Қийинчиликларга чидамлик кўрсатиб, душманга қарши турдилар…

Қийинчиликларга чидамлик кўрсатиб, душманга қарши турдилар…
281 views
14 June 2016 - 6:00

2-madinah-masjid-al-nabawi-4Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 53

(давоми)

Шундоқ бўлиб, Уҳуд уруши бошланиши билан мусулмонлар ғалаба қозонган бўлсалар ҳам, бунинг шароитини ўзлари бузганликдан, кўп хаёл ўтмай қаттиқ мағлубиятга учрадилар. Сафлари бузилиб, бош-оёқлари қовушмай, тарқоқ ҳолда қолишиб, тартиблари бузилди. Шунча қалин душман ҳужумига қарши Пайғамбаримизнинг қошларида ушбу ўн тўрт кишидан бошқа ҳеч ким қолмаган эди. Ул баҳодирларнинг еттитаси муҳожирлардин бўлиб, аларнинг отлари шулардир:

  1. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ.
  2. Ҳазрати Умар.
  3. Абдураҳмон ибн Авф.
  4. Саъд ибн Аби Ваққос.
  5. Талҳа.
  6. Зубайр.
  7. Зайд ибн Ҳориса.

Қолган етти киши ансор саҳобалардан эдилар. Булар: биринчиси, Пайғамбаримиздан қилич олган, буни эгилгунча чопқайман, деб ваъда берган ҳазрати Абу Дужона эди, иккинчиси, Ҳубоб ибн Мунзир, учинчиси, Осим ибн Собит, тўртинчиси, Ҳорис ибн Симма, бешинчиси, Суҳайл ибн Ҳаниф, олтинчиси, Саъд ибн Муъоз, еттинчиси, Усайд ибн Хузайр, разияллоҳу таоло анҳум ажмаъийн.

Кўпчилик бошқа саҳобалар бўлса, Расулуллоҳдин ажраб, кураш майдонида тарқалиб қолдилар. Малъун Ибн Қамъа: «Муҳаммадни ўлдирдим», деб аскар ичига ёлғон довруқ солган чоғда Ислом туғи Ҳазрати Али қўлида эди. Уруш тўполонида чопишиб юриб, Расулуллоҳдин адашиб қолдилар.

Шу орада Ибн Қамъанинг ёлғон сўзи қулоқларига етди. «Бу иш бўлғулик эмасдур», деган бўлсалар ҳам яна инсончилик, кўнгиллари ваҳим олиб, ўликлар ётган гумонлик ўринларни ахтариб, Расулуллоҳни изладилар: Ҳеч ердин нишоналарини топмагач, шундоқ ўйладиларким: «Расулуллоҳ бу урушда ҳеч қачон майдондин қочиб кетмаслар, лекин бизнинг қилган гуноҳимиз шумлигидин, Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломдек Расулуллоҳни ҳам кўкка кўтарган бўлиши керак. Энди биз Расулуллоҳдин ажраб, ер устида тирик юрганимиздан, Худо йўлида ўлганимиз яхшироқдур. Расулуллоҳни кўрмагунимча қиличимни қинига солиш йўқдур», деб қилич қинини синдирдилар. Яланғоч қилич билан ўзларини душман тўпига урдилар. Бу дамларда душман сафи бузилиб, ора очилди. Қарасалар, юқориги ўн тўрт киши Расулуллоҳни ўртага олиб, душмандин мудофаа қилиб турибдилар.

Улар ичида Саҳл ибн Ҳаниф, бу киши эрса, Мадина халқидан чиққан атоқлик мерганлардин эди, тўрт томондин Расулуллоҳга қасд қилиб келган душманларни ўқ билан уриб, ҳеч бирини яқин келтирмай турибди.

Абу Дужона бўлса, қайси ёқдин бирор нарса келса, Расулуллоҳни қўриқлаб, ўзини қалқон қилур эди. Орқа елкаларига атрофдин отилган ўқларнинг бир нечалари тегиб қадалган эди. Шундоқ қилиб, бу баҳодирлар Расулуллоҳни қўриқлашда жон фидолик билан энг сўнги сувликларигача (нафасларигача) чидамлик кўрсатдилар.

Айниқса, булар ичида Зайд ибн Ҳориса Расулуллоҳ устига бўлган ҳужумларда душманлар тарафидан отилган, урилган, чопилган қуролларга қарши турганликдан қаттиқ яраланган эди. Расулуллоҳ ўзлари бўлсалар шул куни (бошларидан) энг оғир ишларни ўтказдилар. Ҳар қандоқ одам кўтаролмаслик даражада қаттиқ яраландилар. Шундоқ бўлса ҳам, бу қийинчиликларга чидамлик кўрсатиб, душманга қарши турдилар.

Бу қилишлари бўлса, келгуси кунларда ибрат олгувдек бир ишни умматларига қолдириш эди. Яна шундай қизғин уруш бўлиб турган чоғда, Қурайш раисларидан Убай ибн Халаф деган киши: «Энди Муҳаммад қаён қочиб қутила олади?» деб Расулуллоҳ устига от қўйди. «Агар шул куни Муҳаммад мандин қутулур бўлса, ман дунёда тирик тура олмагайман», деб қилич кўтариб ҳужум қилмоқчи бўлди. Буни кўрган саҳобалардин бир нечалари унинг олдини тўсиб, қарши чиқдилар. Анда Расулуллоҳ: «Ҳой, уни тўсманглар, яқинроқ келсун», — дедилар.

