Худди демократик чет эллардагидек!

Худди демократик чет эллардагидек!
38 views
25 June 2016 - 5:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(49-қисм)

Ўн иккинчи кўчат
Урчитма-чатиштирма партиялар

Ғарб давлатлари билан ўртоқ бўлиш жуда оғир ҳам ишончсиз. “Биз демократик тузумда яшаймиз, ким нима хоҳлаганини қилади”, деб осмондан келади. Баттар бўл, аммо мени ўз ҳолимча яшашга қўй, десангиз, дарров аразлаб тўнини тескари кийиб олади. “Мамлакатингда демократия қурмасанг, мен сен билан ўйнамайман ҳам, гаплашмайман ҳам”, деб ёш боладай бошқа ўртоқ излаб кетади.

Бўйни йўғон аблаҳнинг! Унга қолса, ҳар қандай шартини сўзсиз қабул қилишингиз керак, сизнинг шартингизни эшитишни ҳам хоҳламайди. Одам деган мундай тушуниши ҳам керак-ку: кечагина коммунист бўлган жамият бугун бирданига қандай демократ бўлиб қолади, ахир?!

Ўзинг икки юз йилда зўрғалатдан демократия ўрнатдинг, бизгаям қўйиб бер, беш-олти юз йилда аста-секин биз ҳам келамиз шу айтганингга, десангиз, кўнмайди. Оёқ тираб туриб олади. “Сен билан ўйнамайман, тамом-вассалом!”

Яккамохов бўлиб қолмайин тағин деб охири унинг талабига кўнишга ‒ “демократия қилиш”га мажбур бўласиз. Хўп, нима қилсам сенга ёқаман, дейсиз таслим бўлиб. Шу заҳоти қўлингизга бир йўриқнома тутқазади:

  1. Матбуот эркин бўлсин, сензура йўқотилсин.

Шугинами? Кейин биз билан ўйнайсанми? Жуда катта ишми деб ўйлабмиз…

Бир кунда сензура тугатилди, матбуот эркин деб эълон этилди. Лекин олдиндан қулоғига бирнима деб қўйилди шекилли, фақат президентни ва унинг ишларини мақташда тўла эркин бўлди ва совет давридаги эски ашулаларини айтиб ётибди. Ҳеч ким, ҳатто давлат ҳам матбуотнинг мадҳияларини тўхтата олмаяпти. “Эркин матбуот” ишига аралашолмай ҳам қоларкансиз.

  1. Сайловлар муқобил номзодлар иштирокида, кескин курашлар остида ўтсин.

Шуям иш бўлди-ю… Бизда номзодликка одам қаҳатми?

Дарров муқобил номзодлар топилди, курашлар “қиздириб юборилди”. Ҳар гал бир киши ютиб чиқаётган бўлса, демократия йўқлигидан эмас, ўша Бир Киши кучлилигидандир.

  1. Мухолиф партиялар бўлмаса, демократия бўлмайди.

Шу холосми? Ест қиламиз!

Шошилинч чора кўрилди: шонли Коммунистик партия охирги жонлари чиқмасидан бурун орқамиясиданми, йўғон ичагиданми уруғликка ҳар эҳтимолга қарши олти-еттитача ирс-ҳужайра олиб қолинган экан, уни Ирсият илмий текшириш институти (ИрИлТекИн) тажрибахонасида “мустақиллик” ирс-ҳужайраси билан урчитиш учун жамият (“суррогат она”)нинг ижарага олиб турилган болақорини (бачадони)да ясама қочирилди. Амалиёт муваффақиятли чиқиб, бир-бирига тамоман ёт-тескари икки ирс-ҳужайрадан бир кунда битта партия – Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП) “яратилди”.

Дунёда бунақа нодир тажриба ўша дамгача кўрилмаган эди! Ўзбекистон бир-бирига ёт жинслар ирсини чатиштириб янги партия яратишда “мустақиллик”нинг илк онлариданоқ дунёда биринчи ўринга чиқиб олди!

Ютуқдан эсанкирамай, эришилган маррада тўхтаб қолмай, “ирс ‒ болақорин” амалиёти тағин ривожлантирилди. Энди ХДПнинг болақорини ижарага қўйилди: ҳар қочирилганида хатосиз ҳомиладор бўлаверди, ҳар гал тўққиз ойга бориб-бормай, бири иккинчисига қуйиб қўйгандай ўхшаш бешта партияни патир-путир туғиб берди. Партия сони ҳаш-паш дегунча олтитага етди.

