Йиқилмасми, ўлим қалъаси?

Йиқилмасми, ўлим қалъаси?
119 views
09 June 2016 - 6:00

Цветочек-свободыБек Мурод 

Йиллар азоби

Тўқсонинчи йиллар шеърияти

Жумбоқ

Ўйнашади, дор ва нур,
Жаллод болта ушлар чоқ.
Ёнмоқ истайди шуур,
Болта чопмоққа муштоқ.

Ғам кўрмаган шод бўлмас,
Шодлик ғамнинг боласи.
Оқ ранг бўлсин, қора ранг,
Бир-бирининг сояси.

Қуёш тунларнинг қаърин,
Ёрмоқ билан овора.
Яхши ютади дамин,
Ёмон чалар, ноғора.

Шундай келар, минг йиллар,
Шундай кечар бу дунё.
Қани у бийрон тиллар?
Кўзлар кўргани, рўё.

* * *

“Эрк” қўшиғи   

Озод кунларини эслаб ҳар нафас,
Узун кечаларда, сайрайди бир қуш.
Унинг ўлкасига ҳукмрон  қафас,
Ўтказган дамлари бугун рўё, туш.

Миршаблар панжара, устунлар эгов,
Кўнгил фарёдлари бермайди садо.
Умидлар – супурги, армонлар – касов,
Хорликлар жонларни этади адо.

Ҳар кун бўй чўзади “Эрк” деган дарахт,
Япроқлари девор оша билмаслар.
Таланган хаёллар мусофир, карахт,
Фикратлар сузилиб, уча билмаслар.

Панжарадан нари тўрт қават девор,
Баъзида тирқишдан сизар,  Эрк иси.
Юракларни этиб, шундай умидвор,
Кирлаган тошларнинг ўзгармас туси.

Парчаланмайдими, зулм занжири?
Йиқилмасми, энди, ўлим қалъаси?
Ёнмасми, куймасми, зулмкор тузум,
Дунёни тутмасми, мазлум наъраси?!

* * *

1992 йил

Тўлғонади, дарддан сатирлар,
Бўшангандан инмайди бир ниш.
Хотиралар унутар, Эркни,
Чўкаётган чўққилар, таниш.

Қамишларга тирмашиб оқар,
Жўшиб оққан дарёлар, элас.
Халқда истак бўлмаса агар,
Минг чиранма, тафаккур, абас.

“Ошкоралик” шамоли бугун,
Аталмоқда “Тарихий хато”.
Кулаётган “Озодлик” забун,
Кўкрагидан ўқ еди ҳатто.

Кичрайтириб, Шўролар ерин,
“Мустақил” деб, қилдилар эълон.
Каримовга эл бўлди, тутқун,
Доғда қолди юрт – Ўзбекистон.

* * *

(давоми бор)