Билиб билмасликка… кўриб кўрмасликка… эшитиб эшитмасликка олиш санъати!

Билиб билмасликка… кўриб кўрмасликка… эшитиб эшитмасликка олиш санъати!
220 views
15 June 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(39-қисм)

Ўн саккизинчи шох: Тажоҳулул ориф

Илмда “адабий (шеърий) санъат” деган тушунча бор. Айниқса, мумтоз адабиётда шеърий санъатлар алоҳида ўрин тутади. Мумтоз шоирнинг истеъдоди у ўз ижодида бу санъатлардан қанчалик кўп фойдаланганию уларни нечоғли маҳорат билан қўллаганига қараб ҳам баҳоланган.

Масалан, тазод (қаршилантириш) санъатини олайлик. Бунда ҳиссий таъсирни кучайтириш орқали маънони бўрттириш учун бир байтда ўзаро тескари сўзлар ишлатилади. Мавлоно Лутфийдан:

Интиҳо йўқму десам ҳуснингга, айтар кўзларинг:
“Қайдасан мен худ балони қилдим эмди ибтидо”.

Биласизлар: интиҳо ‒ тугаш, ибтидо ‒ бошланиш. Яъни, мен: ҳуснинг тугаб қолмайдими, десам, кўзларинг: мен ўзимга бу балони энди бошладим-ку, дейди.

Яна ирсоли масал (матнда мақоллардан ўринли фойдаланиш), истиора (ўхшатиб ўтирмасдан ўзини айтиб қўяқолиш: мас., “оҳунинг кўзидек кўз” эмас, “оҳу кўз”, “шердек бола” эмас, “шер бола” ва ҳоказо), раддул матлаъ (ғазалнинг илк мисрасини кейинги байтларда такрорлаш), раддул қофия (қофияни такрорлаш), саж (насрни қофияли қилиб ёзиш), тавзеъ (оҳанг уйғунлигини ҳосил қилиш) сингари кўплаб санъатлар бор. Булар мумтоз адабиётимизни ҳайратланарли даражада гўзал ва ўқишли қилади.

Тавзеъ санъатига Алишер Навоий ҳазратларидан бир мисол:

Ганжа ганжуриким чекиб кўп ранж,
Қўймиш эрди жаҳонда беш ганж.

Вазнга риоя этиб ўқинг эди, “ж” товушининг жангир-жунгиридан ҳосил бўлган оҳанглар жилваси сизни ўзига ром қилиб олади!

Тарфеъ (гавҳарни ипга тизиш) санъатида эса, бир сатрнинг ҳар бир сўзига иккинчи сатр сўзлари қофиядош бўлиб келишига катта эътибор берилади. Бунга мисолни Ҳусайн Бойқаро (Ҳусайний) ҳазратларидан олдик:

Тўкиб қоним тараҳҳум қилмадинг ҳеч,
Кўруб ҳолим табассум қилмадинг ҳеч.

Қаранг, байтда фақат сатрлар охиридаги сўзларгина эмас, ичидаги сўзлар ҳам остма-ост бир-бирига қофияланиб келяпти. Нақадар гўзал!

Булар орасида тажоҳулул ориф деган бир шоҳ санъат ҳам бор. Маъноси: билиб туриб билмасликка олиш. Яна Ҳусайн Бойқаро ижодига мурожаат қиламиз:

Гул юзи атрофида ул лолаи асфармудур,
Ёнида зулфимудур ё кокили анбармудур?

Аслида, шоир ўзи сўраётган нарсанинг нима эканини жуда яхши билиб турибди, лекин биз каби нодон ўқувчиларнинг қитиқпатига тегиш учун атай ўзини билмаганга соляпти. Деҳқонча айтганда, талмовсираяпти. “Анов гул юз атрофидаги менинг ҳушимни ўғирлаган нарса нима ‒ асфар лоласими? Унинг ёнидагиси-чи: сочими ёки анбар кокилими?” деб сўраяпти.

Билиб турибсан-ку, хумпар, нимага тағин биздан сўрайсан, демайди ҳеч ким. Чунки муаллифнинг талмовсираши ҳеч кимга оғир ботмайди, қайтага ўқувчини нашъалантиради. Ана шунақа.

Санъатлардан яна кўпини санасак бўлади, мисоллар ҳам мумтоз адабиётимизда тиқилиб ётибди. Лекин ҳозир мақсадимиз сиз азиз ўқувчиларга адабий санъатлардан дарс ўтиш эмас. Зотан, дарс беришга ўзи менинг унча уқувим ҳам йўқ.

Тўғрисини айтсам, совет даврида Виладимир Илич Лелин номидаги Тошкент Давлат университетининг Адабиёт факултасида ўқиганимда махсус ўргатишганига қарамай, мен адабий санъатларни кўп ҳам англаб етмаганман. Тушунмасидим. Ўзи умуман шеъриятга унча қизиқмасидим, хоссатан мумтоз шеъриятимизга кўп ҳам ақлим етмасиди. Бўлмаса, катта-катта домлалар тер тўкиб узоқ вақт тушунтиришарди. Қаёқда!

