаяпманми?

Санъатни, маданиятни тушунмаяпманми?
24 views
08 June 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(32-қисм)

Ўн биринчи шох: Катта Мачитда катта ашула

Ташқарида қор. Дўрмоннинг тоза ҳавосидан симириб, оёқ чигилини ёйиб юрсам, орқа томондан бир мошина кела бошлади. Қарасам, “Матиз” экан.

Узоқданоқ қанақадир қўшиқнинг варанглаган шовқини, мусиқа асбобларининг гуп-гупи мошинага сиғмай, эшик тирқишларидан ташқарига тошиб-сачраб келарди. Ёнимдан янаям бўкириб ўтди. Сўзлари маъносини англай олмаган бўлсам-да, сезишимча, нимадандир куйган бир йигит жазавага тушиб, янги чиққан рэп услубида бирнималар дея жигар-бағрини мижғилаб ётибди.

Олдин ҳам бир-икки эшитганим бор. Одатда рэпда: “Ундай қилдим-бундай қилдим… нега келмадинг? Математикадан икки олиб юрибсанми?.. Ахир мен сени тўйга обормоқчи эдим-ку?! Куз келди-куз келди, куздан кейин қиш келди…” каби пойинтар-сойинтар гаплар бўлади. Умуман маъно бўлмайди. Ашула ҳам эмас, фақат шовқин ва шу шовқин ичида жиннича олди-қочди гаплар…

Бирдан хаёл қочди, улуғ минбарлардан тез-тез янграб қоладиган, рэп сўзларини эслатувчи пойинтар-сойинтар, маъносиз нутқлар эсимга тушди: “керак бўлса…”; “нимага деганда…”; “ривожланиб осмонларга чиқиб кетишимизга ким бизга ҳалақит қиляпти?!”; “тўғри айтяпманми-йўқми?!”; “нимага қарсак чалмаяпсизлар?!”

У ёғига ўта олмайман… у ёғига чуқур кетмаган яхши… Оллоҳ кечирсин… Дарров хаёлимни чалғитдим. Чалғишга чалғиди-ю, ўрнига… энди нимагадир ашулачи Гугуша хонимнинг овози келди.

Тўғри, у рэп айтмайди, ўзича “баланд савия”даги қўшиқлар куйлайди. Ҳатто кўрик-танловларга қўйила оладиган! Олий мукофотларга лойиқ! Айниқса, Амрикаданми ё бошқа бир гўрданми режиссур билан чаққон “шайтон-ўйинчи” опкелиб, клип ясалса борми!.. Бухоро жинкўчаларида… Мачит ҳовлисида… Минора зинасида… Ё мадраса томида (“Бошқа ерлар қуриб кетган!”)… Милён-милён дўллар сарфлаб…

Астағфируллоҳ, ўзимнинг гапларим ҳам рэп сингари пойинтар-сойинтар бўлиб қоляпти ‒ боғдан бошлаб, тоққа ўтлаб кетиб қоляпман. Хуллас, гап Бухорои шарифда, Тошкенти азимда ва яна аллақаёқларда суратга олинган клиплар ҳақидадир. Олдин сўзни Бухоро клипидан бошлаймиз.

Режиссур катта пулга қайси очиқ мозордан ёллаб келинган бўлса, ўйинчи-“шайтон” ҳам ўша мозордан. Клипни кўриб, ашуланинг “шайтон”га, “шайтон”нинг Гугуша хонимга, Бухорои шарифнинг палид режиссурга, палид режиссурнинг Масжиди Калон, Минораи Калон ё Аркка… булар ҳаммасининг ўзбек халқига нима тегишлиси бор, деб роса ўйладим. Ўлай агар, тополмадим.

“Замондан орқада қолдимми? Санъатни, маданиятни тушунмаяпманми?” деб ҳам хавотирланаман. Ундай десам, клипни кўрган деярли ҳамма шундай деяпти. Биронта мақтов эшитмадим.

Клипда бор-йўқ нарса маъносиз майингина товуш, турфа очиқ-сочиқ кийимли хоним, эскидан қолган қимматбаҳо мошин ва анави “шайтон”нинг чопа-чопи, холос. Бошқа ҳеч нарса йўқ. Нотиқнинг рэпидан ниманидир англаса бўлади, у ҳарҳолда ўзбекча гапиради, “ашиллачи Малика”никини умуман тушунмайсиз.

