Зулм этгучи султон – оташхўр қозон

Зулм этгучи султон – оташхўр қозон
82 views
11 June 2016 - 6:00

1334746426_hivaМАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Бўлдим гирёна

Ёзиғим ёд этиб, юзим хок этиб,
Булбулдай саҳарда турдим гирёна.
Кўзимдан ёш тўкиб, сийнам чок этиб,
Телбадек ўзимни урдим ҳар ёна.

Кўнглимни кечирдим жумла жаҳондан,
Не жаҳондан, балки, қўл уздим жондан,
Хизрдан, Исодан, Шоҳимардондан,
Ҳиммат истаб, боқдим суву осмона.

Осмоннинг юзидан кахкашон ўчди,
Нагоҳон уч эрга назарим тушди,
Икки яшил киймиш, бири оқ-пушти,
Кўзим кўрди, тилим келмас фармона.

Бири келиб, қўлин кўксимга урди,
Бири бир тиғ билан юрагим ёрди,
Оғзимга оғиз қўйиб, бири дам урди,
Дедилар: “Арзинг айт Шоҳимардона!”

Эрлар бўйла дегач, тилим ечилди,
Қона-қона май – муҳаббат ичилди,
Кўнглимдан саволлар тинмай кечилди,
Дедим: “Рухсат бўлса, келсин забона”.

Икки узун эрдир, бир қисқа қаддир,
Дедилар: “Хуш дамдир, яхши фурсатдир”,
-Сўзинг бўлса, сўра – дерлар – фурсатдир,
Дилга келган сўзинг келтир баёна!”

Дедим: “Кўкдан оғир, ердан мард надир?
Дарёдан бой надир, даштдан сахт надир?
Оташдан ўтлироқ, муздан дард надир?
Заҳардан аччиқроқ надир бу жона?”

Дедилар: “Бу туҳмат – оғир осмондан,
Ғазабсиз, яхши сўз кенгдир жаҳондан,
Мунофиқнинг меҳри совуқ зиндондан
Аҳли қониқ менгзар баҳру уммона,

Зулм этгучи султон – оташхўр қозон,
Бахилдан тиланма, у совуқ – муздон,
Фақирга жабр этмак – заҳардир чандон,
Ўгитдир бу сўзлар, биздан нишона”.

Эрлар бўйла дегач, ўрнимдан турдим,
Югуриб, қўлим этагига етирдим,
Маст бўлдим, суст бўлдим, ақлим йитирдим,
Ортиқ сўз тополмай, қолдим ҳайрона.

Дедилар: “Уч киши бўлдик устодинг,
Доим достон бўлсин оламга отинг,
Махдумқули вақти, иста муродинг..,”
Бу сирни аҳмоқ очар ё бир девона.

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди