Мўминлар учун энг оғир замон қайсидур?

Мўминлар учун энг оғир замон қайсидур?
78 views
13 June 2016 - 6:00

FwKnV-0N5jUАлихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 49

(давоми)

Бу каби жаллодлар қўлида зиён заҳматга учрамай, чекинмай, қутилганим учун Аллоҳга ташаккур қилиб, кўп ҳамду санолар айтдим. Шу билан мени бир йўл чақирганича, иккинчи ўзлари йўқламагач, у золим қонхўрлар юзини кўрмаганлигим учун Аллоҳга ташаккурлар қилдим.

Орадан уч тўрт кун ўтар ўтмас, зиндон йўлдошим Тўрохунни сўроққа чақирдилар. Бундан илгари ҳам қийнов қистов ишларини кўриб ўткизган бўлиши керак: «Ҳай, менинг ишим қандай бўлар экан?», деб жон ҳовучлаган кишилардай қўрққанича кетди. «Кемага тушган кишининг жони бир», дегандай йўлдошим қайғуси устига, инсончилик экан, ўзим ҳам қайғура бошладим.

Орадан уч тўрт соат ўтгандан кейин қарасам, ўзи айтгандек, бечора Тўрохунни йўлаб суяб эшик олдига келтиришиб, ичкарига итаришиб юборди. У гандираклаганича келиб, менинг олдимга йиқилиб тушди. Қарасам, устидан сув қуйгандек қора терга тушган экан. Эшик ортида тинглашиб туришларидан қўрқиб, ҳол сўрашга ҳам журъат қилолмадим. «Худоё, булар зулмидан ўзинг асрамасанг, кўрар кунимиз шул экан», деб «Ло ҳавла»ни ўқиб, устида жалдираб ўлтирдим.

«Мўминлар учун энг оғир замон қайсидур?», деб расулуллоҳдан сўраганларида, «Ҳаромзодалар халқ устига ҳукмрон бўлса», деган мўъжиза сўзларини кўз олдимиздан ўтказдик. Бу ваҳший йиртқичлар ваҳшиёна қилган зулмларини ёшириб уялгандан эмас, балки шайтонлигидан ҳеч кимга айтмаслиги учун ҳар бир зулм кўрган кишилардан шартлик тилхат оладилар. «Жонингни оламан, довушингни чиқарма», дегандек, бечора кишилар бошқа сўроқчиларга ҳам ўз устиларидан ўтган ноҳақ зулмлардан бир оғиз гапиролмайдилар.

Шу аҳволга тушиб ташқарига чиқилмасдан, кеча кундузи билинмаган қоронғу уйда ҳафта ўн кунни шундай қийинчиликлар билан ўтказдик. Мен келган кундан бошлаб, ҳар куни икки уч вақт биз ётган қамоқхона орқасида қандайдурки бир аёл кишининг йиғлаган довуши эшитилган сўнггида, том орқасини дупиллатиб сўққали туради. «Бу нимадур?», — деб йўлдошимдан сўрасам: «Мен келгандан бери шу том орқасида ҳар куни неча қайта йиғи овози чиқади. Йиғидан тўхтар экан, том орқасини уриб, яна довуш чиқариб, «Киши борми?» дегандек чақириб қўяди. Мен ҳам бунга яраша жавоб қайтарай десам, соқчи аскарлардан қўрқаман», деди.

Яна бир куни йиғи солиб том қоқиб эди, қарасам, соқчи аскарлар кўринмагач, Тўрохунни эшик пойлоқчи қилиб, орқа томни гупиллатган сўнггида: «Сиз ким бўласиз?», деб қичқириб эдим, «Мен дуббегининг хотини бўламан, олти ой бўлди шу ёлғиз уйда қамоқдаман, қўрққанимдан, ёлғизликка чидаёлмай, кунда уч тўрт марта йиғи солиб сизларга ҳам тинчлик бермадим. Бошқа иложим йўқ, қандоқ бўлса ҳам хафа бўлманглар», деди.