Хонишлари, ёнишлари, нолишлари ўзбекча тугул, ўрисчаяммас. Ғояси ҳам, руҳи ҳам, сенарийи ҳам, шаклу шамоили ҳам турган-битгани бизга бегона! Яримяланғоч баданга узун кўйлак… тўнқайтирилган гўдак думбалари каби (Абдулла Қаҳҳор ўхшатиши) яланғоч мамма… хўрланган Катта Мачитнинг хўмрайган устуни ва деворлари… оёқости қилинган мачит айвони… зўрланган Катта Миноранинг айланма зиналари… неча асрлар илм-фан ўчоғи бўлган Мир Араб мадрасасининг тепкиланган томи… ва Бухоронинг қадим тарихига гувоҳ Аркнинг ҳайрону лол жинкўчалари…

Аммо-лекин туйғуларга эрк бериб юбориш ҳам хавфли! Ичимдан ўксинаман. Манави лаънати “шайтон” клипга тушаман деб “Масжиди Калон”имни, “Минораи Калон”имни, “Мир Араб” мадрасамни, “Арк”имни роса оёқости қипташлабди-ку, деб юборишдан ўзимни зўрға тияман. Ахир, клип юрт эгасининг қизига тегишли-я! Нақ бошим кетади! Бир илож қилиб, иллат эмас, ҳикмат ахтаришга уринаман:

“Масжиди Калон томидан югургилаб бориб, Минораи Калоннинг қорнига бир тепиб, шаталоқ отиб ерга сакрашларини қаранг! Мадраса томидаги қуббалар узра ўмбалоқ ошиб чопишлари-чи!” дейман чапак чалиб.

Бу “шайтон”и қурмағур ўзиям роса яйради-е! Юртимизга чўнтагидан пул чиқариб оддий сайёҳ бўлиб келса ва, орқамга қизил дум осиб томларингда шаталоқ отмоқчиман деса, нима бўларди? Ҳамиятли мусулмон элим икки дунёда ҳам рози бўлмасди! “Ҳар бир юртнинг муқаддас ерлари, туйғулари, қадриятлари бор, бу айтган жойларинг бизнинг маънавий илдизларимиздир, сендай бир ювуқсиз-ғуслсизга уни топташига йўл қўймаймиз!” деган бўларди.

Аммо у четэллик “шайтон” роса айёр экан, “Ислом динининг қуввати” бўлмиш шарафли Бухоромизга оддий сайёҳ бўлиб эмас, нақ Хоним Малика Гулнора Каримова (ашулачи Гугуша)нинг қўлтиғи остида, пул сарфлаш нарёқда турсин, аксинча, катта пулга ёлланиб кириб келди! Ва… “шайтон” қиёфасига кириб, муқаддасотларимизни ҳаром оёқлари билан бир-бир тепкилаб чиқди!

Кўриниб турибди, ҳеч қайси кинода бунақа яйраб ўйнаб бермаган бўлса керак ўзиям! Мусулмонларнинг диний туйғулари устидан кулишга, ота-боболаримиз меросини аямай топташга, шундоқ ҳам аросатда қолган халқни баттар хўрлашга, диний-миллий руҳини синдиришга бундан қулай имконни топиб бўладими?! Бунинг учун Хоним Малика Гулнора-Гугушадан бир умр миннатдор бўлиб ўтса керак бу лаънати “шайтон”!

Яна бир гап. Ўзбекистонда аёлларнинг мачитга бориши тақиқланган. Ҳар-ҳар замонда меҳроблардан “Аёллар мачитга келмасин!” деб турилади. Лекин энди билсак, мачитга аёллар намоз ўқиш учун келиши мумкин эмас экан, ашула айтиш учун кирса жоиз экан. Намозга адашиб келиб қолса, бетига дарвозани ёпамиз, ашула учун эса, марҳамат, эшигию туйнугини ҳам очиб берамиз. Хонақоҳи ҳам, саҳни ҳам, айвони ҳам, томи ҳам ашулага ва ашулачига ҳалол. Ҳатто намозга чақириладиган минорасига чиқиб инглизча шилта ашула айтса ҳам бўлади!

Мачитга ўраниб, динимиз талаб қилган кийимда кириш тақиқланган, ашулачи Гугуша хоним каби сочларингизни шаршара қилиб киринг, сўлқилдоқ кўкракларингизни оламга кўз-кўзлаб киринг ‒ бунақасига
рухсат!

