“Мустақиллик”дан бу ёғида туғилган ёшларда қанақа тарихий хотира шаклланади?

“Мустақиллик”дан бу ёғида туғилган ёшларда қанақа тарихий хотира шаклланади?
41 views
11 June 2016 - 5:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(35-қисм)

Ўн тўртинчи шох: Хотирани ўчириш

“Тарихий хотирасиз келажак йўқ”.
Ислом Каримов

Бу ҳикматли сўзни биринчи бўлиб ким айтгани қоронғи. Лекин турлича кўринишда тилларда, китобларда айланиб юришидан хабаримиз бор.

“Мулоқот” журнали учун тарихчи олимлар ва журналистлар билан (1998 йил 5-сон) қилган суҳбатида Ўзбекистон президенти ҳам ўзига хос ва мос услубда, бир оз қувлик билан бу гапни айтди.

Зуд кўчаларга шиор қилиб осилди, китобларга маёқсўз бўлиб кирди. Бошқа барча ҳикматли гапларини айтганида юз берганидек, бу янгиси айтилганидан кейин ҳам маддоҳларнинг куни туғди: бирон ишга киришишдан олдин шу сўзларга таҳорат олиб, “бисмиллоҳ”лари ҳам, “алҳамдулиллоҳ”лари ҳам шу доно сўзлар бўлиб қолди. Чунки кўпларга президент бу гапни жиддий айтган бўлиб туюлди. Агар иш бу айтилганлар бўйича кетса, тарих илмимиз роса юксалади, деб ўйлади. Лекин гапириш услубидаги айёрликни ва мақсадидаги қувликни биров сезмай қолди.

Гапида самимий бўлганида мамлакатда чинакам тарихни юзага чиқариш учун катта ҳаракат бошланар эди. Халқимиз ва ватанимиз ҳақида минг йиллар нарисида илк учраган маълумотлардан тортиб то шу бугунгача ҳар бир воқеа-ҳодисани жиддий ўрганишга киришилар, тарихий адолат тикланар эди.

“Хўш, тарихнинг маънавиятимизда тутган ўрни қандай? Тарихни яхши билмасдан туриб, юксак маънавиятга эришиш мумкинми? Албатта, мумкин эмас! Маънавиятини тиклаши, туғилиб ўсган юртида ўзини бошқалардан кам сезмай, бошини баланд кўтариб юриши учун инсонга, албатта, тарихий хотира керак”;

“Мақсад шуки, фанда бизнинг тарихий томирларимизни аниқлайдиган, миллий ғуруримизни юксалтирадиган янги йўналишлар пайдо бўлиши керак”;

“Бир сўз билан айтганда, давлатимиз, миллатимизнинг ҳаққоний илмий тарихини яратиш кенг жамоатчилигимиз учун ғоят муҳим ва долзарб масалага айланиши лозим”.

Булар “Мулоқот” чоп этган суҳбатдан бўлдакчалар. (Албатта, эсли-ҳушли кимлардир ёзиб берган!) Хўш, энди“Тарихий хотирасиз келажак йўқ” ҳикматли шиори ўртага ташланмасидан олдинги палла билан бу суҳбат “Мулоқот”да чоп этилганидан кейинги паллани солиштиринг-чи, бирон ўзгариш бўлдимикан.

Фақулодда деярли ҳеч қанақа ўзгариш бўлмади! Нимадир ўзгариш сезилган бўлса, айрим ватанпарвар тарихчилар шиор-пиорсиз шундоқ ҳам ўзлари билиб ишини қилаётганидандир. Асосан эса, миллий мафкурамиз шаклланмаганидан ва тарихга мустақил кўзқарашимиз йўқлигидан ўтмиш воқеа-ҳодисаларга муносабат тобора ёмонга қараб кетяпти. Илм ҳам, сиёсат ҳам, халқ ҳам ҳалигача мўлжални тўғри ололмаяпти. Мактаб тарих дарсликлари аҳволи мисолида буни кўрдик.

Тарихимизга кўптомонлама боқа оладиган илмий ғоя (консепсия) яратилмади, ҳисоб. Ўзимизнинг кимлигимизни ва кишилик тарихида тутган ўрнимизни тўла-тўкис ўрганиш ишига жиддий киришилмади. Оқибатда тарихий воқеаларга, тарихий шахсларга расмий муносабат ҳалигача ойдин эмас. Бир киши ҳукмронлиги шароитида “олимлар” ўша бир кишининг кўзига, оғзига қараб: мана бу воқеага қандай қарар эканлар? мана бу тарихий шахс у кишига ёқармикан? дея фол очиш билан овора. Бунақада илм холис бўла оладими?!

Миллатимиз миллат бўлиб шаклланишида буюк ўрин тутган воқеа, ҳодиса ва шахслар ҳам иложи борича тилга олинмай қўйди. Тилга олинганлари эса ё чала, ё тескари қарашлар билан эсланяпти. Оқилона бу шиор айтилаётганида юз ифодада жиддиятдан кўра қувлик кўпроқ бўлгани шуларда кўринади. Тарихий хотирани тиклаш у ёқда турсин, аксинча, борини ҳам очиқдан-очиқ ўчириш ҳаракати кетяпти.

1. Энг қадим тарихдан, масалан, Аттиладан осонгина воз кечилди. Уни халқимизга алоқаси йўқ деб чиқилди. Оврупага бостириб боргани, ҳатто Римни эгаллагани сабаб қилиб кўрсатилиб, “Шундай гўзал Оврупани босган варварлар қандай қилиб бизнинг ота-боболаримиз бўлади?!” деган илмга терс ғоя ва сохта оврупапарварлик руҳи ила бутун бошли ўтмишимиздан осонгина воз кечилди, тарихий ҳақиқатдан юз ўгирилди. Оврупа гўзал бўлса, бугун гўзал; кучли бўлса, бугун кучли. У замонда варвар улар эди, маданият ва куч боболаримизда бўлган. Ўзидан-ўзи Римгача бориб қолмагандир ахир Аттила!

2. Амир Темур ва темурийлар номлари улуғланиб, чегарадан ошиб ҳам кўтар-кўтар қилингани ҳолда, таржимаи ҳолларининг муҳим таркибий қисми бўлган Ислом дини ҳақида, у подшоҳлар энг олдин мусулмон бўлгани, ҳар бир ишида дин тутган ўрин ҳақида лом-мим дейилмаяпти. Кейин, бу босқич тарихимизни ёритишда илмий ёндашувдан кўра кўпроқ аравани қуруқ олиб қочиш сезиляпти. Яъни, илмий тарих эмас, “журналистик тарих” руҳи босиб кетяпти.

3. Туркий олам, туркий жуғрофия бирбутунликда ёритилмаяпти. Халқдан яшириляпти. Умумтурк бирлиги ҳақида узуқ-юлуқ гаплардан ташқари жиддий изланишлар йўқ ҳисоби. “Илмий тадқиқотлар”ни, мактаб ва олий ўқув юртлари дарсликларини варақласангиз, худди халқимиз ўзи бир алоҳида халқдай, теварак-атроф билан боғлантилари йўқдай таассурот қолади одамда.

Ўзбек, қозоқ, туркман, қирғиз, тожик ва қорақалпоқ халқлари бу тупроқларга бирдай ворис бўлгани ҳолда, Турон-Туркистон ҳаммамизнинг умумий уйимиз эканини халқ тобора унутяпти. Унуттириляпти. Айниқса, янги наслга бу руҳ эслатилмаяпти.

