Туркистон қайғуси. Сўнг сўз

Туркистон қайғуси. Сўнг сўз
92 views
19 June 2016 - 5:00

СоғунийАлихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 51

(давоми)

СЎНГ СЎЗ ЎРНИДА

Бобомиз «Туркистон қайғуси» асарига шу ерга етганда охирги нуқтани қўйдилар, яъни тарих тугалланмасдан туриб нуқта қўйилди. Нега? Нима учун шу ерда нуқта қўйилди? деган табиий савол ҳаммани қизиқтиради.

Бу саволга жавоб топиш учун китоб ёзилган даврни ва у қандай шароитда ёзилганини эсламоқ керак. Китобга киришилган вақт, унинг сўз бошида айтилганидек, 1966 йил эди, тугалланган вақти 1973 йил бўлди. Бу давр ичида бобомиз соҳибқирон Амир Темурнинг «Темур тузуклари» асарини форс тилидан иккинчи марта қайта таржима қилиб 1967 йили тамомладилар, чунки биринчи таржима қилинган қўлёзма асар фавқулодда ҳолатда ғойиб бўлган эди. Биринчи таржимани биз, яъни у кишининг ўғил набиралари, яқин қариндош ва қадрдон маслакдошлари, бобомлар иштирокида 1964 йил давомида йиғилиш ва мажлисларда ўқиб якунлаган эдик. Шу мажлисларнинг биридан қайтиб келаётган вақтда, китоб такси машинада қолган деган тахмин билан йўқолди. Кўп қилинган қидириш ҳаракатлари натижа бермади. Бу китоб шу пайтдаги текширув кузатув расмий ташкилотлари томонидан ташкил қилинган саъй ҳаракатлар натижасида йўқолди деган гумон бор, чунки бобомиз Тошкентга келган вақтдан бошлаб бир кун ҳам КГБ тегишли идоралар этиборидан четда эмас эдилар.

1971 йилга келиб бобомларнинг умр бўйи ният қилиб ўйлаб юрган шоҳ асарлари «Тарихи Муҳаммадий» якунланди. Бу асар оққа кўчирилиб, қўлёзма китоб шаклига келтирилишида бобомнинг биринчи ёрдамчиси ҳаттоти раҳматли амакимиз Муҳаммадёрхон эдилар. У киши деярли ҳар куни ишдан чиқиб, бобомнинг олдига келиб кечалари ярим тунгача китобни оққа кўчириш билан машғул бўлар эди.

Бобомлар шу кўчириш жараёнида қўлёзмани ўзлари ўқиб берар эдилар, унга қўшимча ва тузатишлар киритардилар. Амакимиз чиройли хуснихат эгаси эдилар, китоб араб имлосида кўчирилар эди. Бобомлар узоқ йиллар давомида ўғиллари билан бирга ишлаб, у кишига қаттиқ суяниб қолган эди, чунки амакимиз бобомизга нафақат ёрдамчи бўлиб қолмай, у кишини бу буюк ижодий ишларига илҳомлантирар, шу оғир сиёсий даврда ҳамфикр, ҳаммаслакдош фидойилари эдилар.

Одат бўйича ҳар ҳафта пайшанба кунлари биз бобомизнинг ифторликларида хизматда бўлар эдик. Шу йиғилишларда у кишининг ўғиллари Муҳаммадёрхон олдида кўп очилиб, хурсандлик руҳида яйраб ўтиришлари алоҳида сезилар эди.

Менимча, бунинг яна сабабларидан бири бобомларнинг суюкли ўғилларидан Асилхонтўра узоқ йиллардан кейин бутун оиласи билан Ғулжа шаҳридан эсон омон ота бағрига келгани эди. Дуолар ижобати фарзандлари ёнларида мужассам бўлиб, набиралар ўз тарбияти остида ўсмокда эди. Бу пайшанбаликларда Аллоҳга шукроналар қилиниб, ислом дини, Ватанимиз Туркистон тарихидан кўп сўзлар айтилар эди.