Масала китоблари: “Мачит Оллоҳнинг уйи, бу ерга Оллоҳга қулликни билдириш (ибодат) учун келинади. Мачитда ҳатто дунёвий гаплар гапирилмайди”, дейди.

Бўларкан-ку, гаплашиш тугул, ашула айтса ҳам бўларкан-ку! Эски олимлар оғзига келганини ёзаверган экан-да, мана, бугунги олимлар Масжиди Калонда айтилган “Ашулаи Калон”га индашмаяпти-ку! Демак, мумкин экан. Бугун – ашула, эртага… шу билан ке-ет-ти!..

Яна бир гап: аёл киши мачитга бошқа пайт кира олса ҳам, узрли (ҳайз, нифос) ҳолатларда киролмайди – ҳаром. Мабодо клип суратга олинган кунлари… Кўнгил кир бўлгани қолди. Билмадим, “шайх”ларимиз масала китобларидан рухсат топиб беришган бўлса, биз омилар нима ҳам дея олардик.

Бир мен эмас, сезишимча, бутун мамлакат ҳайрон: уламо-суламомиз билан қўшиб ҳисоблаганда бирортамиз ғинг дея олмадик! Шуниси одамга алам қилар экан.

Ўшандан бери бу клип навбатма-навбат Ўзбекистон телеканалларида ҳар куни ўн марталаб кўрсатилади, лекин бирнима дейишга тилларимиз калимага келмайди. Тушовлаб ташлангандай гўё. “Муқаддас ерлар”, “муқаддас туйғулар”, “муқаддас қадриятлар” ҳақидаги баландпарвоз гапларимиз, оташин нутқларимиз эсларимиздан чиқди. У туйғулар топталди. Пийпаланди. Ўзимизни чорасиз, етимча, кўчада қолган ҳис этдик…

Бундан кейин ашулачи Гугуша хоним яна битта клип қилди. Балки яна ўша режиссурдир, балки Бухорода “шайтон” рўлини ўйнаган яна ўша эпчил йигитдир. Балки улар эмасдир, бошқаларидир. Аммо маккорликда олдингиларидан сира қолишмайди.

Бунисида туппа-тузук ўзбек ўйинчи (актириса)си ҳам қатнашибди; шу клипда иштироки билан юзига лой чаплабди. Лип этказиб бир кўрсатиб қўйилганидан, тахминимизча , воқеа Тошкентда – эски ва ташландиқ “Чорсу” (яна ҳам эски оти “Москва”) меҳмонхонасининг ташландиқ бир қаватида кечади. Ашулачи Гугуша хоним бузилган-тўзғиган бетон бўлдаклари ўртасида олдинига ўтириб, кейин тикка туриб олиб, ҳамма ашулачи аёлга хос муқомлар ила қўшиқларини куйлайдилар, анов “шайтон” йигит қаерлардандир писандсизларча юриб келаверади. У ёқ-бу ёққа нафратли қарашларини йўллаб қўяди. Оғзини карракдек очиб, жуда хунук бирнимани ифодалайди. Ора-орада белидан тепаси яланғоч ҳолда ташландиқ меҳмонхона ичида пайдо бўлиб қолади. Шу онларда бир ёқимтойгина ўзбек аёли ҳам кўринади. Қулоғида ва бўйнида хоч тасвири туширилган тақинчоқлар…

Клипда бу аёлнинг вазифаси нима бўлганини очиқ билиш қийин, лекин у нуқул ҳалиги йигит томон юради, унга талпинади. Ўртада йигит яна оғзини каррак қилади… бир босқон билан бу ташландиқ бинонинг ташландиқ устунини уриб синдиради… йигитнинг ҳар бир маънисиз қилиғини ёқимтой ўзбек аёли чексиз қувончли жилмайиш билан қаршилаб-қўллаб туради… яна “шайтон”ни назарда тутибми, энди қўрқинчли бир қоп-қора башара ҳам пайдо бўлади… у “шайтон-башара” оппоқ сўйлоқ тишларини кўрсатиб икки марта тиржаяди ҳам… нималардир деб ғўлдирайди… кейинги гал катта-катта, оппоқ тишларнинг ўзини кўрасиз…