4. Бизнинг диёрларга Ислом динининг кириб келиши воқеалари ўрис ва оврупаликлар кўзқарашларига мос тарзда бирёқлама талқин этилади. Бир минг уч юз йилдан бери мусулмон миллат бўлатуриб, бутун тарихий, илмий, адабий меросимиз ва ҳамма буюк олимларимиз шахсиятлари ва ижодлари Ислом дини билан чамбарчас боғлиқ бўлгани ҳолда, уларнинг сўзларига ишонмай, уларнинг сўзларини асос қилиб олмай, руҳларини чирқиллатиб, яъни ўзлигимизга, ўз мафкурамизга эмас, ўрис (ва Ғарб) мустамлакачилари мияларимизга сингдирган мафкурага суянамиз. Масалан, дин олиб келган арабларни босқинчи деб лаънатлаймиз-да, юртни ҳақиқатда босиб олиш ва талаш учун келган ўрисларни ҳалигача тўла-тўкис босқинчи дея олмаймиз. Масалан, армани дашноқчилари билан ўрис болшавойлари бирикиб Туркистон мухториятини йиққанидан кейин 1918 йилги Қўқонда қилган қатлиомини бутун даҳшати билан ёрита олмаймиз.

5. Ватан озодлиги йўлида шаҳид кетган юзминглаб ота-бобомизни ҳалигача “босмачи” деймиз, майда-чуйда гап-сўзлар ила уларни камситамиз, болаларимизга ҳамон олабўжи қилиб кўрсатамиз. Қисқагина давом этган қайта қуриш даврида эндигина муомалага кира бошлаган “миллий озодлик ҳаракати” атамасини ҳам ишлатмай қўйдик. (Бу атама-унвон бошқаларга берилса, унда менинг хизматим қаёқда қолади, деб ғашлари келиб қолишидан чўчиймиз.)

Камчилик ҳаммада бор. Қидирса, жуда ёмон иллатлар ҳам топилади. Аммо, қайси замон бўлмасин, Ватан озодлиги йўлида курашган, айниқса, бу йўлда жонини қурбон қилган ота-боболаримиздан камчилик қидиришни тўхтатиш керак, айблашлардан воз кечиш керак. Тарих учун, илм учун улар қайд этилса ҳам, бу қайд уларнинг шарафли курашлари тарихига соя ташламаслиги лозим.

Улар жонини, молини, оиласини қурбон қилди, шаҳид бўлди, биз юз йил беридан туриб майдагап хотинларга ўхшаб уларни ғийбат қилиб ўтирсак, тўғри бўладими?! Унақада ўтмишимизда биронта қаҳрамон қолмайди! Мустамлакачилар ўтмишимизга тош отишни ўргатиб кетишди, биз ҳамон тош отиб ётибмиз, афсус…

6. Иккинчи жаҳон урушига ҳам ҳалигача ўрис нуқтаи назари билан боқишга мажбур қоляпмиз. Умрини ўрис-совет босқинчилигига қарши курашга бағишлаган Вали Қаюмхон, Боймирза Ҳайит, Мустафо Чўқай, Рўзи Назар… сингари ўнлаб, юзлаб ватанпарвар оталаримизга “мустақил” Ўзбекистоннинг расмий муносабати совет давридагидан заррача ўзгармади. Худди ҳали ҳам советдан қутулмагандек, гўё ҳануз ўрисга қарамдекмиз.

Тарих илмимиз суянаётган мафкура Ўрусия тарих илми мафкураси билан бир хил бўлса, тарихга қарашимиз ҳам ўрисларникидан бошқача бўлмаса, унда бизни том маънода мустақил деб бўладими?! Ўзимизга хос тарихимиз бўлмаса, ўз тарихимизга ўзимиз эга чиқолмаётган бўлсак, унда қанақа мустақилликни қўлга киритдик?! Яъни, биз ҳали тарих мустақиллигига эришмадик ҳисоб!