1973 йил 10 сентябр куни амакимиз Муҳаммадёрхон тўсатдан оқ қон касаллигига мубтало бўлиб Аллоҳ иродаси билан бу дунёдан кўз юмдилар. Ўзларининг соҳаси қон касаллиги 10 кун ичида у кишини олиб кетди, ҳатто Масковдан чақирилган врачлар консилиуми ҳам натижа бермади. Бу мусибат 88 ёшга кирган бобомларнинг қарилик юки остида букилган қаддини янада букди. Улуғ мақсадли, ҳаяжонли мажлислар файзи кетгандай эди. Бу йиғилиш ва мажлисларда у кишининг «оҳ», «уҳ» тортишлари, узоқ қайғули тикилишлари, ғамгин ва жим ўлтиришлари ҳаммани қаттиқ эзар, кўнгилларни изтиробга солар эди. Барчамизнинг қилган ҳаракатларимиз, уринишларимиз, топган янгилигу келтирган хабарларимиз, ҳар биримиз ва ҳаммамиз бирга бўлиб у кишининг олдида ўғиллари Муҳаммадёрхоннинг ўрнини босолмадик. Кўнгилга унча хуш келмай қолган, йўқ ўғлининг ўрнини билдириб юракларни ўртаб турадиган бу йиғилишлар аста секин сўна бошлади.

Бир куни бобомиз отамиз Асилхонтўрани ўз олдиларига чақириб, шундай дейдилар:

«Ўғлим, менинг ёшим 90 га яқинлашмоқда. Биз пишиб етишган олма мисоли, Тангрим чақирсаёқ узилиб тушамиз. Сенга кўпдан бери айтадиган васиятим бор эди. Аллоҳ менга узоқ, сермазмун умр берди. Ҳаётимнинг онгли қисмини диним, Ватним, халқим ривожи йўлида хизмат қилишга бағишлаб ўтказдим. Бу йўлда фақат даъват қилмай, қўлга қурол олиб, жон бериб, жон олиб халқимиз озодлиги ва мустақиллиги учун курашдик. Улуғ бобомиз соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг «Темур тузуклари»ни ўз меросхўрлари келажак бўғинларимизга аслидай килиб қайтардим. Иншоаллоҳ, бу китоб қисман бўлса ҳам нашр қилиниб, кўпчилик халқимизга етиб борди ва улар онгида кимлар наслидан эканлигини билдириб, шонли шарафли Ватанининг ҳақиқий тарихидан бир лавҳа бўлиб хизмат қилади. Парвардигорим ёрдами ила пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарих ва тавсифларини ёзиб якунладим.

Шу билан бирга ўз Ватанларида туриб ғариб бўлган халқимиз учун, Ватан устида бўлаётган тарихий ўзгаришларни ва ҳам бунинг келажакдаги натижаларини кўрсатиб, келажак Ватан болалари учун тарихий бир асар ёзиб отини «Туркистон қайғуси» қўйдим. Бу китобда менинг Ватанимиз ўтмиши, ҳозирги кунлар ва келажагимиз тўғрисида кўп йиллар давомида қаттиқ ўйлаган ўйларим, ташвиш ва умидларим ўз аксини топган. Ақлдан ташқари, бузуқ маслакли, мустабид, замонамиз тузуми, албатта, емирилажак, ўрнига тикланадиган давлатчилигимиз тарих сабоқларидан ибрат олиб тўғри йўлни танлаши учун бу асар ёрдам хизматини ўтайди деган умиддаман. Шунинг учун сенга айтадиган васиятим:

