Уйингни сот, молингни сот – бозор оч!

Уйингни сот, молингни сот – бозор оч!
86 views
09 June 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(33-қисм)

Ўн иккинчи шох: Капитализм

Илгари яшаб кўрмаганимизгами, капитализмнинг феъл-атворига ҳеч тушуниб бўлмаяпти. Ўз вақтида сўсиализмни ҳам тузук-қуруқ англаб етмаган эдик. Кўпга бормай тугаб қолди.

Давлатда сўсиализм ҳукм сурганига қарамай, уйимизда мусулмончилик яшар эди. Ҳар ишни бисмиллоҳ билан бошла… ўнг қўлинг билан ушла… уни қилма – гуноҳ… буни ема – ҳаром… бировнинг ҳақидан қўрқ… намоз… жаннат… дўзах… ҳақларида гапириларди.

Сўсиализм кўчада, мактабда, ишхонада, майдонларда яшарди. Кўчага чиқишимиз ё мактабга боришимиз билан: “Уйда айтилган гапларга ишонманглар, улар бари эскилик сарқити”, дейиларди. “Оллоҳ йўқ, жаннат йўқ, дўзах йўқ, ҳаммаси эртак. Сўсиализмда бировнинг ҳақи йўқ, фақат давлат ва умумхалқ мулки бор”, деб ўқитилар-уқтирилар эди.

Бугун энди кўчада, мактабларда, олий ўқув юртларида, майдонларда ва минбарларда “капитализм”, “бозор” деган сўзлар айланиб қолди.

Мусулмончилик яна уйларга кириб кетди. “Ҳар ишни бисмиллоҳ билан бошла… ўнг қўлинг билан ушла… уни қилма – гуноҳ… буни ема – ҳаром… бировнинг ҳақидан қўрқ… намоз… жаннат… дўзах…” каби гап-сўз яна қайтиб уйларга кириб кетди. Ҳатто мачитларда бу гаплар эҳтиёт бўлиб айтилади. Кўчада эса, асосан капитализм ҳукмрон.

Бу “капитализм” деганларининг асосий мақсади нима ўзи? Маркс нима деб тушунтиргани эсимда йўқ, қоралагани аниқ. Капитализм тарафдорлари уни ўлиб-тирилиб оқлагани ва ҳалигача оқлаб келаётгани ҳам аниқ. Бизга бу капитализм ҳозирча бор юзини очиб улгурмагани учун тиниқ таниб бўлмаяпти. Лекин илк кўринган аломатларидан ҳам унга қисқа ва лўнда таъриф берсак бўлади. Яъни: Капитализм – чўнтаклардаги ёки кўрпача қатларидаги бировнинг пулини нима қилиб бўлмасин қўлга киритиш. Аммо пул битта чўнтакда, унга тикилган кўз ва оламан деб чўзилган қўл сонмингта. Нима қилиш керак?

Олишнинг ёввойи усули – масалан, бозорларда, вокзалларда, учоқ қўналғаларида махсус кийим кийиб турволиб, чўнтагида пули бор ёки узоқларга бориб пул ишлаб қайтган шўрлик ватандошдан биронта “айб” топиб, чўнтагидаги бор пулини шилиб олиш. Шундай олинсин, туянинг устида ит қопган у манглайи шўр бор пулидан айрилса ҳам, соғ-омон қутулганига шукр қилиб кетсин! Бу усул сал хунук бўлса-да, Ўзбекистонда кенг тарқалган ва ҳамма ўрганиб ҳам қолди.

Бировнинг чўнтагидаги пулни олишнинг маданий усули – тунги клублар, қиморхоналар, кампутир ўйинхоналари, уқалаш хизматлари… очиб суғуриб олиш.

Лекин пул ишлашнинг энг катта йўли бозор қуриш экан. Уйингни сот, молингни сот – бозор оч! Ҳеч иш қилмасдан, заҳмат чекмасдан, бошни ҳам қотирмасдан, бировнинг пулини олишнинг ҳам ёввойи, ҳам маданий усулини қўллаб, бирдан милёнчи бойга айланасан!

Тошкентда энг биринчи бўлиб “Отчопар” (оддий халқ тилида: “Ипподром”) бозори очилди. Бошида роса эркин қўйиб берилди: ҳамма ўзи учун ишлади ва роса бойиб олди. Кейинроқ бозор ҳавосини олиб, оқ билан қорани ажрата бошлаганлар кўп тер тўкмасдан ҳам пул ишлаш мумкинлигини билиб қолишди. Ўзи учун ишлаб келганлар энди бошқалар учун ҳам ишлай бошлади. Бирин-кетин янги бозорлар очилди. Биргина пойтахтнинг ўзида “Ўрикзор”, “Абу Сахий”, “Жомий” (“Қорасарой”), “Паркент”, “Қўйлиқ”, “Бек барака”, “Бектўпи”, “Корзинка”… бозорлари очилди.

