Хоразм юртида ётган жононлар

Хоразм юртида ётган жононлар
177 views
17 June 2016 - 11:44

790МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Оламга белгилидир

Дўстлар-о, дўстим менинг ширин жондан суюклидир,
Жон каби пинҳон оламда олама белгилидир.

Бош билан борсам анга, хандон отса гузари,
Тутсам ул ерда ватан, ул ерки анинг элидир.

Дер эди ёр: Ошиғимни ўз қўлимла қатл этай,
Андан аввал ғам мени поймол этиб олғусидир.

Ўзга ошиқлари ўлса ўрашиб зулфин торина,
Мен ғарибнинг ўрашган ҳам қўли, ҳам оёғидир.

Ғайри ила базм айлайиб, хуш айласа кўнглини ёр,
Мажлис ичра ёд этиб, кўнглим ғариб, қайғулидир.

Ёр келар, хуфтон кечар, ғафлатга ботмиш кўзларим,
Очайин десам, очилмас, саҳарлар уйқулидир.

Билмаганлар сўрса, айтинг, бу ғариб отимиз,
Асли карказ, юрти Атрок, оти Махдумқулидир.

*****

Шифо бер

Бу чўлда раҳм айла ғариб ҳолима,
Оламни яратган, Субҳон, шифо бер!
Кўп уятли, дартли ширин жонима,
Ё Мустафо, фахри-жаҳон, шифо бер!

Ўн икки имомнинг бариси дилбар,
Етти вали дунёларга баробар,
Машҳад, Қора бобо, ё Шийс пайғамбар,
Ҳасан, Ҳусан, Шоҳимардон, шифо бер!

Нуҳ пайғамбар, назар айла бир нафас,
Умримни беҳуда ўткардим – абас,
Закариё пайғамбар, ё Хизр, Илёс,
Қобус, Қиёс, Муса, Имрон, шифо бер!

Иброҳимнинг ҳолдан айрилди жони,
Каъба борган ҳожи топар савобни,
Қора Аълам ота, ё Ҳолат наби,
Кўзли ота, Бобо Салмон, шифо бер!

Ўғил давлат бермагандир Эгаси,
Изинда қолмади нишон, шеваси,
Дев-парининг, инснинг, жинснинг подшоси,
Султон бўлган шоҳ Сулаймон, шифо бер!

Тўғри йўлга йўлла, ё раббим Жалил,
Барчанинг ризқига Ўзингсан кафил,
Ё Довуд, ё Жиржис, Иброҳим Халил,
Абубакир, Умар, Усмон, шифо бер!

Дод айлаб, тилимдан қилдим фиғонлар,
Ёш ўрнига оқди кўзимдан қонлар,
Хоразм юртида ётган жононлар,
Исми Махмуд – эр паҳлавон, шифо бер!

Мавлом, етир масканимга, юртимга,
Юзим тушсин арслонимга, қуртимга,
Махдумқули айтар, менинг дардимга,
Дунёнинг табиби – Луқмон, шифо бер!

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди