Аллоҳнинг тақдири банданинг қилмишига боғлиқдур

Аллоҳнинг тақдири банданинг қилмишига боғлиқдур
86 views
17 June 2016 - 6:00

2-madinah-masjid-al-nabawi-4Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 54

(давоми)

Яна бу урушда душман баҳодирларидан Ибн Қамъа деган бир киши бор эди. Уруш қизиб турган чоғда, пайт пойлаб, Расулуллоҳ устиларига бирданига от қўйди. Қилич бўйи яқинлашиб келиб, муборак бўйинларига бир қилич урди. Бошларига кийган дубулға чилтарини қилич кесиб ўтолмаган бўлса ҳам, қаттиқ урилганликдан, қилич салмоғи билан бирор ой миқдори муборак бўйинлари оғриб юрди.

Қилич урар чоғида: «Қамъа ўғлидурман, ол бу қилични», деб чопган эди. Унинг бу сўзига қарши Пайғамбаримиз:

«Ақмаакаллоҳу важҳака», яъни, «Аллоҳ юзингни хор қилсин», дедилар.

Шунинг билан, уруш тарқалгандин сўнгра бу киши ўз уйига қайтди, ўзи эрса араб кўчманчилари — аробийлардин эди, уйига боргач, хотини айтдиким: «Уч кундан бери қўйларимиз тўпи билан ўтлоққа чиқиб йўқолди. Аларни излаб юриб, тополмай чарчадик», деди. Буни онглаб, ул ўзи қўйларини изламакка отланди. Айланиб юриб қараса, йироқдин тоғ бошида бир қора кўринди, қўй бўлгайми деб, тоғ устига чиқди. Яқинлашганда пайқаб қараса, ул кўринган қора ўзининг қўй-қўчқори экандур. «Ҳай, жонивор, мени таниб турганга ўхшайди», деб яқинига келиши билан, кўкрагига бир сузиб эрди, тоғдин учиб, юмалаганича, чала ўлик бўлиб, тоғ тагига тушди. Мугизлари (шохлари) қайрилган катта бир тоғ такаси пойлаб тургандек, тайёр турмуш эди. Чала ўлик бўлиб тушган кишини сузишга бошлади. Аллоҳдин амр бўлгандек, юзидан бошқа жойини сузмас эди. Тошдин-тошга суриб юриб, унинг юзини киши жиркангувдек қилиб, эзиб ташлади. Расулуллоҳ бунинг ҳақида: «Юзингни Аллоҳ хор қилсун», деган эдилар, кўп узоқ ўтмай, Аллоҳ бу сўзни чинга чиқариб, шу хорлик билан ўлди.

Яна бу урушда Расулуллоҳга кўпроқ қасд қилиб, душманчилик қилгувчилардан бири Мадиналик Абу Омир Роҳиб эди. Роҳибнинг маъноси обид демакдур. Расулуллоҳ буни фосиқ, деб атамиш эдилар. Аслида бу киши мадиналик ансор саҳобалар уруғидан эди. Иймон бунга насиб бўлмагач, олдига келган шундоқ улуғ неъматдин ўз ихтиёри билан қуруқ қолди. Чунки Мадина мунофиқларининг икки раислари бор эди. Бириси шу Омир Фосиқ, иккинчиси, Абдуллоҳ ибн Убай.

Расулуллоҳ Мадинага келганларидан кейин Ислом масаласи қўзғалиб, улар раисликдан ажрадилар. Халқнинг булар билан иши бўлмай қолди. Ана шу кундин бошлаб, буларнинг ҳасад томирлари қўзғалди. Абадий давлатни фоний дунёга сотдилар. Шамчироқ гавҳарини кўр бўлиб, қора тошга айирбош қилдилар.

Биринчиси эрса, Ислом ривожини кўриб, чидаб туролмай, эллик жонга яқин бутун оиласи билан Маккага кўчиб бориб, Қурайш мушрикларига қўшилдилар.

Иккинчиси бўлса, мол-жонини сақламоқ учун тил учида бўлса ҳам мусулмон бўлди, лекин Расулуллоҳга дилида душманлик қилиб, фурсат топар экан, мусулмонларга зиён етказмакдан ҳеч тортинмас эди. Расулуллоҳ бунга қарши сабр қилмоқдин бошқа ҳеч қандоқ чора қилмадилар. Ва у тавфиқ топмай, шу мунофиқлик билан дунёдин ўтди.

