“Молиявий пирамида қурган” тадбиркор қўлга олинган

“Молиявий пирамида қурган” тадбиркор қўлга олинган
121 views
15 June 2016 - 17:21

1388139877_arest_10“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Халқ орасида “Аҳмадбой” номи билан танилган чинозлик тадбиркор Аҳмад Турсунбоевнинг Тошкент вилояти Чиноз туманидаги офиси 15 май куни қора ниқобли махсус гурух томонидан ўраб олиниб, тадбиркорнинг ўзи қўлга олинган. Унга қарашли “Чиноз Авто Ҳамкор” фирмаси йилига камида 100 фоизлик дивиденд ваъдаси билан одамлардан омонат олиш билан шуғулланиб келгани тўғрисида хабар қилган эди.

Ўзини “Аҳмадбой Чиназский”, дея таништирадиган тардбиркор Аҳмад Турсунбоев чоршанба куни қўлга олингани тўғрисида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба хабар қилган.

Маълум бўлишича, 38 ёшли Аҳмад Турсунбоев катта миқдордаги товламачиликда айбланмоқда.

Манбанинг айтишича¸ “Аҳмад Турсунбоевнинг уйи жойлашган Тошкент вилоятидаги Олмазор шаҳарчасини давлат автомобиль-патруль хизмати ходимлари куршаб олган ва Олмазор шаҳарчасига ҳозирда “ҳеч ким киритилмаяпти ва чиқарилмаяпти”.

Чиноз туманидаги бошқа бир манбага кўра, туман ИИБ шахсий таркиби тўлалигича Аҳмадбойнинг уйини қуршаб олишга сафарбар қилинган.

Яна бир манбанинг айтишича¸ “Аҳмадбой GM Uzbekistan билан боғлиқ текширувлар ортидан қўлга олинган”.

Алишер Эргашев исмли юзернинг facebook тармоғида ëзишича¸ бир кун олдин Аҳмадбойнинг вакиллари “Тирик бўлса, пулларингизни қайтариб оласизлар¸ ўлиб кетса, уйига келиб болаларидан даъво қилмайсизлар”, деган гапни айтишган. Гап “дивиденд” эвазига Аҳмадбойга топширилган омонат пуллар ҳақида кетаяпти.

100 фоизлик дивиденд васвасаси

Қора маскалилар кўмагида қўлга олинган Аҳмад Турсунбоевга қарашли Тошкент вилояти Чиноз туманида жойлашган “Чиноз Авто Ҳамкор” фирмаси йилига камида 100 фоизлик дивиденд ваъдаси билан одамлардан омонат олиш билан шуғулланиб келган.

Автомобил савдосига ихтисослашганига қарамасдан банк хизматларини кўрсатган фирма “молиявий пирамидага” ўхшаса-да, пулини икки баробарга кўпайтириш тамасида бўлганлар сони кун сайин кўпайиб борган. Маълумотларга кўра, ўша пайтда омонатчиларнинг сони 40 мингга етган бўлиши мумкин.

Машинафуруш фирмами ё банкми?

Асли чинозлик тадбиркор Аҳмад Турсунбоев бундан 2-3 йил аввал танила бошлади, дейди уни таниганлар. Чинозликлар халқ орасида “Аҳмадбой”, дея танилган 38 ёшли тадбиркор автомобиллар савдоси билан шуғулланишдан аввал қассоблик қилар эди, дея билдиришди.

“Икки йилча аввал машина сотиш билан шуғуллана бошлади. Кейин одамлардан 200 фоизгача йиллик фойда ваъдаси билан пул ола бошлади. Фоизга ҳам қарз беради”, деган эди апрель ойида чинозликлардан бири.

Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳокимиятининг тадбиркорларга лицензия бериш учун мутасаддиси Фарҳод Мустафоевнинг айтишича, Аҳмад Турсунбоевга қарашли фирма жорий йил бошроғида рўйхатга олинган.

“Аҳмад Турсунбоев тадбиркор сифатида шу йили рўйхатдан ўтди. Низоми бўйича автомобил савдоси билан шуғулланади. Лекин аслида нима билан шуғулланаётганини биз текшириш бизнинг ваколатимизга кирмайди. Буни текширадиган ташкилотлар бор, масалан солиқ қўмитаси қизиқиши керак. Мен ҳам одамлардан фоизга пул олаётгани ҳақидаги гап-сўзларни эшитганман. Кўчада шунақа гаплар бор. Лекин уни текшириш бизнинг ваколатда эмас”, деди Чиноз тумани ҳокимияти мулозими.

“Бу пирамиданинг классик кўриниши”

“Чиноз Авто Ҳамкор” фаолиятини бир неча ойдан бери кузатаётганини айтган тошкентлик тадбиркорнинг айтишича, бу ерда гап молиявий пирамида ҳақида кетяпти.

“Мен 8 ойдан бери кузатяпман “Аҳмадбой” пирамидасини. Одамлар минглаб долларларни олиб келиб беришяпти. Унинг идораси Чинознинг Олмазор қўрғонида жойлашган. Ўзим ҳам бориб кўрдим. Ҳеч кимга ҳеч қандай қоғоз бермайди. Паспортингизни кўради, қандайдир жетон беради. Шу билани иш битти. Россияда “МММ” ҳам шунақа бўлган. Тожикистон ва Доғистонда ҳам яқиндан шунга ўхшаш пирамадилар ташкил қилинган эди. Бошида одамларни қизиқтириш учун мижозларга ваъда қилинган катта фойда беради. Лекин кейин катта миқдорда пул тўпланганидан кейин, ғойиб бўлади”, дейди тошкентлик тадбиркор.

Озодлик мухбирлари “Ахмадбой Чиназский” номли Facebook фойдаланувчиси билан кун давомида ёзишган. Микрофон орқали интервью беришни рад қилган суҳбатдош Аҳмадбой Турсунбоевга нисбатан илгари сурилаётган молиявий пирамида ясаганлик айбловларини мутлақо рад қилган.

Facebook тармоғининг ўзбек тилидаги сегментига доир турли гуруҳлардаги муҳокамалар иштирокчиларининг аксари ҳам Чинозда Аҳмадбой таклиф этаётган мўмай даромад молиявий пирамиданинг классик кўриниши, деган фикрларни билдиришмоқда.

Лекин Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Аҳмад Турсунбоевга қарашли “Чиноз Авто Ҳамкор” фирмаси фаолиятига шунча йилдан бери қизиқиш билдирмаётгани боис, гап қонунбузарлик ҳақида кетаётганини айтиб бўлмаслигини қайд этиш жоиз. “Ахмадбой Чиназский” номи остидаги Facebook фойдаланувчиси шу пайтгача ҳеч кимни алдамаганини айтган.

Ҳайвонот боғига гўшт сотган меценат

Тадбиркор Аҳмад Турсунбоев асли Чиноз туманининг Олмазор қўрғонида 1978 йилда туғилган. Бундан аввал қассоблик қилган, Тошкент Ҳайвонот боғига гўшт етказиб бериш билан ҳам шуғулланган. Facebook-даги “Ахмадбой Чиназский” саҳифасида Аҳмад Турсунбоев номига кўрсатган кўмаги учун Ўзбекистон ногиронлар жамияти ҳамда Чиноз тумани маданият ва спорт ишлари бўлими рарафидан тақдим этилган фахрий ёрлиқлар расми эълон қилинган.

“Аҳмадбой” тўғрисида Интернетдаги Циклопедия ресурсида берилган маълумотда 38 ёшли тадбиркор “ўзбекистонлик меценат”, дея таърифланган. Бу маълумотда ҳам Аҳмад Турсунбоев тадбиркорлик фаолиятида 2010 йилдан бирданига жиддий ўсиш кузатила бошлаган.

1990 йиллар бошларида катта шов-шувга сабаб бўлган МММ молиявий пирамидасини Сергей Мавроди ташкил қилган эди

Молиявий пирамида одамлар ишончини қозониш орқали амалга ошириладиган фирибгарлик ҳисобланади. Пирамида доимий тарзда пул маблағларини жалб этишга асосланади. Бунда пирамиданинг илк иштирокчиларига фойда кейинги сармоячилар ҳисобидан қопланади.

Собиқ иттифоқда катта шов-шувга сабаб бўлган молиявий пирамидани 1990 йиллар бошларида Россияда тадбиркор Сергей Мавроди ташкил қилган. Икки-уч йил давомида мижозларига дивидендларни тўлаб келган “МММ” ширкати асосчиси бирданига ғойиб бўлиши ортидан 15 миллионгача омонатчи зарар кўрган.

АҚШ, Европанинг аксар давлатлари ва бошқа кўплаб мамлакатларда молиявий пирамидаларни ташкил этиш қонун билан тақиқланган. Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари ва Хитой каби мамлакатларда молиявий пирамида ташкилотчиси ўлимга ҳукм этилиши мумкин.

Ўзбекистон қонунчилигида тўғридан-тўғри молиявий пирамидаларни тақиқловчи меъёрлар йўқ. Лекин бундай ҳолат жиноят кодексининг фирибгарлик тўғрисидаги моддалари бўйича малакаланиши мумкин.

ЎХҲ хабарлар бўлими