Итнинг ҳам, битнинг ҳам кучи халққа етади

Итнинг ҳам, битнинг ҳам кучи халққа етади
26 views
13 June 2016 - 5:00

chinor-Karimov-e1455969443564.jpg

Эргаш Сулаймон

Ҳаволарга совурилган йигирма уч йил…

(17)

Итнинг ҳам, битнинг ҳам кучи халққа етади.

Каримов ва унинг атрофидагилар ҳеч бир замон Яратгандан ҳаё-шарм этмайдилар, ҳамиша тараллабедод олиб, кўнгилларига келган ҳар қандай тубанликларни амалга ошириб юраверадилар. Улар, ўзларини бу йўлдан фақат ва фақат шу жабрдийда халқнинг ўзи қайтариши мумкинлигини, уларнинг йўлига биргина шу халқнинг ўзигина тўсиқ бўла олишини яхши билганлари учун ҳам, уларга кўз очишга, кундалик ҳаёт ташвишларидан қўл силтаб, бир дақиқа тафаккур қилишга имкон бермайдилар. Уларни пахтага ўхшаган зарарли ва истиқболсиз соҳага боғлаб, ўзликликларидан адаштириб ўзлари билан оворайи жаҳон этиб қўядилар…

Бўритош Мустафоевнинг хотинининг Самарқанд вилояти туманларининг қай бирида милитсия бошлиғи лавозимида ишлаётган акасининг жиноий иши, бошқа бир мамлакатда содир этилганда эди, бутун дунёда шов-шув бошланарди. Ноҳақлик бўғзига етган одамларнинг арзини ҳукумат эшитмаса, улар тўс-тўполон кўтарардилар. Қадр-қимматини яхши биладиган фуқаролар, ҳукумат бошида ўтирган бир тўп суистеъмолчиларга қонунларни оёқости эттириб, ўзларининг ор-номусларини ерга уришга йўл бермасди. Мамлакатда Олий суд раиси лавозимини эгаллаб турган жиноятчининг синглиси эридан бу ишга изоҳ беришни талаб қилиб, у ўтирган “нажот қалъаси”ни плакатлар кўтарган намойишчилар ўраб оларди. Ижтимоий фаол, сиёсий ҳушёр фуқаролар мамлакат ва миллат шаънига иснод олиб келиши мумкин бўлган бунақанги шармандали ҳолатга тоқат қилолмасди.

Ўзбекистонда-чи?!

Уюшган жиноий гуруҳни бошқарган туман милитсияси бошлиғини суд раиси, давлат олдидаги хизматлари ва оиласининг моддий аҳволини ҳисобга олиб, суд залидан очиққа чиқариб юборади.

Унинг ўрнида бошқа биров бўлганда эди, ундан янги Акрам Йўлдош ясардилар. Шериклари, акарамчиларга айланарди…

Жуда осон қутулган милитсия бошлиғининг жиноий шерикларига эса, ўн йилдан ўн саккиз йилгача қамоқ жазоси тайинланади.

Дунёдаги энг мукаммал суд тизимлари дастуруламалларидан кўчириб, ўз номи билан ўғирлаб ёзилган Ўзбекистон қонунларида, ҳар эҳтимолга қарши “муҳим” кимсаларнинг исталмаган жиноятлари очилиб қолганда, уларни суд залидан чиқариб юбориб, уларнинг ўндан бир жиноятини қилмаган шерикларини қамаб юбориш учун ҳам банд қўшилган ёхуд ахмоқ бўлиб Ўзбекистонинг “адолатпарвар” қонунларига суяниб қолганларни ўйлаб ўтирмасдан чўктириш учун алоҳида  қора туйнук очиб қўйилган бўлади.

Қилни қирқ ёрадиган икки палатали қонун ишлаб чиқарувчи фабрика депутатлари, ўзларини олган поралари эвазига таъминлаб турган ижро органлари ходимларининг жиноятлари очилиб қолганда, улар чиқиб қочишлари учун Жиноят кодексидан орқа эшик очиб қўйса, бирига юз қўшилиши баробарида, лавозими кўтарилиб янада ҳурмат-эътибори ошади. Бу махсус орқа эшикдан фақат ва фақат, Каримов ва унинг атрофидагиларга тегишли жиноятчилар чиқариб юбориладилар…

Энг қизиғи, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, Олий суд раисининг қайнисини суд залидан очиққа чиқариб, унинг шерикларига узоқ муддат жазо белгилаган судя вилоят судига масъул вазифага кўтарилади. Ўша асноларда, “жаҳонда эътироф” этилган: ўзимизга хос, ўзимизга мос “Ўзбек модели” қулайликлари кўкларга кўтарилиб, “қонун ҳимояси”даги Ўзбекистон фуқаролари ва мамлакатдаги мукаммал қонунлар хусусида, бутун матбуотдан Каримовнинг сиёсий маддоҳлари халққа чўпчак айтиб бераётган бўлади…

