Қовочақларга қайтадан пахта қўйиб чиқилсин!

Қовочақларга қайтадан пахта қўйиб чиқилсин!
31 views
24 June 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(48-қисм)

3.Пахта қўйиш. Бировга айтишга уялади одам, лекин айтмаса ҳам бўлмайди. Бу воқеа ўтган замонларда – подшоҳлар, хон ва амирлар даврида эмас, бугун – XXI асрда, президентлик тузуми ҳукм суриб турган бир замонда, Ўзбекистонда бўлиб ўтди!

2011 йил кузи… Фарғона вилояти Олтиариқ тумани… Пахта терим мавсуми ўрталаридан ўтиб, охирлаб қолган паллалар… Муҳтарам Президент кўнгиллари вилоятга марҳамат қилишни тусаб қолди. “Қишлоқ меҳнаткашлари” билан учрашмоқчи бўлдилар… Одатдагидек, у “меҳнаткашлар” минг бир чиғириқдан ўтказилиб, учрашувга тайёрланди. Кенг далада, пахтазор қўйнида кўришиш мақсадга мувофиқ топилди. Лекин битта камчилик сезилди ‒ аксига олиб, далада лўппи пахтазор қолмабди…

Қип-қизил хижолат! Президент “жужур деҳқонлар” билан суҳбатлашгиси келса-ю, далада пахта бўлмаса! Ҳаммаёқда бўм-бўш қовочақлар… худди деҳқоннинг тепага узанган бўм-бўш ҳовучидек…

Йўқ, кетмайди, тезда бирон чора топиш керак.

Қовочақларга қайтадан пахта қўйиб чиқилсин!

Бу ғоя илк кимдан чиққани жуда-жуда қизиқ. Бунақа антиқа фикр қанақа одамдан, қанақа ақлдан чиқади?!

Албатта, бир куни у “қаҳрамон” барибир юзага чиқади, юзлаб гувоҳ кўзи ўнгида бўлган иш-ку бу!

Ё Коттанинг ўзи ўйлаб топдимикан?

Қайдам, бўлишиям мумкин…

Хуллас, кечагина териб топшириб юборилган пахта азза-базза қайтариб олиб келинди, юзлаб “ҳашарчи” жалб этилди (ҳарҳолда бу давлат аҳамиятига молик тадбир!) ‒ “пахта қўйиш” амалиёти бошланди. Қўқон томонлардан дайди шамол келиб қолиб (билиб бўладими!), чаноқларига қайтадан дўндириб чиқилган пахталарни учириб юбормасин деб оппоқ иплар билан қовочақларга чандиб чиқилди! Катта Фарғона канолини ҳашар қилиб қирқ беш кунда битказган халққа битта қартадаги ғўзаларга пахтани ёпиштириб чиқиш иш бўптими ‒ бир кун ичида қора дала қайтадан оппоқ пахтазорга айланди! Ва…

…эртасига Муҳтарам Юртбошини бутун мамлакат телевизорда худди биринчи теримдай лўппи-лўппи очилиб турган Олтиариқ пахта даласи олдида кўрди!

Нафақат республика, балки бутун дунё бу манзараларни кўрди! Биронта қитмир сим қоқиб юборган шекилли, зумда чет эл радиолари “Олтиариқликлар Президентга пахта қўйди!!!” деган бақироқ сарлавҳалар билан сайрай бошлади. Кетидан изоҳ ҳам берди: “Кўчма маънода эмас, росманасига пахта қўйди!”

Ана шунақа, Олтиариқ нафақат турпию бодиринги ё узуми билан, балки момиқ-момиқ пахтаси билан ҳам ном чиқарди! Лекин бир Олтиариқми бу ишни қилган ва қилаётган?! Бутун Ўзбекистон неча йилдан бери бир кишига пахта қўйиб ётибди-ку!

“Ҳамма учун ҳурматли” Бирежнев ва ё шалдир-шулдур маккажўхоричи Хурушчўв тугул, билишимизча, ҳатто “халқлар отаси”, “оташин коммунист”, “ҳамма замонлар доҳийи”, “генералиссимус” Иосиф Виссарион ўғли ўртоқ Исталинга ҳам бунақа пахта қўйилмаган эди ўз замонида! Лекин “мустақил” Ўзбекистонимизнинг алмашмас Президентига қўйилди! Қандай шараф!

Ўзларига ҳам ёқди чамаси, ўша куни ҳам, ундан кейин ҳам бу шармандали ишнинг исини чиқармадилар. Иси чиққанида, халқнинг димоғига урилган бўларди. Йўқ, дим-дим.