Бу хотин олти ойдан бери ёлғиз уйда, ёлғиз ётиб, бу раҳмсиз тошюрак қора кўнгиллар қўлида тортган жабр жафоларини онглагач, бунинг олдида бизнинг ишимиз ҳолва бўлиб қолди. Яна бир куни қарасам, ўртамиздаги девор тангадек тешилиб, бир нарса қимирлагандек бўлди. Тортиб олсам чўка ёғочи экан. У билан орамиз очилиб, телефон қургандек бемалол гаплашгани турдик. Эри дуббеги бўлгани учун қанчадур олтин солиб, шуни тўлатмоқчи экан. Бундан бошқа ҳам турма сирларидан бирмунча ишларини бизга тушунтириб турди. Кейин эшитсам, бу хотин турмадан қутилгач, ўз одатларича диндорлик билан мастураликда юриб, умри қисқа экан, дунёдан ўтибдур. Худо раҳмат қилсин!

Йигирма кунга яқин бу уйнинг қийинчиликларини кўрганимиздан сўнгра, бизни бу ердан кўра кенгроқ, ёруғроқ бўлган ёнимиздаги уйга чиқазди. Бунда эса Кучар оқсоқоли Муҳаммадали охун йўлдоши билан, мен Тўрохун билан тўрт киши ўн кунча ўлтирганимиздан кейин, икки аскар келиб бизни ҳайдаганича бир майдонга чиқарди. Қарасак, олди орқаси ўралган, икки от қўшилган кўтак (ёғоч арава) арава тайёр турибди. Қуроллик уч аскар бошчиси қирғиз, қолган иккови уйғур, бирови олдимизда, иккови ёнимизда хитой одатларича милтиқлари тикланган ҳолда турарди. «Нари тур», деб қичқириб йўловчиларни қўрқитгач, кўз қўрқитиш, юрак чўчитиш учун бўлса керак, олди-орқамизни ўраган аскар, халқ кўп бозор ўртасидан юриб, аравани қаттиқ ҳайдаганларича шаҳардан чиқардилар.

Йўлдошларимиздан Муҳаммадали оқсоқол содда кўнгил, эски одамлардан экан. Ўлимга кетаётган киши дуо қилгандек, турган халққа қараб узун ўсган соқолини силаб бошини эгди. Буни кўрган бечора мусулмонлар ҳам соқолларини силашиб, бизга қараб дуо қилган бўлдилар.

Шу аҳвол билан Кучардан чиққанимизча юриб, биринчи қўналғуга етдик. Йўлда кетаётганимизда бешлаб, ўнлаб от эшак минган бозорчи, йўловчи кишилар учрар эди. «Четга торт!», деган бақириқни эшитишлари билан биз ўтиб кетгунча кўча четида улоқларининг бошини буриб, тескари қараб турардилар. Йиртқичлар олдида бошқа жониворлар қандоқ қўрқиб туришса, бу бечоралар ҳам шу аҳволда қўрқиб турганларини кўрдик.

Биринчи қўналғуга келган кечада аскар бошлиғи мени чақириб:

«Сиз яхши киши кўринасиз, бизнинг қоидамиз бўйича гуноҳкорларни кечаси уйга қамаб, қўл-оёқларига занжир солишимиз керак эди, сизни кўриб бундай қилишга ботинолмай қолдик. Ҳукумат буйруғи бўлгач, биз буни бажаришдан бошқа эркимиз йўқдир. Сизлар тинч бўлсанглар ҳеч иш йўқ, биз ҳам тинч бўламиз», деди.

Тўхтаган жойимиз, Бой деган отига яраша боғу бўстонлик, қалин дарахтзор билан ўралган, оқар сувлик, ҳавоси келишган бир қишлоқ экан. Шу кеча соқчиларимиз бизни ерлик Гўнангжузага топшириб, ўзлари кўринишмади. Бу ердаги хизматчи уйғур болаларига қарасам, олди 30 га етмаган, 18-20 ёш ораларида бўлиб, икки сўзнинг бирида «бизнинг синфий душманларимиз» дейишни ўрганмиш эканлар.

Шунга кўра бизни ҳам душман ҳисобида кўриб, биз каби асирлар ҳаққига хиёнат қилдилар.

(давоми бор)