“Аср ҳийласи”

“Аср ҳийласи”
41 views
23 June 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(47-қисм)

Бугун ҳатто СССР замонидагидан ҳам баттар бўлди. Қалбакиликнинг янгича усуллари чиқиб кетди! Ҳамда илгари ими-жимида, гўё бировга билдирмай қилинган бўлса, бугун куппа-кундузи, эл-юрт кўзи ўнгида, очиқчасига қилиняпти.

Янгича усуллардан айримларини санаб ўтамиз.

1.Пул солиғи. Қишлоқларда уйма-уй юриб, улар далада ишласа-ишламаса, “Ё фалон кило пахта териб топширасан, ё ўрнига киши бошига юз минг сўмдан пул берасан!” деб солиқ солинадиган бўлди. Қоғоз пулдан тола чиқмаслиги тайин. Пулни қопларга тиқиб, чаққонлар дарров пахта зовутига чопади, исми-расми қилинади… мажбурият “бажарилади”.

2.Одам солиғи. Бир неча йилдан бери (ҳатто пойтахтда) ҳамма ишхона ва ўқув юртига одам солиғи солинадиган бўлди: “Шунча муддатга шунча одам ажратасан, пахта – сиёсий масала, юбормасанг, энангди кўрасан!” дейиляпти. Сўралган одам дарров ажратиляпти. Ҳашарчи чўнтагидан йўлкира қилиб боради; овқат ҳам ўзидан ёки ишхонаси ҳисобидан; кунлик мажбурият фалон кило – ундан кам теришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Нўноқ шаҳарлик бунча килони териб беролмаслиги аниқ, лекин тадбиркор эмасми, дарров йўлини топади: ўрнига қишлоқдан теримчи ёллайди, қўлига ортиқчаси билан пул (яна чўнтагидан!) тутқазади, ўзи барагида ё-о-о-тади. Ёки шаҳарига сурворади.

Бугун қишлоқлик ҳам тадбиркор: “пахтакор шаҳарлик”ни уйига ижарага қўяди, ўрнига пахта териб беради ва ҳар килосига давлат белгилаган нархдан икки баравар кўп ҳақ олади; деворидан туйнук очиб, чекиш, сақич, ҳожатқоғози сотади… хуллас, икки ой ичида анча-мунча пул ишлаб олади. Айниқса, қишлоқ аёлларининг боши осмонда: “Президентимизга раҳмат, шу шаҳарлик ҳашарчини яхши ўйлаб топдилар, орқасидан қўлимиз пул кўрди, болаларимиз эт еяпти!” деб туну кун “шукрини зиёда қилиб” ётибди…

Фермерга ёрдамми шу?! Қип-қизил шармандагарчилик бу!

Ҳаммасига лаънати оврупалик инжиқлар сабаб: нимаймиш, вояга етмаган болалар меҳнатидан фойдаланиб етиштирилган пахтани сотиб олмасмиш, бойқўт қилармиш. Уйинг куйгурлар, сенларни деб энди бутун мамлакат катталари жабр кўряпти! Пахтани бола терадими, хомилали хотин терадими ‒ сенга нима, ўзинг экмасанг-ўзинг термасанг бўлди-да! Болалар терими туппа-тузук йўлга қўйилган эди-я! Ҳам арзон куч эди! Бизга ўша эски советча усул яхши эди. Мана энди давлатнинг куни шаҳарлик ҳашарчига қолди. Ҳам турган-битгани чиқим…

Эси бутун битта иқтисодчи чиқса эди (айтмоқчи, Юртбоши ўзи катта иқтисодчи эди шекилли), шунча оворагарчиликни, ишхонадаги зарарларни пулга чақиб, яхшилаб ҳисоб-китоб қилиб кўрса эди, тугунни бошқача ечган бўларди. Аслида-ку ерни деҳқонга хатлаб бериб, ҳосилини сотишни ҳам ихтиёрига топшириб қўйганида бунақа шармандагарчиликлар бўлмас эди. Хўп, ерни хатламади, сотишни ҳам деҳқон ихтиёрига бермади, унда пахта нархини оширсин, ҳеч бўлмаганда ҳашар уюштиришга кетаётган чиқимларни деҳқонга бўлиб берсин, умуман ҳашарчига иш қолмас эди. Деҳқон пахтани битта чаноқда ҳам қолдирмай териб даласини шип-шийдам қилиб қўйган бўлар эди.

Ҳозир ҳам амалда шунақа бўляпти – ҳашарчи термаяпти пахтани, далачининг ўзи теряпти! Табиий, икки баравар қимматига теряпти!

Тўхтанг-тўхтанг, худди шу нуқтада бир найрангнинг ҳиди чиқиб қолди-ку.

Тирриқ давлат (ё давлат номидан иш кўрувчи, аслида чўнтагини қаппайтирувчи ишбилармонлар) йил бўйи пахта даласидан чиқмай меҳнат қилган деҳқонга иложи борича кам ҳақ тўлаб, пахтасини иложи борича энг арзонга сотиб (тортиб) олишнинг “чиройли” йўлини топган кўринади. Бир кило пахта учун далачига берилаётган ҳаққа, табиий, қишлоқлик аёл кўнмайди. Кўнса, кўнгли оғриниб кўнади. Ўрнига шаҳарга бориб мардикорчилик қилса, икки-уч баравар кўп пул ишлашини билади. Ҳам кун бўйи белини букиб-эзилиб пахта теришдан қутулади. Лекин давлат теримчига иш ҳақини оширмоқчи эмас. Давлат бермаса, далачи термаса, нима бўлади? Пахта далада қолиб кетади! Шу яхшими? Йўқ, албатта. Демак, ўйлаш керак.

Давлат ўйлади ва йўлини топди. Топганида ҳам, ҳатто пихини ёрган капиталист олам ҳам етти ухласа тушига кирмайдиган йўл топди. Қойил! Давлатимизнинг калласи ишламайди деганлар хато қилади. Бугунгача мен ҳам шунақа ўйлардим, энди қайтдим бу фикримдан. Тан бердим: давлатимизнинг калласи ишлар экан! Орқасида жуда катта ақллар тураркан! Чунки ҳозир бизда қўлланаётган усул унча-мунча ақлнинг хаёлига келмайди! Яъни:

Қишлоқлик аёлни далага чиқариш ва икки баравар куч-ғайрат билан ишлатиш учун давлат… нима қилди? Далачи талаб қилаётган, ўзи бергиси келмаётган пулни ҳашарчининг чўнтагидан олди. Ўғирламади, мажбурламади, аммо шундай усул ишлатди ‒ шаҳарлик ҳашарчи ўз ихтиёри билан чўнтагини қоқлаб далачининг қўлига тутқазди!

Қандай қилиб?

Уйма-уй юриб пул тўплашга пойтахтликдан қўрқди. Ҳарҳолда онглироқ-да, “Нимага пул беришим керак?!” деб қолиши мумкин. Шунинг учун ишхоналарни ишга солди. Ҳар бир туман ҳокимияти ҳудудидаги ишхоналар бошлиқларини тўплаб: “Одам сонига мана бунчадан ҳашарчи ажратмасанг, ўзингдан кўр! Пахта – сиёсий масала. Теришдан бош тортсанг, энангди кўрасан!” деди. “Ҳа, айтганча, ҳашарчининг йўлкираси, емак-ичмаги, ё ўзининг, ё ишхонанинг бўйнига!” деб қўшиб қўйди. Шўрлик шаҳарлик иссиқ кийимларини олиб далаларга йўл олди. Пайкал бошига келди. Чексиз пахтазорга боқди. Қаншарини қашлади. Ўзининг имкониятини чамалади. Теролмаслигига иқрор бўлди ва… секин чўнтагига қўл юборди. Уни бир чеккада кузатиб турган қишлоқлик дарров ёнига борди. Шундай қилиб, деҳқонга беришга давлат қисиниб турган ҳақни энди шаҳарлик ҳашарчи ўз ҳисобидан бера бошлади!

Ана сизга янгича усул! Бир кило пахта учун давлат юз сўм, ҳашарчи икки юз сўм беряпти, иккаласи бўлиб уч юз сўм. Ким мажбурлаяпти? Ҳеч ким. Ихтиёран. Яна ортиғи билан. Энасини кўрмаслик учун! Далачига эса, пулни ким бераётгани эмас, ўзи қанча олгани муҳим: у бир кило пахтасига уч юз сўм ола бошлади! Учала томоннинг ҳам муроди ҳосил: давлат оз беряпти, деҳқон кўп оляпти, шаҳарлик ҳашарчи оғир меҳнатдан қутуляпти! Униси ҳам рози, буниси ҳам рози, учинчи томон ҳам рози. Фақат, ўртада шўрлик шаҳарлик ҳашарчининг чўнтаги ютқазяпти, чўнтак шир этиб йиртилиши мумкин, аммо ғинг дея олмайди!

Шошманг-шошманг, давлат билан теримчи ўзаро яширинча келишиб ўйлаб топмадимикан бу “аср ҳийласи”ни? Оббо, шунақа бўлиши ҳам мумкин. Далачи аёл икки гапининг бирида бекорга “Президентимизга раҳмат, шу шаҳарлик ҳашарчини яхши ўйлаб топдилар, орқасидан қўлимиз пул кўрди, болаларимиз эт еяпти!” демаяпти, ахир! Ҳаҳ, сабил.

Ана сизга Давлат! Тадбиркорликда у шаҳарликдан ҳам, қишлоқликдан ҳам ўзиб кетди! Ҳатто иккаласининг маҳорати давлат тадбири олдида ип эшолмайди.

…Йўқ, роса ўйлаб кўрдим, яна ўйладим: барибир давлатнинг мияси ишламайдиганга ўхшади. Мана, ўзингиз ҳам бир хомчўтлаб кўринг: шунча ишхонанинг, шунча одамнинг кўнглини оғритмай… ишларга, ўқишларга зарар келтирмай… неча-неча хонадонни безовта қилмай… ҳашарни уюштиришга кетадиган қанчадан-қанча маблағни ҳавога совурмай… одамнинг эсини оғдириб юборадиган ҳийлалар излаб юрмай… қолаверса, чет элликлар, ҳатто қўшни давлатлар олдида ҳам кулгига қолмай… энг тўғри йўлни, энг самарали ечимни қўлласа бўларди. У эса жуда оддий. Мактаб кўрмаган, энг орқада қолган одам ҳам биладиган даражада оддий – деҳқонга меҳнатига лойиқ даражада ҳақ тўлаш керак, тамом-вассалом! Ана ундан кейин кўрасиз – далада бир чаноқ пахта қолармикан! Шунча оворагарчилик ва ҳайя-ҳайялар деҳқонга тирриқлик қилишдан келиб чиқяпти, холос. Қишлоққа озгина пул бериб, устидан катта пул ишлаб олишга тиришишдан, очофатликдан бошқа нарса эмас!

Эсда бўлса, Ўзбекистонда бир кило пахта 50 сўмга терилаётган йиллари шундоққина қўшнимиз Қирғизистонда бир кило пахтага 300 сўм бериларди! Қайси аҳмоқ 300 сўм турганида 50 сўм учун ишлайди?! Водийнинг чегара туманларида яшовчи аёлларимиз ўзимизнинг теримга бойқўт эълон қилиб, икки-уч йил Қирғизистонга ўтиб пахта терган эди ўшанда. Ва хотин боши билан бир далачи тўғри қилган! Лекин давлат бундан тўғри хулоса чиқармади – пахта нархини оширмади. Тескари хулоса чиқарди – чегарани тақа-тақ ёпди.

Одам гаранг бўпкетади: нархни озгина оширсанг, асаканг кетадими, Давлат? Ахир шу деҳқоннинг орқасидан кун кўряпсан-ку! Шу меҳнаткаш халқинг етиштирган пахтани сотиб чўнтагинг қаппайяпти-ку!

Яхшиям шўрлик деҳқон шунча эзилиб-қийналиб етиштирган пахтасини давлати чет элларга неча дўлларга пуллаётганини билмайди. У пулдан қанчаси хазинага, қанчаси кимларнингдир чўнтагига тушишини-ку, сўраш тугул, ўйига ҳам келтирмайди. Чунки барибир тагига етолмайди.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com