Маърифатсиз сиёсат!

Маърифатсиз сиёсат!
84 views
16 June 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(40-қисм)

Ўн тўққизинчи шох: Бобомерос, отамерос касб

Оллоҳ раҳмат қилсин Дадажоним ўқимишли одам эдилар. Айтишларича, тўрт ёшларидан (1920 йили) Қўқондаги Жоме мачити мактабида ўқий бошлаганлар. Ҳовлисининг қоқ ўртасида бир минора, қибла томонида узун ва катта айвон, унинг марказида сал ичга олиб қурилган кўркам хонақоҳ бор эди.

Ёши икки юз йилларга бориб қолган бу жоме ҳозир ҳам Қўқоннинг баҳосиз бир бойлиги бўлиб турибди.

Айтганча, айвон устуни жуда кўп ва баланд-баланд. Ёғочлари Ҳиндистондан филларга юклаб махсус келтирилган, дейишади. “Шу устунларни санайвериб охирига боргунча адашиб кетар эдик”, деб ҳикоя қилардилар Дадажоним.

Тўрт-беш ёшли бола тўқсон олти устунни санашда адашиши табиий, албатта.

Дадажонимнинг бешинчи (ё тўртинчи) катта боболари Мирзо Қаландар Мушриф Қўқон хони Умархон даврида давлат кутубхонаси мудири, лашкар қозиси, тарихчи олим ва шоир бўлганлар. У кишининг ўғиллари, Дадажонимнинг тўртинчи (ё учинчи) боболари Мирзо Айюб Баҳжат ҳам шоир ва олим, айни чоқда сарой кутубхонаси бошлиғи бўлганлар. Хонлар уларга махсус ёрлиқ билан “Китобдор” деган унвон берган.

Хуллас, охирги хон даврида ҳам, то ўрис Қўқон хонлигини тўла босиб олгунича, давлатнинг нодир китоблари ҳаммаси Дадажонимнинг боболари қўлида бўлган. Ўрис Қўқонни эгаллагач, табиий, улар вайрона саройдан энг биринчи галда китобларни эсон-омон олиб чиқиб кетиш ва асраб қолишга қайғуришган.

Шаҳардан кунботар томон чапга қиялаб йигирма беш чақиримча юрилса, хонлар боболаримизга вақф қилиб берган ерлар келади ‒ ҳозирги Ўзбекистон тумани Ойимча қақир (иккинчи оти “Каримдевона”) қишлоғи ва тевараклари. Дадажонимнинг боболари ўриснинг талони ва қирғинидан қочиб ўша вақф ерларига кўчишган. Китобларнинг бир қисмини ҳам ўша ерга олиб келишган. Давлат кутубхонасида ҳаммаси бўлиб қанча китоб бор эди, улардан қанчаси босқин чоғи йўқолган, қанчасини асрай олишган, қаерларга ва қандай яширишган ‒ афсус, бу ёғини мен билмайман. Оллоҳ раҳмат қилсин Аяжоним гапириб берганлари бўйича, 1940 йили Дадажонимга турмушга чиққанларида катта уйлардан бири тўла китоб бўлган экан. “Эшик зўрға очиларди, ердан то шипгача китоб тахлаб ташланган эди! Не-не китоблар эди!..” деганлари эсимда. Яна бир гапни талабалик пайтимда Дадажоним айтганлар. Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” рўманини ўқиб чиққанларидан кейин: “Улуғбек тўплаган бебаҳо китоблар (йўқолган хазинаси) бир қисми шу ерда эди…” деб қўйган эдилар бошларини афсусланганнамо чайқаб.

Бу уйда 1957 йилгача Дадажонимнинг аялари Мирзо Марямхон бувижоним ўтирганлар. Боболари ўрисдан яширган “давлат кутубхонаси” қолдиқларини шу Бувижоним то 1950 йилларгача илож борича асраб-авайлаб келганлар. Лекин худосиз коммунистларнинг золим сиёсати барибир у китобларнинг бошига етган ‒ битта қолмай йўқ бўлиб кетди ҳисоб.

1937 ‒ 38 ва 1947 ‒ 48-йилларнинг коммунистча-исталинча қама-қама ва қатли омларини кўрган Дадажоним бу гапларни бизга ёшлигимизда кўп ҳам айтавермаганлар. Умуман, аждодлари ким бўлганини ҳам гапирмасдилар. Ҳарҳолда мен эсламайман. Чунки биз уйда ота-онамизнинг болалари бўлсак-да, кўчада ва жамият орасида олдин ўктабирят, кейин пионер, ундан кейин комсомол, яъни ғирт совет боласи эдик! Кўча-кўйда ўртоқларига гуллаб қўяди деб ўйлаган бўлсалар керак.