Хўп, биз ўрис-совет мустамлакачилигидан қутулганимизга қарамай, бугунги Ўрусия “ҳурмати”дан унинг қадриятларини қадрият ўлароқ ушлаб келаётган бўлсак, бунга жавобан Ўрусия нима қиляпти? Ҳар бир қарич тупроғи учун ота-боболаримиз тўккан қонлар эвазига бугун Ўрусия биздан миннатдор бўляптими?

“Ватанимизни немис фашистларидан озод этишда туркистонликлар биз билан бирга тенгма-тенг ва елкама-елка жанг қилиб, ватанга катта ёрдам берган, камига яна юзминглаб етим-есиримизни, кўчирилган халқимизни бағрига олиб, уйини бўшатиб, ризқини бўлашиб берган”, деб бугун ўрис халқи ё ўрис давлати бирон марта эслаяптими?! Миннатдор бўляптими?! Чорасизликдан бир пайтлар нон (“Тошкент – нон шаҳри”) ва иссиқ бошпана ахтариб Туркистонимизга ёпирилиб келган Ўрусия бугун чорасизликдан иш ахтариб у ёқларга боришга мажбур бўлаётган туркистонликларни қучоқ очиб кутиб оляптими?! “Бу тупроқларни немис фашистларидан озод қилишда бир замонлар боболарининг қони тўкилди, Ўрусиянинг бугунги ноз-неъматларида, бойлигида невараларининг ҳаққи бор, уларни ҳурмат қилайлик”, деяптими?! Қаёқда! Нима деяётгани, туркистонликларга бугунги муносабати маълум. Қулдай эзяпти, устимиздан куляпти: “Чуркистон” деяпти, ҳақоратлаяпти, хўрлаяпти, имкон топилди дегунча, ўлдириб юборяпти!

Ҳол бу ки, биз умрининг охирги дақиқасигача Ватан озодлиги йўлида курашган Боймирза Ҳайитдай зотни мана шу нонкўр Ўрусия хафа бўлиб қолмасин деб ўз Ватани тупроқларидан қувиб чиқардик! Шўрлик Боймирза Ҳайит Ватан мустақил бўлди деб ўйлаб не-не умидлару не-не қувончлар билан, не қадар соғинчлару не қадар армонлар билан қадам босиб келган эди бу тупроқларга! Биз эса уни ўз уйидан қувиб солдик. Оламга шарманда қилдик. Боймирза Ҳайитни эмас, албатта! Ўзимизни, Ўзбекистонни шарманда қилдик! Мустақиллигимиз неча пул бўлди бу ишимиздан кейин?! Тарихий хотира ҳурматими бу?!

7. Майли, қандай бўлмасин, Ватан озод бўлди, мамлакат мустақил бўлди, шунга ҳам шукр, дейлик, аммо кечаги мустамлака ҳолатимизнинг тарихи жиддий ўрганилмаётгани ажаблантиради кишини. Матбуотда, китобларда “собиқ мустабид тузумида” ёки “собиқ иттифоқ даврида” каби чучмал жумлалар ишлатиляпти (фақат шундай деб айтишга рухсат бор), аммо у давр мустабидлиги нималарда кўринади, ёмонликлари нимада эди – атрофлича ёритилмаяпти. Гўё тарихимизда етмиш йиллик бир давр мутлақо йўқдай.

8. Ўрисча “совет” сўзи билан арабча “шўро” сўзининг маъноси тенг ёки бир-бирига жуда яқин – “маслаҳат”, “кенгаш” маъноларини беради. Иккаласи ҳам таги ўзбекча эмас, аммо “шўро” неча асрлардан бери қўллаб келингани учун ўзбекчалашиб кетган. Совет ҳокимияти ўрнатилган илк йиллари тилимизда бу ҳукуматнинг номи “шўро” деб аталарди. Бора-бора ўрислаштириш сиёсати оқибатида атамалар ўрисча-байналмилалча шаклда ёзишга мажбур қилинди.

