Чивинларга қалъа бўлди тўрт девор

Чивинларга қалъа бўлди тўрт девор
117 views
19 June 2016 - 6:00

alone-2Комил Ўтар

ХАЁЛ ЕТМАС МАНЗИЛЛАР
(3)

Табассум учун сўнгги имкон

1
Кўзойнакдан ечиб, кўзларни бир дам,
Телпакдек олайин, елкамдан бошни.
Ғалвалардан бездим, чарчадим, бирам,
Улар ҳам кўрсинлар, мен кўрган тушни.

2
Ғийбатга дум бўлди, бир куни шов-шув,
Қуюқ кулранг туман тутди дунёни.
Бўри ит бўлди-да, итлар тортди ув,
Мажнун босиб кетди, бийдек саҳрони.

3
Вагонлардек қисқа умр ичинда,
Кафтда китоб ушлаб, ҳечам чарчаманг.
Релес бўлиб сунинг кўҳна очунда,
Дарёлардек шошинг, елдек очқаманг.

4
Телефон қанчалар, беминнат дастёр…
Унга дард айтади яхши ва ёмон.
Қанча юк бўлмасин, тортишга тайёр,
Бунингдек ҳаммолни кўрмаган жаҳон.

Бир жойдан жилмасдан битта дастакда,
Сирлар сандиғига босади қулоқ.
Қизларнинг лаблари қулоқларида,
У дилдан дилларга оқгувчи булоқ.

5
Қайиси маконда яшайди оғриқ?
Суратини чиза олурми, вужуд?
Таассуротлар магар шунчалар илиқ,
Демак-ки, оғриқнинг шакли ҳам мавжуд.

Таассуротлар совуқ бўлса ҳам барбир,
Оғриқни чеккага чиқариш қийин.
Дардларсиз, яшашлик – бўшлиқдек, долғир,
Оғриқ хумор этар, улғайган сайин.

6
Бобом қурган бино қартайиб қолди,
Изғиринни аввал қилмасди писанд.
Йиллар бўронида, карвондек толди,
Оддий шабада ҳам, энди унга дард.

Эҳ-э, нималарни кўрмади, бу уй,
Чивинларга қалъа бўлди тўрт девор.
Кимлар, бунда йиғлаб, кимлар чалди куй,
Энди унинг ўзи, тузалмас бемор.

7
НУЖга қизиқсиниб қараган каби,
Маймунни томоша қилди одамлар.
У ҳам одамларга тикилди, ғамли,
Одамдан тарқаган, дея маймунлар.

Қалбини бир зумда, қоплади нафрат,
Кафтига тикилди, маймун узоқ вақт,
Қўли тоза эди юқмаганди гард.
Одамзот – қизил қон ичида, хилқат.

8
Ясамаликни яширадиган аччиқ табассум,
Бир кун эмас бир куни лабларда қотиб қолажак.
Сохтакорликлар табиийликни қилганидек гум,
Чин арафа ёлғонларни кафанларга солажак.

**

Қочаётган кулранг қуённи,
Отма овчи бутоқ остидан.
Жаҳолатга бўяма қорни,
Бир ночорнинг қизил қонидан.

Мудҳиш тушдай, қораяр атроф,
Лабларингдан кўчса, табассум.
Қорга керак бўлмайди ниқоб,
Ниқоб, жонга ўқилган ҳукм.

**

Тишни-тишга босдик тўрт юз йил,
Бурнимиз чўзилди иякка қадар.
Ҳеч ким бизга демади, қойил,
Бизлардан дунёлар қолди бехабар.

Сабрлимиз дея, қувондик беҳад,
Нуқсонларни, дедик, фазилат.
Ёлғонлар номига бермади мадад.
Охир ташлаб, қочди қаноат.

**

Асл буюм каби асл воқеа,
Ҳаётда кам учрар, билсангиз агар.
Ҳеч бирин аслида, қилмангиз зое,
Кексалик қишида улар асқотар.

* * *

(давоми бор)