Биз ҳам бошқалар қатори одамга ўхшаб яшасак бўлмайдими?!

Биз ҳам бошқалар қатори одамга ўхшаб яшасак бўлмайдими?!
80 views
18 June 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(42-қисм)

 Йигирма биринчи шох: Бу кунлар

Яқинда “Ўткан кунлар” рўманини қайтадан ўқиб чиқдим. Учинчи бўлимига келганимда қизиқ бир мулоҳазаларни учратдим. Бошим қотди: Абдулла Қодирий ўзи яшаган даврда ҳам ўткан кунларни ёзганми ё биз яшаётган бу кунларимизни ёзганми, деб қолдим. Мана, ўша ери:

“Мусулмонқулнинг аҳоли устига бўлган жабру зулми ҳаддан ташқари кетди. Унинг истибдоди ўзга шаҳарларга унча сезилмаса ҳам, аммо марказ – Қўқон одамларини жуда тўйдирди. Унинг ўз кайфича ойда эмас, ҳафтада солиб турған солиқлари фуқаронинг терисини шилса, арзимаган сабаблар билан қора чопон бекларини осдириб, кесдириб туриши хосни (хавосни) ҳам эсанкиратди…

Шаҳар халқининг ҳар бир табақаси деярлик Мусулмонқул даккисини еб келган, магар уламо ундан жуда рози, зероки Мусулмонқулнинг биринчи истинодгоҳи (суянчи. – Н.М.Р.) ўзининг қипчоқлари бўлса, иккинчиси уламолар эди. Ул уламо орқалиқ ўз зулмини машруъ бир тусга қўйған, ўзи учун зарарлик унсурларни йўқотишда шу уламолардан “улуламирга боғийлиқ” деган фатвони олишни унутмаған эди. Уламонинг бу янглиғ истибдодни “боғийлиқ” ранги билан бўяб бериши мукофоти учун Қўқон ва Андижон каби шаҳарларга маълум мадрасаларни бино қилған ва бу мадрасаларга хизмати билан танилган уламодан мударрислар таъйинлаған эди…”

Нималарнидир эслатгандай бўлди. Нималигини бирданига тополмадим. Кейин лоп этиб хаёлимга келдию тажриба учун парчанинг битта-иккита сўзини ўзгартириб-замонавийлаштириб, қайтадан ўқий бошладим:

“Исломқулнинг аҳоли устига бўлган жабру зулми ҳаддан ташқари кетди. Унинг истибдоди нафақат вилоятлар, балки марказ – Тошкент аҳолисини ҳам жуда тўйдирди. Унинг ўз кайфича ойда эмас, ҳафтада, ҳафтада эмас, кунда кишиларни қамаб-эзиб турғани фуқаронинг жонини ҳиқилдоғига келтирған бўлса, арзимаган сабаблар билан ўзиға терс келған каллали ва саллалиларни осдириб, кесдириб туриши ҳатто хосни (давлат одамларини) ҳам эсанкиратди…

Мамлакат халқининг ҳар бир табақаси деярлик Исломқул даккисини еб келған, магар уламо ундан жуда рози, зероки Исломқулнинг биринчи истинодгоҳи (суянчи) ўзининг кучишлатар идоралари бўлса, иккинчиси уламолар эди. Ул уламо орқалиқ ўз зулмини машруъ бир тусга қўйған, ўзи учун зарарлик унсурларни йўқотишда шу уламолардан “улуғ президентга боғийлиқ” деган фатвони олишни унутмаған эди. Уламонинг бу янглиғ истибдодни “боғийлиқ” ранги билан бўяб беришига мукофот ўлароқ мамлакатнинг ҳар бир йирик шаҳарига биттадан мадраса, ҳар бир қишлоғу овулига, паст-текислигию дўнгтепаларига тайинли-тайинсиз зиёратгоҳларни бино қилған. Бу мадрасаларга Оқсаройға ва шахсан президентға хизмати билан танилған уламодан мударрислар ва зиёратгоҳларга давлатнинг ишанарли тиламчиларидан шайхлар таъйинлаған эди…”

Ўқиб чиқдингизми? Энди иккала матнни солиштиринг. Нимани сездингиз?