Натижада “шўро” яна “совет”га айланди ва неча йиллар “Совет Иттифоқи”, “Совет ҳукумати”, “Советлар мамлакати”, “совет халқи” деб онгларимизга сингди. Олдин кучимиз етмаган ишларга “мустақиллик”дан кейин… нимагадир фақат “совет” сўзини ўзбекчалаштиришга кучимиз етиб, уни бирдан “шўро” деб атай бошладик. Гўё миллийликка қайтдик. Лекин бу миллийликка қайтиш эмас!

Чунки айни шу каби масалаларда жуда нозик руҳий ҳолат бор: эллик-олтмиш йил у даврни “совет” деб мақтаб келдик, энди сўкиш навбати келганида “шўро” деб сўкяпмиз! “Совет” сувдан қуруқ чиқди, аслида жуда чиройли “шўро” сўзи балога қолиб ўтирибди. Илгаридан “шўро” дейилганида ҳам майли эди. Майда нарсага ўхшайди, лекин менинг қатъий ишончимга кўра одамларнинг, келажак авлоднинг онгини чалғитишда, тарихий хотирасини бузишда, тарихни унуттиришда шу биргина, шу кичиккина “ўзгариш”нинг ҳам таъсири жуда улкандир.

9. Бўлғуси воқеани бирон тадбир ишлатиб четлаб ўтса бўлар, аммо ўтилган тарихни энди ўчириб бўлмайди. У ўтди. Халқ ё ватан тарихининг бир бўлагига айланди. Тамом. Хоҳлаймизми-йўқми, уяламизми-йўқми, энди ундан қочиб қутулолмаймиз. Шунинг учун илм уни бор бўйича, бор ҳолича ўрганишга, яхши бўлса ҳам, ёмон бўлса ҳам ибрат руҳида талқин этишга мажбур. Ҳеч бўлмаганида, илм аниқ фактларни айтади, хулосани ҳар ким ўз қаричи билан ўлчаб-чиқариб олаверсин.

Ўзбекистонда кейинги йигирма йилдан бери ўртадан ўрис-совет қўл остида бўлган давримизни ўчириб ташлашга ҳаракат қилиняпти. Кутубхоналардан у даврга тегишли газет-жўрноллар, китоблар, Маркс, Энгелс, Лелин ва барча лелинчиларнинг асарлари йўқотиб юбориляпти. Ҳатто дарахтлар кесиляпти, шаҳарлар қиёфалари ўзгартириляпти, ранг-барангликдан воз кечилиб, битта сариқ рангга бўяляпти. Тарихий хотирада катта бир бўшлиқ пайдо қилиняпти. Омма эътибори кўпроқ битта даврга – сариқ “мустақиллик” даврига қаратиляпти. Унақада “мустақиллик”дан бу ёғида туғилган ёшларда қанақа тарихий хотира шаклланади?

Китобдан нега қўрқамиз? Болаларимиз бу китобларни ўқиса, узоқ-яқин тарихини ўрганса, у замонни бу замонга солиштирса, теран хулосалар чиқарса, келгусида яна-тағин ўзгалар қўлида мустамлака бўлиб қолмаслик чора-тадбирини кўрса, халқимизга ва давлатимизга тўғри йўл-йўриқлар ишлаб чиқса, қайтага яхши эмасмиди?!

Маънавияти бутун, дунёда ҳеч бир халқдан кам бўлмаган миллат ҳатто душманининг асарларидан ҳам фойда чиқара олади. Кутубхонаси токчаларидан ирғитиб ташламайди, кечаги кунига тегишли кичкинагина далил-ҳужжатни ҳам архивларида тўласича сақлайди. Афсус, узоқни кўрмай юритилган сиёсат орқасида вилоят, туман, шаҳар, қишлоқ кутубхоналаридан улар изи қуритилди: ёндирилди, куйдирилди, қиймалаб юборилди.