Барчасини қўлининг ойнасидагидек кўриб турган Каримов, яна илгаригидек Бўритош Мустафоевни бир муддат эгаллаб турган лавозимидан олиб, Конститутсион судга ўринбосар этиб тайинлайди. Кимларнингдир наздида муносиб жазо бўлиб туюладиган бу иш, аслида Олий суд раисини асраб қолиш учун амалга оширилган ҳийла бўлади. Унинг қайнағаси воқеаси одамларнинг хотирасидан кўтарилиб, мавриди етган кун президент қайтариб, уни яна бирор-бир юқори лавозимга ўтиртиради. Қизининг қилмишлари ёнида, унинг қайнисининг жинояти тирноқча ҳам эмаслигини яхши биладиган президент, бу гал ҳам жаллоди Бўритошни, шу янглиғ содир бўлиши мумкин бўлган хунук воқеа-ҳодисалардан ўзининг манфаатларини кўзлаб, асраб қолади.

Умуман олганда, мулки Турон пешонасидаги гавҳар тош бўлмиш Ўзбекистонинг жавҳари, Амир Темурнинг аржуманди салтанати бўлмиш гўзал Самарқандни ҳам, самарқандликларни ҳам Каримов режими Мустақиллик йилларида ўзгартириб юборди. Бўритошга ўхшаганлар Совет йилларидагидан ҳам Самарқанда кўпайгандан кўпайиб, ўзларининг мол-дунёга ўчлиги ва оч-юҳолиги билан одамларнинг онгига ёмон таъсир ўтказиб келди. Олий суд биносидаги тамаддихоналарда ароқ соттиришни йўлга қўйган Бўритошнинг номи самарқандликларнинг тилида достон бўлди. Уларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, қай бириникида меҳмон бўлманг, улар суд ва прокуратура соҳасидаги кимсаларнинг эрталабдан бир-икки қадаҳ кўтармаса, иш бошламаслигини айтиб фахрланиши, кишида нохуш тассурот уйғотади. Ҳар кун ишга келадиган Бўритошнинг тўйиб ичиб, кун бўйи қабристон қоравулидек бировни олдига йўлатмасдан бир ўзи ўтириши ҳам, улар учун тенгсиз бир қаҳрамонлик бўлиб туюлади. Бўритош кабиларга эргашиб, мол-дунё ва ортиқча ҳою-ҳавасларга берилган самарқандликлар, Шўро замонидагидан ҳам бир неча баробар кўпайиб кетди. Улар инсонийлик бурчларини унутиб, барча нарсаларни бойлик билан ўлчайдиган бўлиб қолдилар. Ҳукумат тизимига суқулиб кира олмаган баъзи самарқандликлар ҳам ҳар қандай қабиҳликларни амалга ошириб бўлсада, мол-дунё йиғишнинг ишқига тушдилар. Самарқанд шаҳридан етишиб чиққан мамарозалар нафақат Ўзбекистоннинг, бутун собиқ СССРнинг ёш ва гўзал қизларини Араб Амирликлари ва шунга ўхшаш мамлакатларда фоҳишаликка маҳкум этдилар. Бу каби жирканч ва фосиқ ишлар орқасидан Самарқанда маҳобатли қасрлар тикладилар, ўзларини тиллаворларга буркаб, бир-бирларининг ичини ёқдилар. Ҳаром-ҳариш ишлардан бунёд бўлган қасрларни, фаҳшга ботган маҳаллаларни кўриб, “ўзбегу тожикнинг зуриёдиман”, деган бирор мустақилликни мадҳ этгувчи мансабдор ёхуд бўлар-бўлмасга кўкрагига муштлайдиган “ватанпарвар”нинг ҳамияти қўзимади, тафаккур қилиб жони ачимади, ор-номусдан жони бўғзига тиқилмади.

Каримовча мустақиллик туфайли, икки туғишган ўзбегу тожикнинг пок тупроғи – ота-боболари хоки билан тўлган фирдавси Самарқанди, наҳс босган кимсаларнинг оёқлари остида қолиб кетди.

Иймон-эътиқодли минглаган самарқанликлар кўзлари олдида рўй бераётган бу жирканчликлар, уларни тирик ўлдирди. Инсон зотига бўлган қалблардаги муҳаббатни сўндириб, Каримов ва унинг мустақиллигига бўлган нафратни борҳо оширди.

(давоми бор)