Нимага бу иш ҳуқуқ йўли билан изчил охирига етказилмади?!

Нимага бу иш ҳуқуқ йўли билан изчил охирига етказилмади?!
35 views
22 June 2016 - 6:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(46-қисм)

Бизни ўйлантирган ва ҳеч тушунолмай турган томонимиз бошқа: ёзувчи ё газетчининг вазифаси ёзиш, ҳақиқатни халққа етказиш, бирон-бир муаммога жамоатчилик эътиборини тортиш, тегишли шахс ё идоралар орқали масалани ҳал этиш. Қўлидан келганича бу ишни уддалади ёзувчи халқи. Аммо иш шу ерда тўхтади. Тегишли шахс ва идоралар қулоғига етиб бормади гўё. Ёзилган шунча гап қуруқ гаплигича қолди.

Агар Гдлян билан Иванов бошлиқ терговчилар десанти чиндан шунча ҳақсизлик қилган бўлса,

қанчадан-қанча одамнинг умрига зомин бўлган бўлса,

қанчадан-қанча хонадонни қон қақшатган бўлса,

ҳуқуқ доирасидан ташқари чиқиб, одамларни бекордан-бекор қамаб, бойликларни талаб, ўзлари ҳам катта жиноятлар содир этган бўлса,

дунёда ўзбек халқининг ва Ўзбекистоннинг обрўйини тўкиб, шаънини булғаган бўлса,

ва агар Ўзбекистон ҳозир чиндан ҳам мустақил бир давлат бўлса,

Нимага бу иш ҳуқуқ йўли билан изчил охирига етказилмади?!

Тажрибали ҳуқуқчилардан иборат махсус гуруҳ тузилиб, барча далил ва ҳужжатларни тўплаб, тирик гувоҳлар ҳали оламдан ўтиб кетмасидан уларнинг кўрсатмаларини олиб, ёки тўғридан-тўғри, ёки халқаро ҳуқуқ ўлчовларига таянган ҳолда халқаро ҳуқуқ ташкилотлари орқали у пайтда СССР, сўнгра Ўрусия давлатига нега расман мурожаат қилинмади?!

Бунақа тажриба дунё ҳуқуқ оламида бор ва деярли ҳар куни амалда қўлланиб турибди. Нега бунга ҳатто ҳаракат қилинмади?! Ҳуқуқ соҳамиз ва идораларимиз ўта кучсизлигиданми ёки уқувсизлигиданми?!

Ёки ёв қочиб орқасидан кўтарилган у барча ғавғолар дунёда ёмонотлиқ бўлган халқимизнинг аламини кетказиш учун қўлланган алдамчи усул, йўқдан кўра бор қабилида қилинган таги пуч, қуруқ гапларми эди?!

Ёзувчи ва газетчилар кетидан ҳуқуқчилар ишга тушиши керак бўлгани ҳолда уларнинг чурқ этмагани шубҳали ва аламлидир. Бу ҳодиса дунё ҳамжамиятида бизнинг ҳеч ким эмаслигимизни кўрсатади. Зотан, халқининг топталган номусини, қадрини ҳуқуққа асосланиб тиклашга ҳаракат қилмаган давлатни биров ҳурмат ҳам қилмайди, тан ҳам олмайди.

Бу масаланинг иккинчи томони ҳам бор, албатта: Гдлян билан Иванов бошлиқ десант Ўзбекистонда ҳамма ишлари хамирдан қил суғургандек, ҳатто ўзлари ўйлаганидан ҳам осон кетаётганидан руҳланиб, жазавада “Пахта иши”ни “Ўзбеклар иши”га айлантириб юборгани миллатимиз олдида уларнинг энг катта жинояти экани ҳақ, лекин ўша йиллари Ўзбекистонда Масковга ёқиш учун пахта режаларини ортиғи билан дўндиришга чиндан ҳам ружу қўйилмаганмиди?

Ҳақиқатда қўшиб ёзишлар бўлмаганмиди?! Кремлда ўтирган оқбошу қорақош амакиларга ёқиш, нотавон кўнгилларини овлаш учунгина етти яшардан етмиш яшаргача халқимиз Оллоҳга қулликдан чиқарилиб, Пахта Ҳазрати Олияларига қул этилмаганмиди?!

Эртадан кечгача қиблага эмас, Масков томонга руку-сажда қилдириб қўйилмаганмиди чорасиз эркагу аёллар, кексаю болалар?!

Ўқувчилик ва талабалик паллаларимизда то 31 декабиргача ғўзапоядан қор-муз қоқиб, чаноқда қолиб кетган увадаларини дийдираб ахтарганларимиз, кўрак чақиб ҳўл “сичқонча”ларигача териб топширганларимиз ҳали эсларимиздан чиққани йўқ.

Ҳамма бу қийинчиликлар Масковнинг қорнини ва кўзини тўйдириш учун эди.

Қишлоқ жойларида ўқувчи мактаб партасида деярли ўтирмасди: баҳорда бир-икки ой ягана, чопиқ, бегона ўтлардан тозалаш, сўнгра пилла, кузда эса сентабир кирар-кирмасидан бошлаб уч-тўрт ой пахта терими. Тўққиз ойлик ўқув йилидан яқин олти ойи далада, ғижимлаб келса уч ойчасигина мактабда кечарди…

Бутун бошли халқ, бутун бошли республика Пахта Ҳазрати Олияларига сиғинар эди. Оқибатда пахта одамдан азиз, тирикликдан устун бўлди.

Халқни эзиб ишлатиш ҳисобига обрў, мансаб олишни, бойлик тўплашни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Қўшиб ёзишлар ҳам шу “эҳтиёж”дан бошланди.

Бу ишлар жиноят эмасмиди? Албатта, жиноят эди! Гдлян билан Иванов бошлиқ десантни улар эсон-омон ишларини битириб юртларига чиқиб кетганидан кейин орқасидан сўкар эканмиз, ўртада ўзимизнинг бошлиқлар содир этган кўплаб жиноятларни ҳам инкор этмаслигимиз керак.

Балки орқамиз мана шунақа шилта бўлгани учун ҳам ҳуқуқчиларимиз ғинг дея олмагандир?! Ёзувчи ва газетчиларни гапиртириб қўйиб, халқимизни чинакам ҳуқуқий томондан оқлашга шунинг учун ҳаракат қилинмагандир?! “Мустақил” давлат Гдлян билан Ивановга қарши майдонга тушишга кучи етмаслигини олдиндан билгандир?! Шунча шов-шувларимиз, дод-войларимиздан Гдлян билан Ивановнинг бир туки қимирлаб қўймагани балки шундандир?! Ёзувчи ва газетчиларимиз ёв қочгач уларнинг қилмишларини “очиб” қанчалик дод-вой солишмасин, иккаласи Масковда бемалол тараллабедод қилиб юргани, ҳатто партия тузиб олиб, Ўрусия Давлат думасига депутат бўлиб киргани шундандир?!

Қулоқлар овутилди, юраклар аламга ботиб қолаверди. Сўзимизнинг, халқимизнинг, давлатимизнинг, мустақиллигимизнинг кучи шунчалик…

Майли, бу гаплар ўтди. Яралар энди бита бошлаганида уни қайтадан тирнамоқчи эмасмиз. Биз яна одатдагидек бугунимизга қайтамиз, бугун бўлаётган айрим ишлар тагига сизлар билан бирга етишга уриниб кўрамиз.

Кечагина, яқиндагина шу қуриб кеткур қўшиб ёзишлар орқасидан бошимизга не-не савдо тушган эди. Ҳали у шармандагарчиликлар эслардан чиқиб улгурмай “мустақил” Ўзбекистонда оқ пахтанинг қора ишлари яна бошлаб юборилди!

Пахта етмагандай қўшиб ёзиш деган бало буғдойга ҳам кўчди. “Ўзбекистон дон мустақиллигига эришди!” деган янги сохта қичқириқ чиқдию уни рост деб кўрсатиш учун потирлатиб қўшиб ёза бошладик!

Терговчи Гдлян мусодара қилинган бойликлар ҳақида журналистларга сўзламоқда

Терговчи Гдлян мусодара қилинган бойликлар ҳақида журналистларга сўзламоқда

Энди устимизга десант ташлайдиган Масков йўқ. Энди бизни қон-қақшатиб кетадиган Гдлян билан Иванов йўқ. Энди Сиёсий буйро ҳам, унинг бошлиғи Қорақош бобо ҳам тарих мозорига кириб кетган. Энди қўшиб ёзишда тўла мустақилмиз.

Тепамизда Сиёсий буйро турмаса ҳам, қилаётган ҳамма ишини яхши деб ўйлайдиган, мамлакат ҳаётидан фақат яхши хабар эшитгиси келадиган Юртбоши бор, у кишининг кўзу қулоқларини мойлаш учун йўқ буғдою йўқ пахтани қўшиб ёзиб ётибмиз.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com