Бу бозорлардан тадбиркорларга ижарага жойлар берилди. Берилмади, пулланди. Яъни, ижарага олиш ҳуқуқи тадбиркорга “сотилди”. Оралатиб, янги тартиб жорий этилади деб у ер-бу ери озгина ўзгартирилди, янги чизиқ-чегаралар тортилди ва шу жойнинг ижарачиларига иккинчи марта пулланди. Яъни, ижарага олиш ҳуқуқи тадбиркорга “сотилди”. Кейинроқ яна бузди-бузалоқ бошланди, ўрнига оқ дўкончалар қуриб чиқилди ва… неча йилдан бери шу жойда савдо қилиб келган тижоратчига… учинчи марта пулланди! Яъни, ижарага олиш ҳуқуқи тадбиркорга “сотилди”. Ниҳоят, охирида “Энди дўконларни хусусийлаштириб олинглар!” деб тадбиркор тўртинчи марта шилинди! Хусусийлаштиришга эса икки хил баҳо белгиланди: давлатга сўмда ва озроқ, бозор эгаларига АҚШ дўлларида ва… у ёғи тушунарли! Бу нарса капитализм бўлмай, нима?!

Масалан, “Абу Сахий” савдо дўконлари маъмурияти бу хил “тадбиркорлик”да ҳаммадан ўзиб кетди. Топқирликда ҳам унга гап йўқ экан лекин! Бу ерда бировнинг чўнтагидаги пул ниҳоятда эҳтиёткорлик билан, аста-секин, босқичма-босқич, пул эгасини чўчитмасдан, рози-ризолик билан, эгаси “ўзи истаб” ихтиёрий бераётгандай кўринишда, силлиқлаб олинади. Бунинг тартиби бундай:

Олдин 25-30 кв.м.ли замонавий дўкончалар қурилади. Шартнома асосида ижарага берилади деб роса тарғиб қилинади. Ижара пули ойига 150000 (бир юз эллик минг) сўм (ошиб-ошиб ҳозир 1000000 (бир милён) сўмга чиққан. – Н.М.Р.) қилиб белгиланади.

Тижоратчи тадбиркор ишқибоз бўлиб келади. Ишқибознинг қулоғига секин: “Тўғри, ижара пули шунча, лекин ижарага олиш имконига эга бўлиш учун озгина чиқими бор. Бўлмаса, талабгор кўп…” дейилади.

Тижоратчи қачондан бери бозорда ишлайди, пишиб кетган, тўғри тушунади. “Қанча?” дейди. Жойлашган ерига қараб битта дўкон йигирма минг дўллардан тортиб йигирма беш минг дўлларгача (бу нарх 2009 йиллардаги гап, ҳозир қанчага ошганини билмайман. – Н.М.Р.) эканини билиб олади.

Чамалайди. Дўкон тезда чиқимини оқлашини билганидан, рози бўлади. Шундай қилиб, ижара ҳақи давлат кўзига 150000 сўм қилиб белгиланган дўкон учун бир тижоратчи олдин нақ 25000 (йигирма беш минг) дўлларни таваккалига “ҳавога бериб” (нимага деганда, у пулни берганини билдирадиган ҳужжат олмайди, кимнинг чўнтагига қараб кетишини ҳам билмайди!) “ижарага олиш ҳуқуқини қўлга киритиши” керак!

Ниҳоят, дўконга эришди. Ишни бошлади. Қўлига пул кириб, дўкон олишда сарфлаган “устама пулини” (берган порасини) энди чиқариб, юзи кулиб, овозини кўтариб дангал-дангал гапира бошлаган бир пайтда… дўконларни хусусийлаштириш кераклиги ҳақида янги гап чиқади.

Тўғри, битта дўконни хусусийлаштириш учун давлат учун белгиланган нарх дўконнинг катта-кичиклигига қараб беш ё олти милён сўм (ўша кунлари 2500 дўллар теварагида. – Н.М.Р.), лекин у ёғи… ўзингиздан қолар гап йўқ… Унинг устига, сизнинг “нарушения”нгиз кўп, хусусийлаштира олмай қолишингиз ҳам мумкин. Хўп, қанча? Устига 15000 (ўн беш минг) дўллар берасиз! Ҳар бир дўкон учун хусусийлаштириш нархининг “дўппичаси” (пораси) шунча! Тижоратчилар дод деб юборса керак, деб ўйлаган эдим. Кимса ғиқ этмади! Талаб қилинган пулни ўз ихтиёри билан яна “ҳавога берди”, дўконини хусусийлаштирди.

