Эртага Ўзбекистон Мустақиллик Декларацияси қабул қилинганига 26 йил тўлади

Эртага Ўзбекистон Мустақиллик Декларацияси қабул қилинганига 26 йил тўлади
128 views
19 June 2016 - 9:47

mustaqillik deklaratsiyasi qabul qilingan kun 1990 yil 20 iyun toshkent

20.06.1990 да тантанали эълон қилинган давлат мустақиллиги – советчасига суверенитетдан ва социалистик демократиядан озодлик эди.

“Иттифоқдош республика – суверен совет соцалистик давлатдир”, дейилган СССР Конституцисининг 76-моддасида. Ўша Коституциянинг муқаддимасида эса совет халқининг бош вазифаси сифатида “социалистик демократия тараққиёти давом этишига интилиш” талаби қўйилган.

Ўзбекистон Совет Соцалистик Республикасининг халқи, гўёки, “суверен совет социалистик давлат”, “соцалистик демократия” каби улкан неъматлардан баҳраманд эканига қарамасдан, дарсликларда “социалистик демократия – энг тўғри демократиядир” деб уқдирилган бўлса ҳам, давлат мустақиллигига интилиб, унинг учун курашиб келди.

1990-йилнинг 30-апрел куни ўзининг Таъсис Қурултойини ўтказган “Эрк” Демократик Партияси ташаббуси, қонун-лойиҳаси ва ташкилотчилиги натижасида 1990-йилнинг 20-июн куни Мустақиллик Декларацияси қонун мақомини олди. Яъники, Ўзбекистон Совет Соцалистик Республикаси Олий Кенгашида Ўзбекистон Совет Соцалистик Республикаси давлат мустақиллиги тантанали эълон қилинди ва унинг асосий белгилари қонунлаштирилди.

Қуйида Мустақиллик Декларациясига қонун мақомини бериш учун Олий Кенгаш Cессияси 20.06.1990 да кўриб чиққан ва муҳокама қилган асос ҳужжат бўлган қонун-лойиҳанинг тўла матнини келтирамиз.

Мустақиллик Декларацияси

Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Кенгаши:

ўзбек халқининг давлатчиликдаги тарихий тажрибасига, кўпасрлик маданий меросига, маънавий қадриятларига ва бой анъаналарига,

халқаро ҳуқуқ қоидаларига, умумбашарий қадриятларга ва демократия принципларига таяниб,
ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминлашдан иборат олий мақсадлар ҳақи,

Ўзбекистоннинг келажаги учун тарихий жавобгарликни чуқур ҳис қилган ҳолда,

Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг давлат мустақиллигини тантанали эълон қилади.

1. ЎзССР давлат суверенитети ўз ҳудудининг барча таркибий қисмларида ЎзССР давлатининг устунлигидан ва барча ташқи мулоқотларда унинг мустақиллигидан иборат.

2. ЎзССР давлат ҳудудининг таркиби ЎзССРнинг демаркация қилинган давлат чегараси билан белгиланган қуруқлик, ерости, сув ва ҳаводан иборат. ЎзССРнинг давлат ҳудуди ва давлат чегараси даҳлсиздир ва халқнинг референдум йўли билан ифодаланган розилигисиз улар ўзгартирилиши мумкин эмас.

3. ЎзССР давлат ҳокимияти унинг ҳудудига кирадиган барча таркибий қисмлари устидан амалга оширилади ва шу ҳудуд ичида бўлган ҳар бир шахс унинг тасарруфидадир.

4. ЎзССР Конституцияси ва ЎзССР қонунлари ЎзССР ҳудуди ичида мутлоқ кучга эгадир. Жумҳурият суверенитетига зид бўлган ССР Иттифоқи қонунлари ЎзССР Олий Совети томонидан жумҳурият ичида тўхтатиб қўйилади.

5. ЎзССР давлат ҳокимияти қарамоғига ЎзССР ташқи сиёсати ва унинг бошқа давлатлар билан алоқасига тегишли барча масалалар киради.

6. ЎзССРнинг давлат суверенитети халқаро ҳуқуқнинг асосий приципларини тан олиш ва ҳурмат қилишни, халқаро-ҳуқуқ муносабатларида демократик асосда қатнашиши ва дипломатия фаолиятини амалга оширишини кўзда тутади.

7. ЎзССРнинг давлат ҳокимияти ЎзССРнинг бошқа давлатлар билан иқтисодий муносабатлари принципларини белгилайди ва унинг ташқи иқтисодий алоқаларини бошқаради.

8. ЎзССРнинг давлат мустақиллиги умумхалқ ҳокимиятини рўёбга чиқариш, ўз тараққиётини ўзи таъминлайдиган демократик давлат қуришнинг табиий ва зарур шартидир.

