Ота ва қиз амалга оширган жиноятлар

Ота ва қиз амалга оширган жиноятлар
155 views
25 June 2016 - 7:00

chinor-Karimov-e1455969443564.jpg

Эргаш Сулаймон

Ҳаволарга совурилган йигирма уч йил…

(19)

Муҳаммад Солиҳнинг ҳар лаҳза кўзлари олдида турадиган қатъий қиёфаси ҳам, Андижон фожеалари боис АҚШ билан Ўзбекистон ўртасидаги совуқлашиб кетган сиёсий таранглик ҳам, Путиннинг кимса билмас уни сиқувга олганлари ҳам уни бу қадар аянчли бир аҳволга солмаган эди.

Сирасини айтганда, мамлакатнинг беминнат бойликлари – газ, олтин, уран кабиларни ўртага солиб, у барчасидан ҳар сафар беталофат қутуларди. Буюк давлатларга ҳам аслида, унинг шу ҳолати фойдалироқ эди.

Қизи ўзининг тийиқсиз феъли билан отасининг асл башарасини очиб ташлагач, унга АҚШ ва Россия қутқусидан ҳам Муҳаммад Солиҳнинг омон бермас ёди кўп таҳликали туюла бошлади. Зотан, унга буюк давлатлар таҳлика сола олмаслигини, таҳлика туғилгудек бўлса, Ўзбекистоннинг беминнат бойликлари билан хавф-хатарни у бартараф этишини яхши англарди.

Мухолифатни бу усул билан тинчитишнинг иложи йўқ эди. Мухолифатнинг ёди-хаёли Ўзбекистонни тараққий эттириш, Туркистоннинг Жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини кўтаришдан иборат эди.

Икки қизи билан хотинини эпақага келтира олмаган бир кимсанинг бутун бошли бир мамлакатни бошқара олмаслигига кўпчиликнинг ақли етиб қолди. Ғафлат уйқусидан уйғонаётган халқнинг таҳликаси олдида, дунё жамоатчилигининг босимлари ҳеч нима эканлиги, уни ваҳимага солди. Унга ҳар сафар зимдан ҳомийлик кўрсатиб, икки қўлтиғининг тагидан кириб йўлга тўғирлаб қўядиган яҳудийларнинг ҳам бу гал тиллари томоқларига кетди. Шунда, у “ўзингдан чиққан балога, қайга борасан давога” деган нақлнинг шунчаки ўйлаб топилмаганини англаркан, умрида биринчи марта ўзбек миллатининг ҳам бежиз бир миллат эмаслигини, бундай халқ билан Япония мўъжизасини такрорлаш мумкинлигини ҳис этди. Аммо, энди барчасига кеч бўлганини у англар экан, яна эътирофи нафратга айланди. У ичида, барча кўргуликларнинг сабабчиси деб, яна ўзбекни ёзғирди. Муштларини дўллайтириб, тишини қисар экан, ўзини тумшуғидан илинтириб қўйган Рустам Иноятов ўлмаса, қизини бу чоҳдан қутқара олмаслигини ўйлаб, тушкун бир кайфиятга тушди.

МХХ бошлиғи Гугуша билан мамлакат ёхуд миллий манфаатларни кўзлаб низога бормаганди. Каримовни ўртадан кўтариб, унинг яқинлашаётган президентлик сайловларида ўз номзодини ёки ўзига тегишли бирор кимса номзодини илгари суриш нияти ҳам йўқ эди. Унинг бу ишларга соғлиги кўтармагани каби ҳаддан зиёда қориндорлиги ҳам монелик кўрсатарди.  Исталмаган бу муаммо сабаб, президент ва унинг қизига у ўзининг анойи эмаслигини кўрсатмоқчи, бутун мамлакатни эрмакка айлантирган бир тарбиясизнинг холлаваччаси мувафаққиятсизликка учраши муносабати билан ўзига бошланаётган хуружнинг беҳуда бир чираниш эканлигини исбод қилмоқчи эди, холос. У Гугушанинг Ўзбекистонда охирги чўққи бўлган МХХини забт этишга бел боғлаганини унинг руҳий ҳолатидан пайқаб турар, кутмаганда вазият етилтирган бу жабҳада, унинг ўзининг узил-кесил ғалабасига ишончи комиллигини ҳам яхши пайқарди. У бу вазиятда ҳаёт-мамот жанггига киришмаса, боридан айрилиб, шу пайтгача ота ва қизга мансаб ва шон-шуҳратни, дея, инсонийлик шаънини ва эркини бой бериб қўйган бошқа давлат мулозимлари сингари чиқитга чиқариларди. Шу учун ҳам у бутун бир мамлакат хавфсизлик тизимлари қудратига таяниб, биргина ўзининг жонини ва шу чоғгача минг бир ҳийла-найранглар орқасидан бола-чақасига деб йиққан молу дунёсини асраб қолишга мажбур бўлгани учун қалтис ишга қўл урди.

