“Документальный” қароқчи – Нотариуснинг танобини тортадиганлар борми?

“Документальный” қароқчи – Нотариуснинг танобини тортадиганлар борми?
118 views
24 June 2016 - 18:17

Ёхуд Самарқанд туман №3-сонли давлат нотариал идораси нотариуси Шомуродов Анвар Салимовичнинг куппа-кундузги “қонуний” қароқчилиги – жиноий кирдикорлари хусусида.

(Нотарусларнинг юлғичлиги хусусидаги “қиссача”мизни қонунни назорат қилишга масъул Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Республика Адлия вазирлигининг муттасаддилари жон қулоқлари билан эшитишлари, диққат қилишлари лозим!)

Ўзбекистон ҳукуматининг Адлия вазирлиги тасарруфида бўлган нотариал идоралари ходимлари инсоф нима, иймон нима, мустақил мамлакатнинг қонунларига амал қилиш нима, барчасини буткул унитган, виждонларини жиғилдонларига уришган экан-у, биз бехабар эканмиз-да!

Нотариус деганда ҳукумат ишонч билдирган масъул ходимни эмас, учига чиққан ўғри, куппа-кундуз куни халқни талайдиган қароқчи, муттаҳам кўз олдимизга келадиган бўлиб қолди-ку.

Самарқанд вилояти, Самарқнад туман №3-сон нотариал идораси нотариуси ШОМУРОДОВ АНВАР САЛИМОВИЧ Ўзбекистон нотариусларининг қаллоблигини, қароқчи-ю каззоб эканлигини исбот қилди-қўйди.

Гап шундаки, 2016 йилнинг июнь ойи бошида Самарқанд вилоятининг Самарқнад тумани Гулбоғ қишлоғида истиқомта қилувчи Мансуров Арзиқул ака марҳум рафиқаси Ҳакимова Мухарродан қолган автомашинага нисбатан қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани тасдиқлатиш мақсадида Самарқанд туман №3-сон Давлат нотариал идораси нотариуси А.С. Шомуродовга учрашган эди. Давлат нотариуси Анвар Салимович Шомуродов 2016 йилнинг 23 июнь куни меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани тасдиқлаганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “ДАВЛАТ БОЖИ СТАВКАЛАРИ ҲАҚИДА”ги ҚАРОРИининг 4- банди “И” қисмига асосан мерос сўммасининг 0, 1 фоизи миқдорида, яъниким, 19 миллион 300 минг сўмлик мерос сўммасининг 0, 1 фоизини, янаям аниқроғи, 19.300 (ўн тўққиз минг уч юз) сўм миқдорида давлат божи ундириш ўрнига мутлақо ғайриқонуний тарзда Мансуров Арзикулдан 212.000 (икки юз ўн икки минг) сўм миқдорида давлат божи ундириб, куппа-кундуз куни ўз хизмат ваколатидан фойдаланиб фуқарони талади.