СССР тугаб битиши арафалари, ундан кейинги илк йиллари-ку, ўша пайтдаги Давлат хавфсизлиги қўмитаси ходимлари айтишича, тажрибасизлигимиз оқибатида ва “қайта қуриш”у “мустақиллик” талотўпларини фурсат билиб, Туркистонда СССР юритган мустамлакачилик сиёсатини очадиган жуда кўп архив ҳужжатлари Ўрусияга ташиб кетилди. Ўшанда бойлигимизни – тарихимизни ўғирлатиб бир бой берган бўлсак, кейин қолган-қутганини ўз қўлларимиз билан йўқотиб тамоман бой бердик.

10. Тиббиёт илми “юксалиб”, наслни чеклаш учун аёл-қизларимиз болақорни мажбурий ювиб (стериллаб) ташланаётганидек, тарих “илми” ҳам йигирма йилдан бери халқнинг тарихий хотирасини ювиш билан овора. Иложи бўлса, ҳамма тарих ўчирилиб, битта шу йигирма йиллик тарих қолса ва келгуси авлод кўпроқ шу даврни ўрганса.

Тарихий хотираси ювилган миллатнинг келажаги ҳам йўқ. Бу дегани, бугун тарих бор бўйича ўрганилмаса ва бор бўйича ўқитилмаса, тарихга қўшилиб келажак ҳам расво бўлди деганидир. “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” дейиларкан, кўзлар йилтираб, қувларча жилмайиб қўйилишининг сири шу ерда.

Сиёсатга қурбон этилган тарих “илми” бу “ҳикматли сўз”га таҳорат олиб, уни ҳар ишининг “бисмиллоҳ”и ва “алҳамдулиллоҳ”ига айлантириб олган бир чоқда кимлардир таҳоратини бу “ҳикмат”нинг устига ушатиб кетгани билинди.

11. Тарихдан, тарихий бирон ҳақиқатдан қўрқиш билимсизларгагина хос. Лелиннинг ҳайкалларини майдонлардан олиб ташлаган билан, кўча ва жой номларини миллийлаштирган билан, “Совет Ўзбекистони”ни “Ўзбекистон овози” деб ўзгартирган билан… миллат ва давлат мустақил бўлиб қолмайди.

Совет даврини эслатадиган ҳамма нарсани ўчириб ҳам совет одами бўлиб қолавериш мумкин. Аксинча, “СССР халқ артисти” ёки “СССР Давлат мукофоти лауреати”, “Совет Иттифоқи қаҳрамони” каби хотираларни ўчирмасдан ҳам мустақил бўлавериш мумкин. Масалан, Ўрусия ўзи ҳам қолган ўн тўрт республика каби 1991 йил августи-сентабирида советдан қутулди ‒ мустақил бўлди. Бугун унинг оти “Россия Федератсияси”дир. Лекин кечаги тарихини бир бошдан ювиб ташламади. Бир спортчи ўз вақтида “СССР чемпиони”, ўйинчи “СССР артисти”, аскар “Совет Иттифоқи қаҳрамони” (ва ҳ.к.) бўлган бўлса, ҳали ҳам шундай аталяпти, бу билан Ўрусиянинг мустақиллиги ейилиб қолгани йўқ. Тўғрироғи, биздан кўра мустақилроқдир.

Яъни, тарих бошқа, сиёсат бошқа демоқчимиз. Тарих бор бўйича ўрганилавериши керак. Бугунгилар тарихнинг битта бўлдагини ўчирса (ё ўзгартирса), эртага бошқалар бошқа бўлдагини ўчирса (ё ўзгартирса), бора-бора тарихдан нима қолади? Мустақиллигимиз агар чинакам бўлса, давлат кечаги кунидан қўрқмаслиги керак.

Яна айтамиз: ўзига ишонган халқ, ўзига ишонган давлат ва ўзига ишонган бошлиқ ҳеч қачон ўзгача фикрдан қўрқмайди. Аксинча, ўзгача фикрлардан куч олади ва янада қудратли бўлади. Худди Амир Темур ва у қурган давлат каби!

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com