Давлат билиб қолса, бу қилиқчиларнинг кунини кўрсатворса керак деб кутган эдим. Кўриб, билиб турибди. Давлат ҳам ғинг демади! Битта “Абу Сахий” тармоғининг ўзида нечта дўкон бор-у!!! Шунчани шунчага кўпайтиринг. Ақлингиз шошади. Бирпасда-я! Ими-жимида-я! Шунча пул! Юзта дўкон бўлса, 1500000 (бир милён беш юз минг), икки юзта дўкон бўлса, нақ 3000000 (уч милён) дўллар! АҚШ дўллари!

Тижоратчи пул топиши керак, бола-чақасини боқиши керак, унинг устига бой бўлмоқчи, бозордан бошқа ерда иш ҳам йўқ, ишлаёлмайди ҳам, шу учун орқаси кирлигини билиб турса-да шунча чиқимни бўйнига олиб, “мутасаддилар” талаб қилган порани беришга ихтиёрий мажбур. Ва берди. Ва ишини давом эттириб юрибди. Яна қачон қанақа “янгилик” чиқиб қоларкан, деган хавотирда, ҳар эҳтимолга қарши, “қора кунга” деб тўплаб ҳам боряпти.

Мен сира тушунмаётган, ақлим етмаётган томони – бу ишлар куппа-кундузи, минглаб одам кўзи ўнгида, бозорнинг қоқ марказида, ҳатто “Абу Сахий”нинг бош идорасида қилиняпти; дўлларлар бемалол санаб олиняпти. Аммо… ер тагида илон қимирласа биладиган, ҳатто қоп-қоронғи уйга яширинган тим-қора мушукни ҳам кўра оладиган махсус ташкилотлар бу ишларни “кўрмаяпти”, “билмаяпти”!!! Бир диндорнинг ҳатто кўнглида яширин имонини кўриб обориб қамаяпти, динини-имонини ютган жиноятчиларнинг очиқ жиноятини эса, “кўрмай” бемалол қўйиб беряпти!

Билади – нима қипти?!. Кўриб турибди – нима қипти?!. Барибир ҳеч нарса қила олмайди. Чунки кўча-кўйда юрган гапларга қараганда, “Абу Сахий” савдо тўплами тўғридан-тўғри Кичик Хоним Маликага (айтишларича, “етимпарвар” Лолахон Каримовага) қарайди. Ўшанинг томорқаси ҳисобланади. У “Зоти Мушаррафа” бу бозор лойиҳасини бир замонлар Бирлашган Араб амирлигидаги шериклари билан биргаликда “чизган” ва қурувчиси бўлади (“Абу Сахий” деб арабча номланиши ҳам балки шундандир. Ўзбекчада “Сахийнинг отаси” маъносини берувчи бу бирикма Амирликдаги шерикнинг лақабидан олинган бўлса эҳтимол. Майли, у ёғи бизнинг ишимиз эмас. Диққатимизни тортгани – пул топиб имло топмаган учарлар кирилчада нимагадир икки сўз ўртасига чизиқча қўйиб, “Абу-Сахий” деб ёзишяпти). Энди тушунарли бўлгандир?

“Абу Сахий”га ҳозирча ҳеч қанақа ташкилотнинг кучи етмаслигига яна бир далил 2012 йил рамазонида ўртага чиқди. “Абу Сахий”га яқин ерда, ҳалқа йўлнинг шундоқ нариги томонида жойлашган идиш-товоқ бозори мутасаддилари ҳам қўшниларининг тадбиркорлигига ҳавасданми, ютуқларидан руҳланиб кетибми, худди шу каби “хусусийлаштириш тадбири”ни ўтказишди. Роса пул ишлашди. Лекин узоққа боришолмади. Кимдир сотиб қўйди шекилли, уларни давлат босди. Жиноятларини очиб ташлади. Телевизорда кўрсатди. Бўрон турди. Довул турди. Одамлар, ана адолат, деди. Лекин ҳалқа йўлнинг бу томонидаги “Абу Сахий”га бу тўс-тўпалангнинг чанги ҳам урмади.

Бир-бирда ўйлаб қоламан: балки бу ишлар оддий ҳолдир, балки мен бекорга жиғибийрон бўлаётгандирман, капитализм деганлари ўзи аслида шудир, дейман.

Билмадим тағин. Бунақа …измни ҳеч таниб бўлмаяпти.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com