– Нотариал идора орқали Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани тасдиқлатиш ҳам анча мураккаб бўлиб, жудаям кўп қоғозбозликларни талаб қиларкан, – дейди Далват нотариуси А. С. Шомуродов томонидан таланган фуқаро Арзикул Мансуров, – Нотариус қўлимга бир нечта ҳужжатларни келтиришим тўғрисида қоғозча ёзиб берди. Бунга кўра марҳум рафиқам Ҳакимова Муҳарронинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини, ўлим гувоҳномасини, меросхўрларининг, яъни, фарзандларимизнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари, паспортларини, ўзимизнинг никоҳ қоғозимизни, паспортимни келтиришим зарур экан. Шу билан бирга мерос қолган автоуловни баҳолатиб келишим лозимлиги уқтирилди. Мерос қолган некция русмли машинани “Диллер – Сармоя” масъулияти чекланган жамият 2016 йилнинг 16 июнь куни 19 миллион 300 минг сўмга баҳолади. Майли, юқоридаги ҳужжатларни талаб қилишганларига эътирозим йўқ. Бироқ, менинг энсамни қотирган нарса шуки, марҳум рафиқамнинг марҳум бўлиб кетган ота-онасининг ўлим қоғозлари, ҳатто никоҳ қоғозларигача сўрашди. Қайнота-қайнонамнинг ўлим қоғозларини, никоҳ қоғозининг кўчирмаларини архивлардан қидира-қидира топиб келдик. Ҳамма ҳужжатларни қонунда қандай талаб қилинган бўлса ана шундай ҳолда тўғрилаб, нотариусга тақдим қилдим. Фарзандларим меросдаги ўз ҳиссаларидан менинг – оталарингинг фойдасига воз кечишлари ҳақидаги аризаларини 2016 йилнинг 22 июнь куни нотариус Шомуродов орқали тасдиқлашди. Бунинг учун нотариус Шомуродов 39 000 сўм давлат божи тўлашимизни талаб қилди, нотариуснинг қўшни хонасида ўтирган “кассир” қизга тўладик ва квитанция нусхасини беришларини сўрадик. Бироқ “кассир” қиз квитанция нусхасини беришдан бош тортди. 2016 йилнинг 23 июнь куни Самарқнад туман №3-сон давлат нотариал идораси нотариуси нексия машинасига нисбатан қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани тасдиқларкан, менга нотариал идора биносининг ўзида, нотариуснинг шундоққина қўшни хонасида ўтирган яъна ўша кечаги “кассир” қизга 173 000 ( бир юз етмиш уч минг) сўм тўлашимиз ҳақида қоғозча ёзиб берди. Кассир қизча нотариус ёзиб берган қоғозчани қўлимиздан олиб қўяркан, биздан 173 000 сўмни санаб олди. Бу гал биз нотариусдан тўлов квитанцияларининг нусхасини олишга муваффақ бўлдик. Бироқ, 22 июнь куни аризаларни тасдиқлаш учун ундирилган 39.000 сўмлик квитанция нусхасини “Эртага топиб қўяман” деган баҳонада нотариус нусха беришдан бош тортди. Бир сўз билан айтганда, нотариус Шомуродов меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани нотариал тасдиқлаш учун мендан жами бўлиб 212 000 (икки юз ўн икки минг) сўм давлат божи ундирди. Квитанция нусхасидан маълум бўлишича, кассир қизимиз О. К. Ғаниева экан. Менинг билишимча, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани нотариал идораси орқали тасдиқлашнинг давлат божи 212 000 (икки юз ўн икки минг) сўм миқдорида у қадар катта бўлмаслиги керак. Шу сабабдан ҳам мен нотариус Шомуродовнинг қароқчилиги хусусида шу куннинг ўзидаёқ давлатимизнинг юқори идораларга, Бош прокуратурага, Адлия вазирлигига шикоят йўллашга мажбур бўлдим, – дея сўзини якунлайди А. Мансуров.

Юқорида гувоҳи бўлганингиздаек, Самарқанд вилояти, Самарқанд тумани №3-сонли Давлат нотариал идораси нотариуси АНВАР Салимович Шомуродов яқингинада рафиқасини тупроққа берган ва оғир жудоликка учраган фқуқаро Арзикул Мансуровнинг бошига тушган фожиасидан фойдаланиб қолишга уринди ва фуқарони қонундан қўрқмай тунади.

Ваҳоланки, “… Вазирлар Маҳкамасининг “ДАВЛАТ БОЖИ СТАВКАЛАРИ ҲАҚИДА”ги қарорининг 4- банди “И” қисмида айнан шундай дея белгилаб қўйилган:

“4. Нотариуслар нотариал ҳаракатларни амалга оширганликлари учун:

и)меросга эгалик ҳуқуқи ҳақида гувоҳнома берганлик учун:

биринчи навбатдаги ворисларга мерос суммасининг 0,1 фоизи миқдорида;”

давлат божи ундирилиши уқтирилган…

Мен рафиқамдан мерос қолган машинани нархлатдим. Нархлаш комиссияси машинага 19 миллинон 300 000 сўм нарх қўйди…. Демак, давлат божи мерос сўммасининг 0,1 фоизи миқдорида бўлиши шарт”, дейди Арзикул Мансуров ҳукуматнинг юқори идораларига ёзган шикоятида.

Журналистлик суриштирувимиз натижасида Самарқанд туман №3- сон давлат нотариал идораси нотариуси А. С. Шомуродов фуқаро А. Мансуровдан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасининг “ДАВЛАТ БОЖИ СТАВКАЛАРИ ҲАҚИДА”ги қарорига асосан 19.300 сўм, меросдан воз кечиш тўғрисидаги аризаларни тасдиқлаш учун 2600 (икки минг олти юз) сўм, жами 21 900 сўм давлат божи ундириш ўрнига, ўз жиғилдонини ўйлаган ҳолда қонунга хилоф тарзда 212 000 (икки юз ўн икки минг) сўм давлат божи ундирган, яъни 190 100 (бир юз тўқсон минг юз) сўм миқдорида ортиқча давлат божи ундирганлиги маълум бўлди.