Юқорида айтилган шу Абу Омир Фосиқ, мусулмонларни йиқитмоқ учун уруш майдонида бир неча ўринларга яширин қудуқлар қаздириб қўйган эди. Расулуллоҳ бу урушда икки қават темир совут кийган эдилар. Пайғамбаримиз кийим оғирлигидан, пайқамасдин шу чуқурларнинг бирига тушиб кетдилар. Қаттиқ йиқилганликдан, тизза кўзлари яраланиб, бир оз хушлари кетгандек бўлди. Ёнларида қўриқлаб турган Ҳазрати Али қўлларидан тортиб, Талҳа ибн Абдуллоҳ оёқларидан кўтариб чуқурдан чиқардилар. Шу чоғда кофирлар томонидан Утба ибн Абу Ваққос келиб Расулуллоҳга бир тош отди. Отилган тош остинги икки тишларининг бирини синдириб кетди. Муборак эринлари (лаблари) ҳам тош зарбидан анчагина яраланди.

Буни кўриб Ҳотиб ибн Балтаъа анинг устига арслондек отилиб шундоқ қилич урдиким, боши олмадек узилиб ерга тушди.

Яна душманлардин Абдуллоҳ ибн Шиҳоб Расулуллоҳнинг юзларига қараб тош отди, бунинг зарбидан муборак юзлари ҳам яраланди. Бунинг устига, бошларига кийилган темир дубулғалари урилган қилич зарбидан синиб кетиб, бошлари ҳам ёрилди. Менгзаларига душман томонидан теккан қилич зарбидан юз суякларига дубулға ҳалқаси ботиб, юзларини қаттиқ жароҳатлади.

Қисқаси шуки, ҳадис олимлари, тарих олимларининг айтишларича, Расулуллоҳнинг бошларига, юзларига, бутун баданларига қилич, найзалар, ойболта, чўқморлар, тошлар душман томонидан отилиб, урилиб, етмишдан ортиқ жойлари оғир-энгил яраланган эди. Энди бу сўзларни ўқиб, англагувчи одамларнинг кўнгилларига шундоқ келиши мумкиндурким, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Худонинг дўсти, ҳабиби, барча оламга юборилган Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари — Раҳматул лил аламийндурлар. Иш шундоқ эрса, бундоқ улуғ даражалик зот шу қадар кулфат, меҳнатларга қолиб, кофирлар томонидан жабру жафолар тортишларига ҳикмат на эрди? Мана шу сўз ҳар кимнинг кўнглига келиб қолиши эҳтимолдур. Бу сўзнинг жавобида, ўтган улуғ олимларимиз шундоқ демишлардирким:

— Инсонлар ичида пайғамбарлар Худо олдида энг улуғ мартабага эгадурлар. Айниқса, алар ичида бизнинг Пайғамбаримизнинг даражалари ҳаммаларидан ҳам улуғроқдир. Энди Аллоҳ таолонинг дунёга қўйган одати шундоқдурким, анинг олдида кимнинг мақоми баландроқ бўлса, дунёда тортган жабру жафоси ортиқроқ бўлгай, алардин қайси бирлари Аллоҳ амрини халққа етказишда кофир ва мунофиқлардан кўпроқ азият чеккан бўлса, шунга кўра охиратда кўпроқ ажр-савоб топгай.

Яна бир ҳикмати шулдурки, ҳаёт оламидаги борлиқ нарсалар бутунлай сабабга боғланмишдур. Душманни енгишлар ёки улардан енгилишлар бўлса, албатта, буларнинг бирор сабаблари бордур. Бу уруш бошланишида енгиш асбоби мусулмонлар қўлида эди. Бунинг сабаби билан дастлабда душмандан ғалаба қозонмиш эдилар. Сўнгра мусулмонлар қўлларидаги зафар сабабларини яхши сақлай олмагач, бу давлатдин ажрадилар. Чунки Аллоҳнинг тақдири банданинг қилмишига боғлиқдур. Дунё яралгандан бери инсонлар устида бўлаётган илоҳий қонун шулдур.

Бунинг риояси барча инсонларга баробар вожибдур. Шунинг учун Расулуллоҳ аскарининг орқа томонини сақламоққа эллик кишилик бир бўлик мерганларни, шу куннинг сўқиш ясоғича энг кераклик ўринга тайинлаб қўймиш эдилар. Ҳар қандоқ аҳвол юз берса ҳам шу жойни қўлдан бермасликка буюрган эдилар. Мана, Расулуллоҳнинг шу буйруқлари амалга оширилмади. Зафарнинг катта бир сабабини қўлдан чиқардилар. Шу сабабдан душманларидан енгилдилар.

Лекин бу ерда яна бир сўз бордирким, Аллоҳ таоло ўзига иймон келтирган мўминларнишундоқ ўринларда нега кофирлардан асрамайди? Бунинг жавоби, биринчидан шулдурки,буёнги (кейинги) мўминларга танбеҳ бўлсин, қолганлар бундан ибрат олсинлар.

 (давоми бор)