Тириклар ўлиги ким?

Тириклар ўлиги ким?
65 views
24 June 2016 - 5:00

2-madinah-masjid-al-nabawi-4Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 57

(давоми)

Ҳазрати Ҳузайфанинг отаси Ямон ва Собит ибн Вақш, бу икки кишини Мадинада қўрғон ичига қўйилган хотун, болаларга бош қилиб қолдирган эдилар. Чунки буларга қарилик етган, ҳар икковлари куч-қувватдан кетган кишилар эди. Бировлари туриб, айтдиларким:

«Ҳой, фалончи, икковимиздан агар умримиз қолган бўлса, эшак сув ичиб қонгунчалик фурсатимиз қолгандур. Шунчалик арзимаган умримизни аяб, ўлимдан қўрқиб, шаҳидлик даражасидан қуруқ қолмайлик, йигитлигимизда ҳавасга чопган қиличларимизни бугунги кунда Худо йўлида ҳам чопиб кўрайлик» деб қиличларини олдилар.

Уруш майдонига бориб, мусулмонларга қўшила олмасдан, кофирлар сафларига аралашиб қолиб, аларга қилич солдилар. Худодан ўзлари тилаганларидек, ҳар икковлари ҳам шаҳидлик даражасини топдилар, разияллоҳу анҳум. Бирлари мушриклар қўли билан ўлдирилган бўлса ҳам, иккинчилари уруш тўполончилигида пайқалмасдан Ислом қиличлари остида қолиб, шаҳид бўлди, Худо йўлида бўлгандин кейин, ҳар қандоқ сабаблар билан ўлган бўлса ҳам, мўминларнинг шаҳодат топишида ҳеч шак йўқдур. Чунки банданинг дунёдаги барча қилган ишлари анинг ниятга боғлиқдур. «Иннамал аъмалу биннийяти», яъни «Банданинг ҳар бир қилган ишлари унинг ниятига қараб бўлур», деган пайғамбаримизнинг сўзлари очиқ далилдур.

Бу кишининг ўғли Ҳузайфа кўрдиким отаси Ямон танилмасдин мусулмонлар томонидан ўлдирилмишдур. Бу ишдин бек ғамгин бўлиб, бунинг ҳукмини Расулуллоҳдин келиб сўради. Расулуллоҳ анинг шаҳодат топганини билдирдилар. Шундоқ бўлса ҳам, яна хазинадан хун тўлаб, мол бермоқчи бўлдилар. Анда Ҳузайфа:

— Ё, Расулаллоҳ, Худо йўлида отам жонини қурбон қилди, мен анинг қон-молини мусулмонларга садақа қилиб, аларга бағишладим, — деди. Бу сўздин Расулуллоҳ кўп рози бўлдилар.

Ҳузайфа, разияллоҳу анҳудан бир неча ҳикматлик ва ибратлик сўзлар айтилмишдур. Алардин бири шул эдиким, андин сўрадилар:

— Тириклар ўлиги кимдур?

Анда ул айтди:

— Тириклар ўлиги ул кишидурким, бир ноҳақ ишни кўриб туриб, сукут қилгай, ул ишга қўли билан ёки тили билан қаршилик қила олмагай, ҳеч бўлмаганда кўнгли билан бўлса ҳам, ул ишга норозилик нафратини билдирмагай.

Шунинг учун Пайғамбаримиз айтдилар:

— Агар бир киши шариат ҳаром қилган нарсани, ишни кўрса, албатта, ул ишга қўли билан қарши турсин. Агар бунга қудрати етмаса, тили билан қайтарсин, бунга ҳам ярай олмаса, ҳеч бўлмаса кўнгли билан норози бўлсин. Бу сўнгиси — иймоннинг энг кучсиз бўлишидандур.

Агар кўнгли билан ҳам ул ишга норози бўлганин сезмас эрса, бундин Аллоҳ сақласинким, бу иш иймонсиз кишиларнинг белгисидур. Динсизлик, даҳрийлик офати тарқалмиш жойларда, юқориги ҳадиси шарифда ёзилган уч даражанинг биринчи, иккинчиларининг йўқолганида ҳеч шак йўқдур. Энди, учинчи даражалик мусулмонларга келсак, буларнинг топилишлари ҳам саноқлидур. Бу иш эса, шу кунлардаги даҳрий ҳокимияти остида жон талашиб келаётган, чин, ҳақиқий мўминларга очиқ маълумдур. Кўзларимиз кўриб, қулоқларимиз эшитгандин кейин, бу сўзларни ёздим.

Яна ўз мақсадимизга келайлик. Абу Суфён хотуни Ҳинд Утба қизи ўзига ўхшаш бир неча шоира хотунлар билан шеър ўқиб, уруш қиздирмоқ учун Маккадин чиққанлиги бу сўз бошида ёзилмиш эди. Бу шоира хотун Уҳуд урушида мусулмонларни енгиб, кофирлар ғалаба қозонлигини кўрди.

Ҳазрати Ҳамза бошлиқ етмиш неча киши мусулмонлардин шаҳид эдилар. Аларнинг муборак жасадлари қонларига бўялиб, майдон ичида ётмиш эди. «Агар душманларимизни енгсак, аларнинг қулоқ-бурунларини кесиб бўйнимга тақурман», —деб бу хотун онт ичган эди. Шу қилган аҳдини бажариш учун мусулмонларнинг ўликларини оралаб, аларнинг қулоқ-бурунларини кесиб, мунчоқ ўрнида бўйинларига тақди.

Ҳинд хотун амир Ҳамзанинг қорнини ёриб, бағрини чиқазиб чайнади. Лекин уни юта олмай, оғзидан пуркиб ташлади. Хотуннинг бундоқ қилгани эрса, ул ўзига аҳд қилмиш эдиким, — «агар Ҳамза қўлимга хоҳ тирик хоҳ ўлик тушар бўлса, унинг бағрини (юрагини) чайнаб егайман» — деб. Мана шу қилган аҳдига вафо қилиб, уни чайнаб ютмоқчи бўлди.

Расулуллоҳ буни эшитиб — «Аллоҳ таоло Ҳамзанинг жасадини дўзах ўтига ҳаром қилмишдур, анинг вужудидан ҳеч нарсани дўзах ўти куйдиролмагай. Агар ул хотун чайнаган Ҳамза жигарини ютган бўлса эди, бунинг ҳурматидан дўзах ўтида куйишдан қутилур эди»— дедилар.

Сўнгра бу хотун эгиз бир тош устига чиқиб туриб, борлиқ товуши билан қичқириб, шеър ўқиди. Ўқиган шеърида Бадр урушида амир Ҳамза тарафидан ўлдирилган отаси Утба, ака укалари Шайба, Валид ва бошқа ўлдирилганларни ёд қилди. Аларнинг қасослари учун тенгдошларидан бошга-бош, жонга-жон олганларини билдирди. Амир Ҳамзанинг жигарини чайнаб аҳдига вафо қилганларини айтиб мақтанди.

«Муҳаммаддин ўчимни олдим, душманларимнинг қонларига қондим. Энди армоним қолмади» деб қаттиқ бақириб, сўнгра тош устидан тушди. Бундин кейин бу хотуннинг эри Абу Суфён тош устига чиқди. Борлиқ товуши билан ун солиб айтдиким:

«Инсонлар аро уруш албатта навбатликдур, кечмушда қайғурган бўлсак ҳам, бугунги кун биз учун суюнчликдур. Бадр уруши сизларининг фойданглар учун бўлмиш эди. Ухуд уруши бизнинг қасосимизни қайтарди. Бадр урушида биз ютқазган бўлсак ҳам, Уҳуд урушида бизнинг ютуғимиз улуғдур». Абу Суфён бу сўзларни мақтанчиқлик билан айтгандин кейин «Иъла Ҳубал, иъла Ҳубал» деб қаттиқ қичқирди. Яъни, «Эй Ҳубал, бундин ҳам мартабангни юқори кўтар», деб мақтанди.

Ўшал замондаги арабларнинг Каъба тошларига осиб қўйган уч юз олтмиш бутлари бор эди. Қурайш қабиласи ушбу Ҳубал отлиқ ўз бутларини барча бутлар улуғи деб ишонур эди.

Анда Расулуллоҳ Абу Суфён сўзини эшитиб:

— Эй Умар, бунинг сўзига жавоб айтгил, — дедилар.