Бироқ, ажабланарлиси шундаки, нотариус А.С.Шомуродов Арзикул Мансуровдан гарчи жами бўлиб 212 000 (икки юз ўн икки минг) сўм давлат божи ундирган бўлишига қарамасдан, Анвар Салимовичнинг “шахсий кассир”и 169.076 (бир юз олтмиш тўққиз минг 76) сўмлик квитанция ёзади ва нусхасини пул тўлаган фуқарога беришдан бош тортади. Провардида, Арзикул ака нотариуснинг ўзидан мазкур квитанциядан нусха олишга муваффақ бўлади.

НОТАРИУС КАССИРИНИНГ СОХТА КВИТАНЦИЯСИ

Энди юқоридаги, Самарқанд туман №3- сон Давлат нотариал идораси нотариуси А. С. Шомуродов томонидан 2016 йилнинг 23 июнь куни тасдиқланган “Транспорт воситасига нисбатан қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома”нинг нотариус имзоси устидаги “Давлат божи” га эътибор қаратинг:

САМ. ТУМАН НОТАРУСИ ШОМУРОДОВ ТАСДИКЛАГАН МУЛККА ЭГАЛИК ГУВОХНОМАСИ

“Давлат божи 19 300 (ўн тўққиз минг уч юз) сўм ундирилди. Пуллик хизмат 130 240 ( бир юз ўттиз минг икки юз қирқ) сўм ундирилди.” деб қайд этилган.

Кўриб турганингиздек, Давлат нотариуси Анвар Салимович Шомуродов фуқаро Арзикул Мансуров тўлаган давлат божининг ҳам бўйидан, ҳам энидан уриб қолмоқда.

Энг кульманацион нустаси шундаки, А. Мансуров юқори идораларга шикоят аризалари битаркан, 2016 йилнинг айнан ўша куни, 23 июнь кунининг ўзидаёқ шикоят нусхасини Самарқанд туман прокуратурасига элитди.

А. МАНСУРОВНИНГ ШИКОЯТ АРИЗАСИ -1

А.МАНСУРОВНИНГ ШИКОЯТ АРИЗАСИ -2

А. МАНСУРОВНИНГ ШИКОЯТ АРИЗАСИ -3

Бироқ, “Прокурор ҳам, девонхона ходими ҳам йўқ, мажлисда, эртага келинг” деган важ билан соат 16.00 да оддий фуқаро А. Мансуров ҳамроҳлари билан ўз халқидан темир панжаралар ила ажратиб қўйилган прокуратура биносига қоровул томонидан киритилмади.

Чора излаган Мансуров ўз ҳуқуқларини талаб қилиб шикоятини кўтарганча Самарқанд вилоят Адлия бошқармасига боришга мажбур бўлди.

Вилоят Адлия бошқармаси эшиги тагида ўтирган бошқарманинг навбатчи ходими “Нотариус сизларга қўпол муомалада бўлдими?” деб сўради. “Йўқ” деган жавобни олгач, “Рўза-ю рамазон кунларида арзимаган 150-200 минг сўм учун бировнинг устидан арзбозлик қилишга, нотариуснинг дилини оғритишга уялмайсизларми? Шу мусулмончиликка тўғри келадими? Уялинглар!” дея аризани қабул қилиб олишдан бош тортди.

Қаранг-а, рўза-ю Рамазон кунларида ҳукумат ишонч билдириб қўйган Давлат нотариуси куппа-кундуз куни ўз ҳамёнини қаппайтириш илинжида энг азиз кишисини ерга берган фуқарони таласа, тунаса, айб эмас, уят эмасмишу, қаллобнинг устидан ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб арз қилса, шармандаликми? Мана сизга, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси масъулларининг “фалсафаси”!

Энг қизиғи, нотариал идораларга масъул эканлиги айтилган Самарқанд вилоят Адлия бошқармасининг Ўлмас ака исмли шахс ҳам гарчи А. Мансуровнинг аризасини диққат билан ўқиб чиққан бўлса-да, қабул қилиб олишни эп кўрмади.

Во, ажаб?

Бу нима деган гап?

