Икки юз доллар пул топа оласизми?

Икки юз доллар пул топа оласизми?
108 views
22 June 2016 - 5:00

TuzoqСафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

 (8-қисм)

Албатта, бунга сабаб бор эди. Ўша замонларда, ҳукуматга ёқмаган кимсаларни гиёванд моддаларга алоқадорликда айблаб қамаш, авж нуқтасига чиққан эди. Бундан фойдаланган аксар тижоратчилар ёхуд бошқа касб эгалари ҳам хавфсизлик ташкилотларидан ўзларига рақобатчи кўрилган кимсаларни йўлларидан супириб ташлаш учун таниш-билишлар ёллардилар.

Мамлакат бошида турган президентнинг ҳар қанақа саъй-ҳаракати юқоридан қуйига қараб одат тусига айланарди.

Унинг ранги оқариб кетганини кўрган Кандиёр:

– Ўтиринг, ўтиринг! – дея унга рўпарасидан жой кўрсатди.

У креслога чўкаркан, оёқлари остидан ер қочиб кетаётгандай, хонанинг ичи тебранмоқда эди.

Кандиёр стаканда сув тутаркан:

– Ичинг, ичинг! – деди буйруқ оҳангида. – Йигит кишининг бошига ҳар нарса тушиши мумкин. Эркак бўлиб, ўзингизни қўлга олинг. Болидан тотдингизми, заҳарига ҳам чиданг!

– Барчаси туҳмат! – деди Баҳром зўрға пичирлаб.

– Бўлса бордир! – деди Кандиёр. – Бироқ гиёҳвандлик моддаси билан қўлга олинган шахс заҳри қотилни сиздан сотиб олганини айтяпти. Далиллар сизнинг бир неча йиллардан буён оғуфурушлик билан шуғулланиб келганингизни тасдиқлайди.

Баҳром бошига катта мусибат тушганини англади. Қутулиши учун дарҳол Мелисни топиши лозим эди.

– Мелисни топмасам бўлмайди! – деди у хаста товушда.

– Ихтёрингиз, кимни топсангиз ҳам, энди барибир йигирма йилга қамаласиз.

Кандиёр қаҳр ва ғазаб билан, аммо босиқ гапирарди.

Шунда тўсатдан хонага Мелиснинг ўзи кириб келди. Унинг нигоҳи Баҳромга тушиши билан:

– Бу ерда нима қилиб ўтирипсиз? – деб сўради ундан.

Баҳром йиртқич ҳайвон чангалига тушган оҳу боласидай ҳамон ҳаприқиб, зўрға нафас олаётганди. Уни кўриб, баттароқ ҳансирай бошлади. Унинг аҳволи оғирлигини пайқаган Мелис графиндан стаканга сув қуйди-да, оғзига тутди. Баҳром ютина олмагач, сувни юзига сепиб юборди.

Сўнгра:

– Тинчликми, нима гап? – деб сўради Баҳромдаги жонсараклик боисини тушунмай.

Баҳром, мендан сўраб нима қиласан, ҳамма балони анави қозоқ билади, дегандай, икки кўзини Кандиёрга тикди.

Кандиёр нима гаплигини тушунтириш ўрнига Мелисдан:

– Бу нусха билан танишмисизлар? – деб сўради.

– Битта қишлоқданмиз, бу киши яхши акамиз бўлади! – деди Мелис ҳали ҳам ҳеч нимани тушунмаётганини Кандиёрга билдириш учун қўлларини икки томонга кериб.

– Бу кимса боя “Мелис” деганда сизни айтаётган экан-да. Акангизнинг аҳволи чатоқ! – деди Кандиёр. – Йигитларимиз бир қишлоқини юз мисқол героин билан қўлга олишди. У оғуни Қурбонов Баҳромдан сотиб олганман, деётганмиш. Бу кишининг уй манзилларини, нечта боласи бор, хотини, ота-онаси ким, барисини сўроқ жараёнида адашмасдан айтиб берипди. Чўнтагидан бу кишининг уй манзиллари ва телефон рақамлари ёзилган бир варақ қоғоз ҳам топилипди.

Мелис:

– Ким экан у йигит? – деб сўраган эди, Кандиёр шотахта устидаги қоғозга қараб:

– Манглиев Нуритдин дегани! – деди.

Мелис Баҳромга ҳайрон боқиб:

– Танийсизми у йигитни? – деб сўради.

– Ҳа танийман, қишлоғимиздан!

Баҳром Нуритдиннинг номини эшитиб, устидан бир челак муздек сув қуйилгандек ҳушёр тортди. У бундай бўлиши асло мумкин эмаслигини англаётган бўлса-да, нима учун шундай бўлаётганини идрок этишга ожизлик қилаётганди.

– У билан учрашсам бўладими? – сўради у.

Кандиёр қўнғироқ қилиб, оғу билан қўлга олинган йигитни ҳузурига олиб чиқишни буюраркан:

– Нега бўлмас экан?! – деди қийиқ кўзларини Баҳромга қадаб. – Мелис билан ҳамшаҳар чиқиб қолдиларингиз. Бу одамнинг ўзига яраша ҳурмати бор.

У гапини тугатиши билан Мелис:

– Нуритдин кимнинг боласи ўзи? – дея суриштира бошлади.

– Муқим душоқнинг ўғли, яхши танийсиз! – деб жавоб қайтарди Баҳром.

– Мардон хўжанинг жануб томонида, захкашнинг бўйида яшайдиган Муқим душоқни айтяпсизми? – Мелис қулоқларига ишонмади.

– Ҳа-да! – деди Баҳром. – Ўшанинг ўғли.

– Мардон хўжанинг қорадори ейишини эшитгандим. Муқим душоқнинг бунақа иш билан шуғулланишини билмас эканман! – деди Мелис ҳам энди ҳайрон бўлиб.

– Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди! – дея қистириб қўйди Кандиёр.

Шу пайт қўлларида кишан, сабзи солинган тўр халта бўйнига илдирилган Нуритдинни хонага икки миршаб еталаб кирди. Сабзилар орасида муштумдай оқ елимхалта ҳам бор эди. Рангги синиққан Нуритдин Баҳромни кўрган заҳоти ҳўнграб йиғлаб юборди. У ўтган вақт ичида бир неча ёшга кексайганди.

– Эшакка ўхшаб ҳанграма! – деди унга Кандиёр. – Кўзёшларингни артгинда, ўтирган одамга яхшилаб боқ! Уни танийсанми? Сенга оғу сотган одамни топмасанг, ўзинг йигирма йилга қамалиб, жувонмарг бўлиб кетасан, бола!

Нуритдин кўз ёшлари ювган нигоҳини ерга қадаб:

– Танийман! – деди.

– Унинг исми нима?

– Баҳром ака!

– Фамиляси нима?

– Қурбонов!

– Қаерда танишгансизлар?

– Бир қишлоқданмиз!

– Сенга героинни ким сотди?

– У!

– Кимга олиб бориб беришинг керак эди?

– Ҳоди Дўндиққа!

 Ҳоди Дўндиқ дегани оғуфурушларнинг отаси, фисқ-фасоднинг уяси дегани бўлиб, унинг ҳомийлари ҳукумат идораларида ишлайдиган мансабдор шахслар эди. У миллий хавфсизликнинг маҳаллий халқ ичидаги гумаштаси, кўрар кўзи, эшитар қулоғи бўла туриб, номи нима учун бу ерларда йўқланаётганига Мелис каби Баҳромнинг ҳам ақли етмасди. Ҳар қанча жинояти бўлса ҳам, тегишли идоралар рухсатисиз унинг номини тилга олиб бўлмасди. У Мелиснинг қишлоқдаги қўшниси, узоқроқ қариндоши эди. Қолаверса, у Тошкентдан оғу сотиб олмас, аксинча, тошкентликларга сотарди. Унинг оғусини Тошкентда Мелис соттиради, деган гап-сўзлар ҳам қулоққа чалиниб турарди…

Баҳром бошини ғовлатган хаёллардан фориғ бўлганда, Нуритдин хонада йўқ эди. Хонадаги оғир сукунатдан юраги ёрилай деганда, хайрият, Кандиёрнинг овози, тош шишани синдиргандай, жим-житликни чилпарчин қилиб юборди.

– Ҳамқишлоғингиз чиқиб турсин! – деди у Мелисга.

Мелис энди ўзига ишонмаслигини ўйлаётган Баҳром даҳлизда дераза токчасига суяниб сукутга кетди. Ақл бовар қилмас ишлардан унинг боши ишламай қолганди. Бу каби жиноятни ёпти-ёпти этиш учун камида беш-ўн минг доллар пул зарур бўларди. Айни замонда унинг юз доллардан ошиқ пули йўқ эди.

Эшик очилиб, ичкаридан чиққан Мелис Баҳромнинг олдига шаҳд билан келиб, бирдан тўхтади-да, дабдурустдан:

– Икки юз доллар пул топа оласизми? – деди заҳрини сочишдан ўзини базўр тийиб.

Осон қутулаётганидан суюнган Баҳром:

– Топаман! – деди.

– Олиб келишингизга қанча вақт кетади?

– Қирқ дақиқача кетади. Уйда юз доллар бор, юз доллар қўшнидан оламан!

– Бир соатдан кейин сизни пастда бошқарма ҳовлисида кутаман! – деди Мелис Кандиёрнинг ҳузурига йўл оларкан.

Бу гаплар иш ўз-ўзидан ҳал бўлаётганини англатарди.

У уйига етиб келганда, эрининг бир зум ичида чўкиб қолганини кўрган хотин турган жойида шамдай қотди.

– Сизга нима бўлди, бирор жойингиз оғримаяптими? – сўради у. – Рангингиз ўчиб кетипди. Нуритдин яхшими, мошин-сошин уриб кетмапдими?!