«Аллоҳу аъло ва ажаллу ла савоа қатлана фил жаннати ва қатлакум фин нар», яъни «Аллоҳ улуғдур, ўртамизда тенглик йўқдур. Бу урушда биздин ўлганлар жаннатга киргайлар, аммо сизлардин ўлганлар эрса, тамуққа (дўзахга) тушгайлар». Ҳазрати Умар Абу Суфёнга шул жавобни қайтарди. Анда Абу Суфён ани онглаб:

— Бизнинг Уззо номлик бутимиз бор, сизларда йўқдур» — деди.

Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Аллоҳ мавлана, вала мавлалакум, яъни, “Аллоҳдек улуғ эгамиз бордур, сизларнинг ундоқ улуғ эганглар йўқдур” — дедилар.

Ҳар икки томондин бу сўзлар ўтгандин сўнгра, Абу Суфён ҳазрати Умарни атаб чақирди.

Расулуллоҳ: «Эй Умар, анинг олдига боргил, ҳолига боқиб жавоб айтгил» деб у билан сўзлашмакка рухсат қилдилар. Ҳазрати Умар унинг қошига келди эса:

— Эй Умар, Худо ҳаққи, ростини айтгилким, Ибн Қамъа Муҳаммадни ўлдирдим дебдур, унинг сўзи чин бўлгайму? — деди.

Ҳазрати Умар:

— Бу сўз ёлғондур, Расулуллоҳ саломатдурлар, сенинг бу сўзларингни онглаб ўлтирурлар — деди.

Анда Абу Суфён:

— Менинг олдимда, эй Умар, ибн Қамъа сўзидан сенинг сўзингга ишониш ортиқроқдур — деди. Бу сўрашнинг сабаби эса, Ибн Қамъа Ислом туғини кўтариб турган Мусъаб Ибн Умайрни ўлдириб, Муҳаммадни ўлдирдим, деб гумон қилиб, аскар ичида жар чақиртирган эди. Бу сўзнинг баёни юқорида ўтмишдур.

Иккинчи бир ривоятда Абу Суфён мусулмонларга қараб: «Муҳаммад тирик борму?» деб уч маротаба бақирди. Расулуллоҳ: «Индаманглар» дедилар. Бу томондин ҳеч қандоқ жавоб қайтарилмагач: «Қаҳофа ўғли Абу Бакр тирик борму, Ҳаттоб ўғли Умар борму?» деб ҳар бирларини уч қайтадан чақирди. Бунга ҳам мусулмонлар жавоб қайтармасдин сукут қилдилар. Сўнгра Абу Суфён ўз аскарига қараб: «Сизларга башорат бўлгайким, бу чақирилмиш кишиларинг ўлдирилмишдир, булар ичида жавоб қайтаргудек кишилар қолмабдур», деди.

Ҳазрати Умар бу сўзни англаб чидаб туролмай: «Эй Худо душмани, сен айтган одамларнинг барилари тирикдурлар, сенинг қўрққан кунларинг бу яқинларда яна олдингга келгусидур», деди. Сўнгра Абу Суфён қичқириб нидо қилдиким: «Бу сўқиш бизнинг фойдамиз билан тугади, иккинчи урушимиз келаси йили Бадр майдонида бўлсин», деди. Буни англаб, Расулуллоҳ ҳам келаси йили Бадр майдонида уруш қилмоққа ваъда қилдилар. Шунинг билан Абу Суфён ҳам ўз аскарига қараб қайтди. Анинг ортидан Расулуллоҳ ҳазрати Алини юбориб, айтдиларким:

— Қарайсан, нима иш қилурлар. Агар туяларини минишиб, югурик отларини ёндаб етаклашган бўлсалар, ўз юртлари Маккага қайтган бўлурлар. Агар отларини минишиб, туяларини ҳайдаб жўнашган бўлсалар, аларнинг қасди Мадинага бориб, чопул қилмоқчидурлар. Аллоҳ оти ила онт этарманким, агар Мадинага борур бўлсалар, шул онда орқаларидан етиб бориб, аларни Мадина ичида қарши олиб, қаттиқ савашурмиз, — дедилар.

(давоми бор)