Кўрни кўрсанг, бир кўзингни сиқиб ўт…

Кўрни кўрсанг, бир кўзингни сиқиб ўт…
65 views
18 June 2016 - 5:00

chinor-Karimov-e1455969443564.jpg

Эргаш Сулаймон

Ҳаволарга совурилган йигирма уч йил…

(18)

…Президент Каримов отнинг чоти орасига дурбиндан термулиб, ҳалигача юқоридаги масалалар хусусида, бош қотирар экан, барчасига демократияни, жамиятнинг ўз-ўзини бошқариш муруватини синдириб, эркин матбуотни, мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларини йўқотиб эришганини тўғри зуҳр қиларди. Ўзининг чўнтак партияларини тузиб, рақобатбардош сиёсий партияларга қақшатқич зарба берганидан мамнун эди. Бу мавсумдаги “Юридичский” унверситетга кириш тест имтиҳонларидан ўтиш учун бир талабага бериладиган пора миқдори эллик минг АҚШ долларигача кўтарилганидан ҳам унинг яхши хабари бор эди.

У бу каби масалаларга очиқ мулоқотларда, тиши-тирноғи билан ўзини қарши қилиб кўрсатса ҳам, ботинида қаттиқ тарафдор эди. Пора бўлмаса на Олий, на бошқа ўқув юртларининг моддий таъминотини бошқаришнинг имкони бўлмасди. Пора аралаштирмасдан мансаб курсиларида ўтирганларни муттаҳам қилишнинг иложи бўлмагани каби пора бермасдан ўқишга кирган талабаларни осонлик билан пора олиб-пора беришга кўниктириш ҳам жуда қийин кечарди. Нафақат таълим-тарбия тизимининг, мамлакатдаги бутун бюджетга боғланган тизим поранинг зўри билан ушлаб туриларди.

Пора – мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий жон томирларида оқаётган заҳарли қон эди. Топганлари тутганларига етмайдиган ўқитувчилар пора бўлмаганда эди, арзимаган моянани деб, ўқув даргоҳларига ўла қолса, оёқ босмас эдилар.

Каримов ўзининг лаёқатсизлиги ва субутсизлиги орқасидан кўтарим бўлган мамлакат иқтисодини, хонавайрон бўлган халқнинг ўлигига минг тепиб сақлаб турганини яхши англарди. У 2014 йилни “соғлом бола” йили деб ҳам, ҳаммани чув тушираётганидан ўзида йўқ, ич-ичидан қувонарди.

Ўзбекистонда янги туғилган болага эллик доллар ҳам суюнчи пули берилмаслигини у яхши билгани ҳолда, қўшни Қозоғистонда янги туғилган болага минг АҚШ дўллари миқдорида суюнчи пули берилиши ҳам унга маълум эди.

Ўзбекистонда суюнчи пули олмоқчи бўлганлар ҳафталаб қоғоз йиғиб, унга-бунга пора чўзавериб, охирида икки қўлларини бурниларига тиқиб қолишидан ҳам уни бехабар, деб бўлмасди. Қозоғистон фуқароси туғруқхонадан олган бир парча қоғозни кўрсатиб, ўша заҳоти банкдан минг долларни санаб олишини, унга хуфиялари неча йиллар аввал етказгани ҳам, чин-ҳақиқат эди…

Яна, яқинда шов-шувга асос бўлган ака-ука Шарифхўжаевлар жиноий ишининг кўнгилдагидек якун топганидан ҳам у ўзида йўқ бахтиёр эди. Миллий хавфсизлик хизмати раисининг Иқтисодий терроризимга қарши жиноятлар иши бўйича ўринбосари катта Шарифхўжаев ва унинг ўша йўналишда қайси бир бўлимга бошлиқ укасининг батамом тизим чириганини кўрсатадиган жиноят иши – Мустақиллик режимининг жирканч башарасини намоён қилган бўлса ҳам, Каримов уларни жазога маҳкум этиб асл вазиятни халқ кўзидан яширдим, деб ўйларди.

У чорак асрдан буён ҳокимчалару вазирбаччаларни мақтаб-мақтаб лавозимга қўйиб, бирор йил ўтар-ўтмас кўрпачани булғагач, кетига тепа-тепа уларни ишдан олиб ташларди. Бутун жиноятлар бошида ҳам, якунида ҳам унинг ўзи бош қаҳрамон ролини ўйнаётган бўлса-да, у ҳар икки ҳолатда ҳам телевидениядан халқ кўзи учун қилинадиган масхарабозликларни, ўзининг сиёсий-иқтисодий жиноятларини хаспўшлаш учун калтабинларча амалга оширарди.

У хавфсизлик ташкилотлари ва давлатнинг бошқа тизимларда ҳам сурункали шунақанги шармандаликлар содир этиб, бошида халққа кайфияти аълолигини намойиш қилиш учун шайтонга ўхшаб осмонга ирғишласа, охирида қаҳри-ғазабини намоён қилиш учун эмчагини киссавурга кестирган тиллочи сингари шайтонлаб, бойлиғидан илон чаққан эчкидек бир лаҳзада ўзини минг бир кўйга солиб, жирилларди.

У ўзини учига чиққан артист, жонсиз қўғирчоққа жон индирадиган жодугар, деб ўйласа ҳам, унинг Чорсу бозоридаги калиш сотадиган шаллақидан фарқи йўқлигини бутун миллат, ичида сезиб турарди. Замон зўрники, томоша кўрники, деганлари сингари у телевизорга чиқди, дегунча, одамлар, “кўрни кўрсанг, бир кўзингни сиқиб ўт”, деган маталга амал қилиб, ёлғондакамига бир кўзларини сиқиб, ўзларини унинг зоҳирини кўрмаганга солардилар, халос.

Ҳолвани ҳоким еб, калтакни етим ейди, деганларидек, бутун маза-бемазани унинг атрофидаги тўрт-бешта одам қиларди. Ака-ука Шарифхўжаевлар иши ҳам худди шу сингари поёнига етказилди.

Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғи Рустам Иноятовнинг ичи-эти унинг йиллар бўйи сурункали амалга ошириб келаётган мудҳиш жиноятларидан ғиж-ғиж қуртлаб сасиб кетган бўлса ҳам, у чивин чичмаган кал калладек бўлиб бир чеккада тураверди.

Аслида, барчаси замирида президентнинг эркатойи Гугуша билан боғлиқ можоролар турарди.

МХХ бошлиғи билан унинг ўртасидаги келишмовчиликлар вақтида бартараф этилганда эди, Шарифхўжаевлар бу ўйинларнинг қурбони бўлмас эдилар. Улар, ҳалигача ҳам каллабазнинг қанжиғининг кетидан тушган қирқ қулочли гижжа сингари МХХ бошлиғининг орқасидан кириб, оғзидан чиқиб юрган бўлардилар.

Шу учун ҳам вақтида қизи билан МХХ бошлиғи ўртасида келиб чиққан низони тўхтатолмаган Каримов бу масалада, икки ўт орасида қолиб кетди. У ҳукумат бошига келганидан буён, бунақанги чигал муаммо билан тўқнашмаганди.

(давоми бор)