9. ЎзССРнинг давлат мустақиллиги фуқаролар, сиёсий партиялар, жамоа ташкилотлари, оммавий ҳаракатлар ва диний ташкилотларнинг давлат ва жамият ҳаётини бошқаришда уларнинг тенг ҳуқуқий имкониятларини рўёбга чиқаришнинг зарур шартидир.

10. ЎзССР давлат ҳокимияти фақат демократик асосда ЎзССРнинг қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимиятларига бўлинади, улар ўз функцияларини ЎзССР халқининг манфаат ва эҳтиёжидан келиб чиқиб бажаради, миллатларнинг ва элатларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлайди. Шунингдек, озчиликни ташкил қилган гуруҳлар ўз фикри ва манфаатларини ҳимоя қилиши учун имконият яратиб беради.

11. ЎзССРнинг қонунчилик ҳокимияти ЎзССР давлат мустақиллигини амалга ошириш учун зарур бўлган қонунларни ишлаб чиқади, ЎзССРнинг сиёсий ва иқтисодий системалари таркиби ва қурилишини белгилайди.

12. Мазкур Декларация ЎзССРнинг янги Конституциясига ва ЎзССР қонунчилигини мукаммаллаштиришга асосдир.

Келтирилган матн Олий Совет Сессиясида 20.06.1990 куни овозга қўйилган ва бир овоздан тасдиқланган. Тасдиқлангандан кейин ғайриқонуний равишда киритилган баъзи ўзгартишлар бўлган, лекин улар ҳужжат моҳиятига жиддий таъсир қилолмаган.

Энди бу ҳужжат руҳининг ва ҳарфининг юқоридаги матндан келиб чиқадиган асосий жиҳатлари тўғрисида мулоҳаза юритайлик.

“Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Кенгаши: Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг давлат мустақиллигини тантанали эълон қилади.”, дейилган жумла қонун мақомига эга бўлгани ҳужжатнинг аксилкоммунистик руҳини белгилайди. Бу эса, ўз навбатида, “суверен совет соцалистик давлат” ва “социалистик демократия” дейилган конституциявий қоидаларнинг ёлғонлигини фош қилади ва уларни инкор қилади.

Ҳужжатнинг аксилкоммунистик руҳи унинг барча банд, сатр ва ҳарфларида, у ёки бу даражада, ўз аксини топган. Совет сиёсий тизими эса ёлғон асосларга қурилган тизим бўлгани ҳозирги кунга келиб барчага аён бўлди.

Афсус ва надоматлар билан таъкидлаш лозим-ки, Мустақиллик Декларациси руҳи ҳозирги кунда амалда бўлган Ўзбекистон Конституциясида ўз аксини топмаган. Бу жиҳатдан ва баъзи бошқа жиҳатдардан қаралганда Ўзбекистон Конституцияси Мустақиллик Декларациясини инкор қилади, ҳусусан унинг 12-банди талабларига риоя қилинмайди.

Умумхалқ ҳокимиятини рўёбга чиқариш, ўз тараққиётини ўзи таъминлайдиган демократик давлат қуриш учун зарур шартлар сирасига давлат мустақиллиги ҳам киритилган (8-банд).

Фуқаролар, сиёсий партиялар, жамоа ташкилотлари, оммавий ҳаракатлар ва диний ташкилотларнинг давлат ва жамият ҳаётини бошқаришда уларнинг тенг ҳуқуқий имкониятларини рўёбга чиқариш учун ҳам давлат мустақиллиги зарур шарт экани уқдирилади (9-банд). Бу ерда шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Мустақиллик Декларацияси динни давлатдан ажратиш тамойилини инкор қилади.

Мустақиллик Декларациясининг 10-бандида давлат ҳокимияти фақат демократик асосда қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимиятларига бўлиниши, улар ўз функцияларини халқ манфаати ва эҳтиёжидан келиб чиқиб бажариши, миллатларнинг ва элатларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаши, шунингдек, озчиликдан иборат гуруҳлар ўз фикри ва манфаатларини ҳимоя қилиши учун имконият яратиб бериши талаб қилинади. Давлат ҳокимиятининг демократик асосда учта шаҳобчага бўлиниши ҳокимиятни муддатдан илгари тинч алмаштириш механизмини (импичментни) ҳам назарда тутади. Коституцияда эса бундай механизм йўқ.

Мустақиллик Декларациясининг руҳи амалдаги Конституцияда ўз аксини топмагани тўғрисида юқорида айтилган эди. Қисқа таҳлил кўрсатаяптики, Мустақиллик Декларациясининг ҳарфи ҳам Конституцияда ва сиёсий амалиётда ўзининг тўлаликдаги аксини топмаган ва муҳим жиҳатларда қонун сифатида инкор қилинган.

Аминмизки, Мустақиллик Декларацияси тўлаликда рўёбга чиққанда давлат ва жамият ҳаёти анча илгарилаб кетган бўлар эди.

ОТАНАЗАР ОРИФ
12.06.2016й, Тошкент