Қуроллик куч олдида бўйин сунмоқдан бошқа чорам йўқ…

Қуроллик куч олдида бўйин сунмоқдан бошқа чорам йўқ…
131 views
10 June 2016 - 6:00

bookinguz_zindanl8Алихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 48

(давоми)

Сўз айтишга ҳам фурсат бўлмади. Ёнимдаги мавзур соатимни: «Сизга омонат, уйга бериб қўйинг», деб Турсунбойга топширдим. Бир нафас бўлса ҳам золим юзини кўрмасга энг сўнгги чора қилган бўлиб, бир парча ўсган жўхори ичида ёшириниб турдим.

Ҳали нафасим ҳам ростлангани йўқ эди, икки қуроллик аскарга беш олти қуролсиз кишилар эргашган ҳолда чопганларича келишиб, жўхори ичида ётган менга от устида туриб кўзлари тушди. Мен ҳам қочиш даврининг тугаганини кўргач, балога сабр қилиб, ўзимни таслим этишга мажбур бўлдим. Қарасам, Ҳонақа томондан қозиохунни, тушган жойимдан уй эгасини мажбур равишда бирга келтирган эканлар.

Ҳар икковлари ҳам биз учун анчагина кулфат кўриб, машаққат чекканлари юз кўзларидан кўриниб турган эди. Менга ёрдам етказиш учун юрган бу кишиларни бу каби ачинарлик ҳолда кўриб, қаттиқ қайғурган бўлсам ҳам, қуроллик куч олдида бўйин сунмоқдан бошқа чорам йўқ эди.

Шундоқ қилиб, мени қўлга тушириб олгач, ўзлари келтурган қора мапага ўлтирғизиб, олди орқасини киши кўринмайдиган қилиб ўраб қўйди. «Бошингни чиқара кўрма, кўрасан!» деб, қуроллик аскарлар ўртага олган ҳолда, шу ҳайбат билан юриб бир ерга келгач тўхтадилар.

Олди орқамда икки аскар мени ҳайдаганича ичкаридан ичкари киритиб, усти ёпиқ, қоронғу узун йўлак тўрига обориб, эшик очилиши билан орқамдан итариб киргизишди. Худо сақласин, гўр қоронғусидек ҳеч ердан тешиги кўринмагач, «Ло ҳавла»ни ўқиб, бир-икки дақиқа туриб эдим, синиқ товуш билан секингина «Салом алайкум» деган киши қораси кўриниб, кўришмак учун қўлини узатди. Мен ҳам киши борлиғини билгач, ўзимни тўхтатиб олиб, ундан ҳолаҳвол сўрадим.

«Бу ерда ётганимга 20 кун бўлди, ҳаммадан ёлғизлик ёмон экан, хафа бўлмайсиз, худойим менга раҳм қилиб, сизни етказди. Ўзим хўтанлик, отим Тўрохун, молларим қўлга гушиб, савдогарчилиқда айбланиб қамалдим», деди.

Мен ҳам: «Биродар, пешонага ёзилган яхши ёмон ишларни кўрмасга чорамиз йўкдир. Сабр қилайлик, кўп хафа бўлмай ўлтирайлик. Сиз, биз Қуръонга ишонган мусулмонлармиз. Қуръон сўзи Аллоҳ сўзидур. Аллоҳнинг айтишича: «Ҳар бир оғирлик орқасидан, албатта, енгиллик келгусидур». Шу ўхшаш ҳар икковимизга қувват бергудай диний сўзларни айтиб, зиндон йўлдошимни ҳам бир озгина юпантирган бўлдим.

Менинг эгнимда бўлса, бир қават ёзги кийимимдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Эрта кечада ейдиган овқатимизга бир коса қайноқ сув, бир дона мўма нон берар эди. Ётган уйимизнинг узунлиги тўрт газча келса ҳам, эни торлигидан кўндаланг ётолмас эдик. Остимизда эса тупроққа қоришиб кетган бир парча бўйрадан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.

Келган куним кечаси мени қуроллик бир аскар сўроққа олиб чиқди. Узундан узун қоронғу тор йўлакда ўқланган милтиқни орқамга тақаб юрганича лампа ёқилган каттароқ бир уйга олиб кирди. Қарасам, устал (стол) ёнида бирорта ҳам хитой уруғидан йўқ, уйғурча дўппини чеккасига қўйган бир татар боласи ўлтирибдур. «Ҳай, шу шумоёқлар бу ерларга ҳам етиб келган ўхшайди», деб ўйланиб туриб, кўрсатган жойига ўлтирдим. Нимагадир юзимга қарагач, тездан гапиролмасдан, 5 6 минут ўтгандан сўнг тикилиб туриб: «Фалончи деган киши сенмисан, қайдин чиқдинг, қаёққа бормоқчи эдинг?», деди.

«Ғулжадан чиқдим, мен табибман, Хўтанга бориб, Ҳиндистон дориларидан олиб қайтмоқчи эдим» деганимда, «Ёлғон», деди. Бунга қараганда, менинг маълумотимни Ғулжадан олиб, тўлиғи билан билганга ўхшайди деб, ўйланиб қолдим.

Бу чақириқда сўраган сўзи шу бўлиб, бошқа ҳеч нарса демади. Орадан 10 минутча ҳам вақт ўтмасдан туриб, мени қайтариб юборди. Эшиқдан қоронғу уйга қадам қўйишим билан, йўлдошим Тўрохун ўрнидан тура келиб: «Вай, хўжам, сизни олиб чиқиб кетгандан бери хавотирланиб ўлтирдим», деб менинг ҳақимда қилган ташвишини гапирди.

Бошқаларни сўроққа олиб бориб қайтарганда таёқнинг зарби билан ўзи юролмасдан аскарлар уни йўлов-суёвлар билан келтириб ташлар эканлар. Бундай ишлардан Аллоҳ мени ўзи сақламиш эди.

Байт:

Яхшилик кунларда худони ҳеч унутма Соғуний,
Бошингга тушса қора кун, ташламас у ҳам сани.
Ёшлигинг ўтди, ғурурлик бирла тоат қилмадинг
Кексаликда кетди куч, солган иморатинг қани?
Ёш етибдур қон ютиб, ғам-қайғудин айрилмадинг,
Барчаси ҳақ йўлида билгил худонинг бергани.
Оқ соқоли ҳақига бу Соғуний бечорага
Кўрсатиб ўлмасдан бурунроқ ул Муҳаммад қабрини.
Ким ўқиса ҳар қачон Соғун отанинг шеърини,
Бир оғиз Қуръон ўқиб шод айласин арвоҳини.

(давоми бор)