Ўзлари 1947 йили “уйидан арабча китоб чиқди” деган айб билан бир марта қамалганлар ҳам. Бир йилча азоблар чекканлар. Узоқларга “этап” қилинаётганларида ўша пайтлар бизнинг туманимиз бошлиғи бўлган Бузрукхўжа эшоннинг аралашуви билан озодликка чиқарилганлар (Дадажоним бу воқеани айтаётганларида у одамни ҳар гал айрича ҳурмат билан “Эшон ака” деб тилга олардилар). Шунинг учун советдан юрак олдириб қўйганлар. Яъни, эски гаплар қўзғалиб қолишидан хавотир олиб юришларида жон бор эди.

Саводли, онгли бўлганлари боис кейинроқ (балки ўша “Эшон ака” қўллаб) райўн молия идорасига ишга олишган. Райўн маркази Яйпанда ҳукумат идораларида қачон “эскилик сарқитлари” муҳокама қилинса, уйма-уй тинтув учун ҳозирлик кўрилса, эски одамлар бир-бирини огоҳлантирса керак, Дадажонимга ҳам шипшиб қўйишаркан.

Дадажоним дарров ёрдамчиларини қишлоққа чоптириб (ораси беш-олти чақирим): “Тез бор, китобларни яшир! Иложи бўлса, кўм! Катта уйни қулфла! Ундай қил, бундай қил!” деб тайинлар эканлар. Дадажонимнинг ёрдамчилари раҳматли Тожибой акамиз кўп китобларни ҳар қаёқларга ‒ ҳовлимизга, балки ўзларининг ҳовлиларига ҳам, қабристонга ва яна биз билмайдиган қаёқларгадир кўмиб ташлайверган эканлар. Бошқа тинч пайтлари уйимизга водийнинг ҳар еридан келган меҳмонларга ҳам, фойдаланишсин, баҳонада уйда ҳарна камайсин деб кўпинча китоб тарқатишганини эшитганман.

Худосиз, маърифатсиз, китоб душмани бўлган коммунист-совет сиёсати орқасидан бутун бошли Қўқон давлатида неча асрлар давомида тўпланган бой китоблар ‒ давлат кутубхонаси (миллий бойлигимиз!) хонлик ўрис қўлига ўтганидан тортиб то 20-аср эллигинчи йилларигача ‒ етмиш беш йил ичида шу тариқа кўмиб-тарқатиб, қолган-қутганини давлат талаб, тугатилган…

Шошма-шошарликда китобларнинг кўпи қаерга яширилгани кейинчалик унутилган. Умрлари охирида Дадажоним ўзлари эслаган жойларни кавлаб айрим китобларни топдилар. Афсус, ер тагида асраш қоидасига риоя этиб кўмилмагани учун кўплари “куйиб” кетибди.

Кавлаб олаётганларини бир гал мен ҳам кўрганман ‒ китоблар бурда-бурда бўлиб тўкилиб кетаверди. Ёқиб юборишга мажбур бўлдилар. Лекин бир Қуръони каримнинг бурда қолдиқларини ёқмадилар, халтачага солиб қўйдилар (ҳозир ўша бурдалар эсдаликка менда турибди).

Сал-пал бутун чиққанларини эса авайлаб олиб, то ўлгунларича қалин қоғоз (картон)га жилдлаб, тикиб, саҳифа четлари куйган ё йиртилган бўлса, чойдан бўшаган шилдироқ қоғоз ёпиштириб, ўчиб кетган сўзларни, билсалар ўзини, билмасалар маъносига қараб ўзларидан чиқариб сўз ва ҳарфларни ёзиб, таъмирлаб қўйдилар. Аммо булар жуда кам эди. Минг дона гугурт ёки беш юз юмалоқ чой сиғадиган эски совет қутисига жой бўлгани кўз ўнгимда.

Бу гапларни мен боболаримизни танитиш учун ёзмадим. Маърифат душмани бўлган сиёсатдан китобни яшириш одати бизга олдин бобомиздан, сўнгра отамиздан қолган эски касб эканини билдириш учун ёздим.

Не ёзиқ, катта бобомиз ўрис босқинидан миллий бойлигимизни ‒ китобни яширган, отамиз совет-коммунист-ўрис сиёсатидан эски арабча ёзувдаги китобларни кўмиб яширган ва йўқотган бўлишса, энди менга ва ўғилларимга келиб уйимиздаги арабча ва туркча диний китоб, кассет ва думалоқларни, сиёсий китоб ва мақолаларни кўмиш мерос бўлиб қолди!..

