Ватан ичида бўлганидек, четда ҳам ўзбекнинг қадри бир пулми?

Ватан ичида бўлганидек, четда ҳам ўзбекнинг қадри бир пулми?
197 views
19 June 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(43-қисм)

 Ўнинчи кўчат
“Fund Forum jugend”

Ўтган аср ўттизинчи йиллари Адўлф Ҳитлернинг миллатчи партияси Олмония ҳокимиятига келганида орадан ҳеч қанча ўтмай немисча “Hitler jugend” деган атама тилларда айлана бошлади. Ўзбекчаси “Ҳитлер болалари” (“ўсмирлари” ё “ёшлари”) деган маънога келади. Немис болалари икки йўл билан бирдан “Hitler jugend” га айланишди:

  1. Адўлф Ҳитлер 1936 йили “Deutsches jungvolk”ни ташкил этиб, ҳамма немис болаларини ўзининг боласи деб эълон қилди.
  2. Алоҳида айириб олинган, ота-онасиз ва бошқа тоифа болалар Ҳитлер мафкураси асосида махсус ўқитила-парваришлана бошлади.
  3. Олий ирқ ҳақидаги ғоясига терс бориб, уруш йиллари ҳатто ўрис, белорус ва украин болалари ичидан немисга ўхшаб кетадиган кўккўз ва малласочлиларни ажратиб, тарихий ва оилавий илдизларини узиш учун ота-онасини ўлдириб, ўзларини Олмонияга ташиб кетишди. Немис оилаларига бўлишиб бериб ёки махсус парваришхоналар очиб, “ғирт немис” қилиб етиштира бошлашди. Немислар урушда енгилмай бу лойиҳа охирига етказилганида нима бўлар эди, тасаввур қилиш қийин.

Бугун президент Ислом Каримов ўзбекистонлик ҳамма болаларни “Менинг болаларим” деб эълон қилди. Нафақат болалар, ҳатто саксон, тўқсон, юз ёшларнинг нари-берисидаги айрим чол-кампирлар ҳам бу зотни “Ота” деб аташаётгани қулоққа чалиниб турибди. Хайрият, асл маъно билан кўчма маънони бир-биридан ажрата оламиз: “Ота” дерканмиз ё президент “Болаларим” деркан, кўчма маънода айтаётганимиз аниқ. Шундай бўлса-да, бу “ота-бола”ликнинг унча ёқинқирамай турган томони бор.

Биласизлар, халқимиз мусулмон тарбиясини олиб катта бўлган. Исломий тарбияга кўра, ота-онани доим улуғлаш, олдиларида ҳатто уф демаслик, динимиз қайтарган ишлардан бошқа ҳамма топшириқларини бажариш… ота ҳатто кофир бўлса, унинг ҳурматини қилишга буюрилганмиз. Болалар отасини ҳурмат қилади, севади, хатосини бетига солмайди. Битта-иккита тарбиясизини демаганда, ёшларнинг кўпи оилада ота қадрини ўрнига қўя олади. Исён қилишни-ку хаёлига келтирмайди, Оллоҳга шукр.

Энди ўртага бир бегона одам суқилиб, ҳатто у юрт бошида ўтирган бўлса ҳам, “Сен менинг боламсан, мен сенинг отангман”, деб турса, кўчма маънода айтаётган бўлса ҳам, ғашингиз келади-да. Яъни: “Менинг камчилигимни муҳокама қилишга, айбимни бетимга солишга ҳаққинг йўқ. Нимани буюрсам, сўзсиз итоат этишинг керак. Менга ҳатто уф дема! Нима қилсам ҳам чидайсан. Ўттиз милёнли бу катта оилада менинг айтганим айтган, деганим деган!” деб даъво қила бошласа, “ота”ликда чегарадан чиққанини биласиз ва “Кечирасиз, менинг ўз шаръий отам бор, дахлсиз маънода менга оталик даъвосини қила олмайсиз!” деб унинг ўрнини билдириб қўйишингизга тўғри келади.

“Ота-бола” ғояси президентга шунинг учун керак бўлиб қолди! Агар бошқача бўлганида, яъни, чинакам меҳр-муҳаббатли ота-бола бўлиш нияти бўлганида, доим бу болаларининг ташвишини чекиши керак эди. Тарбияси ва парвариши билан шуғулланиши керак эди. Натижада ёш-ёш қизчалар пул топиш илинжида танасини сотишдек бузуқлик йўлларига кириб кетмаган, болаларини боқаман, кийинтираман, ўқитаман, одам қиламан деб эрлар ихтиёрий қулликка жўнаб кетмаган, аёллар мардикор бозорларини тўлдирмаган бўлар эди.

Болалар улғайиб қўлидан иш келадиган бўлиб қолгач, чин ота ҳам уларни мустақил қилиб қўяди, бундан бу ёғига аравангни ўзинг торт, дейиши ҳам мумкин. Лекин парвариши доирасидан ҳеч қачон чиқармайди. Орқасидан доим кузатиб туради. Туртинса, тиклайди. Йиқилса, турғизиб қўяди. Қийналиб қолса, суяб юборади. Қаердадир ҳақсиз зулмга учраса, жонини ўртага қўйиб ҳимоя қилади. Бирон шикаст етса, боласидан кўра ҳам қаттиқроқ ичи оғриб, тузалгунича тинчимайди. Кимдир боласини ўлдирса, ўчини олмагунича қўймайди. Хуллас, чин ота қилиши керак бўлган ҳамма ишни қилади.

Рамзий “ота”миз нима қиляптилар?