Ашулачи Гугуша хоним узун қоматини худди эртакдаги илондай тўлғантириб, берилиб инглизча қўшиқни куйлашда, Амрикалик “шайтон”-йигит эса бузғунчилигида давом этади. Олдинига катта бир дераза ойнасини парчалаб ташлайди… ўзбек аёли завқланади! Сўнгра ташқарида қанақадир бир телевизорни кўтариб ерга уради… ўзбек аёли шавқланиб кетади! Маъносини англаш қийин. Ғарб(лик йигит) Ўзбекистонда “Москва”нинг қолдиқларини бузяпти, деб рамз қилинган десангиз, юзига “шайтон” ниқобини тортиб олиб тиржайишларида қандай рамз бор экан? “Москва” оти, майли, Ўрусияни билдирсин, телевизор, майли, эски мафкурани билдирсин, “Чорсу” оти ғирт Ўзбекистон-ку! Ўзбекистоннинг ҳам эски устунлари бузиладими энди?!

Ёки, бундан бу ёғига Ўрусия ҳам, Ўзбекистон ҳам йўқ, буларнинг мафкураси эскирди, қадриятларини (телевизор) кўчага чиқариб пачақлаб ташлаш пайти келди, энди янгизамон – шайтонпараст (сатанист)лар замони келди, демоқчими?!

Ёқимтой аёл тимсолидаги Ўзбекистон “шайтон”-йигит тимсолидаги Ғарб билан йўлнинг ўртасида бирлашди – бундан кейин энди мана шунақа бўлади, демоқчими?!

“Шайтон”-йигит (Ғарб)нинг ҳамма қилғилиғини ўзбек аёли (Ўзбекистон) ёқимтойгина қараш ва кулдиргичли жилмайишлар ила олқишлаб туриши худди тахминимизни тасдиқлаётгандай. Охирроғида бу ёқимтой ўзбек аёли анов “шайтон”-йигитнинг елкасига оҳиста қўлини қўйиб, бузди-бузалоқлар ва нариёғи кўринмайдиган қоронғиликлар ичра қаёқларгадир бахтиёр кўз ташлайди. Шундай қилиб икки ёш мурод-мақсадига ет… …йўқ, бу эртак-клип ҳали тугамади. Охири жуда қизиқ. Рамзларнинг энг кучлиси ҳам шу саҳна бўлса керак.

Ғарблик бузғунчи ниҳоят ичкаридаги катта бир тошойнага (бунисини нимагадир синдирмаган!) етиб келади. Унга ғолибона боқиб турса, ойнакда у “шайтон” қиёфаси ўрнида секин Гугуша хоним акси балқиб чиқади. Клип шу саҳна билан тугайди. Ана маъно! Мана ғоя!

“Бухоро” клипи “шайтон”-йигит ва ашулачи Гугушанинг мадраса зардевори устида топишиши билан тугаган эди, “Тошкент” клипи ҳам охирида ғарблик “шайтон”-йигит билан ашулачи Гугушанинг ойна қаршисида топишиши билан якун топади!..

Хуллас, халқимиз туйғуларини, руҳониятини, Ватанимиз тимсолларини ҳақоратлашда “Тошкент” клипи “Бухоро” клипидан қолишмайди!

Тахминимизча, у келгинди режиссур билан у ўйинчи йигит чўнтагини роса қаппайтириб, аммо устимиздан армонсиз кулиб кетган бўлса керак. Бу икки сюжетдай аҳмоқона сюжет биронта ватандош клипчимизнинг хаёлига ҳам келмаслиги аниқ. Миясини қурт еб қўйган бўлса ҳам, биронта ўзбек бунақа ҳақоратомуз клип ярата олмас эди. Чунки улар барибир ўзлигига борарди. Шу боис ҳам клипчиларни четдан ёллашга тўғри келгани кўриниб турибди.

Энг камида, охирги мана шу икки ҳодиса Гугуша-Гулнора Каримованинг миллатга ҳам, Ватанга ҳам, қадриятларимизгаю динимизга ҳам, бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон деб аталмиш азиз бир муқаддасотга ҳеч қандай боғлиқлиги йўқлигини очиқ-ойдин кўрсатди.

“Ашиллачи” Опачамизнинг ижод булоқлари очилиб кетдими, бир клипига муносабат билдириб улгурмасимиздан иккинчиси, иккинчисини хазм қилмасимиздан учинчиси чиқиб кетяпти.