Битта менми китоб кўмаётган десам, йўқ, кутилмаган тинтувлар кўпайгач, эшитишимча, Ўзбекистонда уйидаги китобларни яширадиганлар сони ҳам кескин ортган.

Ғайри инсоний тузум мана шунақа муҳитни яратади. Бунақа муҳитда чумчуқ пир этса, юрак шир этадиган бўлиб қолар экан. Икки-уч марта уйимга одам қўйилди; йўлим пойланди. Қама-қама кучайиб, кечалари бости-бости кўпайиб, шундай паллалар бўлди, худди 37-йиллар қайтиб келиб қолдими деб ҳам ўйлаб қолдик: эшик тиқ этса, қулоқларимиз динг, кўзларимиз ланг! Ана олиб кетади-мана олиб кетади деб пойлаш билан ўтди ойларимиз, йилларимиз.

Кунини кутиб ётган бунақа оилалар яна қанча бўлса мамлакатда!

Шунинг учун эҳтиётини қилишимга тўғри келди. Аслида мен кўмган китоб, газет-жўрноллар уйда тураверса бўладиган хилидан эди. Давлатга ҳеч хавфи йўқ эди. Лекин билиб бўладими, давлат у китоб ва ёзувларнинг маъносини хоҳласа у ёққа, хоҳласа бу ёққа бурвораётган замонда жонимга ва оиламга таҳлика эҳтимоли кучли бўлиб қолди.

Иштонсизнинг ҳадиги чўпдан деганларидек, кети очиқ давлат ҳам ўзи ҳадиксираган одамлар уйига йўқ ердаги варақа, гиёҳванд модда, ҳатто тўппонча, автомат ва бўмба ташлаб қўйиб ушлаб кетаётган, адолатли маҳкама (суд) деган нарса анқонинг уруғига айланган, одамнинг қадри бир тийин бўлиб қолган, ёш-ёш йигит-қизлар ўн беш-ўн саккиз йиллаб қамоққа осонгина ҳукм қилиб юборилаётган бир шароитда сиёсатга салгина тегиб кетиши мумкин бўлган ёзув уйдан чиқиб турса, бу очофат одамхўрларга тайёр ош бўлмайдими?!

Хуллас, ота-бобомнинг касбини қилишимга тўғри келди: уйимда неча йил давомида тўпланган туркча, арабча ва ҳатто ўзбекча диний китоб ва ёзувларни сувқоғозлар ила пишиқ-пухта кафанлаб, ҳар ер-ҳар ерга кўма бошладим. Ўтган аср 90-йиллари ўрталаридан бери шу аҳвол: тепада шамол сал қалтис эса бошласа, мен енг шимариб китоб кўмишга киришаман.

Энди, албатта, ота-бобом хатосини такрорламасликка ҳаракат қилдим. Китобларни ўзимнинг ҳовлимга эмас, бир-биридан узоқ, жин ҳам тополмайдиган жойларга кўма бошладим.

Бир-икки марта у ер-бу ердан чуқур қазиётганимда унда ҳали анча ёш бўлган ўғилларим кўриб қолган. Шунда биттаси:

‒ Нима қиляпсиз, дадажон? ‒ деб сўраган қизиқиб.

‒ Қўявер, боболаримнинг ва отамнинг ишини қиляпман. Китоб кўмиш бизга бобомерос, отамерос касб! ‒ деб қўйганман кулиб.

Шунақа.

Китобни ким севмайди? Ундан ким қўрқади? Умуман, ҳур фикрдан ким чўчийди? Тўғри гапни ким ёқтирмайди?

Бу каби саволларга битта жумла билан “Маърифатсиз сиёсат!” ёки “Ўзидан, кучидан, ақлидан, қилаётган ишидан доим хавотирда яшовчи кимсалар!” деб жавоб берса ҳам бўлади. Лекин, тағин, билмадим…

Чор Ўрусияси ўзи босиб олган халқни ўтмишидан узиш учун китобларига ўт қўйган бўлса; худосиз Компартия бошлиқ совет давлати миллат юрагидан динини, қадим руҳини сиқиб чиқариш  ва тайинсиз қанақадир “совет кишиси”ни яратиш учун умуман араб ёзувидаги эски китобларга қарши қақшатқич уруш очган бўлса;

“мустақил” Ўзбекистон ҳам арабча ва туркча китоблардан лабига учуқ тошаётган бўлса…

…тушунмадим: бир-бирига тескари уч даврда, уч хил тузумда ҳам сиёсат бир хил бўлаверадими?

Ё ҳамма замон бир замонми?!

Ёки, яна деҳқончасига айтганда, ҳаммасининг сиёсати бир гўрми?!

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com