“Мени чексиз ҳурмат қил! Менга сўзсиз итоат эт! Нима қилсам ҳам чида! Менга юзимга ҳам, орқамга ҳам уф дема!” деган бобда “отангман-боламсан” деяптилар-у, оталикнинг чинакам бурчига келганида, “Ановиси динчи, оқимчи – қаманглар! Мановиси  гастирбайтир, дангаса – жирканаман!  Буниси исёнчи демократ – йўқотинглар! Тўртта-бештаси четга чиқиб кетиб ҳам мени тинч қўймаяпти – бошини олиб келинглар!” деб дод-вой солиб юрибдилар.

Хўп, дейлик, булар ғашини келтиргани учун “ота” уларга жазо бераётгандир, деб ўйлайлик, аммо ўз ҳолича юрган, фақат тирикчилик учунгина Қозоғистонга ё Ўрусияга чиқиб кетиб, у ёқларда билинмаган сабаблар билан ўлдирилиб юборилаётган, мамлакатга қўйни-қўнжи пулга тўлиб эмас, тобут ичида қайтаётган “болалари”га ҳеч қайғуряптими бу “ота”? Қаёқда! Ҳали чет элларда қул бўлиб юрган биронта ватандошга эга чиққанини, оталик қилганини билмаймиз. Ҳатто Ўрусия, давлат ўлароқ, ўлган ўзбекларга эга чиқишини сўраб Масковдаги элчихонамизга расман мурожаат қилганида ҳам “муҳтарам Ота”миз элчихона оғзи билан: “Улар бу ёққа келаётганида расмий рухсат олмаган, қонунга терс йўл билан келган, шунинг учун уларга биз эгалик қила олмаймиз!” деганига ҳали кўп бўлмади. Бошқача айтганда: “Улар менинг болам эмас!” деганидир бу. Ўз боласидан тонганидир.

Чинакам ота шунақа қиладими, “ота”?!

Ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай давлат ҳатто ёш бола, ҳатто гўдак бўлса ҳам (айниқса четда), ҳар бир фуқаросини ҳимоя қилишга, орқасида туришга мажбур.

Кўплар кўзи тушгандир: Ўрусия телеканаллари четэллик оилалар асраб олган ўрис болалар тақдирини доим ёритиб туради. Битта амрикалик оила асранди боласини роса ураркан. Иккинчи оила жазо ўлароқ болани ёз чилласида мошина ичига қамаб қўйибди, бола ўлибди… Ўрусия жамоатчилиги оёққа турди. Матбуот ёзди. Давлат аралашди. “Ўрис ватандоши дунёнинг қайси бир чеккасида бўлса ҳам бурнини қонатиб қўймаймиз!” деб баёнот берилди. Ҳатто суд орқали у болалардан бири асирликдан қутқариб мамлакатга қайтариб олиб келинди.

Ҳол бу ки, у бир асранди бола эди! Айби ҳам бўлгандир, тарбия учун таъзир берилгандир. Ўрусиянинг ўзида бунақа болалардан юзминглаби ҳар куни алкаш ота-онасидан бешбаттар калтак еб ётибди! Аммо чет масаласи – бошқа. Бола чет элда ҳақсиз еган битта тарсаки у боланинг мамлакати, давлати бетига урилган тарсаки деб баҳоланади. Шунга кўра муносабат кўрсатилиши лозим бўлади.

Амриканинг ўзи ҳам дунёнинг ҳамма бурчагида ҳар битта ватандошининг, ҳатто у бугун туғилган чақалоқ бўлса-да, орқасида туради, бошига мушкул тушса, элчилик йўллари билан ўша заҳоти етиб боради.

Туркия Бош вазири Олмонияда туркларга нисбатан миллатчилик ҳаракатлари кузатилган заҳоти “Туркиядаги ҳар бир ватандош каби четдаги турклар ҳам бизнинг қанотимиз остидадир. Бир туркка ҳақсиз ёмон муомала кўрсатилса, биз ҳам шунга яраша муносабатда бўламиз!” дея қаттиқ турди. Ўзи Олмонияга борди, у ерда яшаётган, ишлаётган миллатдошларининг муаммоларини ўрганди, “Турклар туркча ўқишга ҳаққи бор!” деб охирги хулосасини айтди. Сўнгра Олмониянинг канслери Анжела Меркелни Туркияга чорлаб, Истанбулнинг бир мактабига олиб бориб, бу ерда немис болаларига қандай шароитлар яратилганини кўрсатди. Шу билан иш бости-бости бўлди. Олмониядаги миллатчилик-ирқчилик кайфиятлари ҳам анча ҳовуридан тушди.

Ёки бошқа мисол. Ер юзининг қайси нуқтасида битта жуҳуднинг бурни қонаса, дунё бўйлаб сочилган бутун жуҳуд матбуоти, орқасидан Исроил давлати оёққа туради. “Фалон мамлакатда жуҳудга қарши ҳаракатлар (антисемитизм) кучайиб кетди!.. Биз ўзи ҳамма замонларда жабр кўрган миллатмиз… Бошимиздан холокостни кечирганимиз каммиди?!” дея, худди йиғи девори ёнида тургандек, ҳўнг-ҳўнг йиғлаб оламга ғавғо солади. Роса кўпиртиради, лекин миллатининг орқасида турганини ҳаммага ҳис эттиради.

Кундалик ҳаётда бунақа мисоллар кўп. Шундай бўлиши табиий ҳам.

Хўш, бизнинг Ўзбекистонда-чи? Ўзбекистон давлати ҳар бир ватандошининг орқасида турибдими? Ё, ватан ичида бўлганидек, четда ҳам ўзбекнинг қадри бир пулми?

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com