Илк сезган нарсангиз – орадан шунча вақт ўтганига қарамай ҳолатнинг бир экани бўлса керак.

Менга ҳам шунақа туюлди.

Қаранг: юзэллик йил бурунки бошлиқ ишлари билан бугунки бошлиқ ишлари ҳам, у замонки юрт аҳволи билан бу замонки юрт аҳволи ҳам сўзма-сўз бир хил! Энг ачинарлиси – уламо деган шарафли номга даъвогар айрим манфаатпараст кимсалар ҳам ҳеч ўзгармабди: у замон уламоси истибдод ва зулмни “боғийлиқ” фатвоси ранги ила қанчалик бўяб берган ва Хонга итоатга чақирган бўлса, бу замон уламоси ҳам айни шу “боғийлиқ” фатвоси ила зулм ва истибдодни шунчалик оқлаб бераётир ва президентга итоатга чорлаётир!

Ё Оллоҳ, деб юборасиз ёқангизни ушлаб.

Ўткан кунлар билан бу кунлар ҳолати ўртасида бу каби ўхшашлик яна кўп, албатта. Айни чоқда, сезиларли фарқлари ҳам бор. Шулардан кўзга яққол ташланиб турганлари ушбулардир:

Биринчи фарқ: ўткан кунлар қаҳрамонининг оти “Мусулмонқул” эди, бу кунлар қаҳрамони “Исломқул”дир. Исмларидаги фарқ арзимас ‒ иккаласининг ҳам ўзаги бир. Айни шу ҳол жуда афсусланарли ‒ қандай гўзал исмлар-а!..

Иккинчи фарқ: ўткан кунларда Мусулмонқул хон эмас, ҳозирги тил билан айтганда, бош вазир эди, бу кунларда Исломқул президентдир!

Учинчи фарқ: Мусулмонқул бир Қўқон давлатининг мутлақ Бош вазири эди, Исломқул биратўла уч давлат – Қўқон хонлиги, Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги вориси бўлмиш “мустақил” Ўзбекистоннинг ўзгармас президентидир!

Ажабо, тарих ғилдираги доим бир ерда айланадими ёки айланиб-айланиб келиб яна эски изига тушиб қолаверадими?

Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар”ни ёзишга киришаркан: “Мозийға қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар. Шунга кўра мавзуъни мозийдан, яқин ўткан кунлардан, тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари бўлған кейинги хон замонларидан белгуладим”, деган эди.

Кўксида адолат туйғуси, юрагида Ватан қайғуси ловуллаб ёниб яшаб ўтган Абдулла Қодирий мабодо тирик бўлганида бугун “Бу кунлар” деган номда ҳам бир асар ёзиш эҳтимоли кучли эди.

Лекин энди бунинг иложи йўқ: айни йигит етилган (44) ёшида золим Исталинқулнинг қатлиомига учраб отиб ташланган (Оллоҳ раҳматига олсин).

Шу боис, юрагимда журъат сезиб, “Бу кунлар” номида ушбу китобни ўзим ёзақолдим. Фарқимиз ‒ мен ўткан кунларга эмас, бу кунларга қайтиб иш кўришни хайрли санадим ва мавзуни бу кунлардан, сиз билан биз яшаб турган айни онлардан, замонамизнинг энг кирлик, қора кунлари бўлған биринчи президент давридан белгуладим…

Кичик хулоса

Бу катта бобга аслида алоҳида хулоса шарт эмас. Сезилган бўлса, хулосалари ҳар бир мақолача ичида бор. Шундай бўлса ҳам, анъанамиздан чекинмаслик учун сўзимизни бештагина жумла билан хулосалаймиз:

Эй ватандош!

Сиз бу ҳолларга розимисиз?!

Ёки сизнинг назарингизда булар арзимас ишларми?!

Ахир, биз пода эмас, одаммиз-ку!

Наҳот кўксимизда бир нарса ғимирламаса?!

Биз ҳам бошқалар қатори одамга ўхшаб яшасак бўлмайдими?!

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com