Ҳол бу ки, куз ўрталарида… дийдираб ётган далада… ҳали бир марта ҳам қўл урилмаган пахта… турадими?! Турса, биринчи теримдай лўппи очилиб-сочилиб ётган, ўз вақтида териб давлатга топширилмаган пахтани кўрса, эси бор бошлиқ нима қилган бўларди сизнингча? Ҳа, тўғри. Жазаваси тутиб кетарди! “Нимага шунча пахтани ушлаб ўтирибсанлар, энангди эмгурлар?!. Ё давлатга душманмисанлар?! Ёмғир ёғиб юборса, нима бўлади, сўрти пасайиб кетади-ку?!” деб ваҳшат соларди. Жазава ва ваҳшатидан туйқус ҳосил бўлган “Қўқон шамоли” ҳокимлар, пуркурорлар, мехехечилар ва фермерларни турли ёқларга учириб юборган бўларди!

Бу палла далада лўппи пахтани эмас, оғизларини осмонга ланг очган бўм-бўш қовочақларни кўрса, шундан севиниши керак эди президент! Пахтани увол қилмай ўз вақтида териб топширган деҳқону бошлиқларни алқаши керак эди! Соғлом ақл ва мантиқ шуни дейди. Ахир, бунақа лўппи пахта тез териб топширилса олий навларга қабул қилинишини қишлоқи бурноқ бола ҳам билади!

Ва яна: соғлом ақл ва мантиққа кўра, бу қалбаки ва найранг “пахтазор”ни кўриб ғазаби қўзиши, алдамчиларни битта қўймай кетига тепиши керак эди!

Амалда ундай бўлмади. Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов одатидагидек ўзи яратган алдоқчи тузум мантиғига кўра иш тутди: танлаб олинган битта далада, “шиғил очилган” ва “куз ўрталаригача терилмаган” лўппи пахталарни кўриб… кўзи қувонди! Бу иши билан буюк бир ёлғонга имзо отди, янаям катта ёлғонларга йўл очди, бутун иши мана шунақа ёлғон-яшиғу кўзбўямачиликдан иборат эканини тепасида туриб шахсан тасдиқлади!

Одам ўзига ўзи қиларкан-да. “Тақдирин қўл билан яратар одам!” деркан, ўтган асрнинг адашган бир шоири шунақаларни назарда тутган шекилли.

Роса ўйлаб кўрилса, “пахта қўйиш” ташаббуси Коттанинг ўзидан чиққанга ўхшаяпти. Чунки пастдагилар бунақа қалтис ўйинга ўз бошларича қўл урмайди, қўл уролмайди. Найрангимизни Дода билиб қолсалар, думбаларимизга тепки еб қоламиз деб қўрқади. Аниқ қўрқади. Демак, ташаббус Ўзидан чиққан! Бош вазирдан ёки ундан пастроғидан чиққан тақдирда ҳам, Коттанинг ўзи “добро” (розилик) берган! Шуниси мантиқли ва ғирт ҳақиқатдир. Чунки Котта бу ишни олдиндан билмаган бўлса, кейин ҳам эшитмади, дея олмаймиз. Бу ёқда устимиздан дунё кулиб турибди, эшитмаслиги мумкин эмас. Эшитган. Эшитиб туриб ҳам исини чиқармадими…

…мамлакатнинг асл юзини шу шилта воқеадан ҳам билиб олса бўлади, азизлар.

Кичик хулоса

Ҳамма гап, ҳамма масала айланиб-ўгирилиб келиб яна-тағин Ўзбекистонда матбуот эркин эмаслигига тақаляпти. Халқ ҳар бир ишга зийрак муносабатини билдириб турса, бошқарув кўзини очар, иложи борича қовун туширмасликка ҳаракат қилар эди. Ҳокимиятга назоратсиз эгалик, у Эга минг ақлли, минг билимли, минг фаросатли бўлмасин, барибир охири яхшилик билан тугамайди. Чунки озчилик – озчилик, кўпчилик – кўпчилик. Агар озчилик кўпчиликка (халққа) суянмаса, кўпчилик билан кенгашиб турмаса, ғоявий ва ахлоқий имконияти тезда сўниши ва айний бошлаши табиий. Кейин боши хатодан чиқмай қолади.

Матбуот эркин бўлса, озгина тойилишни ҳам кўрсатиб турса, иллатлар бемалол урчиб ётармиди? “Нима қилиб бўлса ҳам бажарасан!” каби топшириқлар бемалол берилармиди? Ғўзапоя чаноқларига битта-битталаб қайтадан пахта қўйиб чиқиш бировнинг хаёлига келармиди? Хаёлига келган тақдирда, уни биров очиқдан-очиқ – эл-юрт кўзи ўнгида қовочақларга ёпиштириб-боғлаб чиқишга журъат этармиди?!

Ҳа, халқимиз одамлар гап қилади деб ҳам ўзини тийиб юришга одатланган. Қинғири ё бузуқиси бўлса ҳам, қишлоғи ё маҳалласидан истиҳола қилиб тек юради. Маҳалласи гапидан ҳайиққан киши қинғирлигини эркин матбуот бутун мамлакатга ёйиб юборишидан, албатта, чўчир эди. Оламга шарманда бўлишдан уяларди. Бу дегани, ошкоралик уни тўғри йўлга солиб турарди, деганидир. Тўғри одамлар шундоқ ҳам тубан ишлардан йироқ юради, ошкоралик шароитида эса унча-мунча бошибузуқлар ҳам ўзини ижтимоий қолипга солиб юришга мажбур бўларди.

Ҳозир-чи? Эшик-деразани зич ёпиб олиб, туйнук-тирқишларгача латта-путта тиқиб, тоза ҳаво йўли мутлақ кесилганидан кейин ичкарида ким нима қилса қилиб ётибди. Мушугини пишт дейдиган, дея оладиган кимса ё нимса йўқ.

Одамга алам қиладигани – номуссизлик, уятсизлик тавқилаънати битта президент устига тушмайди, дунё бутун бошли Ўзбекистонимизни, ўттиз милёнли халқимизни уятсиз, номуссиз деб ўйлайди. Ватанимиз устидан кулади. Ва куляпти ҳам.

Йигирма йил ичида шармандали ишлардан қанчаси бўлиб ўтди. Ҳаммасини маржон каби бир ипга тизиб чиқилса, шода ғоят ўхшовсиз ва хунук бўлади. Тағин ҳам Одам боласи унутувчи қилиб яратилган экан. Бўлмаса, теваракда бош кўтариб юра олмай қоларди ўзбек. Аслида, ҳозир ҳам бошимиз хам. Ўрусияни қўйинг, шундай биқинимиздаги Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ўзбеклар эшитмаган маломат қолмади.

Аҳволимиз ачинарли бўлгани ҳолда матбуотимиз бутунлай тескарини ёзяпти. Аҳмоқона сиёсат товони тагида чирпанаркан, ижод аҳлига яратилган “мисли кўрилмаган шарт-шароитлар”дан лоф уряпти. Совет даврида ҳам худди шунақа лофлар уриларди, лекин Ўзбекистонда матбуот совет давридагидан баттар кўйга тушди! Четнинг босими билан сензура расман тугатилди, натижа эса худди эртаклардагидек бўлди – битта аждар боши олинди, ўрнига ўша заҳоти ўн иккита янги бош ўсиб чиқди! Энди бу бошларни олиш ўта хавфли: биттасини олсангиз, ҳар бири яна ўн иккитаданга кўпайиб кетаверади!

Маърифатсиз сиёсатнинг бунақа ўйинларига ўйнамайдиган, найрангларига учмайдиган, нағмасига сайрамайдиган виждонли ижодкорлар ҳам бор, албатта, лекин улар очиқ миқ этолмайди. Миқ этишга майдон қайда! Қўлидан келадигани ‒ ичида минғирлаб қўяди. Бунақа минғирлашдан кимга фойда, юраги зардобга тўлгани қолади, холос.

Давлат чиндан зиёлининг кўнглини олайин деса, унга “мисли кўрилмаган шароит” яратмасин, мансаб бермасин, бойликка кўмиб ташламасин, унга эркин гапириш ва эркин ёзиш ҳуқуқини берсин. Ижод аҳлига эътибор ва имтиёзнинг энг улуғи ва энг кераги шу.

Эркин фикрли ижодкор миллатнинг ва давлатнинг тўғри маслаҳатчисидир. Маънавиятли ва маърифатли шахсларни тарбиялаб-етиштиришда унинг хизматини бошқа ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Билими доим тўғри йўлнинг маёғидир. Иш бошига маънавиятли ва маърифатли кишилар келса, улар ҳам маънавиятли ва маърифатли халқни бошқарса, охир-оқибатда давлат ва жамият ютмай ким ютсин!

Булар хаёл эмас. Бир замонлар шундай бўлган, тарихимизда мисол кўп, насиб қўшган бўлса бундан кейин ҳам бўлади.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com