Мана энди, орадан йиллар ўтиб ‒ совет қулаб, мамлакатим “мустақил” бўлиб, Лелин номи ҳайкал-майкалларига қўшиб қўшмозор қилиниб, университет оти “Миллий”га ўзгартирилиб, менинг ҳам ёшим олтмишга яқинлашиб… тажоҳулул ориф санъати моҳиятини энди англаб етдим.

Бирданига!

Беш йил махсус ўқиб тушунмаган, ақлим олмаган нарсани ҳеч қаерда ўқимаган, ўқиган бўлса ҳам, адабиёт факултасида ўқимаган ўттиз милёнли она халқим жуда яхши билар экан! Билганида ҳам аллақачондан бери уни ҳаётида аъло даражада қўллаб келяпти экан!

Энг ажаблананганим ‒ ўзим ҳам кўп қатори бу санъатни жуда пишиқ-пухта ўзлаштириб олган эканман! Фақат, қачондан бери ҳаётим шу тажоҳулул ориф санъати асосига ўтиб олганига қарамай, ўзим сезмай юраверган эканман.

Билиб билмасликка олиш санъати!

Кўриб кўрмасликка олиш санъати!

Эшитиб эшитмасликка олиш санъати!

Ҳа. Ўзбекистонда йигирма йилдан бери нималар бўлаётганини ҳаммамиз билиб турибмиз, лекин билмасликка олиб яшаб келяпмиз! Кўриб турибмиз, кўрмасликка олиб юрибмиз! Эшитиб турибмиз, эшитмаётганга соляпмиз ўзимизни!

Бир сўз билан айтганда, талмовсираяпмиз!

Яна бир англаб етган ҳақиқатим: билиб билмасликка олиш санъатини ўрганиш учун бирон ерда махсус ўқиш шарт эмаскан. Мен хомкалла нақ беш йиллик умримни увол қилиб университет остонасини ялабман-а! Ундан кейин ҳам неча йилдан бери адабиёт теварагида ўралашиб юрибман! Барибир тушунмай қолавердим.

Мана, бўларкан-ку!

Катта-катта домлалар ўқитиб тушунтиролмаган нарсани ҳаётнинг ўзи бирпасдагина ўргатиб қўяркан-ку!

Бу санъатнинг отини атамасдан ҳам бип-бинойидек ‒ жуда ўрнида ва қойилмақом қилиб ҳаётимизда неча йиллардан бери қўллаб келяпмиз!

Мумтоз шоирларимиз бизга ҳавас қилса арзийди! Ҳасад қилса ҳам бўлаверади!

У бечоралар машаққатлар чекиб, изланиб, бутун ижодларида беш-ўнта санъатни қўллаб қўйиб ўзларини моҳир санъатчи деб ўйлашгандир!

Ўтмишда бир шоир бобомиз кечалари салласини сандалнинг бир чеккасига тўнкариб қўйиб, жинчироқнинг лип-лип шуъласида, қалами учини қитирлатиб, ора-сира яланг ва тажанг чаккасини қалам орқаси билан қашлаб, зўрғалатдан излаб топиб қўллаган санъатни бизда бугун оддий деҳқондан тортиб академиккача, маҳалла оқсоқолидан тортиб …гача ҳаммамиз ҳар куни ҳар онда оппа-осон ишлатиб-қўллаб келяпмиз! Билиб билмасликка, кўриб кўрмасликка, эшитиб эшитмасликка олиб бемалол яшаб юрибмиз!

Газет-жўрнол, теле-радиоларимизни-ку, қўяверинг: битта тажоҳулул орифни эмас, бошқа санъатларни ҳам қийратиб юборишяпти. Битмас-туганмас мадҳияларга синчиклаб қулоқ солинг: охирги сатрлари тугул, ҳар бир сўзи қофиядошдир (тарфеъ санъати); биринчи сатрида қўлланган сўз иккинчи, учинчи… олтинчи… ўнинчи сатрларда ҳам тинимсиз ва муттасил такрорланиб ётибди (радди матлаъ санъати); ички оҳанги ҳам мукаммал, ташқи оҳанги ҳам тўкис: шарофатлари… ташаббуслари… бевосита раҳбарликлари… дамбира-думбур… дўмбира-думбур… воҳа-воҳа, воҳ-ваҳа-ҳа… воҳа-воҳа, воҳ-ваҳа-ҳа… (тавзеъ санъати). Ва ҳоказо, ва ҳоказо…

Албатта, шоирнинг талмовсираши шеърини чиройли қилади, бизнинг талмовсирашимиз ҳаётимизни гўзал қилармикан? Шоир билиб туриб ўзини билмасликка олса, ўқувчига оғир ботмайди, қайтага завқини қўзийди, биз ижтимоий ўпирилишларни билиб туриб билмасликка олаверсак, виждонларга, авлодларга ёқармикан?! Завқними қўзийди, нафратними?!

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com