– Ҳаммаси жойида, хотин! – деди Баҳром. – Озгина кўнгилсизлик юз берди. Худо хоҳласа, тинчийдиганга ўхшаб турипти. Тезда қўшнидан юз доллар олиб чиқ. Мендан бошқа ҳеч нима сўрама, илтимос!

У икки юз долларни чўнтагига тиқиб етиб келганда, Мелис икки ходими билан бошқарма ҳовлисида кутиб турарди.

– Баҳром ака! – деди у. – Йигитлар билан бориб, қўлингиздаги пулга Олой бозоридан бозор-ўчар қиласиз. Нималар харид қилиш зарурлигини ўзлари айтадилар. Кейин “Қизил деҳқон” чойхонасига бориб ош буюрасизлар. Бизлар ортларингиздан етиб борамиз.

Ўша кун Баҳром ўн иккита миршабга ош бериб, бало-қазолардан арзимаган икки юз доллар билан қутулганини Мелиснинг шарофатидан дея ўйлади.

Нуритдиннинг эса Тошкентга биринчи ва охирги келгани ўша бўлди.  Орадан уч йил ўтгач у миокард хасталиги туфайли юрак хуружидан вафот этди. Унинг касалга чалинишига туртки берган сабаб ноаниқ эса-да, ёш хотини ва икки полапонини бешафқат дунёда ёлғиз ташлаб кетгани жуда ачинарли эди.

Бир гал Кандиёр, Мелис, Нормурод ва Баҳром – тўртовлон чойхонада дам олиб ўтириб, бўлиб ўтган ўша воқеани эсладилар. Баҳром Нуритдиннинг ўлиб кетганини айтганида, маст улфатлар асл ҳодисани кула-кула унга сўзлаб бердилар.

…Ўша якшанбада Кандиёр миршабхонада масъул, Нормурод навбатчи бўлган экан. Кандиёр Нормуродга:

– Бугун туғилган кунинг, эримасанг бўлмайди! – деб қолипди.

Бошқалар ҳам ҳоли-жонига қўймай унга ёпишиб олипдилар. Пули чиққунча жони чиқадиганлар тоифасидан бўлгани учун унинг боши қотипди. Шунда кўча миршаблари сабзи кўтарган Нуритдинни еталаб келипдилар. Йигитни сўраб-суриштириб, кимлигини билиб олган Нормурод, ҳализамон унинг ортидан Баҳром пайдо бўлади, деган ишончда, Кандиёрнинг олдига чопиб чиқиб режасини сўйлапди. Унинг топқирлигига қойил қолган Кандиёр “спектакл”да бош ролда ўйнашга рози бўлипди. Кутилгандек, Баҳром Нуритдинни излаб келганда, Нормурод қорасини кўрсатмай, уни Кандиёрнинг ҳузурига чиқаздириб юборипди. Унгача Нуритдинни дўппослаб қўрқитган миршаблар халтачадаги алебастрнинг героин эканлигига болапақирни ишонтириб қўйган эканлар. Баҳром Кандиёрнинг олдига кўтарилаётганда Нормурод Мелисни уйидан шошилинч чақиртириб, зарур масалада уни Кандиёр йўқлаётганини айтишни ҳам унутмаган. Мелиснинг ўша дақиқаларда бу ўйинлардан мутлақо хабари бўлмаган. Ҳоди Дўндиқни ҳам Нормурод ўйлаб топган. Унинг Ҳоди Дўндиқ билан танишлиги Мелиснинг хаёлига ҳам келмаган…

Барчасидан хабардор этилган Мелис Баҳромга бу ҳақда ғинг деб  оғиз очмаганди. Бу воқеани эшитган Баҳромда унга нисбатан ишонсизлик туйғулари уйғонган эса-да, нафратга айланмаган ҳислар вақт ўтиши билан ёмон туш каби унутилди. Миршаблар ўзлари содир этган қинғир ишларини унинг олдида бемалол муҳокома этишга одатландилару, Баҳром буларни эшитавериб қулоғи қотгани етмагандек, жиноят ҳисобландиган баъзи нарсалар унга шунчаки эрмак бўлиб туюла бошлади. Улар бу каби муттаҳамгарчиликларни кўп бора амалга оширгандилар. Ўзларининг айтишларига кўра, улар хорижлик фуқароларни иғво қилиш йўли билан қўрқитиб, тинтув ўтказар, чўнтакларидан оғу чиққан бечоралар топганларини бериб қутулганларига шукуроналар ўқир эканлар. Влюта алмаштириш ва савдо-сотиқ билан шуғулланадиган кимсаларнинг машинаси юкхонасига ўқ-дори ва варақага ўхшаган нарсалар ташлаб, уларни фитна қурбонига айлантирар эканлар. Иш Кандиёрга тақалганда, ҳаммаси бости-бости бўлар, бор дунёсидан айрилган жабрдийдаларнинг баъзи бирлари ўла- ўлгунича Кандиёрга қуллуқ қилгани етмагандек, бошига иш тушган кимсалар билан унинг ўртасида воситачилик ролини ҳам ижро этарди. Муомалани ўринлата олмаганларнинг кўпчиликлари қамалиб кетардилар…

 (давоми бор)