“Билмаган ишнинг кетидан юрма”

“Билмаган ишнинг кетидан юрма”
197 views
09 June 2016 - 5:00

255Абдурауф ФИТРАТ

НАЖОТ ЙЎЛИ

(45-қисм)

Турли хил санъатлар.

Бу санъат соҳибларига табиблар, муҳаррирлар, муаллимлар, мирзолар, ҳукумат маъмурла-ри ва бошқалар кирадилар.

Маълумки, юқоридаги уч хил касб ва соҳалар учун анча сармоя керак, шунинг учун у соҳаларни бир киши ишғол қила олмайди. Сармояси ҳисобли бўлган шахслар шу турли хил соҳаларга эга бўлишлари зарур, зеро ҳалолни талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун вожибдир.

Шу соҳаларнинг ҳар бирида жамият учун турли фойдалар мавжуд. Бир миллат орасида бир қанча табиб, бир қанча муаллим, бир қанча муҳаррирлик, бир талай ҳукумат маъмурлари борлигига ҳеч ким шубҳа қилмаса керак. Уларсиз бир миллатнинг боқийлиги, умуман, мавжудлиги мумкин эмас.

Биноанлайҳ, Имом Ғаззолий «Иҳёул-улум» китобининг аввалида бу соҳаларнинг ҳар бирини, ҳатто сартарошлик санъати ва дарбонликни ҳам фарзи кифоя деб ҳисоблайди. Лекин, диққатга сазовор жиҳати шуки, ҳар ким қўлдан келмайдиган касбни ташлаб, қўлидан келадиган ҳунарни қилиши керак, токи дунёю охиратда расво бўлмасин.

Масъалан, баъзи бир табибларнинг мешкоблик (сув ташишлик) қилиши шу қадар бемаъно ва номуносиб; бир хил мурч сотиб ўтирганларнинг табиблигини кўриб ҳам кулгинг, ҳам нафратинг келади; бир хил мударрислар сарбозлик қилишлари қанча нолойиқ бўлса, бир нафар бесаводни мударрислиги ҳам танқиду дашномга лойиқдир.

Қуръони каримда шундайлар ҳақида қуйидаги оят келган: «Билмаган ишнинг кетидан юрма, зеро кўз-қулоқларинг ва қалбинг шу ишга масъулдирлар».

Шахсий хизматларни хизматкорлар, ҳаммоллар ва бошқалар бажаришади. Юқорида таърифи келтирилган касб ва соҳаларни эгаллашга қудрати етмаганлар мумкин қадар ўз инсоний шарафларини поймол этмасдан, одамлардан нарса тамаъ қилиб гадойлик қилмасдан, бирор-бир шахсий хизмат билан шуғуллансинлар. Аммо доимо тараққиёт умидида бўлиб, мартабаларини кўтариш учун мудом ҳаракатда бўлсинлар. Бунга эса сидқу ростлик билан эришиш мумкин.

(давоми бор)