Наҳотки нотариусларнинг қаллоблигига, жиноятига Адлия бошқармасидагилар ҳам шерик бўлишса?

Наҳот нотариуслар олдида Адлия бошқармаси мутасаддилари муттаҳам бўлишса?

Бу нима деган гап ахир?!

Тасаввур қилинг: Бир кунда Давлат нотаруси Шомуродов ўз жиғилдонини кўзлаб биргина А. Мансуровдан ортиқча нақд 190 000 (бир юз тўқсон минг) сўм ўмариб қолмоқда.

Мансуровнинг кузатувларига кўра, бир кунда туман миқиёсида турли юмушлар билан нотариус қабулига юзлаб фуқаролар ташриф буюради.

Энди, ўзингиз ҳисоб-китоб қилиб кўрингчи, Давлат нотариуси Шомуродов бир кунда 100 нафар, ана боринг, 50 нафар фуқаронинг чўнтагига чанг солса, ҳар бир шахсдан 200 минг сўмдан умариб қолса, эҳ-ҳее! Қанча сўммани ташкил этади!

Ана шундай қаллобликлари сабаб ҳам нотариусларнинг уйлари уч қават! Юлғичлиги учун ҳам нотариус дегани ҳориж машиналарида ғуддайиб юради! Таъмагирлиги сабаб ҳам натариуснинг ит ялоғи ҳам тиллодан!

Шу сабаб ҳам мустақил мамлакатимиз – Ўзбекистоннинг порахўр, таъмагир, қаллоб нотариуслари учун 200 000 сўм писта пўчоқ, пул ўрнида кўришмайди.

Ана шунинг учун ҳам Самарқанд вилоят Адлия бошқармасининг навбатчи масъул ходими “Рамазон кунларида 150-200 000 (бир юз эллик, икки юз минг) сўм учун бир нотариуснинг дилини оғритиб, устидан шикоятбозлик қилишга уялмайсизларми?! Уят!” дея ҳақни айтган фуқарони хўрлайди, таъна тошларини отади!

Мана, сизга Ўзбекистон ҳукуматидаги қорчолоноларнинг ҳақиқий қиёфаси!

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси эса фуқаронинг шикоятини қабул қилмасдан “ақл” ургатмоқда! Таъмагир, қаллоб нотариусга тарафкашлик қилмоқда!

Нотариус тамонидан таланган А. Мансуров ҳукуматнинг юқори идораларига йўллаган шикоятида шундай деб ёзади:

“Мустақил давлатимиз меросга бўлган эгалик ҳуқуқини оилш билан боғлиқ ишлардаги давлат божи масаласида халққа шундайин катта енгилликлар қилиб қўйган бир пайтда, Самарқанд туман №3-сон Давлат нотариал идораси нотариусининг мендан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштириш ишларига 173 000 ( бир юз етмиш уч минг) сўм, болаларимдан 39 000(ўттиз тўққиз минг) сўм, жами бўлиб 212 000 (икки юз ўн икки минг) сўм миқдоридаги давлат божини қонунга мутлақо зид равишда ундириши ғайриқонуний ҳаракат, жиноят эмасми?

Бу ҳатти-ҳаракати билан нотариус Шомуродов давлат ишончини суиистеъмол қилган ҳолда давлат номидан, ҳукуматни ниқоб қилиб олиб, халқни, одамларни ноқонуний таламоқда.

Ана энди айтингчи, Шомуродов Давлат нотариуси деган номга муносабми?”

Биз ҳам Ўзбекистон Репсубликаси бош прокуратурасига, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги олдига шундай савол қўймоқчимиз:

Мамлактада бошболдоқлик жиловлаб бўлмас даражада шу қадар илдиз отиб кетгнами?

Мамлакатдаги қаллобликлар бесўроқми, қонунсизликни сўрайдиган валломат йўқми, топилмайдими?

Қонун бузилишини назорат қиладиганлар муттаҳамми?

Нотариусларнинг танобини тортиб қўйишга Ўзбекистон ҳукуматининг қурби, қудрати етмайдими?

Давлат номидан халқимизни қон қақшатаётган нотариусларнинг жиноятларини фош қилгудек бўлсак, яна биз – журналистлар, ҳуқуқбонлар айбдорми, “Халқ душмани”, “Ватан хоини” бўлдикми? Қани бу ерда сиз айтган адолат?!

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист, ҳуқуқбон