“Чақалоқ”лар ясама урчитиб етиштирилган бўлса ҳам, ота уларни худди ўз пуштидан бўлган болаларидай қабул қилди. Қўлига бир-бир олиб сувга солиб чўқинтирди, сўнгра, гарчи улар эгизаклардай бир-бирига ўхшаш бўлса ҳам, ҳар бирига бошқа-бошқа от қўйди. Бу ясама “болалар”, худди ҳайвон болалари каби, туғилган заҳоти уриниб-суриниб оёққа туриб олди. Ота уларнинг манглайига тақдирларини “битди”-да, босиб тарбия қилди ‒ измидан чиқмайдиган қилиб қўйди. Болалар отага садоқатда қасам ичгач, дарров рўзғорини бошқа қилиб, моддий таъминотини ўз бўйнига олиб, катта ҳаётга оқ фотиҳа бериб юборди.

ХДП (КПСС) коммунистларига топшириқ тушди: бошлабига юзта-икки юзтадан аъзоингни (кейинчалик ўзиники қилиб олиш шарти билан) янги “туғилган” партияларга бер, дейилди. Етмаганига мардикор бозори кўрсатилди: иш ахтарган бекорчилар тиқилиб ётибди, кўркам-кўркам, полвон-полвонларидан ажратиб олиниб, “вазифа” тушунтирилди, хизмат ҳақ келишилди ва опкелиб кабинетларга киритиб юборилди – Ўзбекистонда янги партиялар шу тариқа дадил-дадил тузиб ташланди.

Яна қандай топшириқлар бор, Ғарб ака?

  1. Парламент кўппартиявийлик асосида ишласин.

Албатта-да! “Мухолиф партиялар” бўлганидан кейин Олий Мажлисга ҳам ҳар биридан вакил сайланади. Вакил сайлангач, парламент ичида улар ўзларининг бўлимчаларини очишга ҳақлидирлар. Айниқса, бу бўлимчалар худди оврупачасига “фраксия” деб аталса, ғирт демократияга ўхшаб қолади.

Шундай қилиб, бир ишора билан Ўзбекистон парламенти кўппартиявийлик асосига ўтказилди. Рақобатчи бўлимчалар “ташкил этилди”. Худди демократик чет эллардагидек! Оти ҳам “фраксия”! Ўшандан бери ўзларича бирнималарни “талашиб-тортишиб”, “муҳокама қилиб” ётишибди.

Яна нима керак? Шунча айтганингни қилдим, келмайсанми энди, бирга ўйнайлик!

Йўқ, анов бўйни йўғон демократлар ҳалиям аразда: булар ҳаммаси сохта эмиш…

Жа-а хит қиворди ўзиям. Ҳе, бор-э, ўйнамасанг ўйнама, дедик-да, ирсларни урчитиб “туғдирилган” олтала партиямизни оёққа турғизволиб, кейинроқ иккитасини биттага, ундан кейин яна иккитасини биттага чатиштириб-қўшиб, олтитадан тўртта қолдириб (!), мана, неччи йилдан бери ўзимиз билан ўзимиз ўйнашиб ётибмиз, бир еримиз йийилиб қолгани йўқ…

Ҳазил ҳазил билан, лекин бу гапларнинг таги чин. Биздаги партиялар билан ҳазиллашиб бўлмайди. Ҳаммаси жиддий. Уларни қисқача таништириб ўтамиз.

1.Ўзбекистон халқ демократик партияси (ЎзХДП). Совет Иттифоқи (Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси) Коммунистик партиясининг тўғридан-тўғри вориси, унинг негизида туғилган, СССР парчаланиб кетганидан кейин бир юмалаб отини ва тусини ўзгартириб дўнган партия. Отини “Халқ демократик” демай, “Дўнганлар партияси” деса айни тўғри бўларди. 1991 йил 1 нўябирда ташкил топган. Коммунистлигида олий мақсади алоҳида олинган бир мамлакатда коммунизм қуриш эди, “халқ демократлари”га дўнганидан кейин олий мақсади алоҳида олинган кичик бир мамлакатда буюк келажак қуриш бўлди! Марказий нашри “Ўзбекистон овози” ҳамда “Голос Узбекистана” газетлари. Ўзбекчасининг шиори: “Шу азиз ВАТАН – барчамизники!” (Диққат қилинг: аслида мухолифатчи бўлиши кутилган бу шўрлик сиёсий партиянинг ўз сўзи, ўз шиори ҳам йўқ, Юртбошининг жўн ва чучмал бир гапини пешанасига битиб олган!) Газет ҳам партияси сингари коммунистларнинг “Совет Ўзбекистони” газетидан отасиз туғилган. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида “…вич”и йўқлиги шундан: эскисидаги “совет” сўзи ўрнига ёзилган “овози” сўзи отасидан “мустақил” ажраб чиққанини билдиради.