  1. Фарзандларим ичида ҳозир каттаси бўлганинг учун ҳаммани бирлаштириб биринчи навбатда «Тарихи Муҳаммадий» китобини нашр қилиш иложини қилгил. Ҳозирги кунда бу китоб халқимиз учун балиққа сув ўрнида бўлиши менга кўпдан бери сезилади.
  2. Оғир шароитда, ёширин ҳолатда ёзилган «Туркистон қайғуси» китобим охирига етмай қолди. Шарқий Туркистонда 1941-1946 йиллар давомида бўлиб ўтган улуғ тарихий воқеаларга ўзим бошчилик қилиб эмгаким сингган, кўзим кўрган бўлса ҳам, укангнинг ўлимидан кейин бу иш мен учун энди оғирлик қилди. Қайғули ўй фикрларим, Ватанимиз ўтмиши ва кадриятларимиз, узоқ йиллардан бери қулликда яшаётганимиз сабаблари, қуллик асоратидан қутулиш учун келажак бўғинларимиз нималар қилмоқлари кераклиги, мустақил давлатчилигимиз курилганда нималарга этибор беришимиз зарурлиги буларнинг бари китобимда ўз ўрнини топди. Бу асарим келажакда Ватаним Ўзбекистонда ва бошқа кўп тилларда чоп этилишига ишонаман. Биринчи навбатда Туркистон элининг ёзиқ сир фарзандлари қозоқ, қирғиз, уйғур тилларида нашр қилинишига умид қиламан, чунки уларнинг тарихига тааллуқли кўп маълумотлар бордир. Шу билан бирга мен иштирок этган тарихий воқеаларни келажакда ёзувчилар, таҳлил этувчилар кўп бўлади. Бу тарих ҳеч қачон кўмилиб кетмайди. Сен шуларнинг биринчиларидан бўлгин, чунки у тарихий воқеаларнинг тирик иштирокчисидурсан. Ўтган ҳодисаларда бўлган воқеаларни ҳеч ёққа бурмасдан, бўлганича тўғри ёзишни сенга топшираман. Сен бу вазифани, албатта, бажара оласан. Кўпдан бери ёзиш қобилияти сенда борлигини сезаман».

Бу суҳбат ота бола ўртасида 1974 йили октябр ойларида бўлиб ўтади. Суҳбат мазмунини биз отамиздан кўп марта эшитганмиз. У киши илгаридан ўтмиш хотираларини қоғозларга қисман тушириб юришларини билар эдим.

1976 йили 29 февралда бобомиз Алихонтўра Соғуний бу фоний дунёни тарк этдилар. Қайғули, аламли, турғун йиллар узоқ вақт давом этди. Охири бобомиз интиқиб, орзиқиб кутган, 30 йиллар олдин, яъни совет мустабид тузуми куч-қудратга айни тўлган даврда башорат қилиб айтган тоталитар қизил империя инқирози юз берди ва бизнинг Ватанимиз ўз Истиқлолини қўлга киритди. Бунинг шарофати ила бобомизнинг илмий мерослари тартибга солиниб, бирин кетин баҳола қудрат нашр қилиниб халққа танитилди ва танитилмоқда. Бу китобнинг нашрга тайёрланиши ва чоп этилиши ҳам бобомиз васиятларини амалга ошириш йўлида қўйилган яна бир қадамдир. Отамиз оғир касалликка учраганлигига қарамай, бобомларнинг васиятига биноан бу китобининг давомини ёзишга киришдилар ва ўзлари тўғридан тўғри иштирок этган Шарқий Туркистон Озодлик инқилобининг тарихий воқеалари юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини билдирдилар.

Китобда бобомизнинг Оқсув турмасидан қандай чиқиши тарихи, Озодлик инқилоби олдидан Шарқий Туркистондаги вазият, Инқилоб таассуротлари ва иштирокчилари ҳақида, Шарқий Туркистон ислом жумҳурияти ва унинг фаолияти, бобомизнинг бу ишни амалга оширишда кўрсатган шижоат ва қаҳрамонликлари тўғрисида сўз боради. Насиб этса иккинчи китоб ҳам шу тарихий воқеаларга қизиқувчи китобхонларга яқин кунларда тақдим этилажак.

Бобомларнинг бу мазкур тарихий асарини мулк эгалари вакилларининг ижозати ила нашрга тайёрлаш ва чоп этиш учун компьютерга киритишни 2002 йил 16 мартда бошлаб улуғ рамазон ойи ичида, яъни 24 ноябрда Аллоҳ ёрдами ила якунладим.

Увайсхонтўра Шокиров