Умри бўйи мана шу каби бир иш бир кун бошига келиши мумкинлигини ўйлаб хавотирда яшгани учун ҳам, у мана шу кунга руҳан қаттиқ тайёргарлик кўрган эди. У шунинг учун ҳам ота ва қиз амалга оширган бутун бир жиноятлар занжирини бир тизимга тизиб, ўзбекнинг қони-жони, ҳаволарга совурилган чорак асрлик умридаги азоб-уқубатлари билан ёзилган ҳужжатларни ўзининг ҳимояси учун метин бир қалъага айлантирганди. Бу ҳужжатлар мамлакат ичкарисидаги сингари чет мамлакатларда ҳам бир неча жойда Рустам Иноятовнинг ишончли кишилари қўлида сақланарди, асраб, авайланарди.

Буни товуқ мия Гугуша ҳисобга олмаса ҳам, отаси бу каби нарсалар изсиз кетмаслигини жуда яхши билгани учун ҳам тунлари ухлай олмай, тўшагида ағанаб чиқарди.

Рустам Иноятов одамлар ўйлаганидек, Каримов даври ниҳоясига етаяпти, деб ҳисоблаганда эди, қизи билан ҳам тил топиша оларди. Бунақанги ҳолат юз бермаслигини билгани учун ҳам у Гугуша билан музокорага бормади. У Гугушанинг қанчалар калтабин ва суюқоёқ бир аёл эканлигини бошқалардан кўра кўпроқ билгани каби отасининг ҳам уни тожу тахт ёнида бир чақага олмаслигини теран англарди. Каримовнинг қонунларни оёқости қилиб навбатдаги сайловларда ҳам ўзининг номзодини қўйишини ва ҳар галгидек ҳокимиятни қўлида ушлаб қолишига ҳам унинг гумони йўқ эди. Уни фавқулотда бирор ёмон касаллик хуруж этиб ёхуд миллат ҳимоясига отланган қандайдир гуруҳлар тахтдан ағдармаса, унинг ўз-ўзидан ўрнини бўшатишига у ишонмасди. Қолаверса, у Каримовдан бошқа бир инсоннинг Ўзбекистон тахтига келишини ҳам, ҳукуматни бошқаришини ҳам хоҳламасди. У ўзининг метин қаъасига айлантирган Каримовнинг яна минг йиллар тахтида ўтиришини, давру давронида ёзилиб-ёйилиб яшаб, кўнгли тусаган ҳар қандай ишни амалга оширишни истарди. У ўлган кун, у ўзининг бутун ҳимоясидан мосуво бўлишини, ортиқ ўзини асрайдиган бирор тўсиқ топиб бўлмаслигини ҳам очиқ кўриб турарди.

Рустам Иноятов президентга жиноятлари салномалари битилган қучоқ-қучоқ қоғозлар ва электрон ёзувларнинг зўри билан лозим бўлганида, қизлари ва невараларини бўғдириб ўлдиртиришга кучи етишини ҳам, аллақачонлар ҳисоблаб чиққан эди.

Бу кабиларни хаёлига ҳам келтирмаган Гугуша икки оёғи билан қопқонга тушгач, отасининг ўзи ўйлаганидек уддабурон ва қаттиқ қўл бир кимса эмаслигини, фалакнинг гардиши ёнтоқфурушни подшоҳ кўтарганини илғаб қолди. Унинг амалга ошираётган барча бўлар-бўлмас ишлари жаҳолат ва разолат ичида рўй бераётганини билди.

У Рустам Иноятовнинг шотирларига Оқсаройга ёстиқдай келадиган ҳужжат қўлтиқлатиб кирдириб, бу ҳали хамир учидан патир эканлигини писанда қилгач, отасининг попуги пасайиб қолганини ҳам, ўша заҳоти эшитди…

 (давоми бор)