2.“Ватан тараққиёти” партияси. Ошкоралик йиллари кўзи сал-пал очилиб қолган зиёли ёшларнинг хуморини босиб туриш ҳамда норозиликларни кўчадан ичкарига олиб кириб, сўнгра бўғиб ташлаш учун ташкил қилинган партия. Марказий нашри ҳафталик “Ватан” газети эди. Кунлардан бир кун партияси етти ёт бегона бир партияга – Ўзбекистон “Фидокорлар” Миллий-демократик партияси (ЎзФМДП)га қўшиб қўйилдию газети ҳам чимилдиқ ортида ўзидан ўзи ёпилиб кетди. Бу “зўраки никоҳ”дан кейин “Ватан тараққиёти” партиясининг собиқ аъзолари “ўзларига хос ва ўзларига мос” сиёсий эҳтиёжларини қаерда ва қандай қондириб юрганини эл билмайди. Талоқ не, росмана ўлган деса ҳам бўлади. Жасади ЎзФМДПнинг шилта бағрига кўмилди.

3.Ўзбекистон “Фидокорлар” Миллий-демократик партияси (ЎзФМДП). 1998 йил 28 декабирда ташкил топган. Марказий нашри “Фидокор” газети. Бу партия чала туғилганиданми, мустақил ўлароқ узоқ яшамади: партияларнинг қўшма Қурултойида ЎзФМДП “Ватан тараққиёти” партияси билан бир ёстиққа бош қўйишга мажбур қилинди. Партия дастурига президентнинг “Элим деб, юртим деб деб ёниб яшаш керак!” деган сўзи маёқ қилиб олинган. Бу партия аслида кимнинг партияси эканини шундан ҳам билиб олса бўлади. Кимнинг партияси бўлса бўлсин, чала барибир чала бўларкан. Жонсиз томирларига янги қон қуйиш (“Ватан тараққиёти” партиясини қўшиш) билан яшатиб қолишга минг уринилмасин, орадан ҳеч қанча ўтмай яна икки партиянинг қўшма қурултойи чақирилиб, унда энди “Фидокор” етти ёт бегона бошқа партияга – “Миллий тикланиш” партиясига қўшиб юборилди ва… аслидан ном ҳам, нишон ҳам қолмади.

4.Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси (ЎзМТДП). 1995 йил 3 июнида ташкил этилган. “Миллатнинг маънавий бирлиги; Ватан – ягона оила; Кучли демократик давлат; Миллий қадриятлар; Илм-техникавий тараққиёт ва интеграция; Замон кишиси; Миллий истиқбол” каби чучмал ва алдамчи ғояларни ҳаракатининг асосий йўналишлари деб эълон қилган. Эътибор беринг: бу масалалар алоҳида партия бўлиб уюшишга арзийдиган ғоялар эмас. Буларни нари борса биронта нодавлат жамоат ташкилоти ёки жамғармаси ўзига шиор қилиб олса бўлади. Партия сиёсий мақсадни кўзламас экан, у асло сиёсий партия бўлолмайди. Шунинг учун ҳам турли тоифадаги “партия”лар осонгина бир-биридан ажраб ёки бир-бирига қўшилиб кетмоқда. Марказий нашри ҳафталик “Миллий тикланиш” газети. Ҳозир ҳам иш бошида. Шиори: “Ватан туйғуси ҳар нарсадан устун”. Оддийликка ҳам тортолмайдиган жўн бир гап. “Ҳар нарсадан устун” дегани қолган барча туйғулар ундан остда деганидир. Ҳол бу ки, бизда тез-тез бошқа кўп туйғулар ҳам “ҳар нарсадан устун” деб эълон қилиб турилади. Масалан: “Мустақиллик туйғуси ҳар нарсадан устун”. Дуч келган туғруқхонага киринг, деворига: “Оналик туйғуси ҳар нарсадан устун!” деб ёзиб қўйилган. Ва ҳоказо…

5.Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси (ЎзАСДП). 1995 йил 18 апрелида ташкил этилган. Фикр тарқатувчиси ҳафталик “Адолат” ижтимоий-сиёсий газети. Шиори: “Инсон манфаатлари – олий қадрият”. Диққат қилинг: ҳеч жаҳонда инсон манфаатлари олий қадрият бўла оладими? “Инсон манфаатлари – олий мақсад” дейилганида ҳам ҳарна эди.

6.Ўзбекистон либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП). 2003 йил 15 нўябирида “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси”нинг Таъсис қурултойида ташкил қилинган. Марказий нашри “ХХI аср” ижтимоий-сиёсий газети. Ҳафтада бир марта чиқади. Шиори: “Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир!” Диққат қилинг: Бу шиор Амир Темурнинг “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард, шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир” деган сўзидан қўполларча таҳрир қилиб олинган. Айрим сўзлари бошқача бўлса ҳам, шиорнинг эгаси Амир Темур экани қатъий. Аммо ҳайронман: либерал-демократик йўлга Амир Темурнинг ёки Амир Темурга ЎзЛиДепнинг нима алоқаси бор?! Яъни, ҳеч қандай алоқаси йўқ!

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com