У ҳам оғзига келганини айтиб, қиличин кўтариб, чопгали келмоқда эди. Расулуллоҳ, етишига бир-икки найза бўйи қолган чоғда, ёнларида турган Ҳорис ибн Симма деган саҳоба тутиб турган қисқа найзани анинг қўлидан олиб, ёмон ниятда келаётган душманни етгунча қўймай, ул сари отдилар. Найза етиб, унинг бўйнини бир оз яралади. Аммо қон оқизгувдек яраси йўқ эди. Лекин унинг оғриғига чидай олмай орқага қайтди. Борган сари оғриқ ошиб, чидолмай бақиргани турди. Буни кўрган бошқа йўлдошлари ани зонглик (масхара) қилдилар: «Сенинг бўйнингга тушган бу яра агар бизнинг кўзимизга тушар бўлса, биз ани эран (писанд) қилмас эдик. Юрагинг йўқ, ўзинг бўш киши экансан», деб анга кулдилар. Анда ул айтди:

— Лот-уззо ҳаққи, агар менинг бу олган ярамнинг дардини Рабиа, Музар (арабларнинг улуғ қабиласи) халқи тақсим қилиб олур бўлсалар, бунинг таъсиридан барчалари ўлур эдилар. Энди мен нечук бундан тирик қолгайман, — деди.

Бу киши Расулуллоҳнинг энг қаттиқ душманларидан бири эди. Пайғамбаримиз Макка шаҳрида турган чоғларида ул ҳар қачон Расулуллоҳни кўрар бўлса, айтур эдиким:

— Эй Муҳаммад, менинг бир арғумоқ отим бор, ҳар куни ўн қадоқдин ортиқроқ ем егизиб, уни тоблаб турибман, шу от устида сени бир куни чопиб ўлдиргайман, — дер эди.

Анда Расулуллоҳ унинг сўзига қарши:

— Сен мени ўлдира олмагайсан, иншааллоҳ, мен сени ўлдиргайман, — деган эдилар.

Пайғамбаримизнинг шул айтган сўзларини Аллоҳ таоло чинга чиқарди. Шу билан Қурайш аскари Уҳуд урушидан қайтишларида Макка-Мадина оралиғидаги— Сараф деган жойга келгунча бу киши жон талашиб, бўкириб келди. Шу ерга келганда жон берди. Расулуллоҳ умрлари бўйи қилган ғазотлари ичида, илгари-кейин бўлиб, шу бир кишини ўлдирдилар. Ўз қўллари билан ўлдирганлари ёлғиз шу киши эди. Пайғамбаримиз айтдилар:

— Инсонлар ичида ўлгандин сўнгра энг қаттиқ азоб тортгувчи кимарса — пайғамбарни ўлдиргувчи ёки пайғамбар қўлидан ўлгувчи киши бўлур. Бунинг сабаби шулдурки, ҳар бир пайғамбар ўз умматига ота-онасидан ҳам меҳрибонроқдур. Шунинг учун Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз ҳақларида шу оятни туширди:

«Лақад жоакум, росувлум мин анфусикум, азизун алайҳи ма аниттум, ҳарийсун алайкум бил муъминийна рауфур роҳийм…»

Маъноси: Аллоҳ амри билан, ўзинглардан азиз бир киши сизларга пайғамбар бўлиб келди. Сизларнинг оғир юкинглар, меҳнат-машаққатларинг анинг устига юкланди. Ул пайғамбар сизларга бек омроқдур (меҳрибондур). Бутун дунё халқи Ислом динини қабул қилар бўлсалар, анинг энг ортиқ тилаги шулдур, яъни мўминларга меҳрибон, аларга раҳмлик, яхшилик қилувчи» демакдир.

Энди билмоқ керакким, азиз, рауф, раҳим, бу учови эрса, Аллоҳ таолонинг сифатларидандур. Чунки Қуръони каримда: «Инналлоҳа биннаси ла роуфур роҳим» оятини келтирди. Маъноси:

«Албатта, Аллоҳ таоло одамларга меҳрибондур, раҳм қилгувчидур» демакдур.

Пайғамбаримизнинг ҳақларида ҳам: «Бил муъминийна роуфур роҳим» деб Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни ўз исми билан атади. Бошқа ҳеч бир пайғамбарни бу сифати билан атамаган эди. Энди шундоқ улуғ, меҳрибон, шафқатлик пайғамбар бир инсонни ўлдирур эрса, ундин сира яхшилик кутмаганлигини билдирур. Шунинг учун Пайғамбаримиз айтдилар:

— Бир кимса пайғамбарни ўлдирган бўлса, ёки пайғамбар тарафидан ўлдирилган бўлса, бундай одам гўрга кўмилгандан бошлаб, қиёмат бўлгунча, тўхтовсиз гўр азобини кўргай, — дедилар.

(давоми бор)