Учинчисига энди машҳур фаранг қочоқ ўйинчиси Депарде ҳам ёлланибди. Бутун қўшиқ давомида у Гугушага ҳамдардлик билдириб туради. Ўзининг тилида (экзотика!) ғўлдираб, янги “шогирди”га нималарнидир доим ўргатади. Ашулачи Гугуша эса, она тилида ўрисчалаб, тақдирини тушунмаётганидан нолийди. “Нимага ахир?” (“Но почему-у?”) деб хўрсиниб-хўрсиниб қўяди.

Депарде фарангчада бирнималар деб унинг кўнглини кўтаришга уринади: “Қўявер, Маликам, хафа бўлма, сен бу оламнинг аёли эмассан! Бу оламга сиғмаяпсан, бу олам сенга торлик қиляпти. Сен Ғарб маданияти руҳида тарбия топган замонавий аёлсан! Миллий қобиқлар сени сиғдирмаса, сен унга киришга ҳаракат қилма, аксинча, миллий қолипларни буз, ёриб чиқ ва ўзингга мослаштир, сўнгра ҳамма сенинг қолипингга кирсин!” деб маслаҳат берди шекилли,

Опачанинг юзига майин табассум ёйилди, эрка қараш қилиб қўйди. Депарде ҳам охирида курсисида ўтира олмай қолди, туриб Гугушанинг қўлини тутди: “Мана, менким фаранг Депарде, қўлингни ўпиб тасдиқлайман: сен фаранг аёлидан-да фарангроқсан!”

Лекин шунча тиришаётганига, милёнлаб мухлиси қуршаб олганига қарамай, Шарқнинг бу “фаранг” аёли теварагида ўзини тушунадиган бир кимса йўқлиги (“…пустота”), нимагадир осмон ҳам индамаётганидан ҳайрон эди. Ҳар икки гап бирида “Небо молчит… Небо молчит…” деб шикоят этишлари бекорга эмас, ахир.

“Небо молчит”ни яна бошқа маънога йўйса ҳам бўларкан: “Бу атрофда битта менман! Мендан бошқа кимса йўқ! Тақдир мени шундай танлади (“Это судьба-а”)! Бошқалар буни тушунмайди (“Не отгада-ать”)! Нима қилсам ҳам, биров мушугимни пишт деёлмайди, хоҳлаганимни қиламан, кўнглим тусаган кўчага кириб чиқавераман, осмон (Оллоҳ) ҳам менинг йўлимни тўсолмайди” (“Небо молчит”)!..

Биринчидан, эй Опача, “Небо” молчит қилаётгани йўқ – ҳаммасини кўриб турибди, ҳаммаси у чизган чизиқдан кетяпти! Сизнинг назарингизда агар ҳозирча “молчит” қилиб турган бўлса ҳам, “молчания”си “Небо”нинг лоқайдлигидан эмас, сабридандир, сабри кенглигидандир. Алданиб қолманг тағин, Опача.

“Небо”нинг одати шунақа – гуноҳига тоза ботиб олсин деб бирон муддат “молчит” қилиб туради. Туради-туради-да, бир куни бир ўкиради! Бир уради! Ҳеч кутмаган кунингиз даҳшатли “гроза”лари, “молния”лари, “буран”лари, “торнадо”лари билан бир тутиб қолади, албатта! Ўшанда, калта ақли билан, ҳеч нарса бўлмаяпти-ку, дея чучварани хом санаб юрганлар қочгани жой топа олмай қолади!..

Эслатма: Биз “шайтон” сўзини, асли эмаслигига ишора ўлароқ, атай қўштирноқ ичига олдик. Чунки асл шайтон: “Мен бунақа аҳмоқона ишлар қилмайман. Мен Раббимнинг изни-ла фақат одамлар билан шуғулланаман, мачитлар, мадрасалар билан ишим йўқ – ичига ҳам кирмайман, томига ҳам чиқмайман. Мен қинғирликка чорлайман, холос, мажбурламайман. Одамлар ўз ихтиёри билан қилади бунақа разил ишни!
Қолаверса, мен ҳеч қачон ниқобланмайман, асл юзимни яширмайман – бошда шайтон эдим, қиёматгача ҳам шайтон бўлиб қоламан, одамлар у – менинг орқамга ўтиб, мен билан ниқобланиб иш қилади! Менга туҳмат қилма!” деб устимиздан даъво очиб қолиши ҳам мумкин. Шу маънода асл шайтонни ясамасининг қилмишларидан қўштирноқлар ила қўришимизга тўғри келди.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com