Тошкентда портлашлар содир бўлди

Тошкентда портлашлар содир бўлди
20 views
10 June 2016 - 10:27

1D6BA1DB-E0EE-440B-ADD2-5795EC80F047_w640_r1_s9 июнь куни оқшомида, соат 22.30 дан бошлаб беш дақиқа мобайнида Тошкентдаги собиқ Текстиль комбинати ҳудудида 6 та портлаш рўй берди, дея хабар беради Ўзбекистон пойтахтидаги манбаларимиз.

Уларнинг айтишларича, ҳар бир портлаш ярим-бир дақиқа оралиқларида содир бўлиб, улардан сўнг комбинат ҳудудидан осмонга катта аланга ва қора тутун кўтарилган.

“Таҳминан 10-15 дақиқа ичида комбинат атрофи милиция патрули ва ўт ўчириш машиналарига тўлиб кетди. Бундан ташқари, воқеа содир бўлган жойга Қушбеги ва Бошлиқ мавзеларида яшовчи баъзи фуқаролар ҳам тўплана бошлади. Шундан сўнг, милиция ходимлари одамларни тарқатишга тушиб, портлашлар содир бўлган ҳудуд атрофини бир соатга фуқаролардан ва автомобиллардан тўсиб қўйишди”, – дея хабар беришди манбаларимиз.

Уларнинг маълумотларига кўра, комбинат ҳудудидаги хусусий цехларда жойлашган 6 та кимёвий цистерналар портлаб кетган.

Ушбу ҳолат бўйича, расмий идоралар ҳозирча ҳеч қандай хабар ёки баёнот тарқатишмади, тунги портлашлар нима сабабдан рўй берганига очиқлама беришмади.

ЎХҲ ахборот бўлими